БАЪЗАН ЕМАГАН СОМСАГА ҲАМ ҲАҚ ТЎЛАНАДИ
Ассалому алайкум Раҳим ота Мақсудов!
Сизнинг севимли газетамизда менга ёзган мактубингиз дилимга бир нур олиб кирди (“Калтакни етимлар ер экан-да… ёки Ҳаким Сатторийга очиқ хат”. “Hurriyat”, 2023 йил 28 июнь). Бу гапни сидқидилдан, самимий айтаяпман. Маълумки, баъзан кутилмаган жойдан илтифотлар ёки эътиборлар бўлиб туради ва бу ҳолат кундуз куни ёқилган чироқдек таъсир қилади. Ёки яланг бир жойда аланг-жаланг бўлиб, ҳаёт нишонасини излаб турганингда бир қуш сайроғи ёки жониворнинг ўтиб қолиши яшаш илинжини уйғотади. Бугунги кунда “улкан ютуқлар”ни қўлга киритаётган жамиятда бу соҳанинг (яъни, матбуотнинг) саси пасайиб қолган, бахтиёр юртдошларимиз янги режалар билан тўлиб-тошиб, “Газета керак эмас!” деб очиқча шовқин солаётган бир паллада мазкур соҳанинг келажагидан безовта бўлиб, бир ҳамкасбга “дарди-ҳол” қилганингиз ҳали томирларда қон гупириб оқаётганидан дарак берарди. (Аслида, бу қон тўхтамайди, тўхташи – ўлим; баъзилар “Тўхтатдик” деб ўзини овутади, холос).
Хатни ўқиб, Сиз билан телефонда гаплашиб, бир нарсага амин бўлдимки, биз – ҳамкасблар “ўз ёғимизга ўзимиз қоврилиб” ётган эканмиз. Менга икки ҳолат маълум бўлди: марказда нима рўй бераётганини ҳудудлардагилар билмайди; жойлардаги аҳвол эса пойтахтда, ҳатто вилоят марказларида маълум эмас (бу ҳол яхлит вужудни узвларга бўлиб ташлашга ўхшайди, яъни “Бўлиб ташла ва бошқар” деган сиёсат каби). Ахир ҳақиқий аҳвол ҳақида тасаввурлар турлича бўлса, Президентимизнинг халқимиз бахту саодати йўлида олиб бораётган саъй-ҳаракатлари моҳиятини ҳамма тўла тушуниб етмаса, турли англашилмовчиликлар юзага келади-да. Бундай жамиятда эса яхлитлик, яъни ягона фикр бўлмайди.
Хатингизнинг руҳидан шуни ҳис этдимки, Сиз билан мен бир хил фикрдаман, яъни соҳанинг ривожини истаймиз. Аммо юз бераётган буюк ўзгаришлардан бир хилда хабардор бўлмаслик, қорни қора ёки қарғани оқ дейишга олиб келган. Дунёда бир тилда сўзлашадиган одамларнинг бир-бирини тушунмаслигидан ортиқ бедодлик бўлмаса керак. Агар аксинча бўлганда эди, мен “Туман газетаси нега ёпилди?” (“Hurriyat”, 2023 йил 31 май) мақоламда келтирган “…қайси давлатда бўлса-да, матбуот умуминсоний мезонлардан чекиниб, ўз қобиғида ўралашиб қолган экан, бунда соҳани эмас, ўша соҳа одамларини айблаш лозим бўлади” тарзидаги фикрларимга кескин қарши чиқмаган, балки моҳиятга чуқурроқ разм солган бўлардингиз. Ахир Абдулла Қаҳҳор лутф қилганидек, “Юртингни ёв босса, ўғлингни сандиққа тиқиб қўйиб, қўшнининг ўғлини чақирмайсан-ку!” Ёки “Ҳар ким ўз бошига ёққан қорни ўзи курайди” дейишади.
