Босма нашрлар яна қаддини тиклаб олади

INTERFAX.RU хабарига кўра, бундан сал олдинроқ ижтимоий тармоқларни ёпиб қўйиш билан пўписа қилган АҚШ президенти мутасадди идораларга улар фаолиятини тартибга солишда кўпроқ ҳуқуқлар берувчи фармонни имзолаган. Айни пайтда Дональд Трамп ижтимоий тармоқлар бугун одамларга ОАВга қараганда кўпроқ таъсир кўрсатади деб ҳисоблашини ҳам қайд этиб ўтган.

Трамп ўз йўлига. Аммо оммавий ахборот воситалари билан ижтимоий тармоқларни бир-биридан ажратиб қарашдек ажабтовур ёндашув ўзимизда ҳам юз кўрсата бошлади шекилли.
Жумладан, кейинги пайтлари айрим ижтимоий тармоқларда босма нашрларнинг сўнгги кунлари саноғига бағишланган пайдар-пай чиқишларни олинг. Уларни ўқирканмиз, кўнгилдан беихтиёр тараққиёт чиндан ҳам спиралсимон, тарих эса такрорланиб тураркан, деган фикр ўтди. Зеро, кўпчиликнинг хабари бўлса керак, фотоаппарат ихтиро қилинган кезлари “Энди рассомларга иш қолмади! Мусаввирлик касб (тўғрироғи, ҳунар) сифатида тамом бўлди!” дея айюҳаннос солганлар етарлича топилган. Бироқ мана, ўзингиз ҳам кўриб турибсиз, совуқ башоратларга қарама-қарши ўлароқ, рассомчилик ҳали-ҳамон яшаб, яшнаб келаяпти, кўргазмаларга қишнинг қаҳратони демай, ёзнинг жазирамаси демай суткалаб навбатда турганларнинг узундан-узоқ навбати оддий ҳолга айланган; дурдона асарлар юз миллионлаб долларларга сотилмоқда…
Худди шундай муносабат телевидение пайдо бўлганида ҳам кўзга ташланган. Энди оламон жўр бўлиб театр ва радионинг гўрини қазишга шошган: “Зангори экран” турганда ким ҳам театрга борарди?! Ким ҳам радио эшитарди?!”. Аммо вақт яна бундай калта ўйлайдиган кимсаларнинг адашганини кўрсатди: мисол излаб узоққа бориб ўтирмайлик, ўзимизнинг юртимизда бугун қирққа яқин профессионал театр, қатор хусусий радиоканаллар ишлаб турибди.
Шубҳасиз, бугун даврий бос­ма нашрлар мавзусидаги йўқ жойдан пайдо бўлган ғала-ғовур, асоссиз айбловлару бачкана қоралашлар ҳам ўтади, ҳақиқат қарор топади, газета-журналлар яна қаддини тиклаб олади. Инчинун, босма нашрлар бизнинг оқловимизга муҳтож ҳам эмас.
Фақат бизни бошқа бир ҳолат ўйлантиради. Одатда бир кун туз ичган жойга қирқ кун салом бериларди. Нима учун бугунги сершовқин “кампания”да айрим собиқ “журналист”лар бу қадар фаоллик кўрсатишди, нима учун улар бир пайтлар ўзлари ишлаб (эҳтимол, ишлай олмай) кетган босма нашрларга бу қадар ғазаб билан тош отишди? Бу билан улар жон куйдириб нимани исботлашга уринишди?
Ҳолбуки, азалдан аён жўнгина ҳақиқат бор: кимгадир ёқар лола… Қоғоз кўринишидаги газета-журнал кўнглингизга ўтиришмас экан, марҳамат, уларни инкор этиб, ўз ишингизни қилаверинг, ҳеч ким сизга суймаган ошингизни мажбурлаб ичирмайди.
Аммо кўпчилик учун азиз бўлган бундай неъматларни оёқ остига олиб топташдан, уларни гоҳ ҳамон плёнкада расмга олаётган сураткашга, гоҳ сўнгги кунлари талвасасини бошидан кечираётган беморга менгзашдан не наф? Соҳада вужудга келган тушунмовчилик, сув­нинг лойқалантирилиши сиз учун байрам бўлиб қолдими?..
Замон доим олдинга интилади, тараққиётнинг, ривожланишнинг энг оддий талаби ҳам шу. Бугун кундалик ҳаётимизни ижтимоий тармоқларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Ҳар тонгни дунё янгиликларидан бохабар бўлиш учун интернет сайтларига киришдан бошлаймиз. Дарҳақиқат, 2008 йилнинг 9 июнидан ишлатила бошланган iPhone ахборот олиш тизимини мутлақо ўзгартириб ташлади.
