Оқ қарғалар

ёхуд генерал Абдуғаниевнинг

кундаликлар китобини ўқиб…

 

Рус сериалларини яхши кўраман: тирик ҳаёт, реал, эркин тасвирлар ва албатта ақлли, фалсафий жумлалар кўп учрайди. Бошқарма бошлиғи, полковник кадрлар бўлими ходими олиб кирган янги номзоднинг “резюме”сини кўздан кечираяпти: фалон йили у лавозимда ишлаган, фалон йили бу лавозимда ишлаган, раҳбар лавозимида бир ярим йилгина ишлабди, демак – виждонли…

Раҳбар лавозимида атиги бир ярим йил ишлабди. Демак…. виждонли! Оддий гап…

… Ўтган асрнинг 89 йилида пойтахт Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган полковник эртаси куни шаҳар Давлат автомобиль инспекциясининг нав­батчилик қисмига оддий бир фуқаро сифатида қўнғироқ қилди-да, ҳозиргина “06” “Жигули” машинаси марказий универсал савдо маркази олдидан олиб қочиб кетилгани ҳақида хабар берди ва ўзининг шахсий машинаси давлат рақам белгисини айтди. Шундан сўнг кабинети эшигини қулфлаб, ўша “ўғирланган” машинасига ўтириб шаҳар айлана бошлади… Ўнлаб чорраҳаларда ўнлаб автоинс­пекторларнинг кўз олдидан ўтди. Парвойи палак, ҳеч бири бу “угон” бўлган машинани тўхтатай демайди. Ярим соат юрди, бир соат юрди. Жимжит. Шаҳар айланаверди, автоинспекторлар хотиржам тураверди. Икки соат юриб зерикди, асабийлаша бошлади. Сўнг, шаҳардан ташқарига чиқиб кўриш нияти миясига урилди. Ниҳоят, “Роҳат” постидан ўтаётганида инспекторлардан бири “тўхташ” ишорасини кўрсатди. У тўхтамади, Олмалиқ трассасига чиқиб газни босди. Қараса, ортдан “ГАИ”нинг хизмат машинаси қувиб кела бошлади. “Тўхта, отамиз” деб мегафонда дағдаға  ҳам бўлди. “Хайрият”, деди полковник ва тўхтади…

… Генерал навбатчилик қисмига келаётган махсус хабарларни ўз кабинетида эшитиб ишлаб ўтирган эди, бир хабар диққатини тортиб қўлидаги ручкани қўйди: “иккита “Камаз” автомашинаси пастқам йўллардан чегара пости томонга  кетаяпти,  тезкор маълумотларга кўра қимматбаҳо юк ортилган”.

Генерал шахд билан ўрнидан турди-да, жавондан погонсиз фуфайка – бушлатни олиб кийиб, гараждаги “нол саккиз Лада” эски хизмат машиналаридан бирини миниб, контрабанда юк ортган машинани таъқиб қилиш учун чегара божхона пости томон газни босди…

… Машҳур “Сиёб” бозорида чориқ кийган “бегона” бир деҳқон картошка сотаяпти. Бозорнинг кунда шундалари уларнинг “томорқасига” оралаган бу янги сотувчи ким экан деб душманларча қараб қўйдилару, бечора одамга ўхшайди деган хаёлда унга “раҳм” қилиб индамадилар. “Сиёб” бозорини тартибга келтириш ҳақида топшириқ олган генерал, вилоят ички ишлар бошқармасининг янги бош­лиғи эди…

У яна, оддий “Жигули”ни миниб вилоят туманларини кезди, уни тўхтатган автоинспекторлар билан “савдолашди”…

Юқоридаги операцияларнинг барчасини бажарган бир одам – аввал полковник, сўнгра генерал Ураимжон Абдуғаниев.

