Синовли кунларнинг тест синовлари

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги биносида 2020-2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш масалаларига бағишланган брифинг ўтказилди. Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов, Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва ДТМ директори Мажид Каримовлар иштирокидаги йиғилишда қабул жараёнлари ва тизимда амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

Жорий йилда тест синовлари абитуриент танлаган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фандан ўтказилади. Бунда тўғри жавоб учун 3,2 ва 3,1 баллдан берилади. Энди абитуриентлар синов ўтказиладиган фанлар мажмуи ҳамда кетма-кетлиги бир хил бўлган бакалавриат таълим йўналиши бўйича бештагача ОТМ­­га ҳужжат топшириш ҳуқуқига эга.

Бу йил бакалавриат таълим йўналишига жами 148 минг 144 нафар талаба қабул қилинади (ўтган йилги кўрсаткичдан 36 фоиз кўп). Шунингдек, ногиронлиги бўлган, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасига эга, Меҳрибонлик уйи ҳамда болалар шаҳарчаси битирувчилари, ҳарбий хизматчилар ва ички ишлар органларининг амалдаги ходимлари фарзандлари учун қабул квоталари оширилиб, уларга маълум имтиёзлар берилади.

Тадбирда Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан бериладиган махсус тавсияномаси бор хотин-қизлар учун 940 та квота ажратилган. Тавсиянома кимларга берилиши ва бу рўйхат қай тартибда шакллантирилиши ҳақида тез кунларда маълум қилиниши айтиб ўтилди. Фарғона вилоятининг Сўх тумани ёшлари учун ҳам 500 та квота ажратилган.

Абитуриентлар 20 июндан 20 июлгача барча ҳудудлардаги Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва Давлат тест марказининг расмий веб-сайти (www.dtm.uz) орқали ҳужжат топширади. Таълим муассасасини тест синовлари ташкил этилаётган ўқув йилидан аввалги йилларда тугатган абитуриентлардан кириш имтиҳонларида иштирок этиш учун (базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари — 111 500 сўм) тўлов ундириш тартиби бу йил ҳам сақлаб қолинди.

Кириш имтиҳонлари эса 1 августдан бошланиши режалаштирилмоқда. Натижаси тест натижалари билан қўшиб ҳисобланадиган касбий-ижо­дий имтиҳонлар ҳам 28 июлгача якунланади. Тест синовлари мавжуд бўлмаган ижодий йўналишлардаги имтиҳонлар 25 июлдан 20 августгача давом этиши кутиляпти.

— Касбий-ижодий имтиҳонларни ўтказиш жараёнлари тўлиқ суратга олинади. Видеолавҳалар базада сақланиб, апелляция юзага келганида улардан фойдаланилади, — деди Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев.

Энди ҳар бир фанда осон саволлар сони 6 тадан 9 тага кўпайтирилади. Қийин даражадаги савол эса 3 тадан кўп бўлишига йўл қўйилмайди. Ўрта даражадаги саволларнинг аввалги 18 та миқдори сақлаб қолинади.

Яна бир янгилик: бир неча йиллардан буён талабаларни қийнаб келаётган муаммо — таълим йўналишлари ва мутахассисликлар ҳам янги ўқув йилидан оптималлаштирилади. Яъни, мутахассисликлар сони 584 тадан 517 тага,   йўналишлар сони эса 332 тадан 254 тага қисқарди. “Спорт фаолияти” бакалавриат таълим йўналиши бўйича ўқиш муддати уч йил этиб белгиланди.

Шунингдек, магистратура мутахассисликларига ўқишга кириш, бакалавриат таълим йўналишларига ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш учун ҳужжатлар топшириш жараёни 1 июлдан 30 июлгача www.edu.uz ва magistr.edu.uz сайти орқали амалга оширилиши белгиланган. Магис­тратура босқичига кириш имтиҳонлари 3 август­дан 15 августгача бўлиши кутиляпти.

Ўз мухбиримиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − ten =