Сайёҳ саргузашт сабоғи

Ўзбек адабиёти бой, серқирра. Унинг ривожига Республикамиз ёзувчи ва шоирларидан ташқари, қўшни мамлакатлардаги ўзбек адиблари ҳам баҳолиқудрат ҳисса қўшиб келишяпти.

Тожикистон ва Қирғизистонда, Қозоғистон ва Туркманистонда ҳам қалами ўткир, маҳаллий миқёсдагина эмас, балки умум­ўз­бек адабиётида ҳам ўз ўрнига эга ижодкорлар бир талай.

Ўшлик ижодкор — ўнга яқин бадиий ва илмий-маърифий китоблари билан танилган Бегижон Аҳмедов ана шулардан бири. Бегижон тасаввуф адабиёти вакиллари, хусусан, Ҳувайдо эшон ва унинг ижодкор авлодлари ҳақидаги бир неча рисола-ю ҳажвий ҳангомаларидан сўнг яқинда “Сайёҳ” деб номланган қиссасини Бишкекдаги “Улуу тоолор” нашриётида жуда бежирим, полиграфик жиҳатдан мукаммал қилиб нашр эттирди.

Муаллиф бу асари жанрини “воқеий қисса” деб белгилабди. Бунда унинг ҳажми ихчамроқлигидан келиб чиқилган, албатта. Бироқ бош қаҳрамон характерининг шаклланиш тадрижи кўрсатилган йирик насрий асар қисса эмас, роман бўлишидан келиб чиқилса, “Сайёҳ”ни бемалол роман деб айтсак ҳам бўлади.

Ёзувчининг аввалги асарларидан фарқли ўлароқ, буниси ўтмиш эмас, айнан бугунги кун веқеликлари ҳақида. Сюжети ҳам унча мураккаб эмас: оқ-қорани таниган, жамиятда ўз ўрни ва мавқеига эга Анвар Алиев деган йигит “ажойиб кунларнинг бирида” бу дунёнинг ғишаваларига қўл силкиб, олис ва кимсасиз тоғлар бағрига жўнаб кетади. Мақсади, қанчадир бир муддат шундай овлоқ жойда — цивилизациядан узоқда якка-ёлғиз яшаш, ўзи билан ўзи қолиш, шу дамгача ўтказган ҳаётини бирма-бир идрок этиб, ўз ботинига назар ташлаш ва… ўзини топиш.

Китобнинг буёғи — рамзий.

Анвар ўзи билан ўзи яшаган “Айиқдара” айнан қайси воҳада, бу жойларда у қанақа одамларга дуч келди, вахший даррандалардан қандай қилиб омон қолди, буларни суриштириш ўринсиз. Чунки бу “замонавий сўфий” уларнинг ҳаммасини зоҳиран аниқ, ботинан тиниқ кўриб-кечиради. Реал тасвирлар, масалан, бу масканларга айиқ отаман дея “шерюрак” бўлиб келганлар билан бўлган можаролар, ёинки “Ғуллар макони” деб аталмиш сирли гўшага қоронғу тунда адашиб бориб қолиши, ундаги чақмоқ ва момақалдироқлар саросимаси, энг ваҳималиси — ана шу лаҳзаларда ўзининг орқа томонидан унга тикилиб турган сирли кўзлардан даҳшатли хавотирга тушиши… Ана шу каби эзотерик тасвирлар вақти-вақти билан бўй кўрсатади.

Аслида, бошқалардан холи қолиб, ўзини излаш эскидан бор нарса, бунинг учун қадимда чилла ўтирилган. Солик овлоқ бир жойдаги хонадан чиқмай қирқ кун ўтириши, у жойга пиридан бошқа ҳеч ким кирмаслиги, солик пиридан бошқа ҳеч ким билан мулоқот қилмаслиги, пир кўрсатмаларини тўлиқ бажариб, муддат ўтгачгина яна “фоний дунё”га қайтиши шарт бўлган. Бироқ ҳозирги даврда одамлардан холи бир масканни топиб чилла ўтириш, пири муршидга байъат қилиш амри маҳол бўлганидан, Анвар ана шундай йўл тутиб, табиат қўйнига сингиб кетади.

Ҳар бир одам — бу тириклик дунёсининг бир сайёҳи. Шунинг учун ҳам асардаги турли одамлар муаллифнинг бадиий ниятига кўра, ўзларининг турфа қиёфатларида намоён бўлади. Кишиларнинг бу тириклик дунёсидаги саёҳати қандай натижа беради, қандай якун топади — бу унинг ўзига боғлиқ аввало. Анвар каби нафсини жиловлаб, оламда юз бераётган эврилишларга теран нигоҳ ташлаб, уларни идрок эта биладими ёки асардаги мунофиқ Ҳожи ака сингари сиртдан авлиёю ичдан шайтоннинг шериги даражасига тушадими, бу унинг имонига, маънавий дунёсига боғлиқ.

Бир пайт Абдулла Қаҳҳор асардаги қаҳрамонлар ақлли бўлиши учун ёзувчининг ўзи ақлли бўлиши керак, деган гапни айтган эди. Анвар Алиев сиймосида биз дин арконларини яхши билган ва тўғри талқин қилган, айни пайтда биз яшаб турган ХХI аср аввалидаги дунёнинг глобал муаммоларини бутунича, бор фазилату даҳшатлари билан ҳис қилган адибни кўрамиз.

Албатта, “Сайёҳ” — Бегижоннинг дастлабки йирик асари. Катта жанрнинг эркинликлари билан бир қаторда мушкулотлари ҳам бир талай. Шу сабабли бўлсамикин, айрим саҳифаларда китобхонга тақдим этилаётган илмий маълумотлар қиссанинг ўриш-арқоғига у қадар чирмалмай қолгандай туюлади.

Бироқ “Сайёҳ” фақат беллетристика мақсадида ёзилмаганини, сюжети ҳам ўқувчини мароқлантириш учун тўқилмаганини ёдга олсак, бу янги асарни адабиётимизнинг бир ютуғи, деб бемалол айтсак бўлади.

Зуҳриддин Исомиддинов.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − 13 =