Ураимжон Абдуғаниевнинг “Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг кундаликларидан” номли салмоқлигина китобини ўқиб узоқ ўйланиб қолдим. Негалигини билмайман. Уч-тўрт кундан ке­йингина сабаби савол тариқасида кўндаланг бўлди: “нега элим, юртим, халқим деган, шахсий манфаатдан кўра эгаллаган лавозимга муносиб хизмат қилиш манфаатини устун қўядиган шахслар кўпинча давлат ва жамият манфаатини белгилайдиган, ҳал қиладиган креслода узоқ ўтирмас эдилар? Аксинча, ўтирган курсисини фақат ўзи ва яқинлари тўқлигию шўхлиги учун сафарбар этадиган, давлатга қолганда “сен менга тегма, мен сенга тегмайман” қабилида фаолият олиб борадиган баъзи амалдор ўн-ўн беш йиллаб бу курсида ўтирарди, яна унвонлару орденларга ҳам сазовор бўларди?

Жуда қизиқ савол, тўғри эмасми?

Аслида, виждонли билан жасоратли битта тушунча – виждонли одам жасоратли бўлади, виждон унинг жасоратини қўзғатади: Ватан, халқ учун яхши бўлади деб “мана шу ишни ҳал қилсам фалончи вазирга, фалончи давлат идорасининг раҳбарига қаттиқ тегиб кетмасмикин, унинг кўнглини оғритиб қўйсам ҳозир ўтирган юмшоқ курсидан ажраб қолмасмиканман, бундан кўра юмшоқроқ курсига йўл беркилиб қолмасмикан” деб виждонига тупроқ сепадиган одамда жасорат нима қилсин?!

… Ўша собиқ тузумда, “қайта қуриш” авж палласига чиққан, “бозор иқтисодиёти”га ўтиш деб номланган ҳукмрон социалистик тузум ўрнини капиталистик тузум йўл-йўриқлари эгаллай бошлаган даврда СССР деган улкан ва қудратли салтанатда иқтисодий парокандалик бошланди. Бу салтанат таркибидаги суверен Ўзбекистон Республикасида ҳам. Чегарадош атроф қўшни республикаларда айниқса. Нисбатан тўқ Ўзбекистондан товар-моддий бойликлар – ун, гуруч, ёғ, шакар, макарон, конфет, газлама ташиб кета бош­ланди. Ва, Ички ишлар вазирлиги ҳузурида “Товар – моддий бойликларни олиб чиқиб кетишни назорат қилиш Давлат инспекцияси” Бош бошқармаси ташкил этилди. Бу Бош бошқарманинг бошлиғи этиб Абдуғаниев Ураимжон тайинланади.

Ўрта Осиё республикалари ва Афғонистон Ислом Республикаси билан чегарадош ҳудудларда пост­лар – шлагбаумлар қўйилди. Мамлакат ош-овқатини ташқарига ноқонуний ташиб кетишга қарши кураш бош­ланди.

1992 йилнинг август ойида бу инспекция ва Ўзбекис­тон Республикаси божхона қўмитаси базасида Мус­тақил Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона қўмитаси ташкил этилди. Қўмитанинг раиси этиб генерал Ураимжон Абдуғаниев тайинланди.

Божхона қўмитаси Яккасарой тумани (ўша давр­­да Фрунзе райони) ижроқўмининг эски уч қаватли биносида жойлашган эди. Бироз муддат ўтгандан сўнг Чилонзор метроси яқинидаги 10 йилдан кўпроқ вақт ташлаб қўйилган, битмай ётган тўққиз қаватли бино Давлат Божхона қўмитасига ажратилди, лекин у ҳадеганда битавермади. Шунда, қоровулдан тортиб полковниккача юзга яқин ходимлар бўш вақтларида бинонинг таъмирлаш ишларида қатнашдилар. Дам олиш кунлари Раис эрталаб саккизда ҳовли зинасида туриб йўқлама қилади, кечикканлар огоҳлантирилади. Сабабсиз келмаслик ҳақида эса гап бўлиши мумкин эмас.

Бино таъмири битди. Ҳовлини  ободонлаштириш керак.

Пскентдан юз машинадан кўпроқ чим кесиб келтирилди. Уни ишчилар эмас, ўз ташаббуслари билан божхоначилар ҳовлига ётқизишди. Матбуот марказининг оператори бу юмушларни керак-керак  жойда видеотасвирга тушириб турарди. Бир куни, янги бинога кўчиб ўтганимиздан кейин  ёзилган кассеталарни кўриб ўтирган оператор Равшан “мана буни қаранг” деди. Экранга қарадим: ҳовли дарвозасидан бино орти панжарасигача бўлган икки юз метрча масофада юзга яқин коржома кийган кишилар қўлма-қўл чим узатаяпти…

Уч-тўрт ой таъмир ишларида, бўш вақтларда ўз хоҳишлари билан ташаббус кўрсатиб, ишлаган ходимлар таъмир учун қўшимча ҳақ олгани йўқ, ўз маошларини олишди холос.

