Театр томошабинга ташна, томошабин-чи?..

Ҳеч татиб кўрмаган мевасининг таъмини аввалдан тахмин этолмайди киши. Ва кўпинча “Мен бунинг мазасини билмайман”, дейиш ўрнига, ўша мева ҳақида кўпчилик нима деяётган бўлса, осонгина уларнинг ҳамфикрига айланиб олади.

Бошқа масалаларда ҳам шундай. Масалан, театрга тушиб кўрмаган одам атрофдагиларнинг “Эҳ, театр деганлари зерикарли экан” мазмундаги гаплари таъсирида театрга тушмоқ истагидан воз кечиб қўйиши мумкин. Яна шу томони ҳам борки, бирор ким “Спектакль деганлари ажаб нарса-да, худди ўзинг ҳам телевизорнинг ичида ўтириб кўргандек бўласан”, деб таъриф этса, унинг эътирофи бошқа одамнинг қизиқишига ҳам сабаб бўлади, албатта.

Театрнинг томошабоплиги, албатта, миллий драматургиямизнинг ривожи билан боғлиқ. Бугун адабиётимиздаги қатор насрий ва назмий жанрлар сайқалланиб бораётган бир пайт­да, драматургия бу тараққиётдан ортда қолаётгандек, назаримизда. Ҳолбуки, юртимиздаги салобатли театр биноларининг чинакам саҳна асарларига ва томошабинларга ташналиги шундоққина сезилиб туради.

Гарчи жамиятда кўплаб мавзуларга ғоя бўладиган воқеалар юз бериб турган бўлса-да, трагедия жанридаги мақтагулик саҳна асарлари деярли учрамайди, комедияларнинг эса савияси кишида ҳақли эътироз ва жиддий хавотир уйғотади. Драматик турнинг асосий жанри ва мавзу кўлами анча кенгроқ бўлган драмага мавзу топилмаётгандек. Тақдим этилаётганларининг мазмуни, ундан келиб чиқадиган хулосалар бир хиллашиб бормоқда.

Ваҳоланки, саҳнага олиб чиқиш мумкин бўлган мавзулар саноқсиз. Масалан, жадид маърифатпарварлар ҳаёти, мустақиллик даври қаҳрамонлари, глобал, экологик муаммолар ва уларнинг оқибатлари, инсон руҳияти билан боғлиқ зиддиятлар, агар санайверсанг, адоғига етиш қийин. Мумтоз адабиётимиз намуналарига ҳам мурожаат қилмай қўйдик. Сония сайин янгича техника жиҳозлар, қулайлик­лар яратилаётган бир даврда одамларнинг шаҳар четидаги “кўҳна” театрни хушламаслик­лари-ю, зуваласи пишитилмаган саҳна асарининг такрор ва такрор намойиш этилиши ҳам театр ихлосмандларини ундан узоқлашишига сабаб бўлмоқда.

Бугунги саҳна асарлари таниқли шоир Анвар Обиджон, олим ва драматург Шуҳрат Ризаев, ёзувчи Тоҳир Малик, Шароф Бошбеков, Эркин Хушвақтов сингари ижодкорлар меҳнати доираси ёки атрофида қолиб кетмоқда. Биламизки, ахборот асрида одатий ҳол бўлиб улгурган уяли алоқа воситалари, интернет тармоқлари болаларнинг онгу шуурига таъсир этмай қолмаяпти. Болаларда калтабинлик, шафқатсизлик, баджаҳллик, бепарволик каби қусурларнинг шаклланишига, шунингдек, атроф-муҳитга, яқинларига нисбатан ҳиссиз бўлиб қолишига сабаб бўлмоқда. Бу жараён худди қумсоат қумларининг тўкилишига ўхшаб, секин кечаётган бўлса-да, натижаси жуда оғир бўлиши тайин. Шундай вазиятда биз учун ягона нажот нима бўлиши мумкин? Албатта, чинакам адабиёт ва санъат!

Тобора эринчоқ бўлиб бораётган инсонларга макон, замон, ҳаракат бирлигини жамлаган драматик тур намуналари бошқа турларга нисбатан тез таъсир қилади.

