Умр нега берилади?

Аммо ўша сиз билган, сиз таниган, ҳамкасб бўлган дўсту даврадош юрган, кун бўйи битта хонада ишлайдиган, битта товоқдан ош ейдиган қадрдонингизни бир олам ўй-ташвишлари, бир олам орзу-мақсадлари, сиру асрорлари бор. Айтмайди, ёрилмайди, дийдиё қилмайди — ичига ютади.

Янги йил келяпти. Ўз номи билан Янги йил. Ҳаш-паш дегунча умримизнинг бир йили ўтиб кетди. Албатта дуода айтилганидек, шу лаҳзаларда Сизга узоқ умр тилагим келди, умр ҳақида сўзлагим келди. Бир кун яшасанг ҳам умр, юз йил яшасанг ҳам умр, дейишади. Инсон умри тез ўтиб кетар экан. Ниҳоятда тез. Биз билиб-билмай, эътибор қилиб-қилмай қолар эканмиз бунга. Бугун борсан, эртани Аллоҳ билади. Борлигимизга, яшаётганимизга шукр.

Азиз замондош, юртдош, энг муҳими, биз — тирикмиз, биз — яшаяпмиз! Ҳа, дарёлар уйғоқ — «оби ҳаёт» шарқираб оқмоқда. Бобо Қуёш ўша-ўша: заминни нурга чулғамоқда.  Ой-ю юлдузлар кўкда порлаб, оппоқ тонгларни уйғотмоқда. Соат миллари «сакраб» кунни, кун ҳафталарни, ҳафта ойларни, ой йилларни, йил эса асрларни, замонларни қувмоқда.

Демакки, умр ўтмоқда, умр!

Ана шу талатўп замонда, ҳаётда Инсон борки, умр сарҳисобини қиляпти, умр дафтарига ниманидир, нималарнидир ёзяпти. Яхшининг ҳам, ёмоннинг ҳам умри ўтяпти. Ҳа, буни умр дейдилар, ҳаёт дейдилар!

Ўзингизга бир савол бериб кўринг-да: «Бу ҳаётда энг тинч, хотиржам яшаётган одам ким?».

Бир сўз билан айтганда, барча, ҳамма дейишингиз мумкин. Бир қарашда балким шундайдир.

Аммо ўша сиз билган, сиз таниган, ҳамкасб бўлган дўсту даврадош юрган, кун бўйи битта хонада ишлайдиган, битта товоқдан ош ейдиган қадрдонингизни бир олам ўй-ташвишлари, бир олам орзу-мақсадлари, сиру асрорлари бор. Айтмайди, ёрилмайди, дийдиё қилмайди — ичига ютади.

Бундай одамлар:

— умрини САБРга беради;

— умрини ҚАНОАТга бағишлайди;

— умрини УМИДга бергиси келади;

— умрига ДУО билан умр қўшади;

— умрини ЗИКР билан бо­йитади.

Бировга қарз бермаган, бировдан қарз олмаган одам бу — энг тинч, хотиржам яшаётган одамдир.

Бировга ёлғон гапирмаган, бировни фисқу фасод, ҳеч кимга ҳасад қилмаган одам бу — умрига умр қўшаётган одамдир, балким.

Балки бировнинг дилини оғритмаган, бировнинг ҳақ­қини емаган одам ҳаётдан нолимайдиган одамдир.

Бировни ғийбат қилмаган, бировга хушомад қилмаган, бировдан манфаат кутмаган одам бу — нафси тўқ одамдир.

Замона зайлидан, ҳаётидан нолиб, аламзада яшаётган одамлар қанчалар бахил, зиқна, тор, хасис, мижғов одамдир. Кўнгли хиралик, ҳижиллик, қоралик, зардобу мағзавалик улар хоббиси. Гўёки осмоннинг устуни, ошпичоқнинг қини, кўрпачанинг енги, ҳовузнинг қопқоғи менда, менда бор, деб хушомад қилади ундайлар.

Эсимга тушиб қолди, Саудия Арабистонига борганимизда Мадина билан Макка шаҳри ораси 300-350 км. экан. Саҳро, дашту биёбон. Шундай катта масофанинг қоқ ўртасида йўл четига ўрнатилган паннода арабча ёзилган шиор ҳар қандай йўловчи диққатини ўзига тортади: «САБР, ЗИКР, ДУО».

Зеро, мавриди келганда ҳазрат Алишер Навоийнинг чўғ сатрлари беихтиёр дилимизга жо бўлади:

«Сабр — аччиқ, аммо фойда берувчи…

Сабр — шодликлар калитидир, бандларни ечувчидир.

Сабр — ўртоқдир, суҳбати зериктирарли, аммо мақсадга олиб борувчи.

Сабр — улфатдир, узоқни кўзлаган, аммо охирида истакка етказувчи.

Сабр — уловдир, секин юрадиган, аммо манзилга элтгувчидир.

Сабр — туядир, оғир қадам, лекин бекатга олиб борувчидир».

Айтишларича, пайғамбарлардан бири жуда узоқ умр кўрибди — 950 йил.

Ҳолбуки, ул зотнинг атиги бир кулбаси бўлган экан, холос. Ўзи зўрға сиғадиган. Энг ачинарлиси, бу улуғ зот шундай деган эканлар: «Агар мен шунчалик қисқа умр кўришимни билганимда мана шу кулбамни қурмаган бўлар эдим, ҳожати йўқ экан».

Биз нега данғиллама уйлар қуришда пойга, мусобақа ўйнаяпмиз? Кимўзарга ўзимизни кўрсатишга, манманликка муккасидан кетган айрим кишилар ўзини ўтга-чўққа уриб, умрини қирқиб қўймаяптимикин? Ўзингиз ўйлаб кўринг, қўни-қўшни баҳс бойлашиб, 3-4 йил олдин қурилган бир яхши уйи­нинг томини бузиб, томини 1-1,5-2 метрга баландлатишдан нима наф бор?! Ёки сендан мен баландман, устунман деганими бу?!

Ўзи инсоф берсин, ўзи зикр берсин!..

Собир Дадахўжаев

Фарғона тумани.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × three =