“Сэлфи”чидан қаҳрамон чиқмайди

Америкалик шоир ва эссеист Джон Барлоу «Шаробни хумсиз сотиш: глобал тармоқдаги онг иқтисодиёти» номли мақоласида шундай ёзади: «Ахборот предмет эмас, жараён, ҳаракатдир. У ҳаракатга келганда кучли жараёнлар бошланади». Дарҳақиқат, бугунги кунда ахборот одамлар орасига кириб бораётган газеталар саҳифасидан ўтиб, ижтимоий тармоқлар, интернетнинг чексиз тўрларида миллионлаб онгларга таъсир этувчи жараёнга айланиб бораяпти. Бу ахборотнинг дунё бўйлаб тарқалишида ҳаракатнинг тезлашганини билдиради.

Албатта, ахборот муаллиф ёзиб бўлгандан кейин якунланадиган ижод намунаси эмас, балки газеталарда чоп этилиб, замонавий технологиялар ёрдамида нашр қилингач ижтимоий, сиёсий таъсирга эга кучли омилга айланади. Ахборот “чақмоқ”, “гумбирлатадиган” каби тавсифланадиган предметдан ошиб, ҳақиқатни ошкор этувчи, барчани фаолликка ундовчи   жараёнга айланади, яъни яна ҳаракатга келади, тилдан-тилга, кентдан-кентга кўчиб ўтади. Демак, жараён ҳаракатни, ҳаракат эса жараённи ву­жудга келтиради.

Телевидение, радио, босма нашрлар сафига интернет журна­лис­тикаси кириб келгани бежиз эмас, сабаби ижтимоий тармоқлар фаоллашди, турли блоглар пайдо бўлди. Улар мантиқсиз, ҳеч бир ҳужжатга асосланмаган, яъни кўча ахборотини ҳам видео тасвир орқали шарҳлаб узатишмоқда. Бундай ҳолатда уларни журналист амал қилиши лозим бўлган қонун-қоидалар билан қуроллантириш зарурлиги юзага чиқади. Шунингдек, турли тоифадаги блогерлар масъулият юкини ҳис қилиши, жавобгарлик борлигини билиши шарт. Буни интернет журналистикаси бўлимида таҳсил олаётганлар, албатта, яхши тушунишади.

Бундан ташқари, интерактив имкониятлар тобора кенгайгани сабабли интернет оммалаша бош­лади. Интерактив жараёнларда аудитория тингловчиси ахборот истеъмолчисидан ҳаммуаллифлик даражасига кўтарилади.

Бу жараённинг яна бир хусусияти — кўча аудиторияси вакиллари, яъни “сэлфи”чилар, енгил-елпига ўч “шов-шув”чилар, мутолаа қилишдан кўра, ўзини “қаҳрамон” қилиб кўрсатишни кўпроқ хоҳлайди. Бундай уринишларнинг кўпинча савияси пастлигига сабаб китоб ўқимаслик, соҳада билим олишни истамасликдан бошқа нарса эмас. Тўғриси, матбуот “сэлфи”чиларни ҳаммага ўрнак қилиб кўрсатиш учун агитация машинасининг рули бўлишдан чарчади. Ўтган даврдаги каби, эфирга узатилган “Жаннатдан хабарлар”дан тингловчи тўйди. Ҳақиқатни эшитишни барча бирдек хоҳлаяпти. Кундалик ахборот ва кун мавзуидаги таҳлилий мақолалар, ҳужжатларга асосланган танқидий материаллар ўта зарур. Чунки, ўқувчи, мухлис шуни истайди.

Яна шуни ҳам айтиш керакки, интернет ҳали барчанинг бирдек жонига тегмади, ухласа ижтимоий тармоққа уланган телефонини бошига қўйиб пинакка кетадиганлар ҳам орамизда йўқ эмас. Бу ўта хавфли жараён. Чунки, келажакда интернет таъсирида қўлига дафтар-қалам тутмайдиган, бирор китобни ўқимайдиган авлод вояга етди. Ваҳоланки, ёшлар келажагимиз, эртамиз эгалари. Улар роботларга ўхшаб ўсиб-улғайса, фақат буюруқни бажарадиган шахсга айланади. Ўзи фикрлаб, тафаккур қилиб янгилик яратиш, ташкилот ёки корхонани мустақил бошқариш қобилиятига эга бўлмайди.

