Мен англаган ҳақиқатлар

Ҳаёт — дарсхона, унда барчамиз ўқувчилармиз. Инсон босиб ўтган ҳаёт йўлини таҳлил қилиб, яхши-ёмон кунларини тарозига солишга, ортига ўгирилиб, билиб-билмай қилган ишларини сарҳисоб этиб туриши керак.
Бу кичик ҳикоялар ана шундай ҳаёт сабоқларидан чиқарилган хулосалардир.

Яхшиликнинг ҳаловати

Ишдан чиқиб, метрога тушаётганимда собиқ ҳамкасбимни учратиб қолдим. У мендан ишхонадаги ўзгаришлар, кимлар ишлаётгани, кимлар қаерга кетгани ҳақида сўраб қолди.
— Яхши ишлаб юргандингиз, бекор кетиб қолдингиз-да, — дедим.
— Ўша пайтдаги вазиятни кўрдингиз-ку, мен шоиртабиат одамман. Фактлар, рақамларга эътиборсизроқман. Ҳайдаб юборишгандан кўра, ўзим кетақолай дедим-да. Биласиз, не-не қобилиятли болаларни бўшатишди. Ҳозирги ишим тинч, мазза қилиб юрибман.
Унинг гап-сўзларидан соҳадан кетиб қолганидан пушаймонликни сезиб қолдим.
— Ариза ёзмаслигингиз керак эди. Қўлингиздан ёзиш келарди. Ҳозир раҳбариятимизда ижобий ўзгаришлар бўлган. Хўп, десангиз, мен сизни раҳбарга айтаман. Қайтиб келасиз.
Ҳамкасбимнинг кўзларида нур порлади.
— Қандай бўларкин?.. Орадан йиллар ўтиб кетди. Эплай олармикинман?
У энди ўзини устоз олдидаги уқувсиз шогирддай тутарди.
Орадан кунлар ўтди. Иш билан бўлиб, ваъдам хаёлимда турган бўлса-да, ҳафсала қилмадим.
Бир куни кўп йиллар олдин бирга ишлаган дўстим телефон қилиб қолди.
— Янги нашр ташкил қилаяпмиз. Қўлидан иш келадиган кадрлар керак. Танишлардан бўлса, айтинг.
— Хўп, бир ўйлаб кўрай-чи? — дедим-у дарров собиқ ҳамкасбим эсимга тушди. Аксига олиб, ишхонада ҳеч ким унинг телефонини билмас экан. Ундан-бундан суриштириб, ахири топдим.
— Ў, зўр-ку! Олишармикин? — У суюнганини яширолмади.
— Уларнинг шароити бизникидан кўра ҳам яхшироқ, — далда бердим. — Насиб бўлса, олишади.
Менинг тавсиям билан у янги жойда иш бошлади. Бирон ойлардан сўнг бироз хавотир билан дўстимга телефон қилиб, “кадр”ни сўрадим.
— Э, э, гап йўқ. Энг яхши ходимларимиздан бири. Сизга раҳмат!
Шунда кўнглимда бир ўзгача ҳаловат, хурсандчилик сездим. Бу туйғу шундай оромбахш эдики, осмонларга учгим келарди.

