Кўчамизга қачон сон тегади?

Тошкентнинг марказий кўчаларидаги гўзал, чароғон, кафтдек текис йўлларни кўрган кишининг баҳри-дили очилади.

Афсуски, гўзал шаҳримизнинг у ер-бу ерида ҳанузгача ҳуснга доғ бўлиб, қишда юрган одам тиззасигача лойга ботиб кетадиган, ёзда ҳавога кўтарилган чангдан нафас қайтиш ҳолатини кўриб дил-дилдан ранжийсиз.

Ишонмайсизми, унда Юнусобод туманидаги “Барака” учинчи тор кўчасига бирров қадам ранжида қилинг, ўзингиз гувоҳ бўласиз. Ишонаверинг, қишда келсангиз лойга ботган, ёзда келсангиз чангдан юзини таниб бўлмай қоладиган одамларни, албатта, учратасиз.

Ёзувчи Садриддин Айнийнинг тасвирлашича, бундай лой, жин кўчалар қадимги Бухорода кўп учраркан. Энди у ўтган аср, буёғи мустамлакачилик даври бўлган, аммо ҳозир-чи?.. Мустақил давлат бўлганимизга қарийб 30 йил бўляпти. Лекин минг афсуски, учинчи “Барака” тор кўчаси ўша Айний бобомиз замонидаги кўчалардан қолишмайди. Кўчанинг икки томонига қурилган уйларнинг кўпи икки ё уч қаватли. Ҳаққи рост, тор кўчанинг икки тарафи деярли ҳашаматли иморатларга тўла. Аммо киши ҳавас қиладиган бу биноларнинг шундоқ ораси ҳанузгача ўйдим-чуқур, бир замонлар ётқизилган шағали билан қолиб кетган.

Ҳашаматли қасрларда яшовчиларнинг баъзилари, шунда ҳам ўз уйлари олдига, унда-мунда бир-икки машина тош тўктириб туради. Аммо бу тошлар устидан енгил-оғир автомобиллар юраверганидан бир-икки ойга етмай тошнинг усти яна эски ҳолатига қайтади. Хуллас, кўча асфальт қилинмаса, қайси замонда яшаётганингни ҳам билмай юраверасан.

Тўғри, бундан тўрт йил олдин катта “Барака” кўчасига асфальт ётқизилганди. Ўшанда тор кўча фаоллари: “Бизнинг кўча асфальт қилинмайдими?” – деб сўрашганда, масъул раҳбарлар: “Тор кўчангиз режага кирмаган”, дейишди. Ахир, асосий кўчани асфальт қилиб, унинг бўлаги бўлган тор кўчаларни қаровсиз ҳолида қолдириш ёш болани чўмилтира туриб, тоғорадан чиқиб қолган икки қўлини ювуқсиз қолдириш билан баробар эмасми?!

Хуллас, бу масалада бормаган жойимиз қолмади. Афсуски,   ҳеч бир идорадан ижобий жавоб бўл­­­­­мади. Фақат гўдакни алдагандай одамни юпатувчи, келажакка умид билан яшашга ундовчи қуруқ ваъдаларгина берилади. Мана ўшандай ваъда-жавоблардан бири: “Юнусобод тумани, Ҳасанбой маҳалласи, 3-проезд, “Барака “кўчаси, 35-уйда яшовчи фуқаро С. Содиқовга:

Сизнинг кўчаларни асфалт қилиниши масаласи юзасидан қилган мурожаатингиз Юнусобод туман ҳокимлиги томонидан ўрганиб чиқилди.

Мазкур мурожаат масаласи юзасидан Юнусобод тумани, Ҳасанбой маҳалласи, “Барака” 3-тор кўчасининг 3000 м2 ҳажмини мукаммал таъмирлаш учун 2019 йилда дастур асосида молиялаштириш масалалари ҳал этилгандан сўнг пудратчи ташкилотлар томонидан босқичма-босқич таъмирлаб берилишини маълум қиламиз.

Туман ҳокими

Р. Усманов”

Кўриниб турибдики, Юнусобод тумани ҳокимияти ҳам, ободонлаштириш бошқармаси ҳам кўчани асфальтлаб беришни ваъда қилганлар. Аммо молиялаштириш масаласи ўлда-жўлда эмиш. Мана, 2020 йилнинг ярми ўтаётибдики, ваъдалар ҳамон ваъдалигича қолмоқда.

Биз эса ноилож: “Кўчамизга қачон сон тегаркин?” деб ўзимизга-ўзимиз савол бериб юрибмиз. Билмадик, бу аҳвол яна қанча давом этаркин?..

Санжар Содиқов,

филология фанлари доктори, профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × one =