Тўққизинчи қаватдаги битта хона Божхона тарихи музейига ажратилди. Раис хона ичини миллий ганчкорлик усулида таъмирлаш учун “Усто” бирлашмаси билан гаплашиб келишни  менга – Матбуот маркази бошлиғига буюрди. Бордим, раҳбар билан гаплашдим. Ўттиз минг сўм бўлади, деди. Раис буни эшитиб пешонаси тиришди, ишингизни қилаверинг, деди. Кейин наманганлик усталар музейни ҳам, маъмурият жойлашган иккинчи қаватдаги улкан холлни ва бир неч­та хоналарни ўша суммага бажариб кетишди.

Катта ҳовлида дарахт кўчатлари ва гулзорлар оралаб ётқизилган барча йўлкалар четига темир-тунука панноларга ҳадислар, аллома боболаримизнинг ҳикматли сўзларини ёзиш ғояси айтилди. Генерал томонидан. Булар ўтган-кетганда, ҳовли чеккасидаги ошхонага борганда ўқишмаса, бошқа пайтда қўлига китоб олиб ўқимайди ҳикматларни, деди Раис. Эни бир метр, бўйи бир ярим метрлик 130 дона темир панноларни заводда ясатиб олиб келдик, иккита оёқ қилиб бутун ҳовлига ўрнатилди. Раис яна “идея” берди: дарвозадан кираверишдаги листга Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” шеърини ёздирсак қандай бўлади?

Қантдай бўлди. Бир листга сиғмаган эди, кейинги иккинчи листга ўтказдик. Йирик ҳарфларда, рассом ёзди. Ҳамма 130 тани. Ҳадислар, классик аллома шоиру уламоларнинг суратлари остида ҳикматли сўзлари…

Кейин, маънавият соатида Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Озод Шарафиддинов, Аҳмаджон Мелибоев сингари ижодкорларни “дарс ўтишга” таклиф қилганимизда, улар дарвозадан кирибоқ ҳовлидаги хушрўйлик-файз­­ни кўриб тўхтаб қолишарди, панжара бўйлаб темир панноларнинг бошланишида “Ўзбегим”га, кейингиларида ҳадису ҳикматли сўзларга кўзи тушиб, бир неча дақиқа томошабин бўлиб туриб қолишган. Уларнинг юз ифодасидан “божхоначилардан бу нарсани кутмаганликлари” кўриниб турарди…

Матн йиғишни, танлашни генерал кечқурун менга буюрган эди, эрталаб “прямой” телефон орқали чақирганда кабинетига кирсам, бир даста қоғоз узатаяпти: ҳадислар…

Давлат Божхона қўмитаси янги бинода иш бош­лади. Қаттиқ иш бошлади. Мамлакат иқтисодий хавфсизлиги учун кураш бошлади, аниқроғи, кураш “Давлат қўмитаси” деган залворли паноҳ остида кучлироқ эпкинда давом этди.

Бу эпкин эса ҳаммага ёқавермас эди. Ҳатто энг юқори доираларда ҳам. Бугунги қулай шароитдан, вазиятдан фойдаланиб эл-юрт ризқи бўлган моддий бойликларни четга пуллаб, мўмай даромад орттиришни мақсад қилганларнинг оёғига Божхона болта ура бошлади. Ўжар, қайсар, ҳеч нарсага кўнмайдиган, орқа-ўнгига қарамай Ватан манфаати йўлида олға босаверадиган генерал Абдуғаниев раҳбарлигида…

