“Чўли Ироқ”ни тинглаган булбул

Куй — кўнгил навоси. Ҳар олаётган нафасимиз оҳанг ритмига мос тебранаётгандек туюлади менга. Илк бор эшитганимиз азон товушида, онамиз алласида вужудимизга синггийди оҳанг. Сўнг барглар шитирида, ариқдаги сувлар шивирида, ёмғирлар рақси-ю майсалар кулгусида оҳанг яшаётганини сезиб қоламиз. Албатта, кўнгил кечинмаларимиз, оғриқларимиз, паст­­­у баланд нуқталардаги туйғулар уйғунлашиб куйга кўчади, созда созланади ва умрбоқий санъат асарига айланади ва унинг мафтункор сеҳри ҳам осмон қадар юксак бўлади…

Ўзбек хонадонига кирсангиз деворида осиғлиқ турган рубоб ёки дуторни кўрасиз. Гўё ушбу созлардан, кўк тоқидаги қуёшдек нур таралади. Ҳар гал кўзингиз тушганда сирли наво оғушида, кўнглингиз равшан тортади. Баъзан хурсандчилик ёки ғамгин онларда ҳиргойи ҳам қила бошлайсиз. Демакки, асрлар оша яшаб келаётган миллатимиз санъати болалигимиздан қон-қонимизга сингиб боради, борлиғимизга айланади.

Мумтоз меросларимиздан “Чўли Ироқ” куйи, одатга айланган эрталабки саломдай, қадрдон ва маҳзун нола, уни тинглаганда, ўзни унутганча, хаёллар уммонига ғарқ бўлиб, хонада оҳангга мос саллона қадам ташлаймиз.

Ўзбекистон давлат консерваторияси “Анъанавий ижрочилик” кафедраси ўқитувчиси, Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуджон Тожибоев Заҳириддин Муҳаммад Бобур давридаги тарихчилар ўз ёзма манбаларида ёзиб қолдирган “Чўли Ироқ” куйига оид маълумотлар хусусида: “Бир кун шоҳ саройи базмида Соҳиб исмли созанда танбурда куй чала бошлайди. Буни қарангки, куй авжига чиққанда танбурнинг дастасига булбул келиб қўнади. Қанотларини енгил силкитиб, куйни тинглайди. Бу ҳолдан базмда қатнашаётганлар, яъни сарой аҳли ҳушини йўқотади. Хизматкорлар уларнинг юзига гулоб сепиб, ўзига келтиришади. Ўша пайтлар яшаган ровийлар бу сеҳрли куйни “Чўли Ироқ”нинг биринчи ижроси дея таърифлашган”, деганди.

Бебаҳо меросимизнинг ана шундай тарихий манзаралари борки, мақоми ҳолатни биз ўзимизда ҳис қила олсак, наинки мумтоз оҳанг, балки илоҳий эканига шубҳа қолмайди кишида. Ана ўшанда миллий-мумтоз куйларга  меҳримиз ўн карра, юз карра ошса, не ажаб. Шундай оҳанг­ларимиз бор экан санъатимизнинг умри боқий, қалбларимиз ҳиссиётлар қуршовида, ҳаёт билан ҳамнафас ҳаракатда, энг асосийси, борлиқни англаш, дил-дилдан ҳис қилиш бизни тарк этмайди.

Нозима Ҳабибуллаева

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − 5 =