“Оламда яхши коғаз Самарқанддин чиқар…” ёки икки асрдан сўнг қайта тикланган кашфиёт

Буюк санъаткор ҳаттот Султон Али Машҳадий шундай ёзиб қолдирган: “Ҳар қанча синасанг ҳам Хитой қоғозидан яхшиси йўқ. Аммо Самарқанд қоғози бебаҳодир. Агар сен ақлли одам бўлсанг, ундан воз кечма, ундаги ёзув равон ва гўзал бўлади. У оддий бўладими, “султоний” бўладими, яхшисини олишга ҳаракат қил”.

Ер юзининг сайқали – Самарқанд не-не улуғ зотлар, пиру комиллар, олиму фузалолари, дунёга машҳур Регистон ансамбли, табаррук обидалару оналар қалби тафтида қизарган нони билан машҳур десангиз, минг чандон ҳақсиз. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас! Негаки, бу ўлка ипак матолари, шойи рўмоллари, халқ ҳунармандчилиги билан азалдан элларга достон бўлган. Мафтункор гўшанинг яна бир қимматбаҳо ашёси – ҳарир қоғозини, яъни Самарқанд қоғозини эътироф этмасликнинг иложи йўқ.

Бугун Самарқанд яқинидаги Конигил қишлоғининг довруғини дунё билади. Табиати хушманзара, ҳавоси тоза ушбу маконда энг қадимий усулда тайёрланадиган ўта сифатли, “султон қоғози” таърифини олган — қоғоз ишлаб чиқарилмоқда. Ушбу жараённи ўз кўзи билан кўришни орзулаганлар учун эшиклари ҳамиша очиқ. “Конигил мерос” оилавий корхонасига ташриф буюрадиган сайёҳлар қадами қишин-ёзин узилмайди. Энг қизиғи, ҳар бир келган сайёҳ ёки меҳмон қоғоз ишлаб чиқариш жараёнини кузатиш билан бирга бевосита ўзи ҳам иштирок этади. Биз ҳам мақталган қоғозни хомашёсидан тайёр маҳсулотга айлантириш онларига гувоҳ бўлиш мақсадида оилавий корхонага ташриф буюрдик.

— Жаҳоннинг кўплаб давлатларида қадимдан қоғоз тайёрлаш технологияси бўлган. Мисрда папирусдан тайёрланган қоғозлар, шарқда хитой ва япон қоғозлари бунга мисол бўла олади. Самарқанд ипак қоғози эса ўзининг умрбоқийлиги, силлиқлиги, ҳар икки томонига ҳам ёзиш мумкин бўлганлиги, сувда ивимаслиги билан шуҳрат қозонган. Самар­қанд қоғозидан айни пайтда дунёнинг турли давлатларидаги ҳаттотлар ва мусаввирлар фойдаланишмоқда. Айниқса, нодир қадимий қўлёзмаларнинг айнан Самар­қанд қоғозида кўчирилаётгани бизни қувонтиради, — дейди “Конигил мерос” оилавий корхонаси раҳбари Зариф Мухторов.

— Самарқанд қоғози бошқа қоғозларга нисбатан узоқ сақланар экан…

— Балх тути дарахти толасидан тайёрланган ушбу қоғозни бемалол бир неча аср сақлаш мумкин. Силлиқлигидан араб ёзувини ёзиш қулай. Хабарингиз бор, ўрта асрларда Самар­қандда қоғозсозлик кенг равнақ топди. Тадбиркор аждодларимиз ўз маҳсулотларини нафақат қўшни давлатлар, балки Буюк ипак йўли орқали Европа бозорларига олиб чиқишди. Табиийки, ушбу жараён натижасида жаҳон олимлари, ёзувчи ҳамда шоирлар, котибу наққошлар юртимизда тайёрланган юқори сифатли қоғозлардан фойдалана бошлашди. Самар­қанд қоғозининг таърифи ҳақида буюк санъаткор ҳаттот Султон Али Машҳадий шундай ёзиб қолдирган: “Ҳар қанча синасанг ҳам Хитой қоғозидан яхшиси йўқ. Аммо Самарқанд қоғози бебаҳодир. Агар сен ақлли одам бўлсанг, ундан воз кечма, ундаги ёзув равон ва гўзал бўлади. У оддий бўладими, “султоний” бўладими, яхшисини олишга ҳаракат қил”. Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса “Бобурнома” асарида “Оламда яхши коғаз Самарқанд­дин чиқар, Жувози қоғозлар суйи тамом Конигилдин келадур. Конигил Сиёҳоб ёқасидадурким, бу қора сувни Обираҳмат ҳам дерлар”, дея юксак эътироф этади. Бу ўша замонларда ҳам Самарқанддан чиқадиган қоғознинг қадри баланд эканлигига ишорадир.

— Бир неча асрдан бери ишлаб чиқарилиши тўхтаб қолган Самар­қанд қоғозини тиклаш фикри сизда қачон пайдо бўлди, буни амалга ошириш жараёни ҳақида гапирсангиз?..

