Аҳоли учун замонавий қулайликлар
Мамлакатимизда пластик карталар орқали нақд пулсиз тўловларни амалга ошириш аҳоли учун қулай бўлиб қолди. “Асака” банк ҳам ўз мижозларига енгиллик яратиш мақсадида пластик карталардан фойдаланишда тез ва осон усулларни жорий этмоқда.
Яқинда банк муассасасида “Пластик карталарга хизмат кўрсатиш, уларнинг турлари ва афзалликлари” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Бугунга келиб, банк муомалага чиқарган пластик карталар сони 2.0 млн. донани ташкил этади, ўрнатилган терминаллар сони эса 12 мингтадан ошди. Тўловлар тизимини ривожлантиришда жами 2,5 минг дона “Хумо” терминаллари ўрнатилиб, 51 минг дона “Хумо” тўлов карталари муомалага чиқарилди. 2019 йилнинг сентябридан бошлаб ушбу карталарга овердрафт кредитларини ажратиш жорий қилинди.
— Банкимизнинг барча филиалларида туну-кун ишлайдиган 20 та — 24/7 шохобчалар ва турли меҳмонхоналарда 189 та банкомат ҳамда инфокиоскалар мижозларга хизмат кўрсатиб келмоқда, — деди банк бошқаруви раиси ўринбосари Бобохон Абдуллаев. — Жорий йилнинг 31 декабрига қадар 24/7 шохобчаларининг сонини 40 тага, банкомат ва инфокиоскаларни эса 266 тага етказиш режалаштирилган. Мижозларга қулайлик яратиш ва масофавий хизматлар кўламини кенгайтириш мақсадида банкимиз томонидан “Аsaka mobile” мобил иловаси жорий қилинган. Ушбу илова орқали картадан картага пул ўтказиш, онлайн омонат очиш, онлайн конверсия амалиётини ўтказиш, кредитларни сўндириш, коммунал, бюджет, солиқ, интернет ва бошқа хизматлар бўйича тўловларни ўтказиш имконияти мавжуд.
Республикамизда туризмни ривожлантириш ва туристларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида “Асака” банк тижорат банклар ўртасида биринчилардан бўлиб “Мaster Card”, “Union Pay” ва “UzCard” тўлов тизимларига банкомат ёки терминалда хизмат кўрсатиш амалиётини жорий қилди. Банкоматлар “HUMO” ҳамда “VISA” карталарига хизмат кўрсатади.
Наргиза Бобомуродова,
“Hurriyat” мухбири.