Жиноятга жазо муқаррар

Жорий йил 5 октябрь куни Сурхондарё вилояти Музработ туманидаги 23-умумтаълим мактабида жиноят содир бўлди. Фуқаро Б.Ю. (1982 й.т., ишсиз) шу ерда ишлайдиган турмуш ўртоғи билан ўзаро жанжаллашиб қолади. Оқибатда ошхона пичоғи билан унга жароҳат етказган. Уларни ажратмоқчи бўлган мактаб директорини ҳам танасининг турли қисм­ларига уч маротаба пичоқ уриб, ҳар иккаласининг жонига суиқасд қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан шу куни туман прокуратураси Б.Ю.га нисбатан ЖКнинг 25,97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатган ва у процессуал тартибда ушланган. Айни вақт­да тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

* * *

Андижондаги мактабда эса педагоглар калтакланган. Ушбу ҳодиса ҳам айнан 5 октябрь куни содир бўлган. Фуқаро У.Т. ва бошқалар жамоат жойи, таълим-тарбия маскани – 50-умумтаълим мактаби ҳудудига келиб, жамиятда юриш-туриш қоидасини менсимасдан турли беўхшов ҳаракатлар қилишган. Улар мазкур мактаб директори ўринбосарлари лавозимида ишловчи Ш.Ўрмонов ҳамда Г.Ашуровлар билан ҳеч бир асоссиз ўзаро жанжаллашишган. Жанжал вақтида улар педагогларга тан жароҳати етказишган.

Бунга мактаб директори ўринбосарлари Т.У.нинг турмуш ўртоғи, мазкур мактабда ўқитувчи вазифасида ишловчи Ю.Д.ни кийиниш маданиятига риоя қилмагани боис танбеҳ берганлари сабаб бўлганлиги айтилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳар ИИБ томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

* * *

Фуқаро С.Т. (1956 й.т. ишсиз) Афғонистон фуқароси (1989 й.т. МЧЖ раҳбари) Н.Г.га Юнусобод туманида жойлашган «Олой деҳқон бозори» АЖ ёнида қурилиш учун ер майдони ва Тошкент шаҳридан 2 хонали уй олиб беришни ваъда қилиб, ундан 10.000 АҚШ долларини олиб, ўзлаштирган.

Мазкур ҳолат юзасидан шу йил 7 октябрда Бош прокуратура Департаментининг Шайхонтоҳур тумани бўлими фуқаро С.Т.га нисбатан ЖКнинг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

* * *

Маълумки, айни пайтда пахта йиғим-терим мавсуми давом этмоқда. Жараёнда пахта қабул қилиш масканларида ҳам турли даражадаги жиноят ишлари кузатилмоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Шуманай туман бўлими ўтказган текширувда, “Шуманай пахта қабул қилиш маскани” мансабдор шахс­ларининг жиноий қилмиши аниқланди. “Ж” фермер хўжалиги томонидан жорий йилнинг 13-15 сентябрь кунлари 2.580 кг. пахта хомашёси топширилган, лекин юк хатлари ва “ECAS” электрон дастурига сохта маълумотлар киритилиб, умумий қиймати 20,8 млн. сўм бўлган 5.940 кг. хом­ашёни қўшиб ёзиш ҳолати кузатилди. Яъни, жамият пул маблағларини талон-торож қилиш мақсадида ҳужжатлар сохталаштирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан “Шуманай пахта қабул қилиш маскани” мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бош прокуратура

матбуот хизмати.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × four =