Бир ипдаги учта дур

Миллий ўзликни англаш мавзусида ёзилган асарлар бисёр. Аммо кейинги йилларда айни шу борада бир-бирини тўлдириб, турли даврларда яшаган ўзбек ёшларининг Ватанга ва миллатга фидойилигини ёритувчи умумий ғоя, умумий сюжет тизими билан ўзаро боғланган учта китоб бор. Мен уларни бир ипга тизилган уч марваридга ўхшатаман.   Айни шу асарларга доир айрим мулоҳазаларимни сиз билан бўлишмоқчиман. Гап бошидаёқ айтиб қўя қолай: шу уч китоби бор одам йиллар ўтиши билан “Менда уч жавоҳир бор” деб ғурурланса арзийди.

Тилга олмоқчи бўлганим — биринчи асар “Ўзбек ёшлари ва хорижий таълим” китоби бўлиб, муаллиф Баҳром Ирзаев мутолаа аҳлига илмий-адабий хазина туҳфа этган, деган фикр­дамиз. Китоб “Академнашр”да 2018 йил чоп этилган. Умумий ҳажми 208 бет. Асар реа­листик воқеалар, ҳаққоний тарих ошуфталарига ниҳоятда манзур келиши шубҳасиз. Айни фикр далили сифатида ундан бир неча кўчирмаларни эътиборингизга ҳавола этамиз:

“1909 йил 18 июлда Бухоро шаҳрида тузилган “Тарбияи атфол” жамияти шу йилнинг ўзида Фитрат, Усмонхўжа Пўлатхўжа ўғли, Ато Хўжа, Мазҳар Бурхонов каби кўпгина ёшларни Истанбулга ўқишга йўллаган эди. Бухородан чет элга таҳсил олиш учун юбориладиган талабалар сони 1911 йили 15 нафарга, 1912 йили 30 нафарга етган.

Тошкентда совет тузуми ўрнатилгач, 1918 йил 21 апрелда Тошкентнинг Янги шаҳар қисмида А.В. Попов раҳбарлигида Туркистон давлат университети очилди. Бу олий таълим даргоҳининг педагогик жамоаси ҳам, талабалари ҳам, асосан, европалик миллат вакилларидан иборат эди. Маҳаллий миллатлар фарзандлари учун 1918 йил 12 майда Мунавварқори Абдурашидхонов раҳбарлигида Туркистон мусулмон халқ дорилфунуни очилди. Самарқандда Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам мазкур дорилфунун шўъбасини очишга киришди. Бироқ большевиклар ҳукумати томонидан рухсат берилмади. Советлар ўз ҳокимиятини мустаҳкамлашга улгурган 1920 йилдаёқ Туркистон халқ дорилфунуни ҳам ёпилди.(8-9 бетлар).

“Элбек талабаларни   хорижда ўқитиш масаласида қуйидагиларни маълум қилади: Туркистондан четга бориб ўқиш учун 1921 йили “Ўзбек билим ҳайъати” томонидан лойиҳа тузилиб, бошида студент Сайидалихўжа бўлгани ҳолда бир неча ўқувчиларнинг рўйхати олиниб ҳукуматга топширилган эди. “Ҳукуматимизнинг моддий кўмак бера олмаслиги билингач, бу масала тўхталди. Лекин ўқувчиларнинг орасида кўтарилган четга кетиб ўқиш ҳаваси бунинг билан битмади. Ўқувчилардан ўзига тўқроқлари (гарчи нарсаларини сотиб бўлса-да) четга кетмак орзусида бўлдилар.

Буларнинг ўзаро ташаббусини кўрган “Ўзбек билим ҳайъати” четдан томошачи бўлиб тура олмади. Бўлса-бўлмаса умид билан ишга киришди ва четга кетувчи студентларнинг ўзидан бир комиссия тузиб ва бунга ўз аъзоси бўлган Сайидалихўжани бошлиқ этиб, “Кўмак” отида бир уюшма тузди. Уюшма кеча-кундуз ишлаб турли ёқдан гадойлик қилиб бўлса-да бир кишини четга жўната олди (Бу, бизнингча, Абдуваҳҳоб Муродий – Б.И., (10-бет).

