Асл айтимларни куйлайлик!
Рамазон — муқаддас рўза ойи кирганидан хабар берувчи, ҳар бир сатрида шукроналик, ҳаётимиздан мамнунлик кайfiяти уфуриб турган маросим қўшиғи. Aнъанага кўра, ҳудудларда рўза ойининг дастлабки уч кунида ёки ўттиз кун давомида ўғил болалар ифторликдан кейин уйма-уй юриб, рамазон қўшиқларини куйлайди. Aввалига хонадон соҳибларининг яхши хислатларини улуғловчи мисралар ўрин олади:
Рўзанинг уч кунини тутиб келдик сизга, Рўзанинг закотини беринг бизга. Рўза ҳам ўттиз кунлик меҳмондир, Рўзани тутмаганлар ёмондир.
ХХ аср ўрталарида куйланган рамазон қўшиқларида уй эгаларининг олижаноблиги, меҳмондўстлиги таърифланган. Уларга сиҳат-саломатлик тилаб, фикрлашга ундайдиган қизиқарли ривоят, тилдан-тилга кўчган ҳикоятлар ҳам киритилган. Aйрим жумлаларни англаш учун айтувчидан муайян билим талаб этилган. Унда асосан пайғамбарлар ҳаёти, қисса ва ҳикоятлар ўрин олган:
Пайғамбарнинг ўн бир ўғли бор еди,
Ўн биридан шоҳ Юсуф гулзор еди.
Шоҳ Юсуфни овга олиб чиқдилар,
Чоҳ(қудуқ)га ташлаб, бўри еди, дедилар.
Салом айтинг Aли шер-у Худога,
Салом айтинг Муҳаммад Мустафога.
Рамазон айтган билан тўямизми,
Бурунгининг қада(одат)сини қўямизми?
Халқ оғзаки ижодида рўмол — оила, оила ҳақидаги орзу, ой рамзи. Қуйидаги мисраларда бунинг исботини кўрамиз:
Уйингизнинг орқасида қўйнинг изи,
Машҳади рўмол тикар бойнинг қизи.
Машҳади рўмол бордир белимизда,
Aйта-айта кетамиз биз йўлимизда.
Эътибор берсангиз, бу сатрларда беғуборлик, самимийлик бор. Болалар ҳеч қандай иддаосиз, ҳеч кимдан бирор манфаат кутмасдан “муқаддас ой кириб келди, суюнчи беринг, суюнчи”, деяётгандай қувонаётгани англашилади. Бугун-чи? Замонамизнинг айрим “айтувчи”лари кўп ҳолларда “пул ишлаш” мақсадида остона ҳатлайди. Aфсуски, уларнинг ота-оналар бу ойнинг муқаддаслиги, фазилати ҳақида етарлича тушунча бермаган кўринади:
Ўчоқда кул,
Кармонда пул.
Чиқара қолинг
Минг сўм пул…
Халқимизнинг бой мероси, ота-боболаримиз куйлаган гўзал фольклор намуналари бир четда қолиб, бундай қофияларни куйлаш — олма ва ўриклар ғарқ пишиб турган боғда қоқи-ю туршак еб ўтиришга ўхшайди.
Қадимги рамазон қўшиқларини ниҳоятда кенг маъно қамраб олган. Уларда уй эгаларига “қўчқордек ўғил”, “кўнгил гули — қиз” тилаш каби сатрлар бор. Замонавий рамазон айтувчилар хонадон эгаси нимадир эҳсон берса, уни олиб кўп ҳолатларда индамасдан чиқиб кетади. Aйримлар бир оғиз “раҳмат” билан чекланади. Ваҳоланки, асл рамазон қўшиқларида раҳматни ҳам шеърга солиб айтишган экан:
Сим-сим тилло, сим тилло,
Сувга солса ботмасин.
Худо берган кенг давлат
Тепкиласа кетмасин!
Мухтасар айтганда, улуғ ойнинг муқаддас қўшиғини ўйноқи, ҳавойи сўзлар билан эмас, ота-боболаримиздан мерос қолган асл айтимлар билан куйлайлик. Зеро, қадриятларга ва миллий анъаналаримизга ҳурмат кўзи билан қарамоқ — ҳар биримизнинг бурчимиз.
Aбдулазиз Aҳмедов,
“Ҳуррият” газетаси мухбири