Чочий Фахруззамон

Қадимий Шош, яъни Тошкентда яшаб ижод этган адиблардан бири Бадриддин Чочийдир. Бадриддин Муҳаммад 1285 йили зиёли оиласида туғилган. Болалиги Тошкентда ўтган. Кейин Самарқанд ва Бухоро мадрасаларида ўқийди. Бўлажак шоир шеърият ва санъат билан бирга, замонасидаги барча билимларни, хусусан, табиий фанларни яхши эгаллайди, закий билимдон сифатида шаклланади. Замондошлари эса буларни эътироф этишади. Мамлакатдаги нотинчлик, тахт-тож учун курашларнинг авж олиб кетиши сабабли Бадриддин Муҳаммад Шарқ мамлакатлари бўйлаб саёҳатга жўнайди.

Кичик Осиё ва Арабистон ярим ороли шаҳарларини кезиб чиқади, Маккада бўлади. Тарихий манъбаларга қараганда, у ҳаждан қайтишда 1333 йили Ҳиндистонга боради ва Деҳли султони Туғулуқ Муҳаммад саройига ишга киради. Адабий қобилияти, зукколигини муносиб тақдирлаб, Туғулуқ Муҳаммад Бадриддин Чочийга 1344 йили Ҳиндистон султонлари томонидан таъсис этилган «Фахруззамон» — «Замона фахри» унвонини беради. Бадриддин Чочий бир қитъасида ўз қобилияти ҳақида фахрия сифатида қуйидагиларни ёзган эди:

Худовандо, маро дар илми манқул,

Забону дидаи дил гашт бино.

Сўи маъқул тирам дастрас ҳаст,

Агарчи нестам чун пури Сино.

(Эй, Худо! Диний билимларда тилимни равон, дил кўзини равшан эттинг. Сино фарзанд бўлмасам ҳам дунёвий билимларда ўқим нишонга тегади).

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ўтмишда Ўрта Осиёдан Ҳиндистонга бориб яшаган ва ишлаган олим ҳамда шоирлар жуда кўп бўлган. Лекин улардан фақат Бадриддин Чочийгагина «Фахруззамон» унвони берилган. У 1346-1350 йиллар орасида Деҳлида вафот этган.

Шоир Деҳли султонлари даргоҳида ишлаган бўлса-да, муҳтожлиқда яшаганга ўхшайди. Чунки унинг девони таркибидаги шеърларда ҳасби ҳол моҳиятидаги ғазаллар мавжуд. Қуйидаги мисралар шундан далолат беради:

Заифтар шуда з-он мўи дидаеки зи дард,

Дар оби дидаи худ хору пинҳонаст…

Ба шакли тори бирешим ки дар бари чанг аст,

Низору зор пур аз тоб сахт нолон аст.

(Дарддан заифлашган киприклар кўз ёшлари орасида хору пинҳондир. Унинг ҳолати калтакдан ҳар лаҳзада нола чекувчи чангнинг ипак торларига ўхшайди).

Чочий, шубҳасиз, кўплаб илмий асарлар, достонлар ҳамда ғазаллар яратган. Ҳатто ўтмишда Бадриддин Чочий девонларидаги шеърларни шарҳловчи, изоҳловчи алоҳида китоблар, луғатлар тузилган. Тазкираларда (ўтмишда антологиялар шундай номланган) Бадриддин Чочийнинг Туғулуқийлар сулоласи тарихи тасвирига бағишлаб, Фирдавсийга эргашиб, 30 минг мисрадан иборат «Шоҳнома» битгани ҳам қайд этилади. У 1345 йили 2 минг байтдан иборат шеърлар девонини тузган. Унда қасида, ғазал, қитъа, рубойи сингари жанрлардаги шеърлар жамланган.

