Номларимиз ҳандалакдек тилим-тилим…
“Hurriyat” газетасининг 13 май сонида эълон қилинган “Илми борнинг саводи бўлмаса қийин экан” сарлавҳали мақолани ўқидиму, “тилчи” сифатида, қолаверса, Ўзбек тили ва адабиёти университети ўқитувчиси сифатида руҳланиб кетдим. Бу масала мени ҳам анчадан бери ўйлантириб келади, шунинг учун фикрларимни қоралашга жазм этдим.
2019-2020 йиллар давомида том маънода она тилимиз ривожи ҳамда унинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш борасида туб бурилишлар бўляпти.
Президентимиз томонидан 2019 йил 4 октябрь куни «Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг 30 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисидаги қарор имзоланди, “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди ва ҳоказо. Уларда тилимиз ривожи билан боғлиқ яқин ва узоқ истиқболдаги вазифалар, стратегик режаларнинг аниқ негизи белгилаб берилди.
Афсуски, баъзи ҳолларда қилинаётган ислоҳотларнинг моҳиятини тушунмаётганимиз дилни хира қилади. Бугун ижтимоий тармоқларда давлат тилининг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш йўлида қўйилаётган кичик одимлар юзасидан фикрлар “жанг”и кетяпти. Жумладан, Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси атрофидаги мунозаралар муҳокамалар марказига чиқди. Айримларнинг ҳуқуқий маданиятида ҳамон бўшлиқлар борлиги касрига тортишувлар баъзан тушунмовчиликлар келиб чиқишига ҳам сабаб бўлди. Аслида бу қонун ҳужжати 30 йилдан бери давлат тилини ўрганмаган “ватанпарвар” раҳбарларга қаратилган. Бу ерда бирор-бир тилнинг ҳуқуқий мақоми камситилиши ҳақида гап йўқ. Бу миллатлараро нифоқ келтириб чиқаришни хоҳлаётган айрим кучлар учун асло “тутантириқ” бўладиган масала эмас эди…
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг “Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш” деб номланган 42-моддасига “Давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади” деган тўлдириш киритилган.
Жуда тўғри қарор! Бироқ бу масала хусусида ҳам ижтимоий тармоқларда бир қатор муносабатлар билдирилмоқда. Бу оддий аҳоли учун эмас, мансабдор шахсларга қаратилган чора эканлигини билиб-билмай беҳуда тортишаётганлар ҳайрон қолдиради.
Бугунги шароитда тадбиркорлик субъектлари ва ишлаб чиқариш соҳасида давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш учун ҳам бирор чора қўллаш масаласи кўриб чиқилиши лозим. Чунки давлат тилига риоя қилмаслик кўп ҳолларда мана шу жабҳаларда юз бермоқда ва энг ачинарлиси, шаҳримиз кўркига кўрк бўлиб турган иншоотлар номлари, маҳсулот, унинг ёрлиқлари, кўча ёзувлари ва пешлавҳаларда тилимиз акси кўринмас экан, унга нописанд муносабат давом этаверади.
Дунё ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллашни мақсад қилиб қўйган ҳар қайси давлат, аввало, ўз халқининг миллий тили ва маданиятини асраб-авайлашга, ривожлантиришга интилади.
Кейинги йилларда республикамизда ишлаб чиқариш, савдо-сотиқ объектлари, корхона, муассаса, фирма, маҳсулотларга хориж тилларида ном қўйиш роса урфга айланди. Айниқса, кейинги уч-тўрт йил ичида ном яратишда инглизча ёки бошқа ажнабий сўзларга мурожаат қилишга ружу қўйилмоқдаки, бунинг сабабларини турлича изоҳлаш мумкин. Яъни, бу йўл билан балки истеъмолчилар эътиборини ўзига жалб қилиш кўзда тутилгандир, ёки хорижий ном орқали маҳсулотни жаҳон бозорига осон олиб чиқишни назарда тутгандир, бу бизга қоронғи…
Ҳар қандай ҳолатда ҳам, бозор пештахталаридан ўрин олган “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” деган ном остидаги маҳсулотлар соф ўзбек тилида номланиши шарт. Бир қарашда булар шунчаки оддий масала бўлиб кўриниши мумкин. Шусиз ҳам муаммо етарли, бир томонда жаҳон пандемияси, иккинчи томонда техноген офатлар, улар келтириб чиқарган иқтисодий муаммоларни бартараф қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар…. Номи қандай бўлса ҳам маҳсулотни ишлаб чиқарибди-ку, отасига раҳмат ўша тадбиркорларнинг, дейишингиз мумкин. Лекин шуни унутмайликки, биз аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган энг буюк қадрият — она тилимизни бус-бутунлигича, бойликларига завол етказмасдан келажак авлодга етказишга масъулмиз. Акс ҳолда, она тилимизга нописанд муносабат давом этаверади. Келажак авлодлар “Наша каша”ни ичиб катта бўлади, миллий эртак қаҳрамонимиз Зумрад қолиб Машага эргашади, “Бениссимо”да торт ейди, “Корзинка”дан харид қилади, “Гурман Бургер”да овқатланади…
Халқимизнинг миллий анъаналари ва менталитетига ёт бўлган тўқима номларнинг олдини олиш, янги номларнинг ўзбек адабий тили меъёрларига мос бўлишини назоратга олиш лозим. Тадбиркорлик субъекти билан шуғулланувчиларни номлаш (нейминг) технологияси асосларидан хабардор қилиш, уларга услубий кўрсатмалар бериш, савдо брендлари номларининг захирасини яратиш керак.
Айни пайтда мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқлари ривожланаётганини ҳисобга олсак, бир-бирини такрорламайдиган, янги ва ўзгача услубдаги ном топиш ҳам осон эмас, албатта. Мана шуларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси “Давлат тили ҳақида”ги Қонунига мос бўлишини таъминлаш бўйича услубий кўрсатмалар тайёрланиб, номлар захирасини яратиш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва ва адабиёти университети ташаббуси билан “Ўзбекча номлаш лабораторияси” ўз фаолиятини бошлади. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожлантириш вазирлиги томонидан мазкур масала ечимига бағишланган “Ўзбек тилида номшунослик: меъёрий-ҳуқуқий асосларини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳа учун маблағ ажратилиб, ўзбек тилида номлар базасини яратиш масалалари ечимлари ўрганиляпти.
Интернет тармоғида барча тадбиркор ва ишлаб чиқарувчилар учун uznom.uz сайти фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу сайт орқали тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи кишиларга фирма, корхоналар, савдо объектлари, ишлаб чиқарган маҳсулотлари учун миллий номлар тақдим этилади. Йўлга қўйилган мазкур хизмат тури орқали ном яратиш жараёнида ўзбек тили меъёрларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйилади.
Юртимизда барпо қилинаётган янгидан-янги замонавий иншоотлар ва ишлаб чиқариш корхоналарига халқимиз миллий ғуруримиз бўлган ўзбек тили меъёрларига мос ҳолда тўғри ном беришга ўзларини масъул деб билишса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бу ўз ишлаб чиқариши, савдо дўконлари, маиший хизмат объектлари, тиббий хизмат муассасалари, хусусий ўқув марказлари ва бошқа тадбиркорлик фаолияти турларини йўлга қўяётган ҳар бир миллатдошимиз учун ҳаётий зарурат бўлиши билан бирга, ижтимоий бурч ҳамдир.
Муяссар Сапарниязова,
филология фанлари номзоди, доцент.