Технологик жараёнларни яхши ўзлаштирган, дунёқараши кенг, ўз фикрини бемалол сўзда ифода қила оладиган, коммуникацияга тез киришадиган ёш авлодни тарбиялашда яқиндан кўмак кўрсатиш журналистларнинг ҳам вазифасига киради.

Кўпчилик ўзини блогер деб атовчилар ўзи расмга олади, фото ва видео съёмкаларни амалга оширади, монтаж қилади ва ижтимоий тармоққа қўяди. Кўриниб турибдики, уларнинг ҳам қўлида ҳунари бор, аммо аксариятида билим йўқ, илмий-адабий ва бадиий китоб ўқимаган, газетани-ку варақлаб ҳам кўрмайди.

Тан олиш керак, кейинги йилларда журналистика соҳаси халқчиллашиб, оммалашди. Эфирда жонли тасвир, босма нашрларда тўғридан-тўғри жонли мулоқотлар, репортажлар кўпайди. Қўлида мобил қурилмаси бўлган ҳар бир журналист ахборотни исталган жойдан олаяпти. Бу журналистика илмида фуқаролик журналистикасининг пайдо бўлишига туртки беради.

Албатта, интернетдаги блог­ларнинг ахборот алмашув жараёнлари босма матбуотга салбий таъсир кўрсатмаса-да, уларнинг одамлар орасида ўзини журналист деб атаётгани мухлисда бир мунча ишончни сусайтиради. Чунки, одамлар ижтимоий тармоқ маълумотларининг ҳаммасини ҳам тўғри деб қабул қилмайди. Қилинмаслиги ҳам керак. Негаки, кўпгина хабарлар шошма-шошарлик билан, чуқур таҳлил қилинмай аҳолига ҳавола қилинаяпти. Натижада сохта ахборот одамларда ҳукуматга нисбатан норозилик кайфиятини уйғотаяпти.

Аммо ҳукуматимиз оммавий ахборот воситаларини, шу жумладан, босма нашрларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бунга сабаб, давлат ҳам, ҳукумат ҳам тоза ва соф ахборотсиз ривожланмайди. Ҳар қандай ножўя, яъни алдов аралашган ахборот, биринчи навбатда, давлатга зиён етказади. Чунки, эндиликда ҳеч бир ахборот маҳаллий бўлмайди. Унга эътиборсиз қараш мумкин эмас. Маълум дақиқаларда бутун дунёга тарқалиб кетади. Дейлик, Россия ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарованинг ўзбек тилига нисбатан билдирган салбий муносабати, фақат бизда эмас, кўпгина давлатларда ҳам кучли акс-садо берганига барчамиз гувоҳмиз. Ахир ҳар бир давлат фуқароси ўз давлатида ўз она тилиси давлат тили мақомида бўлишини хоҳлайди. Табиийки бугун ўзбек тилига қилинган тажовуз эртага бошқа давлат тилларига қилинмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди.

Эндиликда босма нашрлар назаримизда обуна мавсумини янги тартибда жорий қилиш тўғрисида бош қотириши керак. Давр шуни тақозо қилмоқда. Дунё ахборот тизими икки усулда фаолият юритади, яъни ҳам босма, ҳам ижтимоий тармоқда. Биз истаймизми, йўқми, барибир шу амалиётни, бугун бўлмаса, эртага, албатта, босма нашрларда қўллаймиз. Шундай экан, бугун ҳаракат қилган ютади.

Кўпгина нашрлар юқоридаги таж­рибани синовдан ўтказишаётгани ҳам маълум. Одамларда, яъни муштарийларда, мухлисларда, қизиқувчиларда кўникма ҳосил қилиш зарур. Уларни янги тартибга тайёрлаб бориш керак. Бу маълум вақтни талаб қилади. Демак, ҳозирги синов амалий натижа бермаяпти, деб ташлаб қўймасдан, фаолликни янада жонлантириш, ҳаракатни янада кучайтириш орқали жўшқин жараёнга эришиш мумкин.

Юлдуз Ортиқова,

ЎзЖОКУ ўқитувчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen − seven =