Дарс ўйин эмас! Лекин дарсда ундан фойдаланса бўлади

Дарс жараёнида ўқувчиларнинг эътиборини тортиш, уларнинг фанга бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида турли ноанъанавий ўйинлардан фойдаланиш методикаси барча ривож­ланган мамлакатларда кенг татбиқ этиб келинаётгани бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас.

Албатта, дарс пайтида интерфаол ўйин­ларни ташкил этишда ўқувчининг ёши, синфхонанинг жиҳозланиши ҳамда кўргазмали қуролларнинг ноанъанавийлигига алоҳида эътибор қаратиш муҳим аҳамият касб этади.

Бошланғич синфларда “Тўп отар”, “Ўрмондаги тортишув”, “Ким топқир” каби ўйин­ларни ўйнаш орқали мавзуни тушуниш осонроқ ва қизиқарлироқ тус олса, юқори синфларда ўқувчиларга масъулият ва интеллектни оширувчи ҳаракатли усуллар қўлланилиши кўпроқ натижа беради. Энг асосийси, бунда ўқитувчига ҳам дарсни мазмунли ўтиш қулай ва осон бўлади.

Тажрибадан маълумки, бошланғич синф ўқувчилари “Ким чаққон?”, “Ким топ­қир?”сингари дидактив ўйинларда синовларни, анъанавий усулларга қараганда, анча фаол ва осонроқ амалга оширишади. Бундай машғулотларда ўқувчилар берилган топшириқларни идрок қилиш билан бирга узоқ вақт хотираларида ҳам сақлаб қолади.

Шунингдек, интерфаол методлар ўқувчиларни ижодкорликка йўналтириб, уларнинг тасаввур доираларининг кенгайишига ҳамда дарсда эркин баҳс-мунозарага киришиб, ўз фикрини дадил айта олишига имкон яратади.

Ноанъанавий дарс ўтишда ўқувчига аниқ йўл-йўриқ кўрсатиш, топшириқларни бажариш учун етарли вақт ажратиш, кучли гуруҳларни рағбатлантириб бориш, кучсиз гуруҳларни эса ғолиб­лик сари руҳлантириш жуда муҳимдир. Қолаверса, дарс жараёнида ўқувчиларни гуруҳларга ажратиб, баъзи-баъзида эса жамоа аъзоларини биринчи гуруҳдан иккинчи, иккинчи гуруҳдан биринчи гуруҳга ўтказиб туриш ҳам яхши натижа беради.

Интерфаол ўйинлардан фойдаланиш ўқувчиларнинг сўз бойлигини ошириб, адабий тил меъёрларига риоя қилишга, ҳушёрликка, ўзгалар фикрини ҳурмат қилишга ўргатади. Шунингдек, ўқувчилар эркин ва мустақил фикрлашга, олган билимлари ҳақида аниқ, лўнда жавоб беришга ўрганадилар.

Демак, интерфаол дарс ўтиш ҳар томонлама манфаатлидир.

Айниқса, бошланғич синфларда ана шундай усуллардан фойдаланиш фарзандларимизнинг пухта билим ва кўникмаларни олишида аҳамиятли бўлиб, дарс­ларнинг жонли, мазмунли бўлишини таъминлайди.

Айтиш жоизки, бизнинг мактабда интерфаол ўйинларни ўз ўрнида қўллаш орқали ўқувчиларимиз фанларни ўзлаштиришида сезиларли ижобий натижаларни қўлга киритмоқда

Диёра РАҲМАТУЛЛАЕВА,

Тошкент шаҳридаги 260-мактаб ўқитувчиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 − nine =