Кўзимга пуфлайсан бир ҳовуч тонгни

* * *

Бу ранглар ортида осмон бор,

Замин бор — хосларга оиддир.

Томон йўқ, айлана — олмазор,

Урф эмас ҳеч қандай қоида.

Бу ранглар ортида денгиз бор,

Соҳил йўқ.

Тўлқинлар тушлардай

Кўзингга урилар, урилар

Туйғулар — балиқчи қушлардир.

Бир йўл бор — нафасдан нафис йўл,

Айрилмас, бўлинмас турларга.

Юрсанг — гул, йиғласанг, кулсанг — гул,

Баландроқ яшайсан ҳурлардан.

Бу ранглар ортида тоғлар бор,

Қўрқув йўқ, ҳадик йўқ, ўлим йўқ.

Афсона уч бошли аждаҳо,

Одамлар афсона — зулм йўқ.

Бу ранглар ортида ҳислар бор …

У ранглар ортидан сарғариб

Яшайман хошия ичида

Оқ-қора суратлар сингари.

Бу ранглар ортида қушлар бор,

Туғилар, куйлар-у соврилар.

Бу тоғлар ортида тушлар бор –

Кўзимда тунайди қумрилар.

Бу ранглар ортида ранглар бор,

Кўнгил бор шу рангларни енгсам.

Бу ранглардан ўтсам — олмазор,

Бу ранглардан у ёғи Сенсан!

        * * *

Юмалаб юмалаб хиралашди моҳ.

Сафсаргул бандига сингиб кетди тун.

Чумчуқлар кўзида уйғонди сабоҳ.

Кун йўлга отланди

Қуёш — тилла тугун.

(Мен — Кунман)

Ҳавони тирнади турна овози.

Дарахтлар анҳорга ташлади қармоқ.

Аёл юрагининг чигилин ёзиб,

Тушларини сувга қилди оқизоқ.

(Туш — бу мен!)

Тераклар чайқалди — тасаввур тўзди,

Елкамда елкандай ўсди бол-у пар.

Қаршимда уч йўл бор,

бири биридан озғин:

Борса хатар.

(Мен қушга дўндим)

……………

Тугун ғойиб бўлди,

Туш эса ижобат.

Енгдим эртакларнинг сеҳрли кучин.

Мен кўкка ошиқман,

Мен кўкка ошиқдим —

Жоним, қовурғангнинг остига учдим.

(Ахир сен Эрксан!)

        * * *

Кўчалар гул иси билан тўлгандир,

Кўчалар қутулган изтироблардан.

Кўчаларда…

шовқин ўлгандир,

Ранглар улғаяди сокин боғларда.

Ҳадик йўқ.

Нигоҳлар этмайди таъқиб.

Одамлар оёги тинган йўлакда

Гоҳ ботартиб, гоҳо бетартиб,

Ёмғир ўйнар шаффоф кўйлакда.

Шамол — ўсмир, шамол — бетизгин,

Истаса соатлаб, кунлаб, ҳафталаб,

Йўлларда чўзилиб ётиши мумкин,

Ҳалақит бермайди энди автолар.

Гул ўсар, нур ўсар истаганича:

Ҳавода кезади турфа товушлар.

Эшитиб ўтирар мунаввар кеча

Сувларнинг ўмбалоқ ошишин.

Недир бўлмагандай,

Недир бўлгандай:

Бизлар яшаяпмиз беркиниб…

Кўчалар гул иси билан тўлгандир,

Унутган одамлар мавжудлигини.

        * * *

Кўзимга пуфлайсан бир ҳовуч тонгни,

Уйғониб кетади нопармон тушлар.

Дераза пардаси силкинар хушҳол —

Сайрашни бошлайди чизилган қушлар.

(Қара, дудоқларим яшил…)

Шошилиб варақлар ўзини тақвим,

Хонага ёйилар таниш лаҳзалар.

Алҳазар…

тақвимда бугун йўқ!

ва ортга қайтаман

(гўзал манзара).

(Қара, титроқларим яшил…)

Кўзимга киради тушлар айланиб…

Хиргойи қиласан мен севган куйни.

Уйқуга кетаман,

бироқ сезмайсан…

Столда тўзғийди настарин бўйи.

(Қара, гуноҳларим яшил…)

         * * *

Пардани туширма

Каттароқ очиб қўй деразаларни

Осмон оқиб кирсин хонага

Таъбимни тирнайди деворнинг ранги

Осмон эса мовий

Туйғудек турланиб булутлар кирсин

Қушлар халқумида оҳанглар…

Деразани ланг оч

Йўл очиб-йўл очиб денгизлар келсин

Тўлқинлар бош урсин тиззаларимга

Балиқларни сезсин бармоқларим

Деворларни унут

Тақвимларни йирт

Йиллар

Ойлар

Ҳафталар

Қизил кунларга тупур

Аралаштириб юбор кунларни

Вақт тумандек сингиб кетсин йўқликка

(Вақт — ўлимга томон йўл)

Илдизин қўпориб гуллар келсинлар

Олам илғамаган бўйларни ҳис эт

Қуёшга изн бер

Ойга изн бер

Кўнглимни ёритмас сунъий чироқлар

Хонани ҳайратлар билан тўлдир

Мен билан тўлдир

Қаттиқроқ ёп деразаларни

Пардаларни тушир севгилим.

Башорат Отажонова

Башорат Отажонова — Бувайда туманида туғилган. Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетида таҳсил олган. Aйни пайтда Aлишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети магистранти. «Биринчи китобим» рукнида «Кумуш ёғдулар» номли китоби чоп этилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 + eight =