Ўтли лавҳалар

Муқаддас Абдусаматова журналистика соҳасининг захматкаш, фидойиси, шунингдек, ўз қаламига эга шоира ҳамдир. Муқаддас опанинг айтадиган гапи: “Кечаги шогирдларим бугун устоз даражасига эришди. Демак, қилган меҳнатим зое кетмабди”.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоира Муқаддас Абдусаматованинг Иккинчи жаҳон уруши тугаганига 75 йил тўлиши муносабати билан “Уйғоқ туйғулар” рисоласи “Истиқлол нашриёти”да чоп этилди.

Юртдошларимизнинг кўрсатган жасорати, матонати мазкур китобда ўта таъсирли ифода этилган. Тажрибали журналист-ижодкор урушнинг даҳшатли лаҳзаларини бошидан кечирган ўнлаб оилалар вакиллари билан юзма-юз мулоқот қилиши натижасида тарихий лавҳаларни қоғозга туширади.

Жумладан, “Армон” сарлавҳали битигида ўз акаси Собиржон Солиҳовнинг дийдорига тўёлмагани, унинг жанггоҳлардан омон қайтишини интизор кутгани қаламга олинади. Ижодкорнинг қалб қатидан сизиб чиққан самимий сатрлар охир-оқибат насрий оҳангдан назмга айланади:

Билганимда кўрмаслигимни,

Тўйиб-тўйиб қараб олардим.

Юзингизни, қиёфангизни

Кўз олдимда сақлаб қолардим…

Бу сатрларни ўқиган мухлис айрилиқ азобига уруш сабаб бўлганлигини дилдан ҳис этади.

Урушда чексиз фидойилик қилган юртдош­ларимизнинг жасоратини тилга оламиз, лекин орадан шунча йиллар ўтган бўлса-да, дунёнинг турли бурчакларида минг­лаб йигитларимизнинг жасорати, номи ҳамон номаълумлигича қолмоқда.

Муқаддас Абдусаматова асарида “Савоб ишнинг саодати” деган лавҳа бор. Бу бобда Иккинчи жаҳон урушида бедарак кетган 180 нафар ўзбек жангчисининг қабрини, номини излаб топган Алан Татаров ватанпарварлиги ҳақида бетакрор маълумотлар берилган. А.Татаров Владикавказда Темир бадиий безак бирлашмасида бош директор бўлиб ишлаган, савоб ишларни амалга оширишдан ташқари, рафиқаси Зелина билан етим қолган олти нафар фарзандни асраб-боқиб олган.

“Меҳрнинг қудрати” лавҳасида эса аёл қисмати, мураккаб тақдири баён этилади. Саодатхоннинг турмуш ўртоғи урушдан қайт­майди. У ўз ёрига вафодор қолади. Келинчакнинг қайниси Шарифжон жангда ўз соҳаси — шифокор бўлиб хизмат қилади. Акасини ахтаради. Ўзбекистонга — уйига хат ёзади: “Акам келдими? Нега жавоб бермаяпти?” Янгаси Саодат: “Акангиз оғир ярадор, сизга жавоб ёзишга ҳоли йўқ”, дейди жавоб хатида. Ниҳоят, уларга пул юбормоқчи эканини айтади. Шунда: “Пулни акангиз номига эмас, истасангиз, рафиқаси Саодатхон номига юборинг”, деган жавоб олгач, ука акаси ҳалок бўлганлигини англаб етади.

Ва ниҳоят уруш тугайди. Тиббиёт хизмати майори Шарифжон Саидов орадан йиллар ўтиб, хизматни тугатиб Ватанга қайтади. Уйда қолган норасида гўдаклар амакиси Шарифжонни ота ўрнида қабул қилишади.

Ш.Саидов ўз фарзандидай бўлиб қолган жиянларини Светловодск қишлоғидаги қабристонга олиб боради. Ўз акаси қаб­­ри ёнида жиянларига отасининг жасорати ҳақида сўзлайди. Лекин болаларга жасорати эмас, тирик отаси керак эди! Уларнинг кўзлари мунгли эди. Ҳа, шундай: уруш беаёв, бешафқат, болани отадан айирган, аёлни тул қолдирган даҳшат исканжаси.

Китобнинг “Сен ширинсан, ҳаёт” деб аталадиган бобида ўлим лабидан қайтиб келган ўзбек ўғлони Соҳиб Рўзиевни Вера Пет­ровна деган рус қизи сақлаб қолгани, пировардида улар турмуш қуриб, Ўзбекистонда етук мутахассис бўлишгани ҳикоя қилинади. Уруш қанча қисматларни айириб ташлади, яна қанча тақдирларни туташтирди.

—      Уруш шунча узоқ бўладими, она, қачон тугайди?

“Ер тафти” сарлавҳали битикда мурғак қизалоқнинг юқоридаги саволига онаси шундай жавоб қайтаради:

—         Яқинда, қизим, яқинда тугайди.

Холбуви жажжи қизи Лаълихонга тушунтиришни, қизининг кўнглини яралашни истамасди.

Мана, ўша қизгина бугун етмишга етиб, фахрийлар сафида. Ҳовлида набираларининг бир-бирига “пақ-пақ”лаб ўйнашаётганини эшитди. Дарҳол деразани очиб:

—         Ўйинларинг қурсин, ташланглар таёқларингни! — бақира кетди. — Урушнинг оти ўчсин! — деб қўйди ортидан…

Хуллас, китоб қатларидан халқ қаҳрамонлари ҳаёти ҳақида бири-биридан таъсирчан лавҳалар жой олганлиги билан сизга ҳам маъқул келишига ишонаман.

Шуҳрат Жабборов,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × three =