Китобда чет элга ўқишга борган жадидчи ёшларга қилинган туҳматлар ва қатағонлар ҳақида муайян маълумотлар жамланган бўлиб, ҳаммаси ўша давр тузумининг асл моҳиятини ёритиб кўрсатишга хизмат қилади.

Демакки, биз китобхонларга тавсия этаётган биринчи китоб — ҳужжатли, тарихий эди, кейингиси эса бадиий асар, роман. Роман бўлгандаям поэтик асар, проза билан битилган поэзия, десак хато бўлмайди. Юз йил аввал Германияга ўқиш учун кетган ёшлар учраган муаммоларни муаллиф чин кўнгилдан изтироб билан ёзган, йиғлаб-йиғлаб ёзган, қаҳрланиб-қаҳрланиб ёзган, аммо биронта масалага лоқайд бўлмаган. Ҳамма вазиятга ўз сўзини айтган. Шундан бўлса керак, баъзи ўринларда асосий мавзудан четга чиқиб кетгандек туюлади. Аммо миллатни ривожлантириш, миллий ўзликни англаш ва шу йўлда курашиш муаммолари ҳар бир сатрда сезилиб туради. Тасвирлари ажойиб, сўзлари қизитилган чилдирмадек жаранглайди, қўшиқ бўлиб эшитилади. Гап ёш, таъбир жоиз бўлса, забардаст ёзувчи Жавлон Жовлиевнинг “Қўрқма” романи ҳақида боряпти. Асар “Asaxiy books” нашриёти томонидан 2020 йилда нашр этилган эди.

“Қўрқма” — “илм, касб ўрганиб келиб, халқимга, юртимга хизмат қиламан”, деб Германияга кетган йигит-қизлар пировардида совет ҳукумати томонидан қатағонга учраганлари ҳақида ҳужжатлар асосида бадиий тил воситасида ёзилган гўзал асар!

Ушбу роман Роман Баҳром Ирзаевнинг юқорида келтирилган “Ўзбек ёшлари ва хорижий таълим” китоби асосида ёзилгани билинади. Унда номлари тилга олинган тарихий шахслар, романда ҳам тилга олинади. Бу – табиий бир ҳол ва асар обрўсига путур етказмайди. “Нима учун асар номи “Қўрқма” деган савол ўқувчига тинчлик бермайди, чунки биров бировга дўқ-пўписа қилмаяпти, таъқиб қилмаяпти… Гап шундаки, асар сўнгида муаллиф ўқувчига, миллатига қарата “Қўрқма!”, дея хитоб қилади. Синчиклаб ўқиган киши асарнинг ичида ҳам шундай хитоблар борлигини сезади. “Қўрқув салтанатида” яшаган одамлар не-не ҳолатларга тушганига гувоҳ бўлиб боради.

Асардаги айрим жумлалар жон томиримизгача етиб боради, қалбимизни ларзага солади: “Оналар, сиз кимларни туғаётибсиз?! Қўрқоқни туғмоқлик ҳали оналик эмас. Мардларнинг онасигина онадир фақат”.

“— Бобо, — дедим бир куни сурувни сувга ҳайдаб, — ҳамманинг тарихи бор дегансиз. Менинг тарихим-чи? Отам билан ёниб кетганми?

— Эй, аҳмоқ бола! Ҳамманики бор, сув ёнади, аммо тарих ёнмайди. Уни ҳеч ким ўзига мослаб ололмайди. Сенинг тарихинг ҳам, менинг тарихим бор, жойида турибди.

— Мана бу қўйларнинг ҳам тарихи борми?

— Бор, болам. Қўйларнинг тарихи, қўйлик, қуллик…

— Қандай қилиб қўйларда тарих бўлади? Ахир улар ҳайвон-ку!

— Ўзлигини билган одамнинг тарихи бўлади, кимлигини билади. Билмаса, ҳайвон бўлади, ҳайвоний тарих бўлади.

