Сўз эркинлиги қурбонлик талаб қилади…ми?

Ёки дунёнинг кўплаб давлатларида журналистлар тазйиққа учрамоқда

2019 йил ким учундир омадли келди, қайсидир касб эгалари ҳаёти, фаолиятида ўчмас из қолдирадиган йил бўлди. Журналист учун эса дунё ҳозиргидек таҳликалар ичра қалқиб турган бир пайтда осон бўлмаслиги турган гап. Ҳатто ривожланган демократик давлатларда ҳам сўз эркинлигининг тўла таъминланмагани ҳамкасбларимиз ҳаётини хавфга қўйиб келмоқда.

1981 йилдан буён АҚШда фаолият юритиб келаётган Журналистларни ҳимоялаш қўмитаси (CPJ) нотижорат ташкилоти ҳар йили ўз ҳисоботларини эълон қилади. Жорий йилги натижаларга кўра, дунё бўйлаб 250 журналист ўз касбий фаолияти сабабли озодликдан маҳрум этилган. Улардан энг кўпи – 48 нафари Хитойда қайд этилган.

11 декабрь куни Нью-Йоркда омма эъти­борига ҳавола этилган “CPJ” маълумотларига қараганда, 2019 йилда ўз касбини бажаргани учун қамоққа олинган ҳамкасб­ларимиз сони рекорд даражада юқоридир. Бу йил матбуотга нисбатан тазйиқни кучайтирган Хитой ўтган йили “етакчи” бўлган Туркияни ортда қолдирган. Бу мамлакатда эса жорий йилда 47 журналист панжара ортига жўнатилган.

Ташкилотнинг маълум қилишича, бу касб эгаларини озодликдан маҳрум этган давлатлар рўйхатида Хитой, Туркия, Саудия Арабистони ва Мисрдан кейинги ўринларни Эритрея, Вьетнам ва Эрон эгаллаб турибди.

Журналистларга қўйиладиган айбловлар орасида “сохта янгиликлар” тарқатиш айб­лови сони ҳам ўтган йилгидан ошган. (2018 йилда 28 та, жорий йилда 30 та). Бундан ташқари, бутун дунёда мухбирларга қўйилаётган кенг тар­қалган айблов  — уларнинг давлатга қарши фаолияти бўлиб қолмоқда.

Хитой ҳукумати юқоридаги маълумотларга изоҳ берар экан, бош қароргоҳи АҚШда жойлашган “CPJ”га ишонч йўқлигини билдирган. Хитой ташқи ишлар вазирлиги вакилининг таъкидлашича, Осмоности давлатида “қонун устуворлиги ҳукм суради ва ҳеч ким ундан устун турмайди”.

Энди БМТнинг жорий йил 1 ноябрдаги маълумотига эътибор қаратайлик: сўнгги беш йил давомида жаҳон миқ­ёсида 1109 нафар журналист ўлдирилган. Бу аввалги беш йилликдан 18 фоиз юқорилиги айтилмоқда. Афсусланарли томони шундаки, марҳум журналистларнинг ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлганларнинг 90 фоизи жазоланмасдан қолган. Ушбу касб эгалари учун энг хавфли ҳудуд эса Араб давлатлари, дея таъкидланмоқда. Бу мамлакатлардаги ҳамкасбларимизнинг учдан бир қисми ўз касбий фаолияти учун ҳаёти билан товон тўлаган. Иккинчи ўринда Лотин Америкаси ва Кариб давлатлари, ундан кейин Осиё ва Тинч океани ҳудудидаги мамлакатлар хавфли ҳудуд экани қайд этилмоқда.

Мазкур давлатларда ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ва коррупция билан боғлиқ жараёнлар юзасидан ўтказилган журналист суриштируви оқи­батида ҳаётига қаст қилинганларнинг 93 фоизи маҳаллий мухбирлардир.

Журналистлар ҳаётининг бу тарзда хавфда қолиб келаётгани халқаро ташкилотлар эътиборида турибди, албатта. Айни вақтда уларни ҳимоя қилишни оммалаштириш учун ЮНЕСКО “Ҳақиқатнинг ўлишига йўл қўймаймиз” (“Не позволим правде умереть”) деб номланган глобал ахборот кампанияси орқали дунёни огоҳликка чақирмоқда. Бунинг учун ташкилот “Google Mars” билан ҳамкорликда махсус карта яратди. Йўлдош орқали бутун жаҳонни акс эттирадиган мазкур картада 1993 йилдан ке­йинги барча маълумотлар бор. У орқали журналистларнинг қайси мамлакатда ишлагани ва ўлдирилгани ҳақидаги маълумотларни олиш мумкин. Фойдаланувчилар ҳар бир жиноий иш ҳақида маълумотга эга бўлиши ва ушбу маълумотни ижтимоий тармоқлар орқали бошқаларга узатиши мумкин. Мазкур картани  “keeptruthalive.co” сайтидан топасиз. Сайтда шундай огоҳлик чақириғи бор: “Биз фуқаролар барчамиз журна­листлар бизга ахборот етказишда давом этиши учун уларни ҳимоя қилишимиз керак”.

ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуленинг қайд этишича, журналист ўлимида айбдор бўлганларнинг жазоланиши жуда кам учрайдиган воқеадир. Агар бу масалада суриштирув олиб борилса, ҳеч қандай натижа чиқмайди. Бу — адолатсизлик. Адолатсизлик эса яна янги жиноятга йўл очади. Буни, албатта, ўзгартириш керак. Бундай ноқонуний ишга нуқта қўйиш учун журналистларнинг ўлимига сабаб бўлаётганларни ҳам ва бу адолатсизликка йўл қўйиб бераётганларни ҳам жазолаш керак. Чунки бу касб эгаларининг ўлими билан ҳақиқатни излашга чек қўйилди, деган хулоса келиб чиқмаслиги лозим.