Профессорнинг раҳмати

Институтни битириб, ўзим ўқиган мактабда ўқитувчи бўлиб иш бошлаганман. Ёш, қаттиққўл эдим. Кимки, фанимни билмаса, журналга “2”ни босардим. Кимнинг қўли нотоза, тирноқлари олинмаган бўлса, дазмолланган дастрўмоли бўлмаса, жазолардим. Дарсимда пашша учса билинарди.
Бир куни мактабдан чиқаётганимда 9-синфда ўқийдиган олифта кийинган, маҳмадона бир ўсмир йўлимни тўсди.
— Домла, дадам сизни менга бир учрашсин, дедилар.
— Э, Эркинбой, даданг ким? Нима иши бор экан менда?
— Дадам совхозда ғалла омборининг мудири. Акам бош бухгалтер. Сиз менга журналга нуқул “2” баҳо қўяяпсиз. Бошқа домлалар қалам билан белгилаб, кейин чоракликда тўғрилаб қўярди.
— Дадангга айт, менда иши бўлса, ўзи келсин?
— Бу “икки”ларни қўяверсангиз, нима бўлади, домла?
— Нима бўларди, синфда қоласан. Кейинги йилда укаларинг билан ўқийсан.
— Дадамнинг пули кўп. Мактаб директоримиз бизникида тез-тез чой ичиб туради. Кучингиз етадими?
Ёш боланинг бу гаплари жаҳлимни чиқарди.
— Қани кўрамиз, ким кучли экан. Бу гапларимни дадангга бориб айт.
— Шундан сўнг Эркинни алоҳида назоратга олиб, ҳар куни ундан уйга вазифани сўрай бошладим.
Бир куни “Ўтган дарсни ким ўқиб келди?” дея сўрасам, қўрқа-писа Эркин қўл кўтарди.
— Қани, доскага чиқ-чи? — дедим ич-ичимдан суюниб. У тутилиб-тутилиб, қалтирай-қалтирай дарсликдаги матнни ёддан айтиб берди.
— Яхши. Мана, ўқиса бўларкан-ку? — дедим.
Эркин шундан кейин ҳар куни менинг дарсимни ўқиб келадиган, қўл кўтарадиган бўлди.
Тақдир тақозоси билан журналистика соҳасига ўтиб, туман, вилоят нашрларида, матбуот ва ахборот бошқармасида ишладим. Ёшим элликдан ошганда пойтахтга ишга келдим.
Тошкентдаги наҳорги ошлардан бирида сочларига оқ оралаган, сип-силлиқ кийинган, бўйинбоғли бир ўрта ёшли одам иссиқ кўришди.
— Мени танимадингиз-а, домла? — деди қўлимни қўйиб юбормай.
Кўзлари, чеҳраси танишдай, аммо эслолмадим.
— Мен Эркинман, сизнинг бебош, маҳмадона ўқувчингиз. Сиз бизга бир йил дарс бергансиз.
Эсладим.
— Э-э, Эркинбой, бундай кўркам, савлатли одам бўлиб кетибсиз. Узр.
Қучоқлашиб кўришдик.
— Институтни битириб, Тошкентда қолдим. Ҳозир кафедра мудири, профессорман. Домла, бу ютуқларга сиз туфайли эришдим. Бизнинг мактабимизга ўқитувчи бўлиб бормаганингизда, қаторлаштириб “икки” баҳоларни қўймаганингизда, қаттиқ уришиб, танбеҳ бермаганингизда, билмадим, бугун қаерларда бўлардим. Мени китоб ўқишга ўргатганингиз, илм-фанга қизиқтирганингиз учун сизга мингдан-минг раҳмат, домла. Талабаларимга сиз ҳақингизда кўп гапираман. Ишонсангиз, ўшанда сизнинг дарсларингизни, берган уй вазифаларингизни туни билан ухламай ёдлаб чиқардим…
Унинг гапларидан кўнглим тоғдек ўсди. Демак, қишлоқда ишлаган йилларим ҳам изсиз кетмаган экан.

Қўрқаман…

Бир дўстим шундай ҳикоя қилади:
— Ёш, олов эдик. Кичик бир корхонага раҳбар бўлдим. Қадамимдан ўт чақнар, сўзим кескир эди. Бутун идора менинг кайфиятим билан ҳисоблашар, ҳаёт гўзал, турмуш фаровон эди.
Қўл остимда ишлайдиган “ожиза”лардан бирига кўнглим суст кетди. Янги йил муносабати билан уюштирилган байрам базмидан сўнг, қизни хилватга тортиб, қўлидан ушладим, учрашиб туришга розилик сўрадим. У қўлини тортиб олмади.
— Сиз чиройли йигитсиз, истиқболингиз бор, аммо оилалисиз. Шунинг учун қўрқаман… — деди мулойим овозда.
— Нимадан қўрқасиз? Мен борман-ку, ахир. Сизга келадиган бало-қазоларга ўзим кўндаланг! — Ичимлик мени шер қилганди.
— Йўқ, — деди у бу сафар қатъий оҳангда қўли билан осмонга ишора қилиб. — У ҳаммасини кўриб турибди!
Ўйладим: “Наҳотки, шу кичик жуссали, жиккаккина қизнинг ақли етган нарсага менинг ақлим етмаса?”
Шундан буён ҳар сафар бирон номақбул ҳолатга дуч келсам, бирон соҳибжамол ақлимни ўғирласа, шу гап эсимга тушаверади.
Мени қувонтиргани, кейинги йилларда юртимизда имон-эътиқодли одамлар сони кўпаймоқда, ислом ривожланмоқда, унинг ақидалари кенг ёйилмоқда. Ичмайдиган, чекмайдиган бир янги авлод ҳаётга кириб келмоқдаки, биз ёши катталар уларнинг олдида гоҳида уялиб қолаяпмиз. Айниқса, имонли, инсофли тижоратчилар, савдо аҳли кўпаяётгани кишини хурсанд қилади.
— Қизимни чиқаришимиз керак эди, — дейди бир биродаримиз. — Хотин билан бирга латта-путта олгани Тошкентнинг “Бек барака” бозорига бордик. Кўп нарса олдик. Уйга келсак, харидимиз ичида бир қиммат буюм — сўнгги модадаги мато йўқ. Хотин қайси дўкондан олганимизни эслади. Эр-хотин орадан уч-тўрт соат ўтгач, бозорга қайтиб бордик. Сотувчи биз унутиб қолдирган матони бир чеккага олиб қўйган экан.
— Биз нарх-навосига тортишамиз, биродар, — дейди соч-соқоли чиройли олинган ёш йигит. — Аммо ўзганинг ҳақидан қўрқамиз.
Қани эди, мана шу туйғу ҳар биримизга умр бўйи ҳамроҳ бўлса…