Бор гап – матбуотнинг ҳозирги ҳолатига профессионал журналистиканинг етишмаслиги сабаб бўлаяпти! Журналистика фақат яхши ёзиш эмас, балки ўз позициясини қатъий ҳимоя қилиш, умуминсоний қадриятларни улуғлаш, мустаҳкам эътиқод ва тоза маслак ҳамдир. Вазиятга қараб эгилиш, манфаат қули бўлиш, буюртма билан ишлаш ва бошқа учраётган кўплаб иллатлар соҳани бебурд қилмадими, обрўсини тўкмадими? Ва шу ярамасликларни бошқа соҳа одамлари матбуотга “кириб олиб” амалга оширгани йўқ.
Албатта, сиз масалага ўз дунёқарашингиздан келиб чиқиб ёндашгансиз, менинг эътирофимни туман газеталарининг яшаб қолиши учун жонини жабборга бериб ишлаётганлар меҳнатига беписандлик, деб қарагансиз. Газета чиқишини таъминлаш жамоанинг тўғридан-тўғри вазифаси, ахир маҳсулот ишлаб чиқармаса, корхонанинг кераги бўлмайди-ку. Сиз асосан фаолият кўрсатган йилларда бу юмушни “партия ва ҳукумат” қойил қилиб қўярди, талаб эса бошқа нуқтада намоён бўларди: “Аравамга чиқдингми, қўшиғимни айтасан!”. (Майли-да, кераксиз матоҳ бўлгандан ниманидир минғирлаб турган ҳолатда ҳаёт унсури бор эмасми?). Бозор иқтисоди шароитида вазият ўзгаргач, гўё таҳририятнинг асосий иши газета чиқаришни йўлга қўйишдек бўлиб қолган. Бу вазифани, аслида, муассис эплаши шарт, ижодий жамоанинг вазифаси эса бутунлай бўлак бўлиши керак. Гап шу ҳақда эди.
Шубҳасиз, шароитдан келиб чиқиб, бундай мунозаралар ҳам керак. Лекин шуниси борки, газетанинг чиқишидан, шунчаки чиқишидан эмас, давр руҳига мос чиқишидан унинг муассиси кўпроқ манфаатдор бўлмоғи лозим. Муассиснинг мақсади инсонпарвар бўлиб, омманинг дунёқарашини маънавий юксалтиришни ўйласа, маънавият ва иқтисодиётни қўшқанот билиб, тараққиётни шу йўналишда кўрса, бу соҳага маблағни аямаслиги керак (эди). Мабодо акси бўлса…
Бугунги жамиятнинг маънавий қиёфаси ҳақида тасаввурларимиз бор, бу ҳақда кўп айтилди, ёзилди. Китобхонликка, жумладан, матбуотга эътибор қаратиш талаби бугун пайдо бўлгани йўқ. Умуминсоний қадриятларга муносабат жамиятнинг қиёфасини белгилайди. Вазиятдан кўриниб турибдики, соҳада бўлиниш ва бир-бирининг фаолиятидан ҳам, муаммоларидан ҳам бехабарлик мавжуд. Бу ижобий ҳол эмас. Агар зиммага юкланган мақсадга эришиш керак бўлса, соҳа ягона механизм сифатида ишламоғи жоиз. Оммавий ахборот хизматлари (матбуот, радио, ТВ, интернет ва бошқалар) инсониятнинг босқичма-босқич тараққиёти маҳсулларидир. Жамият эҳтиёжлари уларни яратди, тасдиқлади, мавқеини белгилаб берди. Ҳатто уларни “Тўртинчи ҳокимият” деб аташ урф бўлди. Шундай экан, бу бетимсол мафкуравий қуролни умуминсоний манфаатлар йўлида ишлатиш соҳа ходимларининг муқаддас бурчи. Бу соҳаларнинг умумэътироф этган ўз обрўси, мавқеи, қиёфаси бор.