— Менинг тарихим ҳам йўқ, чунки етимман?

— Сенинг тарихинг бор, болам…. Сенинг тарихинг отанг, мен! Тарихни отам деб ўрган, болам. Тарих жигитнинг отаси, тил эса онасидир…. Жигит тарихини ва тилини ота-онасидек кўриши керак. Сенинг тарихинг отанг, болам!

Мен ўша куни қўйларимизга ўз тарихини тушунтирмоқчи бўлганман. Бобом сингари, уларнинг қайси қўрада туғилгани, қандай қўзилагани, нима егани, қаердан сувлагани, энасини қандай эмганини… аммо қўйлар тарихгамас, кўпроқ емишга, бировнинг чиройли кўкариб турган бедазорига қизиқади. Қўйларга ўт бўлса бўлди, кетаверади… Қўйларга тарих азиз эмас”.

Ушбу жумлалар китобхонни чуқур ўйга толдиради, ўзи ҳақида, тарихи ҳақида ўйлашга мажбур этади…

Биз фикр билдирмоқчи бўлган учинчи асар — “Мезон – фидойилик” китоби бўлиб, муаллифлар Неъматилла Мўминов, Абдусапи Ғаниевдир. “Fan va Texnologiyalar nashriyot matbaa uyi” томонидан 2022 йилда чоп этилган. 436 саҳифадан иборат.

Шуниси эътиборга моликки асарга таниқли адабиётшунос олим, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғофуров “Сўзбоши” ёзган. У киши, жумладан, қуйидаги фикрларини билдирган:

“ХХ асрнинг 50-80 йилларида замон ва сиё­сат тақозоси билан Россияда, айниқса, Мос­к­ва, Ленинград шаҳарларида олий техник таълим олиш, замонавий илмий – техник мутахассис бўлиб етишиш, юртига хизмат қилишга аҳд қилган ўша давр ўзбек зиёлиларининг хотиралари   мустақиллик учун интилиш­ларнинг жуда қимматли тарихий, маданий, ижтимоий – сиёсий, маиший қирраларини ёритади ва давр ҳодисалари ҳақида тушунчаларни кенгайтиради, чуқурлаштиради.

Бу китоб ашаддий тузумнинг турли қамровларини очади, унга қарам миллатларнинг мустақиллик ниятини кучайтиради ва сохта тасаввурлардан қутулиб, ошириб-тошириб сўйлаш, таърифлашдан батамом халос бўлиш ибратини беради. Шу билан бирга тарихда жуда қимматли инсоний муносабатлар жамулжам бўлганига яна бир карра ишонтиради.

Маънавий – руҳий, маданий, ижтимоий – сиё­сий қарамликнинг яқин тарихидаги нохуш мақомлар, низомлар, темирдан ҳам қаттиқ манфур қонун – қоидаларнинг ғайриинсоний моҳиятини очади ва тубдан англашга хизмат қилади”.

Китоб бир қанча кичик-кичик бўлимларга бўлинган бўлиб, улардаги ҳар бир воқеа, ҳар бир жараён ўқувчини бефарқ қолдирмайди. “Ўзбек тилим” деб номланган ҳикоядан келтираётган иқтибосларимиз сизга асар ҳақида тасаввур уйғотса, ажаб эмас:

“1964 йил, 27 октябрь Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси ташкил этилганининг 40 йиллик куни эди. Шу санага бағиш­лаб Ўзбекистон Ваколатхонасида Москва олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг кўпчилигини йиғишга муваффақ бўлдик.

Расмий тус олган бу йиғилишда Ўзбекис­тоннинг Москвадаги Доимий Вакили Қосим Раҳимов йиғилишни очиб нутқни рус тилида бошладилар.

Катта мажлислар зали талабалар билан лиқ тўла эди. Шунда залнинг ўртасидан Москва давлат университетининг Баҳром исмли талабаси ўрнидан тик туриб, менда савол бор, дегандек қўл кўтарди ва рухсат теккач: “Шу залда йиғилганларнинг барчаси ўзбеклар-ку, нега ўзбек тилида нутқ қилинмай, рус тилида қилинаяпти?” – деди.