Ҳалол ризқнинг хосияти

Ёшинг улғайиб, ҳаётий тажрибанг ошиб, яхши-ёмонни кўраверганингдан кейин атрофингда бўлаётган катта-кичик воқеа-ҳодисалардан сабоқ чиқараверар экансан.
Давлат берган “дом”ни шаҳар чеккасидаги чала қурилган ҳовлига алмаштириб, кўчиб чиқдик. Боиси, фарзандлар катта бўлиб қолган, уларни уйлантириш, узатиш учун ҳовли бемалолроқ эди.
Катта қизимни “дом”дан узатиб кўрганмиз: ўзбекнинг тўй-тадбирига “дом” торлик қилар, бесаранжом бўларкансиз. Олган ҳовлимиз шаҳарнинг чеккасида бўлгани учун ён-атрофи овлоқ, мол-ҳол боқишга қулай экан. Хотин билан маслаҳатлашиб, уч-тўртта қўй-қўзи, бир сигир олдик. Молларни ўғилларим мактабдан бўш вақтига қараб бири тушликка қадар, иккинчиси кечгача айлантириб келарди.
Ўша куни уйимизга қишлоқдан Бекмирза синфдошим келганди. Шаҳарга бир юмуш билан келибди-ю иши битмай кетолмай қолибди. Намозшомда, подақайтар маҳал ўғлим қўй-қўзиларни ҳайдаб келди.
Ёзнинг куни бўлгани учун ташқарида чорпояда ўтиргандик.
— Дада, сигир йўқ, — деди қовоғини уйиб ўсмир ўғлим.
— Нега? Кўзинг қаерда эди? Болалар билан ўйнаб, қарамагансан, — аччиқландим.
Болаларим мени сира алдаб ўрганмаган.
— “Чиллак” ўйнаётгандик. Қизиқиб кетибман. Бир маҳал қарасам, сигир йўқ. У ёққа чопдим, бу ёққа чопдим, ҳеч қаерда йўқ. Маҳалланинг ҳамма моллари қайтди, сигиримиз улар орасида кўринмади, — йиғламсиради у.
Дарров ўғилларни, хотинни маҳалла кўчаларига бўлиб жўнатдим.
— Уйма-уй сўраб чиқинглар! — дея тайинладим.
Ўз-ўзидан кайфият бузилди, оилада бесаранжомлик пайдо бўлди. Маҳаллани айланган болаларим ва аёлим сигирни топиша олмай сўппайиб, шалвираб қайтиб келишди.
Чорпояда ёнбошлаб чой ичиб ўтирган Бекмирза оғайним:
— Сиқилманг, домла, — деди хотиржам. — Сизнинг сигирингиз йўқолмайди.
— Камбағални туянинг устида ҳам ит қопади, дегани шуда, — дедим жаҳлимни босолмай.
— Йўқ, — деди Бекмирза яна тасалли оҳангида. — Сиз ҳалол ризқ топиб юрган одамсиз. Сизнинг молингиз йўқолмайди. Мени айтди, дерсиз, эрталаб сигирингиз топилади.
Ўша куни уйқунинг тайини бўлмади. Тонгдан болаларни уйғотиб, пода йўлига чиқардим. Бекмирза эса шаҳарга тушиб кетди.
Бирпас ўтмай сигирни етаклаб ўртанча ўғлим кириб келди. Сигирнинг изидан бир лўли бола ҳам эргашиб келарди.
— Сигирингиз чопиб келиб, менинг молларимга қўшилиб кетди. Кейин ҳеч ким сўрамади. Уйга ҳайдаб бориб, моллар билан қамаб қўйдим. Ем, сув бердим, — деди лўли бола.
Биздан сал наридаги қўшни маҳаллада лўлилар яшашарди. Чиройим очилди.
— Ҳа, нега бу бола эргашиб юрибди? — сўрадим ўғлимдан.
— Сигирингни бир кеча боқиб чиқдим. Ўшанинг пулини бер, деяпти.
Кулиб юбордим. “Э отангга раҳмат. Сендан пул айлансин”. Чўнтагимдан пул чиқариб, болага узатдим.
Шундан буён бу қавм вакилларига ўзгача меҳр билан қарайман. Ота-боболаримиз кўп гапирадиган, муқаддас китобларимизда ёзилган ҳалол ризқ, ҳалол луқма каби ибораларнинг мағзини чаққандай, маъносини англагандай бўлдим.

