Тиббиётдаги “ўйин”лар

“Кўза кунда эмас, кунида синади”, деганлари рост. Самарқанд вилояти Перинатал маркази шифокорининг нав­батдаги ҳийласи иш бермади. Фуқаро Ш.ни жарроҳлик йўли билан туғдириш эвазига 500 минг сўм талаб қилиб олди. Аммо қилмишининг оқибатини ўйламаган шифокор ашёвий далиллар билан ушланди.

Юртбошимиз томонидан тиббиёт соҳасини ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани замирида шак-шубҳасиз фуқароларнинг сиҳат-саломатлигини сақлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини юксалтиришга қаратилган инсоний эзгу тамойиллар мужассам.

Амалда эса айрим мансабдор тиббиёт ходимларининг ноҳалоллиги сабабли тиббиёт соҳасига эътибор қанчалик кучайгани сайин, шунчалик коррупция урчиётгани кузатилмоқда.

Бу ҳақда аҳоли манфаатига мутлақо зид бўлган салбий факт ва рақамлар Бош прокуратурада ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси йиғилишида ҳам айтиб ўтилди.

Поликлиника, шифохона ва соғломлаштириш муассасаларидаги майда таъмагирлик унчалик кўзга ташланмаса-да, аҳолининг шифокор қабулидан норози бўлиб чиқаётгани, бунга сабаб амалдаги тўловдан ташқари, қўшимча “ҳақ” борлиги, қўйилган ташхис аниқ эмаслиги ва буюрилган дори воситалари амалда ёрдам бермаётгани ҳақида оммавий ахборот воситалари ва интернет  тармоқларида тез-тез айтилаётгани бежиз эмас. Одамлар бесабаб норози бўлишмайди аслида…

Буни қарангки, нафс балосига учраган “Ўзмедимпекс”нинг мансабдор шахслари сўнгги икки йилда хориждан “ампициллин”, “цефазолин”, “цефтриаксон” сингари дори воситаларини бир неча баробар қиммат нархда сотиб олиб, мамлакатимиз ичкарисига олиб кириши ва унинг савдосини мажбурий ташкил этиши натижасида 9,3 миллион доллар ва 4 миллиард сўм бюджет маблағини ўмаришган.

2019 йилда “Ўзмедимпекс” корхонаси томонидан, умуман мамлакатимизда бунга талаб ва эҳтиёж бўлмаса-да, бунинг устига, яроқлилик муддати бир йилда тугайдиган 40 миллиард сўмлик 719 минг дона дори воситаси олиб келинган. Ўйлаб қоласан, наҳотки буларнинг ўзи ёки оиласи, қариндошлари касал бўлмаса? Кутилмаганда ўзлари келтирган дори воситасини бирор шифокор оиласи аъзосига буюрса ва у истеъмол қилса, ҳоли нима кечаркин? Ахир, бу ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин-ку! Ёки бу “фаришта”лар ўзларига махсус тиббий хизмат жорий этишганмикин? Шундай бўлган тақдирда ҳам, булар қайси давлатнинг манфаатлари учун хизмат қилишган?

Нафс балоси — имон ўғриси

Мамлакатимизда айрим турдаги оғир касалликлар учун зарур бўлган дори-дармонларни етказиб бериш бугунги кунда муаммо бўлиб турган бир пайтда, шахсий манфаатини аҳоли эҳтиёжидан устун қўйган, виждонини пулга сотган айрим мансабдорлар бюджет маблағларини беҳуда сарф­лаётганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Текширувларга қараганда, шу йилнинг 8 ойи мобайнида республика бўйича олинган 464 миллион сўмлик 538 турдаги дори воситаларига умуман аҳолида эҳтиёж бўлмаган, яроқлилик муддати ўтгач эса шунчаки киши билмас қабилида йўқ қилинган холос. Бюджет маблағлари аҳолидан олинадиган солиқ тушумидан тўлдириб борилади. Шундай экан, эссиз одамларнинг пешона тери билан топилган, бир коррупционернинг жиғилдонига сарфланган пуллар, дегинг келади.

Маълум бўлишича, баъзи шифокорлар беморларга “фервекс”, “элевит”, “витрум”, “азимак”, “актовегин”, “флунол” каби дориларни буюриш учун тадбиркорлардан доимий равишда ҳақ олишган, оддийгина инсонийлик туйғуларини бу қадар унутиш учун одам қандай даражада бўлиши керак?..

Яхшиямки, прокуратура органи ходимлари томонидан тиббиёт соҳасида текширувлар ўтказилиб, камчиликлар, бироз кеч бўлса-да, аниқланмоқда, йўқ-са, соғлом одамни касал қиладиган, касални тўшакка “михлаб” қўядиган эҳтиёждан ташқаридаги дори воситаларини келаси йил учун ҳам яна миллиардлаб маблағ эвазига хориждан келтирилармиди…

Таҳририятга шикоят билан келган бир юртдошимизнинг айтишича, нафақадаги бир онахоннинг қўшниси оилавий поликлиникада шифокор бўлиб ишларкан, кўргиликни қарангки, кутилмаганда онахоннинг юзига тошма тошибди. Шошиб қолган нафақадаги фуқаро қўшнисига кўрсатгани поликлиникага борса, аввал 69 000 (олтмиш тўққиз минг) сўм тўлов киритишини, сўнг тиббий резина қўлқоп ва шунга ўхшаш тиббиёт жиҳозларига ҳам тўлов қилишини, ундан кейин ташхис қўйишини айтибди. Буниси етмаганидек, аниқ ташхис қўйиш учун топшириши лозим бўлган яна 5 та қоғоз ёзиб берибди.