Аммо бу дегани дунёда интернетдан, сайтлардан бошқа ахборот ўчоғи, ўқувчининг маънавий эҳтиёжини қондирадиган манба қолмади дегани эмас-ку. Бунинг устига танганинг орт томони ҳам бўлганидай, интернет-журналистиканинг ривожланиши юртимизда яна бир ўта жиддий муаммони келтириб чиқарди. Ахир ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз, “блогерлар” аталмиш қатламнинг саводи ғовлаган қисми тилимизни нақадар ғариблаштирди, уни кўча тилига айлантирди. “Ифода этиб бўлмайдиган фикр, туйғу, ҳолат йўқ!” тилимиз “Бисотидаги бир ҳовуч сўзни” (А.Қаҳҳор иборалари) тасарруф қилиб, “шов-шувли” мақола кетидан мақола ёзиб ташлайдиган “блогер”лар қўлига тушди. Энди бу мақолалар таъсирида улғайган авлоднинг саводи қай даражада бўлади, буни тасаввур этиш мушкул эмасдир.
Бир мулоҳаза. Ҳарфлар қўрғошинга қуйиладиган даврларда туман газетамиз ҳафтасига уч марта, 5 минг нусхадан чоп этиларди, пахта мавсумида эса ҳар куни. Хуллас, бош­­қа қоғоз нашрлар қатори туман газетаси ҳам биз учун саводхонлик мактаби эди. Бирон сўзнинг қандай ёзилиши хусусида баҳслашиб қолсак, ўқитувчимиз бошчилигида газетани қараб чиқардик. “Газетада шундай ёзилибдими, тўғриси шу!” деган қарор қатъий эди, шубҳага ўрин қолмасди. Кейинроқ ишлаб кўриб бунга ишонч ҳосил ҳам қилдик: ҳар битта ходимнинг столида луғат китоблари, мусаҳҳиҳ ҳам олий маълумотли. Таҳририятда бирон сўз қандай ёзилиши хусусида баҳс туғилиб қолса, вилоят газетаси ёинки марказий нашрларга қарардик: улар мутлоқ ишончли манба ҳисобланарди-да. ЎзТАГ-ку, саводхонликнинг эталони эди. Аслини олганда бугун босма нашрларни яна ўшандай нуфузга кўтариш масаласи долзарброқ эмасми?!. Ваҳоланки, ҳозирча бу борада ўз мавқеини сақлаб келаётган “Тафаккур” журнали ходимлари муқим иш жойисиз, ойлаб саргардон бўлиб юришди. Энди сизлар мадҳ этаётган сайтларга қараймиз. Ҳатто, тилга тушган айрим блогернинг мақоласини ўқиётиб ҳам қўлинг беихтиёр қаламга югураверади: на нуқта-вергул жойида ишлатилган, на сўзлар; муаллифнинг нима демоқчи эканлигини аранг англаб оласан.
Ўйлашимизча, тилимизнинг ға­риб­лашувига яқин-яқингача кўпчиликнинг қўлидан тушмай қолган “сариқ матбуот”дан кейин айнан блогерлар “катта ҳисса” қўшишмоқда.
Қоғоз нашрларга қарши тиш қайраб турганлар дунё матбуоти шу йўлдан кетмоқда эканлигини айтишмоқда. Наҳотки? Унда “London Evening Standart” нашри нега кунлик қоғоз ададини 700 мингдан 900 минг­­га оширди экан? Умуман олганда, Британия ўқувчилари мутолаанинг 85 фоизини газеталарнинг қоғоз кўринишига сарфлашади. Яна бир мисол. Яқинда бир гуруҳ зиёлиларимиз Японияга, бир газета таҳририяти таклифи билан бориб келишди. Газета эрталаб беш миллион нусхада, кечқурун яна шунча нусхада чоп этилар ва ўқувчининг қўлига ўз вақтида, дақиқасига қадар аниқликда етиб борар экан (Салгина кечикса ҳам, нашрни етказувчи бу иснодга чидай олмасдан, ўзини харакири қилиб қўйиши мумкин-да)! Ҳолбуки, интернет тезлиги жуда юқори кунчиқар мамлакати фуқаролари учун янгиликларни сайтлардан ўқиб олиш муаммо туғдирмаса керак. Шундай эмасми? Ёки Россияни олинг. ВЦИОМ ўтказган сўров натижаларига кўра, катта ёшли аҳолининг 70 фоиздан ортиғи қоғоз нашрларни ўқишни афзал кўришган. Канадада олиб борилган тадқиқотларда эса аҳолининг 18-34 ёшли қисмининг 52 фоизи айнан газеталарнинг қоғоз кўринишини ўқишни маъқулроқ кўришган.