Дарвоқе, умумийдан хусусийга ўтсак, кўплаб мисоллар бор. Жорий йил 1 октябрь куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезир Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллигида бир йил аввал ўлдирилган журналист Жамол Қошиқчи хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

“Бугун — Жамол Қошиқчи ўлдирилишининг бир йиллигида, яқиндагина ва ЕХҲТ минтақасида ўлдирилган бошқа барча журналистларни ҳам ёдга олмоқдамиз. Дунё бўйлаб журналистларга қарши зўравонликнинг ёйилиши демократик қадриятларимизга таҳдиддир”, дейди у.

Қошиқчи АҚШнинг “Washington Post” нашрида шарҳловчи сифатида ишлаган ва 2017 йилдан АҚШда яшаган. 2018 йил 2 октябрь куни у Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консуллигига ҳужжатларни расмийлаштириш учун кирган ва бедарак йўқолган. Истанбул прокуратураси Қошиқчининг ўлдирилиши қасддан амалга оширилгани, унинг жасади у консулликда бўғиб ўлдирилгандан кейин йўқ қилинганини таъкидлаган. Туркия Саудия Арабистонидан жиноятчиларни экстрадиция қилишни ва журналист жасади қаерда эканини маълум қилишни талаб қилиб келмоқда.

Саудия Арабистони бош прокуратураси баёнотида эса ушбу жиноят иши бўйича 21 киши ҳибсга олингани айтилган. Судланганлар орасида Саудия тахти валиаҳди Муҳаммад ибн Салмоннинг маслаҳатчиси Сауд ал-Қаҳтоний йўқ. Ҳолбуки, айнан у ОАВ томонидан қотиллик ташкилотчиси сифатида кўрсатилган эди. Қотилликка алоқадорлардан яна бири деб қайд қилинган мамлакат разведкаси раҳбарининг собиқ ўринбосари Аҳмад ал-Асирий эса ўтган йили истеъфога чиқарилиб, ҳибсга олинганди. Аммо далиллар етарли бўлмагани сабабли у ҳам қўйиб юборилган.

Хуллас, бу иш бўйича ўтган йили жуда кўп муҳокамалар, тортишувлар бўлди. Аммо натижа ЮНЕСКО раҳбари айтганидек, қониқарсиз бўлиб қолаверди.

Сўз эркинлигининг махфий тимсоли деб ном олган австралиялик телерадио ва интернет журналисти, халқаро мукофотлар соҳиби Жулиан Ассанж эса сўнгги тўққиз йилдан буён турли тазйиқларга учраб келмоқда. У “WikiLaks” нотижорат ташкилотига асос солган ва у орқали махфий маълумотларни эълон қилган. Ассанжнинг мазкур сайтида 10 миллиондан ортиқ халқаро низолар, жосуслик ва коррупцияга доир маълумотлар таҳлил қилинган ва бу жамоатчиликнинг катта қизиқиши ҳамда муносабатларига сабаб бўл­ган. Биргина Американинг Ироққа бўлган ҳарбий ҳужумлари, сирларини очиб ташлаганининг ўзи катта жасорат. АҚШ уни хакерликда айблаб, қамашга ҳукм берган. БМТ эса Асанжнинг ҳаёти хаф остида эканини таъкидлаб, уни ҳимоя қилмоқда. Бундай тазйиқларга дучор бўлган ва фожиали ўлим топган журналистлар дунё тарихида кўплаб топилади. Уларнинг асосий “хато”си ўз касби, сўз эркинлиги учун курашувчанлигидир.

Узоққа бормайлик, журналистларга беписанд қараш, уларнинг “ўзбошимча”лигига тоқат қилолмаслик ва охир-оқибатда таҳдид қилиш ҳолатлари ўзимизда ҳам кам бўлсада учраб турибди. Бунга кўз юмиб бўлмайди. Эндиликда журналистларни мансабдор шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан ҳимоя қилиш кафолатлари кучайтирилиши кутилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори имзоланди. Мазкур қарорда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига шундай вазифалар қўйилган: 2020 йил 1 июлга қадар оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ва ахборотдан фойдаланиш эркинлигини таъминлаш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари (қарорлари)дан ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, журналистларнинг ўз касбий фаолиятига оид мажбуриятлари белгиланишини назарда тутувчи “Телерадиоэшиттиришлар тўғрисида”ги ва “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқади ва Вазирлар Маҳкамасига киритади. 2020 йил 1 март­га қадар барча давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, уларда жамоатчилик, хусусан, оммавий ахборот воситалари билан алоқаларни янги босқичга кўтариш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди. Қисқаси, ушбу қарор ижроси асосида бўладиган ўзгаришлардан умид катта…

Мухтасар сўзимизни Жозеф Пулитцер (дунё журналистлари учун энг юксак мукофот унинг номида)нинг қуйидаги фикрлари билан якунлашни лозим топдик. Зеро, бу фикр бугун ҳам ўз долзарблигини сақлаб турибди: “Жамиятнинг тинч ҳаётига қарши қаратилган ва худбинона мақсад билан таъқиб қилувчи мулкдорлар синфига бўлган хушомадгўйликдан журналистикани фақат чин масъулият ҳиссигина қутқара олади”.

Холида Файзиева.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight − two =