Фармойиш кутади ботир дарахтлар

Ёмғирли пейзаж

Чиғаноқ ҳўплайди найсон томчисин,

Боғлар соясидан Ой берар садо.

Борлиққа таралиб денгизлар иси,

Хўрсиниб қўяди ёмғирли дунё.

Томчилар ҳалқобга отилар хуррам,

Орзиқиб термилар адашган бахтлар,

Содиқ мулозимдек бошин қилиб хам,

Фармойиш кутади ботир дарахтлар.

Бўм-бўш уяларга ҳайрон боқар тун –

Ҳўл бўлган қанотлар ортга қайтмайди.

Деразалар йиғлар одамлар учун,

Уларнинг кўзёшин ҳеч ким артмайди.

 

Май тонглари

1-чизги

Қоқигуллар митти булутдек

Сузиб юрар май даласида.

Тунда қаймоқ боғлаган сутдек

Жимирлар сув тонг палласида.

Бу жимирлаш бир тўлқин бўлиб

Йўл оларкан қирғоққа томон,

“Қизил, сориғ, яшил” га тўлиб

Ҳазратимни такрорлар Осмон.

2-чизги

Хўп ювиниб-таранмиш баҳор,

Ҳаво чашма сувидек тоза.

Ниначилар тўплашиб ифор

Ўтлоқларда очмиш мағоза.

Ғимирлаган хонқизиларга

Ҳовучидан ичириб шудринг,

Тонг шўх имлар боғлар томонга:

“Имилламай, мен билан юринг”.

Афсун атрин таратар жийда,

Қулаб тушар сархуш арилар.

Ҳисортоғнинг этакларида

Қувлашмачоқ ўйнар парилар.

Тоғ очади улкан кўзларин,

Сиғдиролмас лекин ақлига:

Париларнинг кўриб юзларин

Тошлар кирмиш одам шаклига.

Қувват олиб тавба, ҳоллардан

Қайтиб олам баҳорларига,

Жинлар яшил мажнунтоллардан

Чивиқ эшар тулпорларига.

Дунё бахтга интиқ ҳали ҳам –

Нур кафтида ҳавойи бўса.

Шамол “пуф”лар дарении хуррам –

Сув сатҳида ҳарир кулимса.

 

Сўроқ

Ҳой Сўз, қачон бўлгандинг озод,

Наҳот, сенга ёт бўлса хўрлик?

Сезилмагай нега бир имдод,

Сезилмагай нега бу ҳурлик?

Неъматлардан мудом маҳрумдай

Қўшилдингми яна сўл сафга?

Ё бир қари, хаста маҳкумдай

Тушганмидинг умумий авфга?

Давронингга эт бизни гувоҳ –

Бир хожадай кулдир қулингни.

Ёлғон бўлса, билайлик – гоҳ-гоҳ

Шиқирлатиб тургин ғулингни.

 

Уч кундир

Уч кундир

Найсоннинг тинмас ёғмури,

Уч кундир

Чақинлар уради қаҳ-қаҳ.

Уч кундир

Кўринмас уфқнинг охири,

Бўрон қўлларида юлқинар фараҳ.

Уч кундир

Бўшамас Кўкнинг уммони

Қасос томчисига дўнар савдолар.

Аёвсиз савалар хаста дунёни…

Жўн экан биз билган жами ғавғолар.

Уч кундир

Қушларга ризқ бермас баҳор

Ростлаб ололмаслар чечаклар қаддин.

Уч кундир

Ер тинглаб бўлмади безор

Ўлик бола туққан оғочлар дардин.

 

Шивирлоқ хитоб

Эй, ҳаёт тухмини асраб келган Нур,

Эй, ғам илдизидан сув ичган Шажар,

Бўлинмак онида туйганча ҳузур

Қутлуғ доғларидан севинган Қамар,

Эй, ҳар қабатида теранлашган Кўк,

Камонидан тинмай нур отган Кунаш,

Эй, Тоғ исмин олган буюк тева, чўк,

Мажнун келмагунча – йўқ энди жўнаш!

Эй, Нур жамолига ошиққан Тупроқ,

Борлиғу борлиғин ювиб берган Сув,

Эй, умр кафтида музлаган Идрок,

Эй, Идрок қамчисин соғинган Туйғу.

Эй, гоҳ ортиб, гоҳи етмаган Ҳаво,

Эй, ҳеч бир ҳукмни тан олмаган Вақт.

Эй, Абад тонгини оттирган Наво,

Эй, исми улкан-у, ўзи инжа Бахт.

Эй, ҳаёт тухмига “куҳ-куҳ”лаган Нур…

 

Гулноз Мўминова

Гулноз Мўминова — 1978 йили туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тамомлаган.

“Фасллар шивири”, “Сайёҳ қушлар”, “Дил синиқлари” ва “Чиғаноқ” номли шеърий тўп­ламлари нашр этилган.

«Ёшлар» радиоканалида ишлайди. Оилали.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen − 6 =