Миллий драматургиямизнинг супраси қуриб қолаётган бўлса-да, ёш ижодкорларимиз орасида бу соҳага қизиқувчилар унча-мунча топилади. Ўтган йили “Биринчи китобим” лойиҳаси доирасида икки нафар ёш ижодкорнинг драматик турдаги асарларини ўз ичига олган икки китоб нашр қилинди. Булардан бири Ўзбекистон давлат санъат ва маданият инс­титутини тамомлаган Шавкат Дўстмуҳаммаднинг “Коинот ҳимоячиси” номли, иккинчиси, шу институтнинг магистранти Обиджон Рўзибоевнинг “Меросхўр” номли китобларидир. Обиджон Рўзибоевнинг “Мерос­хўр” пьесасида ҳозирда кенг илдиз отиб бораётган мол-дунёга ружу қўйиш, яқинларга бўлган эътиборсизлик, жисмоний ёки руҳий хасталиги бўлган инсонларни камситиш иллатларини ва уларнинг тақдиримизга таъсирини кўришимиз мумкин. Пьеса сўнггидаги қотилликнинг кутилмаган тарзда амалга оширилиши томошабинни ҳаяжонга солади.

Шавкат Дўстмуҳаммаднинг китоби болаларга бағишланган бўлиб, икки пьеса ва бир мультфильм сценарийсидан иборат. Албатта, болаларга атаб асар яратиш энг масъулиятли ва мураккаб иш. Бола нозик ниҳолдек гап, шамол нотўғри эсса ҳам таъсири сезилади.

Шавкат Дўстмуҳаммаднинг китобидаги биринчи асар “Гулсеварнинг гуллари” номли қўғирчоқ театри учун тўрт кўринишли эртак-пьеса бўлиб, болаларни табиатга яқинлашишга ундайди, уни севишга ўргатади. Муҳими, мавзу аҳамиятли ва етарлича ёритиб берилган. Табиатга нисбатан унитаёзган меҳримизни ёдга солади. Китобчадаги иккинчи пьеса “Шалпангқулоқлар” деб номланган. Чақимчилик, бадхулқлик, катталарга ҳурматсизлик ҳолатлари танқид қилинган ва улардан қутулиш учун болаларга ўринли маслаҳатлар берилган. Қаҳрамонларни номлашда ҳам ўзига хослик бор. Томоша давомида болаларга мурожаат қилиш, уларни фаолликка чорлаш, фикрларини сўраш пьеса ижроси жонли ва қизғин кечишини таъминлайди. Аммо табиийки, ёш ижодкоримизнинг асари камчиликлардан ҳам холи эмас. Муаллиф Отқулоқ (Отақулоқ) билан бола­лари ўртасидаги мулоқотда одобсизликни бўрттириб юборган. Аммо барчанинг номидан хулоса ўрнида айтилган сўнгги банд пьесага омадли якун ясаган:

Кўнгилга яхши ният

Тугиш керак ҳар куни.

Оиламизга фойдамиз

Тегиш керак ҳар куни.

“Коинот ҳимоячиси” мультсценарийси эса бирмунча замонавий руҳда ва болаларнинг қизиқишларига яқинроқ, табиатнинг бўлаги — ою юлдузларга болалар эътиборини ўзгача йўл билан қаратган асар бўлган. Енгил кулги билан бирга аччиқ киноя ҳам учрайди: Наҳотки юлдузлар ҳеч кимга керак бўлмаса?

Ўйлаймизки, миллий драматургиямиз ёш истеъдодлар ҳисобига яна жонланади, яна ўз соҳасининг устаси бўлган режиссёрлар, актёрлар, драматурглар билан бойийди. Устоз адабиётшуносларимиз ҳам ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлашлари, керакли ўринларда танқид қилиб, йўл-йўриқ кўрсатишлари зарур.

Шунингдек, тегирмонни қуруқ айлантираверган билан буғдой солмасангиз, ун қайда? Ижодкор ўлиб-тирилиб, қоғоз қоралайверса-ю, унга рағбат бўлмаса, асари саҳнада ўйналган маҳал уни томоша қиладиган қоракўз томошабин бўлмаса, қандай бўлади? Кимнинг ёзгиси келади? Шунинг учун ўзимизда ҳам томошабинлик маданиятини, театрга ишқибозлик руҳини шакллантиришимиз, кучайтиришимиз керак. Токи, саҳна асари ёзилгач, устозлар томонидан маъқулланиб, режиссёр маҳорати билан саҳнада жонланганда, томошабин ўз “вазифа”сини бажарсин! Пьесадан ибратни, маслаҳатни, руҳни ўзига сингдириб, кейин бошқаларга ёйсин. Шундагина театр санъа­тини бугунимиз билан боғлай оламиз, шундагина уни эртамизга татбиқ эта оламиз. Жадид бобокалонларимиз: “Театр ибратхонадир”, деганида нечоғлик ҳақ бўлганларини театрга тушсангиз, биласиз-да.

Ўйлаб кўринг, охирги марта қачон театрга боргансиз? Ёки фарзандларингизни театрга етаклаб борганингизни эслай оласизми?

Шалола САФАРТОШЕВА,

Алишер Навоий номидаги

Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти

университети талабаси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × four =