Огаҳийни эслаб…

Хоразмда атоқли шоир, таржимон, давлат ва жамоат арбоби Муҳаммадризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий таваллудининг 210 йиллиги ижод байрами сифатида кенг нишонланди. Урганч шаҳри ва шоир туғилиб ўсган қадимий Хива заминида хотира тадбирлари ўтказилди.

Аллома улуғ мутафаккир Алишер Навоий бобомиздан кейин турк заминининг энг таниқли ва сермаҳсул намояндаси мақомида эътироф этилган. Унинг давлат ва хонлик тузуми юмушлари остида кечган ҳаёти ва ижоди воҳа қаламкашлари яратган асар ҳамда рисолаларда тараннум этилган. Таниқли шоир ва драматург Қурбон Муҳаммадризо шоирнинг таваллуд санасига  бағишлаб яна бир саҳна асарини яратди. “Огаҳий” деб номланган мазкур мусиқали драма ана шу муборак сана арафасида вилоят театри ижодкорлари томонидан мухлисларга тақдим этилди.

Ижодий жамоа ушбу маросимга пухта ҳозирлик кўрди. Асар руҳи ва мазмун-моҳиятига мос саҳналар, кўпдан-кўп тасвирий безаклар, декорация намуналари, махсус либослар яратилди. Санъат даргоҳи раҳбари Динора Иброҳимова, бош режиссёр Азимбой Отажонов раҳбарлигида саҳналаштирувчи режиссёр Алишер Йўлдошев ҳамда бошқа ижодкорларнинг изланувчанлик иқтидори  боис  яна бир мукаммал драматик асар саҳна юзини  кўрди ва театр репертуаридан ўрин олди.

Буюк шоир ва қомусшунос аллома Огаҳий бобомизнинг саҳнадаги ҳаёти ва ижоди истеъдодли актёр Отабек Эгамов томонидан таъсирчан тарзда талқин қилинган. Асар  айни пайтда театрнинг янги йил ҳамда кейинги томошалари ва гастроль сафарлари  режасидан ҳам жой олди.

Абдулла Собиров,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 3 =