Соғинч йўлга чиқади сендай…

* * *

Сония —

деворга михланган азоб,

Тунлар —

тилсиз қолган аҳд паймонимми?!

Беҳол юрагимни суяб, елкалаб —

Суғуриб оляпман вақтнинг жонини…

 

Қўрқувдан ранглари оқарар тонгнинг,

Кўнгил қонаб турса,

Қисмат бурса лаб.

Кейин-чи…

Наздингда ишқим ҳалолми?

Умрим ўтиб кетса сендан йўл тилаб…

 

Қоп-қора манглайдан бир дам жилолмай

Қара,

Тушларимда турибман карахт.

Тинмай алаҳсираб йўл юриб чиқар

Тириклай оёғи кўмилган дарахт…

         * * *

Зим зиё кўйлакда куйлаб чиқар тун,

Дарахтлар руҳини уйғотар доди.

Тонггача хонамда изғийди беун,

Ҳадя қилинмаган гулларнинг ёди.

 

Исминг ҳув фалакда юрибди учиб,

Камонсиз отилган ўқдай бенишон.

Абр найсонланди ҳажрингни ичиб,

Kўнгилнинг толеси бешараф, бешон.

 

Сутнинг юзидаги адашган хасдай

Умримни умрингдан ташлайди сузиб.

Аммо, миллион йилки кимни чақирсанг,

Исмим лабларингдан чиқади сизиб.

                  * * *

Кунлар осилади бўйнимга,

Дардлар —

Турфа рангда кияман.

Яшаб юрибману ичингда,

Кўзларим кўзингдан тияман.

 

Қаршингда бош эгсам малолми?

Наҳотки,

шу тахлит тураман анча?

Кўриб берақолгин қарздафтарингдан

Ҳали тўланмаган қарзларим қанча?

 

Айт,

қайси кунимни қайтарай?

Азобим азобинг кўнглин чоғларми?

Сўнгги сониянгни ишлатиб қўйсам —

Тушун,

Умрим эмас, қарзим тугайди…

         * * *

Дарахтлар баргини тўкади шошиб,

Мезонни урҳо-ур ҳайдаяпти қиш.

Қушларни олисга кузатяпман-у

Худойим, бошимда қилт этмас ташвиш.

 

Хазонли боғларда тентийман узоқ,

Ёлвораман — қалбни қоқади нидо.

Кўнглимни англашга кучим етмайди —

Ўзимни ўзимга тушунтир Худо!

 

Қандай кўргилик бу —

титрайди аксим?

Кўзингга қарамай термиламан жим.

Ниҳоят ёнингда турибман мана

Бўрон қўзғалади, соғинганим ким?!

        

         * * *

Қайдан келар бу занг қадам товуши

Нега тун зим зиё,

Нега осмон жим?

Тилин ютиб қўйиб қарайди дунё

Ойни кўтарганча чопаётган ким?

 

Бахтиёр —

Халлослаб,

Югуриб,

Шошиб —

Самонинг кўксига ботган пошнаси.

Бўйнида юлдузлар шода ва шода,

Таъқиб этаётир ишқ даричаси.

 

Шамғалат қилганча зулмат кўзини,

Адашиб юрибди ой

Ва сўқир ҳис.

Билмадим, билмадим дайдир теграмда —

Исми Садоқат деб аталмаган қиз…

 

Ўзини ишқ қурган дорларга осар —

Гуноҳсиз,

узилган жони титрайди.

О, кўзлари очиқ тупроқда ётар

Бевақт бўғизланган ҳислар тўзони…

         * * *

Tонггача тош бўлдим.

Oнa…

Toш…

Oрзулар — сочлари оппоқ ғам.

Қаҳратон ўстирган гул каби,

Бедилман — унутган дийдам нам.

 

Мен тош бўлдим.

Oнa.

Сўзсиз — тош…

Сўроғи кўксига қадалган.

Aрмони тупроққа ёнбошлаб

Тушлари тоғларга қамалган.

 

Axир мен тош бўлдим.

Oнa.

Тoш…

O, бардошим қандай товушда?

Соғинч йўлга чиқади. Сендай —

Toвонлари йиртиқ ковушда.

 

Муяссар Иброҳимова

Муяссар Иброҳимова   — 1994 йили Олтинсой туманида туғилган. ЎзМУнинг журналистика факультетини тамомлаган. Шеърлари Республика вақтли нашрларида чоп этилган. Ёшлар ўртасидаги Адабиёт анжуманлари иштирокчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve + 3 =