Ўзини ўйламайдиган, амални йўқотиб қўйишдан қўрқмайдиган генерал раҳбарлигида…

Божхоначилар чегара постларида, айланма йўлларда ушлаган четга чиқиб кетишдан асраб қолган катта миқдордаги – қиммат миқдордаги товар-моддий бойликлар тўғрисида ҳафтада икки-уч марта Президент девонига махсус ахборот жўнатилар эди: қаерда ушланди, қайси республикага ким, қайси фирма-ташкилот олиб кетаётган бўлган. Бу махсус хабарлар шўро даври эпкинида рус тилида бир қоғоз – ярим қоғоз тайёрланар, Давлат тили яқинда ўзбек тили бўлган, тил бўйича ягона мутахассис сифатида мен уларни ўзбек тилига таржима қилганим учун ҳаммасидан хабардор эдим. Бунинг устига, генерал Абдуғаниевнинг ўзи “Инспекция” даврида  бошлаган, энди оммабоп бўлиб қолган “Шаҳар бедарвоза эмас” кўрсатуви учун бу қонунбузарлик фактлари ҳақида лавҳалар тайёрлар эдик.

Яъни, энг Олий идорага юборилаётган хабарномаларда амалдорларнинг ўғли-ю жиянлари, бошқа-бош­қаларига тегишли товар-моддий  бойликлар ноқонуний равишда республика чегараларидан ташқарига гумдон қилинаётган фактлари ҳам кам эмас эди… Ҳатто вазир вазирликка қарашли иккита “Камаз”да қурилиш материалларию ўттиз фляга асални Рос­сиядаги ўз туғилган юртига жўнатаётганида Сирдарё божхоначилари томонидан ушлаб қолинганига нима дейсиз…

Аҳвол шу эди. Виждон танқис эди. Аслида Давлатни “ушлаб турган” амалдорларнинг айрим-айримлари бу Давлатни кафангадо қилиш ҳисобига бойлик орттириш машинаси ғилдирагига ғов ташлаётган виж­донли генералнинг тагидан курсини олиш керак эди. Бунинг эса ўзи бўлмайди – генералнинг ишлари қонуний эди.

Барибир уриниб кўриш, “йўлини” топиш керак!

Прокуратура ва бошқа давлат идораларининг ходимлари Давлат Божхона қўмитасини бир неча ой текширди. Ҳеч нима топишмади. Текширувчилар бино таъмири бухгалтериясини кўтариб, титиб-титиб, ҳайрон бўлишибди: наҳотки шунча ҳажмдаги таъмир ишларини мана бунча оз миқдордаги маблағ ҳисобига бажариб бўлса?! Ишонмай деса – факт!..

Алоқа бошқармаси бошлиғи, шоиртабиат майор хонамга кирди: ака, нима деган гап бу, мени инвентаризация қилиб, битта фигурали отвертка ўрнига оддий отвертка бор деб, орадаги фарқ йигирма тийинни  битта давлат идорасининг депозит рақамига тўлаш учун трамвайга ўттиз тийин сарфлаб икки марта бориб келдим…

Божхона ходимларини жавобгарликка тортиш учун “далил” топилмади. Бошқа йўл тутилди: яқинда, икки йил аввал тузилган Давлат Божхона қўмитаси тугатилиб, Бош бошқармага айлантирилиб, Давлат Солиқ қўмитаси таркибига қўшилди. Генерал Абдуғаниев Ички ишлар вазирлигининг Олий мактабига, кейинчалик Академиясига ишга юборилди ва … ўн бир ойда у номзодлик диссертациясини ёқлади…

Орадан уч йилдан кўпроқ вақт ўтиб, 1997 йилда Давлат Божхона қўмитаси яна қайта ташкил этилди…

Унгача… Раисликдан кетганидан сўнг 1995 йилнинг декабрь ойида генерал Абдуғаниев Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармасининг бошлиғи лавозимига тайинланди.

Бу лавозимда ўзини сувдаги сазандек ҳис этадиган генерал қанот боғлаб ишга киришди. Эски чопон кийиб бозорда картошка сотди – халқ ҳаётини ўрганди, коржома кийиб “Жигули”да таксичилик қилди – ўзи раҳбар бўлган ҳаётни ўрганди, форма кийиб ярим тунгача халқни қабул қилди, дардини эшитди. Тайинланганига бир неча ой ўтгандан кейин юқорининг кўрсатмасига асосан генерал Абдуғаниев томонидан бошланган ислоҳотларда қониқарсиз даражада фао­лият кўрсатаётганлиги учун, вазирнинг буйруғи билан, унинг учта ўринбосари лавозимларидан бўшатилдилар. Тайинланган куни раҳбар таркибни йиғиб бирма-бир танишиб, “сизларга бир ой муҳлат, кўраман, мен қатори ишласанглар, ёнимга кириб ислоҳотларга ёрдам берсанглар – бирга ишлашамиз, аксинча тормоз қўядиган бўлсанглар, ундайлар билан бирга ишлолмаймиз” деган эди…

Бунга, бу “ураган”га чидаб бўладими?