Газетани кимнингдир кўнгил дафтарига айлантириш, бир хил суратларни бир неча газеталарда кўпайтириб тарқатиш, фақат ижобий гаплардан сўйлаб, ютуқларнинг эришилиш манбаси, зиддиятлар, курашлардан сўз очмаслик соҳага обрў олиб келмайди. Бундай саёз ёндашувларнинг жамият учун ҳам, соҳа имиджи учун ҳам нафи бўлмаганини ҳаётий мисоллар тасдиқлаган. Ҳеч қачон алоҳида даврнинг ёки маълум бир мамлакатнинг ўзига хос ва мос матбуоти бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Бу соҳа тиббиёт ёки космонавтикага ўхшаш умуминсоний эътироф этилган мезонлар ва талаблар асосида фаолият юритади. Уни субъектив омиллар асосида сунъий қолипларга солиш мумкин эмас. Журналистика кимларнингдир хоҳиши ёки манфаати йўриғида кун кўрадиган мардикорликни ўзига ор деб билади. Мабодо у шу кўйга тушган бўлса, у журналистика эмас, у “антижурналистика”дир!
Агар ана шундай масштабларда туриб фикр юритилса, газета ходими зиммасида қанчалик масъулият борлиги аниқ кўриниб қолади. Шу аснода ҳозирги миллий матбуотнинг манзараси кўз олдига келтирилса, “Нега бундай?” деган савол кўндаланг тушади ва унинг биринчи жавоби “Айб соҳа ходимларида эмасми!?” тарзида бўлади. Ҳар ҳолда, менимча шундай. Чунки матбуотнинг ҳозирги даражага тушиб қолишида саъй-ҳаракатини аямаган одамларнинг аниқ қиёфасини жамоатчилик яхши билади. Соҳанинг нозик нуқталари, “жон-жой”лари соҳа мутахассисларигагина маълум бўлади. Истиқлолнинг дастлабки йилларида негадир “Қалъа ичкаридан олинади” деган гап кўп такрорланарди. Ўшанда бир хавотир бор экан-да. Кейин эса мақтовлар ва ҳамду санолар ҳаммасини бошқа изга солиб юборди чамаси.
“Барча соҳа, жумладан, журналистика ривожи ҳам бевосита кадрлар салоҳиятига боғлиқ”, дейилади “Ўзбекистонда миллий журналистиканинг ривожланиши бўйича Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг I миллий маърузаси”да. Кадрлар салоҳиятига (маълум, аниқ кадр мисолида) баҳо беришнинг биринчи мезони эса жуда оддий: “У қандай ёзади?” Шу саволга жавоб соҳа кишисининг тақдирини ҳал қилади. Бу касбга дабдабабозлик, ҳокимиятпарастлик, “пахтакорлик” кетмайди. Худди спортнинг якка туридек, майдонга ўзи чиқади ва ўзи учун — ўзи жавоб беради. Соҳага раҳбарлик, яъни ҳудудий нашрлар муҳаррирлари ҳам касбнинг усталаридан бўлиши лозим. Мабодо, умрида бирор мақоласини нимадан бошлаб қандай тугатиш устида “қон ютиб” бош қотирмаган (дейлик, композиция устида ўйламаган), ҳеч қуриса чиройли сарлавҳа иштиёқида уйқуси бузилган одам эмас, ғирт “тўра” соҳага етакчилик қилиб қолса, урди Худо! Энди бу соҳа исмини эсидан чиқариб қўйган одам ҳолига тушади, мадҳиябозликдан бошқасига ярамайди ҳам!
