Бирга курашиб, бирга енгамиз!

Қадимда бир шаҳарда вабо тарқалиб, одамлар саросимада қолибди. Қариялар чорасиз, болалар очликдан тинмай йиғлар, нажот эса йўқ эди. Шаҳар четида бир кўзи ожиз табиб яшарди. Бироқ одамлар: «Бу сўқир, одамларни даволай олмайди, агар чиндан ҳам табиб бўлганида ўзини даволарди, кўр бўлиб юрмасди», деб унга ишонишмасди…

Биркуни табиб туш кўрибди. Тушида шаҳарда вабодан одамлар бирин-кетин вафот этар, тириклари чорасизликдан ўзини қўярга жой тополмасмиш. Тонгласи уйғониб ташқари чиқса, ҳақиқатан ҳам шундай, ҳамма ёқдан шовқин эшитиларди. Ҳассасига таяниб шаҳар марказига борибди. Шаҳар аҳлини тўплаб шундай дебди:

«Бунинг битта давоси бор. Сизлар менга ишонсангиз ва айтганимни бажарсангиз бу ўлатни бартараф эта оламиз. Бўлмаса ўлиб кетамиз». Одамлар табибнинг гапларига ишонмай, уни оғилхонага қамаб қўйибди…

Вазият эса кундан-кун оғирлашибди. Бошқа чорасиз, имконсиз қолган халқ табибни бандиликдан чиқариб, ундан ёрдам сўрашга мажбур бўлишибди. Табиб уларга 40 кунлик чилла сақлаб,тозаликка риоя этишини тайинлабди. Орадан белгиланган муддат ўтгач, халойиқ касалликни енгиб ўтишган экан…
Алқисса ўша замонларда ҳам одамлар ўзини-ўзи яккалаш орқали турли юқумли касалликлардан қутилишган…

Бугун «қаҳрамон» бўлиш учун Геростратдек Диана маъбудини ёқиш ёки янги сайёра кашф этиш, кўр-кўрона кўчага чиқиш, милиция ходимига ўзининг кимлигини кўрсатиб қўйишга ўриниш, пиар учун Амир Темур бобомиз билан сурбетларча селфи қилиб, халқнинг асабига тегиш керак эмас, буларнинг бари ғирт аҳмоқлик, оддийгина тиббиёт ходимлари тавсияларига амал қилсак, бас!

Биздан талаб қилинаётгани — шахсий дахлдорлик ҳисси билан яшаш, холос. Жонини Жабборга бериб ишлаётган, бугунги куннинг қаҳрамонлари — шифокорлар ва халқимиз манфаатлари йўлида мураккаб карантин шароитида ҳам ўз фаолиятини тўхтатмаётган фидойи инсонларимизни дуо қилайлик, олқишлайлик. Қалбан улар билан бирга эканлигимизни айтайлик…
Зеро, бу офатни бирга курашиб, бирга енгамиз!!!

Ислом Асилбеков,
ЎзЖОКУталабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 1 =