Залга сув қуйгандек жимлик чўкди! Ҳамма жавобни кутаяпти. Ниҳоят, саволдан ҳайрон бўлган Қосим Раҳимов бироз сукутдан сўнг жавоб беришга ўтди ва “Бу ерда ўтирганлар русчани тушунади-ку, ким қайси тилда хоҳласа, шу тилда сўзлайверсин” дедилар.

Қосим Раҳимов ўз нутқларини рус тилида тугатдилар, талабалар орасидан фаоллари ўз фикрлари билан минбарга кўтарилишди. Неъматилла Мўминов ва Рихсибой Жўраев Ваколатхона томонидан талабаларга кўрсатилаётган эътибор, ёрдам учун миннатдорчилик билдириб, “Яхши ўқиб, етук мутахассис бўлиб, Ўзбекистон равнақига хизмат қиламиз, — деган фикрларни ўзбек тилида баён қилишди.

Шу кунларда Москвада Ўзбекистон санъати ва адабиёти декадаси бўлаётган эди. Ваколатхонанинг таклифига кўра декада иштирокчиларидан бир гуруҳи ўша йиғилишга таклиф қилинган эдилар. Булар орасида навоийшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Азиз Қаюмов ҳам бор эдилар. Талабалар Алишер Навоийнинг ҳикматли сўзлари билан бойитилган, ўзбек тилида сўзланган нутқни қувонч билан қабул қилишди”.

Асардаги яна бир воқеа бугунги авлод учун ҳам қизиқарли бўлса керак, деган фикрда ҳавола этмоқчимиз. Хотира-ҳикоя 1966 йил. Зилзила. Москвадан “Тошкент” номли талабалар отряди” деган сарлавҳа остида берилган:

“1966 йилнинг 26 апрель куни Тошкентда даҳшатли ер қимирлаш ҳодисаси рўй берди. Талабалар Кенгаши ер қимирлаш оқибатларини тугатиш жараёнида ҳамма ташкилотчилик қобилиятини ишга солиб, она Ватан учун қўлдан келганча ёрдам беришга отланди.

Москва энергетика институти талабалари Абдусапи Ғаниев, Қаҳрамон Аллаев, Шавкат Раҳимов, Москва алоқа технологиялар институтининг талабалари Мухсин Муҳитдинов, Ўктам Назаров ва бошқалар енг шимариб ўзбекистонлик талабалардан иборат отряд ташкил қилишга киришиб кетдилар. Икки-уч кун ичида Москвадаги ўзбекистонлик талабалардан 200 киши Тошкентдаги зилзила оқибатларини бартараф қилишда ўз ҳиссасини қўшиш ниятида отряд рўйхатига ёзилишди. Неъматилла Мўминов, Рихсибой Жўраев ва Абдусапи Ғаниев Ваколатхонага бориб талабалар ташаббусини баён қилишди, Ваколатхона раҳбарлари бу ташаббусни қўллаб-қувватлашди. Москвадаги турли олий ўқув юртларидан йиғилган ўзбек талабаларидан   ташкил топган, жами 135 нафарли отрядга Абдусапи Ғаниев отряд командири этиб тайинланди ва ушбу отрядга   “Тошкент” деб ном берилди. Бу отряд ВЛКСМнинг Бутуниттифоқ “Дружба” отряди таркибига киритилди.

Ёзги имтиҳонлар сессиясини навбатдан илга¬рироқ топшириб, отряд аъзолари Тошкентга йўл олди…”

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, яхши китоб инсон қалбини ёритади, руҳиятига озуқа беради, дил мулкини бойитади. Биз баҳоли қудрат таҳлил этган ушбу уч ажойиб китоб ҳам хонадонингиздаги жавон жавоҳирлари қаторида туришга арзийди. Энг муҳими, мутолаага ошуфталик, чин сўзга, гўзал асарларга ташналик ҳар биримизга ёр бўлсин.

Қудрат ДЎСТМУҲАММАД

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 − 4 =