Маҳорат эгалари бор бўлсин!

Уч йил аввал Инновацион ривожланиш вазирлигининг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бошлиғи вазифасига та­йинландим. Бу менинг давлат идорасининг ахборот хизматидаги биринчи тажрибам эди.

Мен шу пайтгача ОАВ ва ахборот хизматлари ўртасидаги “баррикада”нинг бу томонида ишлагандим. Яъни, менга ОАВ бир томон, вазирликлар иккинчи бир тараф бўлиб туюларди-да. Бирор мавзуда мақола тайёрлаш керак бўлса, идораларнинг матбуот ко­тибларига мурожаат қилардик, улардан аксари ҳолларда “Ёзма мурожаат қилинг, тегишли тартибда жавоб берилади” деганга ўхшаш ўта расмий жавоб олишимиз табиий ҳол эди. Жавоб бўлганда ҳам кўп куттириларди. Унда ҳам йўллаган саволимизга жавоблар бирор қонун, қарор, фармондан сўзма-сўз кўчирилган матндан иборат бўларди. Ахир бу қарорни ўзимиз ҳам тегишли манбадан кўчириб олишимиз мумкинлигини наҳотки улар билишмаса?

Бизга мутахассис жавоби кераклигини наҳот анг­лашмаса, деган туганмас саволлар билан ҳафсаламиз пир бўлиб ўтираверардик. Бу, албатта, матбуот котибларининг уқувсиз, ишёқмас эканлигидан эмас, балки умуман олганда ОАВнинг ва давлат ташкилотларининг ёпиқлигидан келиб чиққан ҳолат эди. Ахир уч-тўрт йил аввал халқимиз на бирор вазирни, на бирор ҳокимни “танирди”. Ҳатто, журналист бўлиб туриб ўзимиз ҳам вазирлар, уларнинг ўринбосарлари, ҳокимлар, агентликлар директорлари билан учрашишимиз амри маҳол эди. Пресс-конференция ва брифинг деган нарсалар хориждагина бўладиган ажойиб тадбирлардек туюларди. Пресс-тур каби замонавий ахборот алмашинув тадбирларини эса юртимизда, асосан, халқаро ташкилотлар ўтказарди…

Бугун Инновацион ривожланиш вазирлигининг ахборот хизмати инноваторлар, ихтирочилар, стартапчилар, тадқиқотчилар, олимларнинг амалга ошираётган ишларини халққа намоён этишга ҳаракат қилмоқда. Улар хоҳ пойтахтда, хоҳ хорижда, хоҳ вилоятларимизда бўлсин, халқимиз ичидан чиққан   ақл машъалларидир. Ахборот хизматидаги фао­лиятим давомида мен учратган салбий ҳолатлардан бири бу ижтимоий тармоқларда айрим кимсаларнинг ютуқларимизга ишончсизлик, таъбир жоиз бўлса, ичиқоралик билан қараш ҳолатларидир.

Шунда, Грузия ва Арманистонда машҳур уста сартарош ёки этикдўзни “касбининг академиги бу!” деб таништиришлари-ю ўзимизда академикни сўрашcа, “эй, қанақа академик, оддий муаллим” деб ерга урилиши ҳақидаги латифа ёдимга тушади. Стэнфорд университетининг биринчи ўзбек олимаси десак, “у профессор эмас экан”, “Ўзбекистонда коронавирусга қарши дори препарати яратилди”, дейилса, “ҳеч кимда йўқ дорини бизни олимлар қаердан ишлаб чиқара қолишибди”, “COVID-19 вирусини аниқловчи тест тизими фойдаланишга тайёр” дейилса, “бўлиши мумкинмас”, ўпкани сунъий шамоллатиш аппарати ишлаб чиқарадиган завод қурилаяпти деган хабарга   яна ишончсизлигу, яна шубҳалар, айрим ҳолларда ҳақоратлаш-у, бемаза гаплар…

Шубҳасиз, бундай бетайин луқмаларни ҳақиқий профессионал журналистлар айтмайди. Ўзини турфа номда атаб, ижтимоий тармоқларда ҳар хил чучмал сўзларни кўпайтирувчиларнинг ОАВларга алоқаси йўқ деб ўйлайман.

Ўз сўзи, фикри уйғоқ бўлган барча ҳамкасбларимизга бугунги байрам муборак бўлсин!

Назокат Абдуқундузова,

Инновацион ривожланиш вазирлиги

Матбуот котиби.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 1 =