Тақвимдаги ва ёнимиздаги байрамлар

Ёнимизда, қалбимизда, юртимизда байрамларнинг борлиги қандай яхши. Биз байрамлар сабаб тақвимлардаги ва ҳаётимиздаги ярқираган саналарни яхши кўрамиз. Ўша биз қадрлаган саналардан бири – 27 июнь Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни саналади.

Қаламнинг учидан тўкилган майда-майда сўзлардан тартибланган мақола-ю репортажлар ортидан рўзғор тебратиш ҳаммага эмас. Зеро, бунинг орқасида жасур сўз, ҳамма вақт ўзимиз билан бирга юрган виждонимиз ҳамда умидвор ишончларимиз туради. Бугун шу касб эгалари байрамидан ўзим ҳам хурсанд бўлар эканман, ҳаётнинг энг оппоқ томонини, турмушнинг парда ортидаги осойишталикларини кўришни истайман.

Бугунги кунда Ўзбекистондаги сўз эркинлиги, ахборот алмашинуви, жамиятнинг атрофдаги воқеа-ҳодисаларга ўз фикри ва қараши шаклланиб бораётганлиги хорижий давлатлар вакиллари томонидан қайд этилаётганининг бир қанча омиллари бор.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг шахсий ташаббуси билан аксарият соҳалар, хусусан, оммавий ахборот воситалари фаолиятида ҳам эътирофга лойиқ қатор янгиликлар жорий этилганини олсак,   биргина “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори айни йўналишди катта бурилиш ясади, десак тўғри бўлади.

Мазкур ҳужжат билан нафақат журналистика, балки давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ОАВ билан ҳамкорлик ва аҳолини хабардор қилиш соҳасидаги фаолияти янги, янада самаралироқ поғонага чиқди. Давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари, матбуот марказлари, жамоатчилик билан алоқалар бўйича хизматларининг   асосий вазифалари аниқ белгилаб олинди. Мазкур соҳа раҳбарларининг мақоми ва нуфузи оширилди. Айтиш жоизки, иш тартиби ўзгариши меҳнатдан қониқиш ҳиссини пайдо қилди.

Бундан ташқари, ахборот сиёсати соҳасидаги вазифаларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Админис­трацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан амалий ҳамкорлик йўлга қўйилди. Натижада журналистлар билан изчил ҳамкорлик, тезкор маълумотлар тарқатиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилишда кенг аҳоли қатламларининг иштирокини таъминлаш борасидаги ишлар тўлиқ йўлга қўйилиб, ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Шу орқали медиа маконда нохолис ва нотўғри маълумотлар тарқалиши ҳолатлари ўз вақтида бартараф этиляпти.

Имкониятдан фойдаланиб, давлат, жамият ҳамда замоннинг ўзи олдимизга қўяётган ўта муҳим ва масъулиятли вазифаларни амалга оширишда барча оммавий ахборот воситалари вакиллари, ахборот сиёсати соҳасида иш юритаётган ҳамкасбларимизга сиҳат-саломатлик, куч-ғайрат ҳамда улкан зафарлар тилайман.

Ҳаёт Шамсиддинов,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Матбуот котиби.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 − twelve =