Қалбга нур улашувчи куч

Илмий китоблар инсоннинг маънавиятини оширишга хизмат қилади. Биз ҳам ўз жамоамиз билан жуда катта куч билан илмий меросларни тўплаган ҳолатда бир нечта китобларни нашрдан чиқардик. “Самарқандлик алломалар” китобининг ўзида 140 га яқин исломшунос олимларнинг, алломаларнинг таржимаи ҳоли ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари томонидан тайёрланиб, “Жаҳолатга қарши маърифат” рукни остида чоп этилган китоблар тақдимоти ўтказилди.

Тадбирда тарихчилар, шарқшунос олимлар, исломшунос, соҳа мутахассислари, диний идора ва ташкилотлар вакиллари, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти тадқиқотчилари ва китобхонлар иштирок этди.

— Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳамда юртимиздан етишиб чиққан бошқа улуғ алломалар мероси, уларнинг жаҳон цивилиза­цияси, илм-фан тараққиёти ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини чуқур тад­қиқ этишда муҳим ўрин тутаётганини алоҳида таъкидламасак бўл­мас, — дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг директори Убайдулла Уватов. — Китоб инсон қалбига нур олиб киради. Айниқса, илмий китоблар инсоннинг маънавиятини оширишга хизмат қилади. Биз ҳам ўз жамоамиз билан жуда катта куч билан илмий меросларни тўплаган ҳолатда бир неч­та китоб­ларни нашр­дан чиқардик. “Самар­қандлик алломалар” китобининг ўзида 140 га яқин исломшунос олимларнинг, алломаларнинг таржимаи ҳоли ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари томонидан 50 га яқин диний-маърифий, тарихий, маънавий-маърифий мавзудаги китоб ва рисолалар, “Жаҳолатга қарши — маърифат” рукни остида 30 та китоб нашрга тайёрланган. Шулардан 5 таси – “Самарқандлик алломалар”, “Алауддин ал-Усмандий ас-Самарқандий”, “Имом Бухорий — муҳаддислар султони”, “Иброҳим Саффор Бухорий” китоблари ва “Имом Бухорий мажмуаси” китоб альбоми шулар жумласидандир.

— Китоблар маънавий хазинадир, — дейди Имом Бухорий халқ­аро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Шукурилло Умаров. — Сир эмаски, бизнинг диёримиздан жуда кўп алломалар етишиб чиққан. Уларнинг илмий меросини ўрганиш ва ҳаётга татбиқ қилиш бизнинг олдимизга қўйган энг биринчи вазифамиздир. Ёшларга ислом динининг асл мазмун-моҳиятини ўргатиш, маърифатпарварликни ошириш бўйича кўп ишлар қилинмоқда. Қолаверса, алломалардан қолган қўлёзмаларни йиғиш ва уларни таржима қилиш бўйича ҳам жиддий шуғулланяпмиз. Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев илмий-тад­қиқот марказига ташриф буюрган чоғларида қўл­ёзмалар билан танишиб, бу ишни давом эттиришимизни вазифа қилиб белгилаб бергандилар. Бугунги кунда йиққан қўлёзма материаллар 5 мингдан ошди.

Имом Бухорий асарлари асосида турли ёшдаги китобхонларга мўл­жалланган “Оила — мустаҳкам қўрғон”, “Ота-она — ҳикмат, фарзанд — чироқ”, “Имом Бухорий меросида фарзанд тарбияси” каби оммабоп рисолалар ҳам тайёрланди.

Феруза Раҳимова,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 4 =