Бадриддин Чочий форсий тилдаги шеъриятда қасида жанрини янги тараққиёт босқичига кўтарган санъаткордир. Шоир анъанага кўра, ўз қасидаларида у ёки бу тарихий шахсларни мақтамайди, балки Ҳиндистон табиатининг бетакрор гўзалликларини тасвирлайди, баҳорнинг жозибали манзарасини чизиш орқали ўқувчи қалбида табиат кўркига, ҳаётга, яшашга завқ-шавқ уйғотади. Бадриддин Чочий ғазал ва рубоийларида ўзига хос бадиий санъатларни ишлатади, турли хил мажозий образлардан, ҳаётий лаҳзалардан усталик билан фойдаланади. У бошқа санъаткорларда учрамайдиган бадиий тасвирий воситалардан фойдаланган. Шунинг учун ҳам ўтмишда «Чочий девонига шарҳлар», «Бадриддин Чочий қасидаларининг шарҳи» деган, шоир шеърларини тушуниш ва таҳлил қилишга ёрдам берадиган алоҳида дастурий китоблар яратилган. Чунончи, «Ғиёс ул-луғат» муаллифи Ғиёсиддин ибн Жалолиддин, “Шарҳи қасоиди Бадри Чоч” қўлланмасини ёзган бўлса, 1848 йили Чочий шеърларига Муҳаммад Усмон Қайс икки жилддан иборат кенг қамровли шарҳ яратади ва уни «Нусхаи Усмонхон» деб атайди. Афсуски, ана шу забардаст адиб меросидан бизга юздан зиёд қасида, ғазал ва рубоийларигина етиб келган, холос. Мазкур шеърлар Бадриддин Чочийнинг чинакам табиат ошиғи, гўзаллик шайдоси, инсонпарвар шоир эканини кўрсатади. Шоир ўз асарларини ўша давр анъанасига кўра форсий тилда ёзган. Аксарият шеърларида Бадриддин Чочий ишқ-муҳаббатни ўзига хос нафисликда тараннум этади, илм-маърифатни, юксак инсоний ахлоқ-одобни тарғиб қилади. Уларда образлиликка эришиш учун табиатдаги нарса ва ҳодисалар хоссасидан фойдаланади:

Ҳар он каски дар ишқ сим камтар дорад,

Монанди бунафша пушти чанбар дорад.

Гул бо ин рухи сурху даҳони хандон,

З-онки дар миён ҳама зар дорад.

(Ишқда олтини бўлмаган киши орқасига чамбарак осган бинафшага ўхшайди: лола юзининг қизиллиги-ю оғзининг кулгуда эканлигининг сабаби, унинг бағрида зари бўлганлигидандир). Бу ерда шоир бинафшанинг мотам либосилигида-ю қурқшовлиги ва лола барглари ўртасидаги сариқ кукунчаларга ишора қилмоқда.

Бадриддин Чочий асарларини Шарқ илм-фанининг билимдони, шоир ва таржимон Анисий ўзбек тилига таржима қилган. Унинг қасидаларини моҳиятига кўра, уч силсилага бўлиш мумкин. Бир туркум қасидаларда шоир туғулуқийлар сулоласи ҳукмронларини мадҳ этади. Уларни адолатпеша, маърифатпарвар, илм-адаб аҳлининг ҳомийси эканлигини таърифлайди. Бир неча қасидалар баҳория моҳиятида бўлиб, уларда табиат, турфа хил жонзотлар айрича жозибадорликда, ўзига хос рангу оҳангларда васф этилган. Бундай қасидалар табиат тасвирига бағишланган шеъриятнинг юксак классик намунаси ҳисобланади. Адиб қасидалари ноёб тарихий манбалар ҳамдир. Зероки, бир силсила қасидаларида Чочий туғулуқийлар сулоласининг салтанатдорлиги тарихини шеърият ор­қали тадрижий такомилда тасвирлаган. Уни ўқиган китобхон кўз ўнгида кўҳна Ҳиндистоннинг ўша асрдаги тарихи яхлит тарзда намоён бўлади.

Хуллас, Бадриддин Чочий қасидалари оддий васфияларгина бўлиб қолмай, катта маърифий, тарихий моҳиятга эга асарлардир. Улар китобхонга оламжаҳон адабий-эстетик завқ бағишлаш билан бирга ҳинд халқи тарихидан муайян даражада билим ҳам беради.

Таассуфки, бу катта ижодий меҳнат ҳамон рўёбга чиқмаётир, яъни Чочий асарларининг таржимасини нашр этиш ҳамон пайсалга солиб келинмоқда.

Ҳамиджон Ҳомидий,

филология фанлари доктори, профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − 10 =