Қудратли ва таъсирчан восита

Журналистика бошқа кўп соҳалар каби заҳматли меҳнатни талаб этади. Бу заҳмат бир умр давом этади, адоғи кўринмайди, меваси кеч пишади, аммо узоқ йиллар муттасил ҳосил беради. Бунинг учун бутун ҳаётинг, истеъдодинг, орттирган тажрибангни қоғоз-қалам ихтиёрига беришинг зарур. Ўқишдан, ўрганишдан, қаламни чархлашдан, ўзингни ўзинг таҳрир қилишдан, ўзингга нисбатан танқидий муносабатда бўлишдан чарчамаслигинг керак.

Замон ўзгаргани сари матбуот олдида янги-янги вазифалар пайдо бўлаверади. Газетхон аталмиш ҳар янги авлод сендан рост сўзни, воқеа-ҳодисаларнинг рост талқинини, янги дунё, янги жамиятнинг янги қиёфаси, мақсад-муддосига доир шарҳларни кутади. Бирор муаммога кўз юммоқчи ёки уни айланиб ўтмоқчи бўлсанг, “Фалончи нега жим?” дейди. Тўғри айтади. Сенда бошқаларни такрорламайдиган талқин усули, бадиий ифода маҳорати, ҳаётий реалликни холис назар билан кўрадиган “сўз”, айтишинг зарур бўлган фикрни чалажон қилмай айтишга журъат бўлиши керак. Буларсиз ёзганларингга наинки газетхонни, ўзингни ҳам ишонтира олмайсан.

Шўролар замонида матбуотнинг ҳар айтган сўзи, ҳар билдирган фикри, ҳаттоки рамзий ишораси ҳам ҳақиқатга менгзаларди. Газетада чиқдими, бас, бошқача фикрга ўрин қолмасди.

Бугунги матбуот, не бахтки, бундай “қози”ликдан, оқлаш, қоралаш, одамлар тақдирини ҳал этиш функциясидан халос бўлди. Энди у жамоатчиликнинг эркин минбари. Энди унда бошқалар ҳам ўз фикрини билдириши, баҳсга киришиши, хатоларингни кўрсатиши, жоиз таклифларини баён қилиши   мумкин. Матбуотнинг бугунги танқидий сўзи, аввалгидек, одамларнинг тақдирини у ёки бу томонга ҳал қиладиган жазо қуроли эмас, энди у сизга, менга – ҳаммамизга ёрдам берадиган кўмакдош. Истиқлол матбуотининг шўролар замони матбуотидан фарқи шунда.

Газета-журналларнинг ҳар бир сони меҳнат жамоасининг, жонкуяр муаллифлар, зийрак ўқувчиларнинг заҳматли меҳнати, фикр-мулоҳазалари, ҳар бир сўз, ҳар бир ибора устида соатлаб изланишлари эвазига тайёрланади. Чинакам журналист ҳеч қачон ўз ишидан қаноат ҳосил қилмайди. Кеча, ўтган куни ёзгани бугун ўзига ҳам ёқмай қолади. Янада яхши, янада пухта ва таъсирчан ёзишга интилади. Янги фикр­лар, янги муаллифлар қидиради, қаерда бир нима “йилт” этса, шунга эътибор беради. Нашрнинг айни шу сонига керак бўлган муҳим гапни гоҳ таниқли, машҳур олим, зукко тадқиқотчи, гоҳ эса номи ҳали ҳеч кимга таниш бўмаган ёш ҳаваскор ҳам айтиши мумкин. Баъзан катта олимлар, тажрибали мутахассислар назаридан қочган нарсаларга оддий   талаба, олис қишлоқда яшайдиган газетхон эътибор бериши мумкин.

Одамлар манфаатини ҳимоя қиламан, адолат ҳукмрон бўлишига ҳисса қўшаман деб катта майдонга чиққан қанчадан-қанча касбдошларимиз ҳузур-ҳаловатдан воз кечиб, гоҳо тақдирларини хавф остига қўйиб ҳам ижод қилишган. Собиқ тузумнинг тақиқларига қарамай кучли бюрократияга, чуқур илдизли коррупцияга, қўшиб ёзишга, кўзбўямачиликка қарши кураш бошлашган. Заҳматли меҳнатлари билан эл-юртда обрў-эътибор қозонишган. Давлатимиз раҳбари шу боисдан ҳам журналистлар меҳнатини юксак қадрлаб келмоқдалар.

1914 йилда “Садои Фарғона” газетасининг илк сонида чоп этилган мақолада “Матбуот бутун дунёдаги маданий миллатларнинг ҳаёт йўллари, оламдаги даражалари ва инсоният тараққиётининг чўққиси учун лозим бўлган саъй-ҳаракатлар тўғрисида маслаҳатлашмоқ ва кенгашмоқ учун зарур бир воситадир” деган сўзларни ўқиймиз. Журналистлар зиммасига мана шундай муҳим, қудратли ва таъсирчан воситани яратиш масъулияти юкланадики, бундан биз ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Аҳмаджон Мелибоев,

“Жаҳон адабиёти” журнали Бош муҳаррири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × one =