Онахон арзимаган пенсия оларкан, уйга кета туриб, йўл-йўлакай, дорихонага кирибди. Сотувчи тошмани кўриб: “Эй, бу арзимаган яра-чақа-ку, мен сизга 29 минг сўмлик суртма дори бераман, бир ишлатинг, мана кўрасиз, албатта, тузалиб кетасиз”, дебди. Қўшни шифокорнинг омади чопмабдими, ё ўйлагани амалга ошмабдими, буни қарангки, ўша суртма дори онахоннинг тошмасига шифо бўлган экан. “Эҳ аттанг, яна бу яқин қўшним эди-я…”, дебди онахон нолиб. Нима ҳам дердик, одамлар орасидан оқибат кўтарилаётгани бор гап. Аммо, бу кетишда имон, инсоф деган тушунчаларнинг қадри нима бўларкин?

14 Ҳафталик ҳомила аборт қилинган

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мансабдор шахслари ҳам 1,8 миллиард сўмлик дори воситаларини қиммат нархда харид қилиб, бюджет маблағларини талон-торож қилишган. Очиқлик-эркинлик дегани бу — назорат қилинмайди дегани эмас-ку! Эркинликни суиистеъмол қилиш ҳам эви билан-да!

— Талон-торожлик ва суиис­теъмолчилик ҳолатларининг асл сабабларидан бири — дори воситаларига эҳтиёжни шакллантириш бўйича бирон иш қилинмаган. Бунинг сабаби, вазирлик мутасаддилари бундан умуман манфаатдор эмаслигида, — дейди Республика Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев яқинда Бош прокуратурада ўтказилган йиғилишда. — Оқибатда, кўра-била туриб дори-дармонларга талабни ҳақиқий эҳтиёждан келиб чиқиб белгилаш ўрнига, айрим дори воситаларини асоссиз равишда, эҳтиёждан бир неча баробар ортиқ харид қилиб, тиббиёт муассасаларига қабул қилдириш орқали бюджет маблағларини совуришга шароит яратилган.

“Кўза кунда эмас, кунида синади”, деганлари рост. Самарқанд вилояти Перинатал маркази шифокорининг нав­батдаги ҳийласи иш бермади. Фуқаро Ш.ни жарроҳлик йўли билан туғдириш эвазига 500 минг сўм талаб қилиб олди. Аммо қилмишининг оқибатини ўйламаган шифокор ашёвий далиллар билан ушланди. У таъмагирлиги эвазига жазосини олар, ортида қоладиган болалари-чи, уларнинг айби нимада? “Отаси таъмагир”, деган гапни эшитиш қанчалик оғир бўлса, туппа-тузук оилада маълум вақт отасиз ўсиш ўксиган кўнгилни баттар ўкситади, албатта.

Кейинги пайтларда “кўча қизлари”ни тартибга олиш ишлари тезкорликда ташкил этилишига қарамай, баъзан кимлардандир орттирган боласини олдириб ташлаш ҳолатлари ҳали ҳам учраётгани ачинарли. Тошкент шаҳар 4-туғуруқхона шифокори 300 доллар пора эвазига фуқаро Х.нинг 14 ҳафталик ҳомиласини аборт қилиш йўли билан олиб ташлагани текширув натижасида аниқланган.

Инсонийликнинг ҳеч бир ақидасига тўғри келмайдиган бундай ҳолатлар тирик бандани хавотирга солиши табиий. Илоҳий никоҳ орти дунёга келадиган покиза гўдаклар асосан туғуруқхоналарда туғилади. Нафақат тиббий жиҳатдан, балки маънавий жиҳатдан пок сақланмоғи керак бўлган туғуруқхонадаги аҳвол жамиятнинг айрим аъзолари тубанлик ботқоғига ботиб қолганини кўрсатади.

Республика Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев туғуруқхоналардаги ҳолатлар афсусланарли эканлигини, ушбу йўналишда коррупция “палак” отиб кетганини танқид остига олди.

Бу иллат ҳомиладор аёлни рўйхатга олишдан бошлаб, фарзанд туғилиб, уни оёққа қўйгунгача кўрсатиладиган барча тиббий хизмат жараёнларини кенг қамраб олганига исбот сифатида соҳада фаолият олиб бораётган 69 нафар тиббиёт ходими тамагирлик ва бошқа суиистеъмолчиликларга йўл қўйгани учун жиноий жавобгарликка тортилганини аниқ далил сифатида келтиради.

Аввало, соғлом одам шифокорга мурожаат қилмайди. Яна бир гап, халқимизда сабр­лилик кучли, касаллик авж ола бошласагина дўхтирга боради. Бундай пайтда, шифога муҳтож бўлган беморга нисбатан шифокор инсонийлик юзасидан, ичган қасамини ёддан чиқармаган ҳолда, ҳалол йўл билан ўз вазифасига ёндашса, кам бўлмайди.

Тўғри, тиббиёт ходимларининг ойлик маошлари кам эди. Ҳозир босқичма-босқич ошириляпти. Лекин ҳозир имкониятни ишга солиб бир неча жойларда ишлаётган шифокорлар, ҳамширалар кам эмас. Зеро, бу ҳалол иш. Эндиликда бемордан манфаат кутмай ўз касбига садоқат билан ёндашишни бугунги янгиланиш, шаффофлик даври тақозо этмоқда.

Юсуф Жўраев.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × three =