Шундай экан, бугун юртимизда турли сабаб-баҳоналар билан жар ёқасига келиб қолган босма нашрларимизга биродарлик қўлини узатиб, кўмак бериш ўрнига уни жарга итариб юборишга уриниш, юмшоқроқ айтганда, ахлоқсизликдан бошқа нарса эмас-ку?!.
Шубҳасиз, бугун даврий босма нашрларга ҳужум қилаётганлар эрта-индин китобларга ҳам шундай муносабатда бўлиши, ўзларининг фикр­ларини дунё тамаддуни билан изоҳлашга ҳам уриниб қолиши мумкин. Ваҳоланки, биргина АҚШни оладиган бўлсак, ҳар бир оила йилига ўрта ҳисобда 140 дона китоб сотиб олади! Бунинг устига, дунёнинг айрим ривожланган давлатларида интернет тармоғига муайян чекловлар қўйила бошлаганлигини унутмайлик. Руҳиятшунослар интернетомания ёхуд ижтимоий тармоқларга боғланиб қолиш касаллиги ҳақида бонг уришаётгани, бундай хасталарни даволаш учун махсус шифохоналар ташкил этилаётгани ҳам бор гап.
Хабарингиз бўлса керак: Билл Гейтс, Стив Жобс сингари интернет империяси тепасида турган кўплаб сармоядорлар ўз фарзандларини “ўргимчак тўри”га яқинлаштирмасликка ҳаракат қиларканлар, уларга телефондан сутка мобайнида нари борса бир соат ёки ярим соат шуғулланишга рухсат берарканлар. Бу бежиз эмасдир, ҳар қалай. Энди эса атрофингизга қаранг: тун-кун телефонга ёпишиб олган, интернетнинг у ёғидан кириб бу ёғидан чиқаётган болалар, ёшлар, ўрта ёшлилар, катталар…
Карантин туфайли Австрияда элликка яқин газета қоғоз кўринишда чоп этишни тўхтатиб, электрон шакл­­га ўтган экан. Кейинги кунлар ижтимоий тармоқларимиз шу хабарни дўмбира қилиб чарчамади. Гўё “Мана, кўриб қўйинглар…” дегандек ёинки босма нашрларнинг керак эмаслиги хусусида жамоатчилик фикрини шакллантиришга уринаётгандек.
Хуллас, жамиятимизда рақамли фотография билан мусаввирлик, телевидение билан театр, радио қандай чамбарчас яшаб келаётган бўлса, даврий босма нашрлар билан ижтимоий сайтлар ҳам шундай яшаб қолаверади. Чексиз-чегарасиз ахборот майдонида ҳаммага жой етади, ортиб ҳам қолади. Дунё кенг. Шундай экан, ҳалитдан жиғибийрон бўлиб, босма нашрларнинг гўрига ғишт қалашга шошганлар қаттиқ янглишадилар. Беихтиёр Марк Твеннинг машҳур истеҳзоси ёдга тушади: “Менинг вафотим ҳақидаги гап-сўзлар вақтидан бурун тарқатилган”.
Яна оқсоч тарихнинг ибратли сабоғига мурожаат этайлик. Вақтида ҳокимиятни эгаллаган большевикларнинг айрим амалдорчалари “Энди бизга эски (классик!) адабиёт мутлақо керак эмас, биз янги, йўқсиллар адабиётини яратамиз!” дея кўкрак кериб чиранчиқлик қилишганди. Вақт ҳаммасини жой-жойига қўйди: қизил коммунистлар тарих саҳнасидан супуриб ташланди, абадиятга дахлдор Навоий, Бобур, Пушкин, Толстой…лар қолди. Нечукдир бугун балчиққа қоришга уринилаётган босма нашрлар билан ҳам шундай бўлиши шубҳасиз экан, бас, йўқ жойдан муаммо ясашга, стакан ичида бўрон пайдо қилишга ҳуда-беҳуда чиранавермайлик. Қодир вақт яна ўз ҳукмини айтажак.
Мақола якунида дунёга машҳур олим С.Капицанинг “Маданиятни сингдирмоқ лозим, ҳаттоки куч билан бўлса ҳам, акс ҳолда бизни ҳалокат кутади”, деган ҳикматли гапини эслаб ўтмасак бўлмас. Босма оммавий ахборот воситалари айнан халққа маданиятни сингдириш воситаларидан бири. Табиатда бўшлиқ бўлмайди. Сизлар истаган тарзда қоғоз нашрлар йўқолса, унинг ўрнини нималар эгаллашини бир тасаввур этиб кўринг-а! Бундан қўрқмайсизми?..

Абдуқаюм Йўлдошев,
ёзувчи.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

7 − two =