Ўқитувчиларга нега қониқарсиз баҳо қўйилди?

Халқ таълими вазирлиги ўтказган синов ёки халқ зиёлиларининг зиёдан “маҳрум этилаётгани”га сабаб нима?

Халқ таълими вазирлиги 2019-2020 ўқув йилида ўқитувчиларнинг ўз фанидан билим даражасини синовдан ўтказганлиги тўғрисида ижтимоий тармоқларда хабар тарқалди. Унга кўра, Сирдарё ва Сурхондарёдаги умумтаълим мактабларида ўқитувчиларнинг нечоғли билимга эга эканлиги аниқланибди. Минг афсуски, 44 минг нафардан зиёд ўқитувчининг 73 фоизига ўз фанидан қониқарсиз баҳо қўйилибди. Аммо амалда ҳам шундаймикин…

— Тест синовларида Сариосиё тумани педагоглари ҳам иштирок этди, — деди туман халқ таълими бўлими мудири Адҳам Бобоев.— Тўғрисини айтсам, кўпгина синов саволлари умумтаълим мактаблари дастури доирасида тузилмаган экан. Балки, хориж таълим тизими бўйича тайёрлангандир. Аммо педагогларда ўзбек тилига ўгрилган хорижий қўлланмаларнинг ўзи йўқ. Биз ҳайъат аъзоларига айтдик, “бизга тақдим қилишгани шу, бошқасини билмаймиз”, қабилида гап қилишди.

Ана холос! Тўғри, бугун чет эл олий даргоҳларида ўқиб келган мутахассис кадрлар вазирликларга ишга олинаяпти. Балки, улар биздаги мактаб таълим тизимини ҳам хориж тизимига мослаштирмоқчидир, буни тушунса бўлар, аммо биздаги шароит бунга жавоб бермайди-да. Шундай экан, cирдарёлик ва сурхондарёлик  ўқитувчиларда нима айб? Аммо тан олайлик, улар ўқитган кадрлар бугун юртимизнинг турли нуфузли муассасаларида  хизмат қилаяпти-ку?!

— Мен 40 йилдан зиёд Сариосиё туманидаги 39-мактабда математикадан дарс бераман, — дейди фахрий математик ўқитувчи Хўжақул Қодиров, — рости, Тошкентдаги олий ўқув юртида ўқиган сариосиёлик ёшлар туманга қайтишмаяпти. Ёшим 69 да, мактабда мендан бошқа математикадан дарс берадиган ўқитувчи йўқ. Лекин, айтиб қўяй, шу кунгача, ҳали бундай тест саволларини кўрмаган эдим. Кўзи очиқ одам кўраверар экан-да…

Мен бу билан ўқитувчиларни ўз соҳасининг билимдони демоқчи эмасман, ҳозирги ўқитувчилар ўз фанига тегишли қўшимча китобларни, бадиий адабиётни ўқишмайди. Ўз устида ишлаб, билимини ошириш ўрнига, телефондаги телеграмм­дан узатилган маълумотларни титкилашади. Телеграмм темир, газета-китоб бош­қа-да, одам варақ ағдариб ўқиса, саҳифама-саҳифа тирик оламнинг ичида юргандай бўлади.

Масалан, мактабимиздан учта ўқитувчи келишиб, “Маърифат”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ҳуррият” газеталарига обуна бўлмоқчи бўлдик. Бизга “мажбурий обуна” йўқ деб рухсат беришмади. Аммо туман мутасаддилари обунага деб маошимиздан қайтариб қолаяпти-ку. Кутубхоначидан суриштирсам, биз айтган нашрлар ўрнига, мактабга бутунлай алоқаси йўқ газеталар келар экан.

Авваллари “Мактабда математика”, “Мактабда химия”, “Мактабда физика” деган методик журналлар бўларди. Обуна бўлай десам, ҳозир бундай журналлар чиқмаяпти дейишди, — дейди Х.Қодиров.

Мактаб фаолиятига оид нашрлар халқ таълими вазирлигига тегишли муассасаларга етиб бормаслиги бор гап. Чунки, “мажбурий обуна”ни ўйлаб топган раҳбарият муассасаларни қаттиқ назоратга олди. Натижада ўқитувчи “Халқ сўзи”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ҳуррият”, “Маърифат” ва партиялар нашрларига, айрим илмий методик журналларга обуна бўла олмаяпти. Тўғрироғи, улар ишдан ҳайдалишдан қўрқади. Ўқитувчи — зиёлий шахс. У кундалик матбуотдан хабардор бўлиши керак. Замон шиддат билан ривожланиб бораётган бир пайт­­да, ўқитувчи газета ўқимаса давр билан ҳамқадам бўлолмайди. Устоз-педагог маънавий онгини, билим савиясини ошириб бориши, юртимизда ва хорижда бўлаётган таълимга оид янгиликлардан хабардор бўлиши учун ҳам  газета варақлаши лозим. Бироқ, ҳатто Халқ таълими вазирлигининг марказий нашри бўлган “Маърифат” газетасига кўпгина ўрта умумтаълим муассасалари обуна бўлишмаганини ҳар қандай баҳона билан оқлаб бўлмайди!

Ваҳоланки, мамлакатимизда 10 000 дан зиёд ўрта умумтаълим мактаблари бор, “Маърифат” газетасининг адади эса 7 000 нари-берисида эканлиги ҳар қандай одамни ҳайратлантириши табиий. Бу дегани ҳар бир ўқитувчини қўйинг, ақалли битта таълим даргоҳига ҳатто бир нусха ўз нашри ҳам бормайди дегани. Оқибатда, ўқитувчилар дунёдан бехабар бўлиб, ҳар йили такрорланаётгани каби, йиллик режада белгиланган дарс жадвалидан чиқолмай, ўқувчига кунўтарга билим беришаётганига ажабланмаса ҳам бўлади. Қолаверса, дарсликлар етарлича чоп этилиб, мактабларга тўлиқ етказиб бериш муаммо бўлиб турган бир пайтда, методик қўлланмалар чиқариш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Президентимиз: “Жамиятда энг обрўли одам ўқитувчи бўлиши керак”, деган эдилар. Уларнинг ойлик маошини кескин ошириш тўғрисида ҳам сўнгги пайтларда амалий ишларга қўл урилди. Аммо…

Айтайлик, мактаб ўқитувчисининг қониқарсиз баҳо олишига ким айбдор? — деган савол туғилиши табиий. Ҳозирда мамлакатимиздаги мактабларда етишмаётган, қолаверса, ўқитувчиларнинг дарсга пухта тайёргарлик кўришида аниқ ва гуманитар фанлардан  қўшимча ўқув-қўлланмалари яратишни ташкил этиш, маълум бир харажат билан йил давомида айтилган манзилга етиб борадиган босма нашрларни “мажбурий обуна” баҳонасида мактабдан узоқлаштириб, ўқитувчиларнинг билим даражасини, дунёвий савиясини кемтиклаштириш Халқ таълими вазирлигининг режасига киритилмагандир…

Албатта, ўрта умумтаълим муассасаларида марказий газеталарнинг обуна­сини ташкил қилиш чорасини вазирлик мутасаддилари яна бир бор ўйлаб кўришса, ёмон бўлмасди.

Келгусида, вилоятлар тизимида текширув ўтказиб, дейлик, Сирдарё, Сурхондарёдаги ўқитувчиларнинг ўз фанидан билими даражаси ўта паст, айтайлик “2” баҳога тенг деб, яна оламга жар солиб юрмасин-да… Бундан кимга наф?

Юсуф Жўраев,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − fifteen =