— 1994 йилда ЮНЕСКО ташаббуси билан Бухорода ўтган халқаро конференцияда илк бор Самарқанд қоғози ҳақида гап борди. Мутахассислар Самарқандда қоғоз ишлаб чиқарилмаётганига қарийб икки аср бўлганини таъкидлашди. Икки асрдан бери наҳотки ҳеч ким шу ҳунарни бошидан тутмади, деб узоқ ўйладим. Қадимий китобларни титиб маълумот қидирдим. Самарқанд қоғозини ишлаб чиқариш технологиясини тиклаш бўйича уйимда бир неча бор тажриба ўтказдим. Излаган имкон топар деганларидек, ниҳоят бу ишни эпладим.

— Дарахтдан қоғоз хомашёси олиш жараёнигача бўлган кетма-кетликни ошкор эта оласизми?

— Албатта. Бир йиллик тут новдалари кесилади, улар сувда 4 кун ивитилади. Кейин пўстлоғи новдалардан ажратилади. Ажратилган пўстлоқнинг қобиғи пичоқда шилинади. Ички қисми 4 соат давомида қайнатилади. Пўстлоқ юмшоқлашади. Сўнгра у сувда ювилиб, тегирмонда 8-10 соат мобайнида янчилади. Янчилган масса сувга солинади ва қўзғалганда титилиб кетади. Элаксимон формада у тутиб олинади. Тут пўстлоғидаги толалар бири бирининг устига ётиб, тўқима ҳосил қилади. Уни сўнгги сув томчиларидан сириқтириш учун пресс остига қўйилади. Ҳали нам қоғоз тахта сирт ёки дераза ойнасига ёпиштириб, қуритилади. Сўнгра 2-3 соат давомида агат тоши, денгиз чиғаноғи, қорамол шохи каби воситалар ёрдамида қоғознинг ҳар икки тарафи ҳафсала билан силлиқланади. Мана шу жараёнлар пухталик билан бажарилса, қимматбаҳо ипакдек майин ва чидамли қоғоз пайдо бўлади.

— Бу ишни бошлашингизда сизга кимлар яқиндан кўмак берди?

— 1995 йилдан 2002 йилга қадар ўтказилган синов-тажрибалардан сўнг менга Конигил қишлоғининг Сиёб анҳори оқиб ўтадиган энг сўлим гўшасидан давлатимиз ер ажратди. ЮНЕСКО ва Япониянинг «JEIKA» халқаро агент­лиги кўмагида «Конигил мерос» қоғоз ишлаб чиқариш ҳунармандчилик марказига асос солдим. Ҳозирги кунга қадар мазкур марказда Ўрта Осиё ҳудудларида кенг тарқалган, меваси истеъмолга яроқли бўлган, аҳоли орасида «балх тути» деб аталадиган тут нави пўстлоғидан турли хилдаги Самар­қанд қоғозларини ишлаб чиқаряпмиз.

— Ўрта асрларда қоғознинг Самарқандда ишлаб чиқарилиши маданиятнинг ривожланишига ҳам туртки бўлганини тарихчилар ўз асарларида маълум қилган. Унинг қиймати замонавий асрда қандай аҳволда?

— Қоғознинг Буюк ипак йўли ор­қали Европа бозорига етказиб берилиши жаҳон миқёсида илм-фаннинг, техника ва технология тараққиётининг тез суръатлар билан ривожланишига замин яратди. Самарқанд қоғози кашфиёти натижасида дунё нашриётчилиги шаклланди ҳамда равнақ топти. Илгари бир китобни тайёрлаш учун юзлаб ҳайвон терисидан не-не машаққатлар билан саҳифалар тайёрланган бўлса, кейинчалик Самарқанд қоғози асосида соҳанинг осон ва қулай технологияси кашф этилди. Бизнинг қоғоз бугунги кунда ҳам жаҳоннинг энг сифатли қоғозлари сирасига киради. Ушбу маҳсулотнинг турли хил навлари VIII асрдан ХIХ асрга қадар нафақат Ўрта Осиё ва Яқин Шарқда, балки Европанинг кўпгина давлатларида машхур бўлган. Шарқ оламида Самарқанд қоғозлари Миср қоғози каби кенг омма томонидан фойдаланила бошланди. Бунга айниқса, IХ-Х асрларга келиб, кўпгина форс ва араб тилидаги асарлар ва қадимий қўлёзмалар айнан Самарқанд қоғозига ёзилиши яққол мисол бўла олади.

Яна бир бор таъкидлашим мумкинки, бугунги кунда ҳам бу қоғознинг қиймати пасаймаган. Ҳар куни турли давлатлардан келган сайёҳлар қоғоздан харид қилишади. Қолаверса, Япония ва Кореядан мунтазам олиб кетадиган харидорлар ҳам бор. Самар­қанд қоғози ноёб маҳсулот сифатида ҳозирги кунда нафақат ўзбекистонлик миниатюрачи рассом ва калли­графлар учун қўл келмоқда, балки ундан мамлакатимиздаги ва ҳатто Япониядаги қадимий ёзма битиклар ва нодир асарларни қайта таъмирлашда кенг фойдаланилмоқда.

Феруза Раҳимова,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × two =