Тошкент – нон шаҳри
Инчунун жон ва иймон шаҳри ҳамдир!
Шу кунларда рус ёзувчиси Алексей Неверовнинг “Тошкент – нон шаҳри” асарини қайтадан ўқиб чиқдим. Чунки асар қайсидир қирраси билан бугунги кунга ҳамоҳангдек. Бу асар асосида таниқли кинорежиссёр Шуҳрат Аббосов кино ишлаган. Кимдир асарни ўқиган ва яна кимдир киносини томоша қилган бўлиши мумкин. Ўғлимга асар сюжетини гапириб берар эканман, очарчилик ва қаҳатчиликни ўзининг лат емаган руҳиятида жонлироқ ҳис қилиб кўришини хоҳладим. Бугунги неъматларнинг қадрига етиши учун, одамгарчилик, садоқат, матонат, муҳаббат қаҳатчилигига дуч келмаслигимиз учун буни англашини қаттиқ истадим. Ғала-ғовурли, инқироз харитаси чизилаётган, очлик эмас, очкўзлик ваҳимаси хуруж қилаётган бугунги кунда бу асарни қайта ўқиб чиқишни ҳар бир ўзбекка тавсия этган бўлар эдим.
“Тошкент – нон шаҳри”. Бу бутун дунё нигоҳини Ўзбекистонга қаратган асар. Мана асардаги Тошкентга берилган таърифлар: “У ерда нон бўғзинггача кўп, Ўзбекистон нақ жаннатнинг ўзи эмиш.” Асарга кўра одамлар очликни енгиш, ўлим устидан ғалаба қозониш учун Ўзбекистонга – Тошкентга интилганлар. Тошкент тимсолида халоскор бир мамлакатни тасаввур этганлар. Дунёнинг машҳур ёзувчиси Франц Кафка ҳам бу асарни ўқиб, “Бундай болалари бор халқни енгиб бўлмайди.” – деган экан.
Мен очлик замонини кўрмаганман(Илоҳим кўрмайлик). Бироқ Отамдан жуда кўп эшитганман. Одамларнинг нонга зор бўлганлари, очликдан кунжара еб шишиб ўлганлари, баҳорга чиқиб олган халқ ўлимни ортда қолдирганига кўзи етиб севинганлари, бу ёғига дарахт ширасини еб жон сақлаш мумкинлиги…. Ўша кунлар ҳали биздан у қадар узоқ кетган эмас. Кимнингдир отаси, кимнингдир бобоси очлик замонидаги кунларни матонат билан яшаб ўтган. Шу учун улар бир бурда нонни ерга тушганини кўрса, ўпиб пешонасига суради.
Бироқ мен кўрмаган кунларим ҳақида эмас, бугун реал кўраётганларим ҳақида ёзмоқчиман. Ўзбекнинг психологиясига суқилиб кирган ўзимбўларчилик, ман-манлик, бировнинг изтиробига нописандлик, ношукурлик, очофотлик каби иллатлар онгимизни коронавирусдан кам изтиробга солмаслиги аниқ. Ўзбекистондаги коронавирус манзараларини кузатар экансиз, орзуларимизнинг, тафаккуримизнинг бўйи бу қадар паст эканлигидан ғамга ботади одам. Ўтмиш ва бугунни қориштириб сураётган хаёлларингизни дунёнинг энг хушбўй ювиш воситалари билан тозалаб олгингиз келади.
Битта танишим, яқин қариндоши карантин бошланишидан олдин бир уйини озиқ-овқат ва хўжалик молларига тамоман тўлдириб ташлаганини гапириб берди. Оз фурсат ичида бутун ер шарида еру осмонни бўшатиб, табиатни дам олдириб қўйган зот, бу жамланмаларни неча кун сақлаб беради, айтинг-чи? Хўш, бу каби очофотликнинг, вос-восликнинг илдизи қаерда? Унинг яроқлилик муддати ўтиб кетган бўлсайди, деган хаёлларга берилади, киши.
Ижтимоий тармоқларда маҳалладан ижтимоий ёрдам тарзида берилган озиқ-овқатларнинг камлиги айтилган иддаоли видео тарқалди. Сумка ичидаги озиқ-овқат маҳсулоти бирма-бир бир чиқарилиб, ирғитиб ташланяпти, егулик неъматларга нописандларча муносабатда бўлиняпти. Аввало, егуликка нисбатан бундай муносабатда бўлиш на мусулмончилик қоидаларига, на бизнинг шарқона маданиятимизга тўғри келади. Қолаверса, муҳтож одам биров берган бир бурда нонни ҳам миннатдорчилик билан қабул қилади. Ҳали карантин бошланганига бир ой бўлгани йўқ, бироқ одамларнинг ноласи, ваҳимаси дунёни бузгудек авжига чиқмоқда. Ота-боболаримиз беш йиллаб урушда бўлган, фронт орқасида меҳнат қилиб, фронтга озиқ-овқат, кийим-кечак жўнатишган. Оилаларда эркаклар қолмаган. Лекин бундай ваҳима қўзғалмаган. Мардона туришган, қаддини тик тутишган, бир бурда нонини муҳтожлар билан баҳам кўришган. Олис заминдаги ўрис болакайнинг Тошкент тимсолида жаннатни тасаввур қилиб келиши бежизга эмас. Ёки иккинчи жаҳон уруш даврида минглаб болаларни бағрига босиб, тарбия қилган ўзбекнинг қаҳрамонлиги шунчаки қаҳрамонлик достонлари сифатида асарлардагина яшаб қоладими?
Эҳтимол, у кунлар ортда қолиб бўлди, бугун биз инновацион янгиликлар замонида яшаяпмиз, дерсиз. Одамнинг, замоннинг қиёфаси ўзгариб борар, одамийликнинг формуласи эса ҳеч қачон ўзгармайди!
Куни кеча россиялик дугонам билан интернетда суҳбатлашиб ўтириб, бизда жуда кўп дўконларда нон текин эканлигини ва бу яна дўкон эгаларининг ташаббуси билан шундай бўлаётганлигини айтдим. У бўлса “Хлеб нам бесплатно никто не дает.” деб жавоб ёзди. Гап бу ерда бир бурда нон ҳақида эмас. Қийинчиликлар, уқубатлар, оммавий синовлар бирлаштирган халқнинг меҳру муҳаббати ҳақидадир. Ўзганинг ғамини ўз юрагининг энг чўққисига кўтариб, уни шахсий дардига айлантира билгани тўғрисидадир.
Бугун бутун дунё саросимада. Ҳатто иқтисодчилар пандемиядан кейинги иқтисодий инқирозлар Ўзбекистонда оғирроқ кечишини “башорат” қилмоқдалар. Бироқ нафсининг тийилиш нуқталарини яхши англаб, хайрининг сарҳадларини жиловлай олмаган ўзбек халқини бу башоратлар у қадар таҳликага солмаслигига ишонаман. Чунки ҳалоллиги ибодатга айланган халқимиз ўзининг чиройли сабри билан ҳар қандай машаққатлардан чиройли ўтишига шубҳам йўқ. Франц Кафка айтмоқчи нафақат асардаги каби матонатли ўрис болакайлари бор халқни, балки унга ҳаёт булоғини тутган маърифат водийсига мансуб одамлари бор ўзбек халқини ҳам ҳеч қачон енгиб бўлмайди!
Гўзал Бегим.