Сиз, табаррук ёшдаги оқсоқол, фаолиятингиз давомида соҳанинг жами синоатига дучор бўлгансиз. Бу гаплар шунчаки қоидалар эскирмаслигини, бизлар ҳам шу тамойиллар асосида иш юритганимизни эсга олиш учун зарур бўлди, деб ўйлайман. Тўғри, ҳамма касблар қатори бу соҳа ҳам тирикчилик ўтказиш манбаи, ҳар кимки унинг этагини тутибдими, “қора қозони”ни қайнатишини ҳам ўйлайди. Лекин журналистиканинг битта “ноқулай” томони – ана шу тирикчиликни ҳам баъзан орқага ташлаб қўйишни талаб қилади. Журналистнинг эътиқоди, маслаги, касб одоби “қора қозон”дан устун, билъакс, соҳа шунчаки “кун кўриш” манбаи, журналист эса оддий истеъмолчи бўлиб қолади. Шунинг учун журналистика хослар (аристократлар) касби ҳисобланади ва асосан, кўпчилик хобби (кўнгилочар машғулот) сифатида шуғулланади. Қачонки, чинакам профессионалга айлангач, “пичоғи қуйруқ устида”да бўлади. Таассуфки, бу даражага жуда камлар етиб келади. Журналистикани шарафлашга интилганлар ва шунга улгурганлар миллат тарихида қоладилар.
Журналистика одамлар учун ишлайди. Бугун бизнинг “одамлар” нима билан машғул ва бу ройишни фақат журналистика ўзгартира оладими? Шу ўринда асосий омил – давлатнинг ҳал қилувчи роли бор. Оммавий ахборот воситалари вакиллари унинг эзгу мақсадларига камарбаста бўла олади холос, у усқуртма, базис эмас! Аммо ўттиз миллион нуфусдан бугунги давр руҳини ҳис этадиган ўттиз минг одам борми? Миллат ўз феъл-атвори ва хатти-ҳаракатининг оқибатини тўла кўришга амр этилганга ўхшайди. Зеро, бу “музлик”ни унча-бунча куч ўрнидан силжита олмайди. Қисмат ёзуғини кўриш босқичи эса маърифатдан йироқлашиш (яъни, китоб ўқимаслик) тарзида намоён бўлганга ўхшайди. Зотан, бало-офат нуқул вайронкорликлар ёки эпидемиялар тарзида эмас, балки маънавий жаҳолатга маҳкум этилиш тарзида ҳам келиши мумкиндек бўлиб туюлаяпти. Қаранг, Сиз куюнчаклик билан соҳа ривожини кўзлаб мурожаат қилдингиз, аммо республикада шу касбдан кун кўраётган юзлаб одамлар бордир, лекин бири “Нима деяпсан?” тарзида овоз бермади-ку. Демак, ўша гап: “Ўзингдан чиққан балога, қайга борасан давога?!”.
Жадид боболаримиз дунё аҳли бошқа сайёралар ҳаёти билан қизиқиб турганида бизнинг миллатимиз вакиллари хўроз уриштириб юрганидан эзилганди. Бугун эса аллақачон тан олинган улкан яратувчан куч – оммавий ахборот хизматларининг юпун ҳолидан изтиробга тушаяпмиз. Ҳар ҳолда вазиятни ўнглашдан умид бор. Кўп нарса эса аслида, соҳа одамларининг ўзига ҳам боғлиқ. Ахир ўзини эплай олмаган касб эгаси бошқанинг оғирини енгил қила оладими, ўзганинг корига ярайдими? “Ўзига угра кесолмайди, ўзгага омоч уқалайди” деганлари шу эмасми? Мен ўз фикримни изҳор қилганимда, ана шуларни назарда тутгандим. Қолаверса, бир касб одамларининг бир-бирини тушуниб ишлашига нима етсин!
Ташқи олам қонуниятлари ички эврилишлар билан ҳисоблашиб ўтирмайди. Барибир ўз ҳукмини ўқийди. Фақат кўнгилда бир иштибоҳ кезади: “Баъзи ўринларда кечикилмайдими ёки умуман вазият бой берилмайдими?” Ўйлашимча, ҳаммаси ниятга ҳам боғлиқ. Сизга, Раҳим Мақсудов домла, мустаҳкам соғлик тилайман.
Ҳаким САТТОРИЙ,
журналист.