Таълим дарахтга ўхшайди

Тўғри парвариш қилинмаса, доимий эътибор берилмаса етарли ривожланмайди

 

Мамлакат тараққиётининг устувор йўналишлари қаторида таълимни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш  масаласи ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу йўналишда аҳолига айнан ҳаёт учун керак бўладиган кўникмаларни ўргатиш, яқин келажакда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши кутилаётган иқтисодиёт соҳасининг  аниқ  таркибий  тузилмаларини белгилаб, шу борада билимларга эришиш, тўртинчи саноат инқилобида зарурий илмий пойдеворга эга бўлиш кабилар юксак мақсадларимиздан саналади.

Таъкидлаш жоизки, таълимни ривожлантиришда глобаллашув шароитидан келиб чиқиб, ёшларга асосий фанларни ўргатиш, ихтисосликларини аниқлаб бериш ва уларни креатив фикрлашга ўргатиш муҳим роль ўйнайди. Ривожланган мамлакатлар тарихига назар солсак, улар бошидан инқироз ва турғунлик даврини  ўтказаркан, аввало, таълимни модернизация ва диверсификация қилиш, унга катта сармоялар ажратиш орқали ютуқларга эришганини кўрамиз. Мисол тариқасида Япония, Сингапур, Жанубий Корея ва бошқа ривожланган мамлакатларни олайлик. Улар фақат таълимни тўғри бошқариш, уни ривожлантириш ва сармоялар билан қўллаб-қувватлаш, ўқитувчиларнинг қадрини ошириш,  мақомини вазир даражасига кўтариш, вазир ойлик-маошини белгилаш, бу орқали интеллектуал салоҳиятга эга  кадрлар етиштириш билангина  ривож­ланган давлатга айлана олди.

Таълим дарахтга ўхшайди. У тўғри парваришланмаса, ўз вақтида эътибор берилмаса, етарли ривожланмайди. Парвариш тўғри қўлланилса, ўз вақтида мўл ҳосил беради. Таълимга ҳам  сармоя киритмай туриб, эътибор бермай туриб, малакали кадрлар етиштириб бўлмайди. Бинобарин,  Сингапур  табиий ресурс­лари жуда кам ўлка бўлиб, унинг аҳолиси камбағал эди.  Бироқ мамлакат, аввало, мактабгача таълим, ўрта таълим ва ундан кейинги босқичли таълим жараёнларини  илмий асос­ларда қамраб олиш, ишчи-кадр­ларни  қайта тайёрлаш орқали инсон ресурсларини ривожлантиришга катта эътибор қаратди.

Шу нуқтаи назардан таълимни келажак гарови сифатида ҳаётга илмий-амалий татбиқ эта олди.  Тахминан 1955 йилдан бошлаб Сингапур таълим тизимида тил муаммоси ҳал қилинди,  шу йили ота-оналарга тўртта таълим йўналишидан бирини танлашга рухсат берилди. Грант олиш ҳуқуқига эга бўлган талабалар   синовлардан ўтказилиб, танлаб олинди. Ҳукумат ёшларга таълим-тарбия беришда аниқ фанлар, табиий фанлардан кенг фойдаланиш, фундаментал ва содда-такомиллаштирилган дарсликлар, ўқув адабиётлари яратиш, тил ўрганишни асосий вазифа қилиб белгилаб берди. Яратилган шарт-ша­роитдан келиб чиқиб, аста-секин инглиз тилини ўргатадиган мактаблар пайдо бўлди, ҳатто тез фурсатда оммавий тус ола бошлади. Натижада мамлакатда “ишчи” тил инг­лиз тили бўлишига қарор қилинди. Бу давлат жаҳон талабларига жавоб берадиган кадрлар тайёрлашни шу тарзда амалга оширди. Оғзаки ва ёзма инглиз тили стандартлари ва Сингапур версиясининг пайдо бўлиши шундан бошланди, ислоҳотларда инглиз тили диалект, ягона тил ҳисобланди. Бугунги кунга келиб ҳатто давлат ҳужжатларини тайёрлашда ҳам инглиз тилидан фойдаланилади. Бундай босқичли институционал таълим-тарбия жаҳон таълими, иқтисодиёти ва интеллектуал билимлари билан интеграциялаша олишга, дунёнинг энг ривожланган давлатига айланишига замин бўлди.

