Карантинда ўрганганларим

Журналистлик фаолиятим, ижод, боз устига оила, оналик масъулияти, қайноналик мажбурияти, бувилик бахти, эҳ-ҳей, ҳаммасига қай даражада вақт топардим? Карантин менга нимани ўргатди?

Аслида давраларни унчалик хуш кўрмайман. Опа-синглим, укаларимга бироз вақт ажратардим, гўё қаергадир кеч қолаётгандек, шошилиб юрардим. Баъзан фарзандларим иш вақтида телефон қилишса борми, “тезроқ гапир, ишим жуда кўп”, дердим, улар истаганча вақт ажратолмасдим.

Энди уйда ўтириб ўйласам хатоларим жуда кў-ўп экан. Ўзи аслиятимда кечирим сўрашни хуш кўраман, лекин ғурурим ҳеч йўл бермаган экан. Энди келин қолиб, ҳар кун тонгда ўзим нонуштага тайёргарлик кўраман. Ширчойни ҳам қайнонам ўргатганларидек тайёрлайман. Эрта кетиб, кеч ишдан қайтишларимга чидаган, менинг журналист бўлишимда, ютуқларимда ўз ҳиссасини қўшган инсонимга термуламан: “Мени кечиринг, дадаси,” дегим келаяпти. Неварам уйғонибоқ ўзини бағримга отади. Гўдакнинг хушбўй ифоридан роҳатланарканман: “Шу вақтгача сенга, сен истаганчалик меҳр кўрсата олмаганим учун бувингни кечир, болажоним”, дейман. У нима деяётганимни тушунмаса-да, жажжи қўлчаларини сарак-сарак қилиб, кўксига қўяди, худди: “Раҳмат, раҳмат”, деяётгандек. Хавотирли ва қанчалик таҳликали бўлмасин, давлат ишига отланган, халқ хизматида бўлган ўғлимни дуо қиламан: “Ҳамиша омон бўл, яхши бориб кел, болам!”.

У билан бирга ишга чиқиб кетишимга одатланган ўғлимга уйда қолишим эриш тую­лади, у машинасининг ойнасини тушириб: “Ҳаммаси яхши бўлади, тез кунларда коронавирусни енгиб, карантиндан чиқамиз, ойижон”, деб кўнглимга таскин беради…

Қизларим қўнғироғидан кўнглим ёришиб кетади, соғинч кўз ёшларимни яшираман. Биламан, бу тийилган кўз ёшлар тунда жойнамоз устига тўкилади. Шу кунга етгунга қадар кимларни ранжитдим, бировни ноўрин дилини оғритмадимми? Ўн йил тўшакда михланиб қолиб, дардга ҳам мардонавор чидаган, сабр билан ҳаёт қийинчиликларини енга олган, умрининг сўнгги дақиқаларида ҳам Аллоҳга шукрона айтиб жони узилган падари бузрукворимни эслайман. Рўзғорнинг “ғор”ини тўлдириш учун, усти юпун бўлса-да, хўжалик идорасидаги гулаҳларни ёқиш, иссиқ ўрнидан туриб ишга келадиганларга хоналарни иситиб қўйиш илинжида қишда қор кечиб, баҳорда лойтуп­роқдан юриб, узоқ масофани писанд қилмай, қатнаб ишласа-да, ҳаётидан нолимаган, чеҳраси маҳзун сабр маликаси волидаи муҳтарамам ёдимга тушади. Билиб-билмай сизга оғир ботадиган гаплар айтган бўлсам мени кечиринглар, дейман ич-ичимдан. 103 ёшда вафот этган Қундузой бувимнинг эртаклари ҳақиқат эканлигини тушунишим учун шунча вақт керак бўлибди-я.

Бизга нима бўлди? Қай манзилни кўзлаб кетдик? Ривожланиш, тараққиёт, ахири таназзул, бу нимаси? Телевизор, интернет, инстаграм, телеграмм, фейсбук… мук тушиб телефон, компьютер қутисига ёпишиб қолган ота-она, ўғил-қиз, ҳатто бобо-бувилар кўз олдимдан ўтаверади.

Иссиқ сувимиз, совуқ сувимиз, барча шароитлар муҳайё эса-да, кунда беш бор ювиниб олишга эринмасмидик. Энди-чи, уйда ўтириб Яратганнинг инояти, марҳаматидан умидвор бўлиб турибмиз. Аммо бугун кирланган қалбларни таҳорати ҳақида ўйламаётганлар   қолмади, деб айта оламизми?

Ё Роббим, момомнинг қаноатини, волидамнинг сабрини бер, менга! Майли қирқ ямоқ бўлса-да, ҳаё либоси, ибо безагини бер қизларим, невараларимга! Ташвиш­ларни енгишда, номард пайконига ўқ бўлмаслик учун жанггоҳларда ёшлик қувончини ташлаб келган Отам матонатини бер ўғлим ва   ўғилтой невараларимга!

Карантин, сен бизга нимани ўргатдинг, нимани ўзлаштирдик, шу кунларда шулар ҳақида кўпроқ ўйлай бошладим.

Қизиқ, аслида одам деганига бу ҳаётда нима етишмайди. Арзимаган ҳо-ю ҳавас деб бир-бирларига зарда қилиш, кўнгил қолдириш нима учун ўзи? Минг кишилик, беш юз кишилик тўйлар, дабдабали тантаналар бизга керакми? Мумкин экан-ку, 30-40 кишилик тўй қилсак ҳам бўларкан-ку?

Бу синов, бу оғир кунлар сабоғи… Аммо тезроқ яна осойишта кунлар келсин, энди одамлар кўп нарсаларни тушуниб етди. Фақат бу бало-ю офат даф бўлса, унга чора топилса бас, дейман ич-ичимдан эртанги ёруғ, фараҳбахш кунлар келишига инониб.

Моҳира Шакарова,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 − 4 =