“Ураган” – бўроннинг қуввати икки йилга етди.

“Ўз хоҳишига кўра…” нафақага чиқди.

Йигирма йилдан ошдики, генерал Абдуғаниев адвокат. Курашда. Адолат, қонунийлик учун. Ғалабада хурсанд бўлади, мағлубиятда тишларини ғичирлатиб қўяди холос.

Шунча бақириб-чақириб, елиб-югуриб, катта раҳбарлик лавозимларида жуда кўп йиллар ишлаб,  бирон бир ҳовли-жой қуролмади… “Дом”да яшайди. Генерал Абдуғаниев — устоз адвокат, ҳамон Чилонзорда кўп қаватли уйдаги квартирасига содиқ. Ҳолбуки, бир оғиз “хўп” дейишига қўшқаватли қаср ҳадя қилинадиган лавозимларда ишлаганди. Бу ҳолатни эса ҳар ким турлича мулоҳаза қилади. Тўғри қилган, дейдиганлар бор. Э… дейдиганлар ҳам бор. Афсуски…

Бугунги, Янгиланаётган Ўзбекистонда нима гап?

Янгиланаётган Ўзбекистон осмондан тушгани йўқ, ўша ўзимизнинг Ўзбекистон — айниқса, Мустақиллиқдан кейинги чорак асрда кўп тизимлар зарпечакларга чирмалган Ўзбекистон ва бу зарпечакларни териб-тозалаб бирдан тугатиб бўлмайди. Тозаланаяпти, бироқ, аста-секин, зўрға-зўрға, қийналиб-қийналиб…

… Яна “оқ қарға”ларга қайтсак. Улар қачон кўпаяди. Яқинда телеэкранда маънавият мавзуидаги давра суҳбатида бир ёзувчи дўстимиз эслатган — ижтимоий тармоқдаги Бургут елкасига миниб олиб бўйнини чўқилаётган қора қарға ўрнини қачон Бургут атрофидаги гала-гала оқ қарғалар эгаллайди! Бу жараён эса бош­ланди. Вазирлик ва идораларда биринчи раҳбар лавозимини эгаллаган, бошқа қуйи поғоналарда ишлаётган ёш-ёш мутахассисларнинг ўзбек, рус, инглиз тилларида равон сўзлаши, уларнинг баъзилари ривожланган мамлакатларда ўқиб ишлагани, тиниқ ва ақлли фикрларини эшитиб қалб қувончга тўлади. Қалдирғочлар. Учинчи Ренессанс қалдирғочлари…

Албатта, ҳамма муаммони кадрлар ҳал қилади. Шу маънода Олий ўқув юртларига ўқишга кириш шаффоф­лашгани оламшумул инқилобий ҳодиса бўлди.

Бу ҳол шубҳасиз жамиятни ўзгартиради, жамиятни янгилайди. Яхши томонга. Тараққиёт томонга. Боиси — тараққиёт мурватлари шу мурватни илгарилаш томон буришга салоҳияти етадиган ёшлар қўлига ўтади. Зўр ёки зарнинг қудрати билан диплом олгач, креслода ўтириб пишқиришдан, бировнинг қўлига қарашдан бош­қага билими ва дунёқараши етмайдиган гумроҳларнинг қўлида эмас…

Виждонга йўл очилди.  Жасоратга йўл очилди.  Оқ қарғаларга йўл очилди. Илоҳим!

“Ҳаловати йўқ одам”. Демак, виждонли-жасоратли одам! Ҳаловатли “стереотиплар”ни бузиб, бошқаларни ҳаловатдан маҳрум қиладиган одам!

Ҳабибулла ОЛИМЖОНОВ,

журналист, юрист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × three =