Бундан ташқари, Сингапур таълим тизимини ривожлантиришда глобаллашув муаммолари ва у тақдим қилаётган янги имкониятларни, хусусан, интернет ва таълим соҳасидаги рақобатни ҳам ҳисобга олади. Бу эса аллақачон халқаро амалиётларда мамлакат учун самара бера бошлаган. Кўплаб ислоҳотлардан сўнг давлатнинг таълим тизими қуйидаги хусусиятлар билан тавсифланади: икки тиллилик, ўқувчиларни қобилиятига кўра тои­фаларга бўлиш, бир неча тилларда ўқитиш, инглиз тили ва математикага кўпроқ эътибор бериш, рақамлашган таълимнинг ривожланган тизимини кенг жорий этиш, шу жумладан, техник ихтисослашган инс­титутлар ва университетлар инноваторлаштирилиши, мустақил ва автоном мактаблар фаолияти, умумий ўрта таълим мактабларининг ҳокимият  тасарруфидан чиққанлиги, ўқув муассасасини директорларга мустақил юритишга топшириш каби инновацияларни кенг жорий этди.

Шунингдек, бу мамлакат педагогларни рағбатлантиришнинг самарали тизимини яратган, миллий таълим дастури доирасида Сингапур ахлоқи ва тарихини ўргатиш йўлга қўйилган, ахборот технологияларидан кенг фойдаланади.  Иқтидорли болалар учун таълим дастури, ақлий қобилиятларни ривожлантириш, кучли молиялаштириш дастури,  юқори стипендиялар,  махсус ёрдам режаси каби тамойиллар амал қилади. Шуниндек, ўнта йирик халқаро университетларнинг филиалларини мамлакат ҳудудига жалб қилиш орқали “Шарқнинг Бостони” бўлиш бўйича улкан режаларни ҳаётга татбиқ қилмоқда. Бу мамлакат таълим фалсафаси, унинг натижаларини аниқ тасаввур қилиш,  унинг сиёсий аҳамиятини англаш ва хорижий тилларни билиш,  умрбод таълим олиш зарурлигини ҳаётга жорий қилди.

Шундай бўлса-да, экспертлар томонидан Сингапурнинг бир қанча   ҳал этилмаган муаммолари ҳануз мавжудлиги таъкидланмоқда: баъзи талабаларнинг ўқув кўрсаткичлари пастлиги, баъзи ўқувчилар мактабни битирмасдан чиқариб юборилиши, ҳали ҳам сақланиб қолинган самарасиз фанларни ўрганиш, расмиятчилик каби камчиликлар ислоҳ қилиниши кутилмоқда.

Бизга эса Сингапур таълим тизими қу­йидаги сабабларга кўра ўрганиш учун қизиқиш уйғотади:

Биринчидан,  бу давлат таълим тизими муваффақиятли бўлиб, у ихчам ва идрок этиш осон. Иккинчидан, у  ҳажми ва суръати  бўйича замонавий XXI аср бошидаги иқтисодий ривожланишга мос келади. Янги  платформа сифатида  ёш, ривожланган мамлакат. Бундан ташқари, у энг тараққий этган давлатлар таълим дас­турларининг конструктив хусусиятларини ўзида мужассам этган ва “Сингапур иқтисодий мўъжизаси”нинг асосий омили сифатида инсон ресурсларини самарали бошқара олмоқда.

Тил ҳар бир даврда “робитаи жаҳон” бўлиб келган. Буни ўтмиш алломаларимиз ўгитларида ҳам кўриш мумкин. Шу нуқтаи назардан қараганда,  ўтган 25 йилги авлод билан, кейинги 6 йилда вояга етган ёшлар ўртасида фарқ катта. Ҳозирги ёшлар инг­лиз тилида бемалол сўзлаша олади. Инг­лиз тили ўқув марказлари нафақат марказий шаҳарларда, балки туман марказларида ҳам кенг оммалашиши оддий ҳолга айланди. Бу жараён худди Сингапур таълим соҳаси босиб ўтган йўлини эслатади.

Давлатимиз раҳбари нафақат тил, балки таълим сифатига давлат сиёсатининг устувор вазифаси деб қараш билан бирга бу тизимга бюджет маблағларининг 4/1 қисмини йўналтириб келаётгани барчамизга маълум. Хусусан, Янги Ўзбекис­тон таълим тизимини янги асримиз талабларига мослаштириш, уни замон талаби, руҳи билан уйғунлаштириш, оддий тил билан айтганда, қоғозбозлик, текшир-текшир, кераксиз юклама ва тўсиқлардан халос қилиш йўлидан борилмоқда.