Мунофиқнинг юзи қора

— Тўсатдан эрталаб ишга келаётганимда машина уриб кетди, — дея ҳикоя қилади таниш ҳамкасбим. — Тўшакда михланиб қолдим. Бир йил деганда зўрға оёққа туриб, ҳассада ишхонага келдим. Шунда бетоб пайтимда бирон марта, ақалли телефонда бўлса-да, ҳолимни сўрамаган раҳбарим: “Сиз энди ишга ярамайсиз, бўшаш тўғрисида ариза ёзиб беринг”, деса бўладими?! Музлаб кетдим. Кўзимга ёш келди. “Устоз, бу аҳволда ҳозир мен қаерга бораман, ким мени ишга олади. Энг паст, кичик лавозим бўлсаям, ишлаб турайин. Дўхтирлар тузалиб кетасиз дейишаяпти”, дея йиғлаб юбордим. “Йўқ, — деди раҳбар қатъий. — Мен ўрнингизга одам олиб қўйганман”.
Эҳ-ҳе, мен бу одамнинг қанча хизматларини қилгандим… Яхшиям, қариндош-уруғ, ошна-оғайнилар бор экан, бир амаллаб оёққа турдим. Энди мен бу инсонни қандай қилиб “устоз” дейман. Исмини эшитсам, ғазабим қўзийди…
Танишим айтган раҳбарни танирдим. Инсоф, диёнат, ҳалоллик ҳақидаги маърузаларини кўп эшитганман. Йиғилишларда инсонийлик, эзгулик, ватанпарварлик тўғрисида жўшқин нутқлар сўзларди. Аммо иши, амали гапига мос келмас, икки юзлама одам эди. Ишга олаётганда ҳатто фаррошдан ҳам таъма қилар, ёш қизларга кўз сузар, ўзим чиққан тепа омон бўлсин, дейдиганлар тоифасидан эди.
Қирқ йилдан ортиқ иш фаолиятим давомида турли феъл-атвордаги раҳбарларни кўрдим, баъзилари билан бирга ишладик. Қаттиққўл, ҳалол, бағрикенг, профессионал мутахассислар соҳага ҳаётини бағишлаган кишилар қаторида маишатпараст, манфаатпараст, қўрқоқ ва айёр, худбин, шуҳратпараст, мансабпарастлар билан мулоқот қилишга тўғри келган.
Менинг назаримда, улар орасида жамият учун энг хавфлиси мунофиқлардир. Агар мунофиқ раҳбар бўлса, у бошлиқ идора, ташкилотнинг уйи куйди, деяверинг.
Мунофиқдан давр ўтгач, шогирдлар, шотирлар узоқлашиб, муаммолар гирдобида ёлғиз қолади. Бунга ҳаётда кўп бора гувоҳ бўлганмиз. “Нима эксанг, шуни ўрасан”, деганлари шу бўлса керак-да!

Абдужалол Тайпатов

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − eleven =