Ўтган йиллардаги йўқотишларнинг  ўрнини тўлдириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, худди шу йилнинг 27 июлдаги “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори  қабул қилинди. Мазкур ҳужжатлар асосида олий таълим тизими тубдан қайта кўриб чиқилиб, тайёрланадиган мутахассислар,  малакали кадр­лар жаҳон интеллектуал мулк бозорига йўналтирилганда ўз ўрнига эга бўлиши кўзда тутилган. Президентимизнинг   “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эса ўқитувчиларни пахта теримидан озод қилиш, уларнинг қадрини, мақомини, обрў-эътиборини оширишда устувор аҳамиятга эга. Жараёнда Ўзбекистонда таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, уни халқаро стандартлар асосида бошқариш, меҳнат бозори талабига мос малакали кадрлар тайёрлаш, Учинчи Ренессанс ғоясини рўёбга чиқарадиган янги авлодни вояга етказиш  мақсад қилиб қў­йилди.

Ўзбекистон таълимини жаҳон таълими билан интеграцияси    ижтимоий ривож­ланиш, иқтисодий ўсиш, самарали хўжалик юритиш, узлуксиз ўқитиш, тайёрлаш, аввало, мактабгача таълим, ўрта мактаб ва олий таълим, ундан кейинги илмий босқичлар билан кенг  қамраб олиш масаласи ўз ечимини топди. 2017-2021 йилларда олий таълим билан қамраб олинишни олдинги 9 фоиздан 28 фоизга оширишга эришилди. Шу нуқтаи назардан, мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2030 йилга бориб 50 фоизга етказиш,  қабул қилишда давлат грантларини 2 баробар кўпайтириш мақсад қилингани қувонарли. Интеграциялашувда олий таълим муассасалари сони 200 тага етди, қабул ўринлари 66 мингтадан 182 мингтага ошди. Хорижий мамлакатлар таълим муассасаларининг 26 филиалида мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилиб, олий таълим муассасаларининг молиявий мустақиллиги таъминланиб, профессор-ўқитувчиларнинг маоши ўртача 3,5 баробарга оширилди.

Илгари ёшларимиз учун чет эл олий ўқув юртларида  таҳсил олиш амри маҳол эди. Эндиликда дунё таълими билан интег­рациялашиш натижасида жаҳоннинг энг машҳур олий таълим муассасалари филиаллари ўзимизга олиб келинди. Ёшлар бугун Россия, Лондон, Жанубий Корея, Финляндия каби кўплаб мамлакатларнинг нуфузли олий таълим муассасаларида ўзимизда туриб ўқиб, диплом олишмоқда. Бундан ташқари, туманларда университет ташкил қилинади деса, ишонармидик? Албатта, йўқ. Бугун аҳолини рози қилиш, чекка ҳудудларда соҳаларни малакали олий таълим кадрлари билан таъминлаш учун университет филиаллари ташкил қилинган. Мисол учун, сўнг­­ги беш йилда нуфузли хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда 67 та янги олий таълим муассасалари ҳамда уларнинг филиаллари барпо этилди. 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб “Янги Ўзбекистон университети” ўз фаолиятини бошлади.

Бундай халқаро интеграциялашув, профессор ўқитувчиларнинг тажриба алмашинувлари, халқаро форматдаги илмий-амалий, инновацион конферен­циялар ташкил қилиниши, муаммоларга институционал ёндашилиши ёшларимизнинг бир вақтда бир нечта олий ўқув юртига ҳужжат топшириш масаласини ҳам ҳал этилишини таъминлади.

“Инсон қадри учун” давлат дастури асосида “маҳаллабай” ишланиб, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга амалиёт ўтаган вақтида субсидиялар ажратиш дас­тури доирасида ярим  миллиард сўмлик маблағ ажратилиб, 968 нафар “Ёшлар дафтари”га киритилган ўқувчиларга субсидиялар берилди. Шунингдек, профессионал таълим ташкилотларида таҳсил олаётган “Ёшлар дафтари”даги ўқувчилар сони 363,3 минг нафарни ташкил этади.

Энди эса мана шундай имкониятлар самараси ўлароқ сифатли таълим беришни йўлга қўйиш устувор вазифамиз бўлиб турибди. Юқорида таълим сифатини ошириш ва тараққиётга эришишда Сингапур тажрибасини мисол келтирдик. Умид қиламизки, бир кун келиб Ўзбекистон таълим тажрибаси ҳам кўплаб давлатларга ўрнак бўлса.

Қўнғиротбой ШАРИПОВ,

Тошкент давлат иқтисодиёт

университети ректори,

 техника фанлари доктори, профессор

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 5 =