“Ёшлар овози” ва “Молодежь узбекистана” газеталари нега чоп этилмаяпти?

Юртимиз аҳолисининг асосий қисмини ёшлар ташкил қилади. Миллионлаб ёшларнинг марказий нашри бўлган “Ёшлар овози” газетаси бир пайт­лар “Ёш ленинчи” номи билан қарийб 1 000 000 га яқин нусхада чоп этилган. Ушбу нашр мус­тақиллик йилларида “Туркистон” деб номланди, шунда ҳам 20 000 дан кам ададда чоп этилмаган. Кейинчалик газета номи яна ўзгартирилиб,   “Ёшлар овози” га айланди.

Шубҳасиз, ушбу нашр ўзига хос тарихи, катта тажриба йўли ва чинаккам муштарийларига эгадир. Аммо… жорий йилга келиб “Ёшлар овози” ва “Молодежь Узбе­кистана” газеталари чоп этилмай турибди.

Хўш, нима учун? Ўзбекистон ёшларининг минбари ҳисобланган ушбу нашрларнинг эртанги келажаги, тақдири хусусида биз Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни олдидан ана шу нашрларнинг бош муҳаррири Фахриддин Каримов билан суҳбатлашдик.

— Юртимиз ёшларининг минбари бўлган “Ёшлар овози” ва “Молодежь Узбекистана” газеталари муассисимиз кўрсатмасига кўра вақтинча чоп этилмаётганидан зиёлилар жамоаси, кўп минг сонли ёшларимиз астойдил бе­зов­та бўлаётгани тўғри. Айни пайтда давлат раҳбариятининг топшириғи билан ёшлар нашрлари, ёшлар теле ва радиоканаллари ва ёшлар нашриёти негизида “Ёшлар медиа холдинги”ни ташкил этиш чоралари кўриляпти. Бу жараён пандемия шароити туфайли бироз чўзилди. Яқин кунларда насиб этса, “Ёшлар овози” ва “Молодежь Узбе­кистана” газеталари, “Ёш куч” ва “Дугоналар” каби навқирон авлоднинг севимли нашрлари янги форматда, замонавий дизайн ва ранг­ли-безакли шаклда муштарийлар қўлига етиб боради.

Ўзига хос тарихга эга бўлган бу нашрларни ҳам қоғоз вариантда, ҳам электрон кўринишда бугунги талаблар даражасида чоп этиш бўйича ташкилий ишлар ҳам авжида.

 — Журналистлик касбининг сиз илғаган муҳим хусусиятлари нимада кўринади?

— Оммавий ахборот воситаларида, дейлик радиода нима тақдим этилса, шуни тинглайсиз. Телевидениеда ҳам муайян кўрсатувни томоша қиласиз. Бироқ, муштарий ўзи истаган вақтда хоҳлаган нарсасини танлаб ўқиши мумкин бўлган восита — бу фақат босма нашрлар ҳи­собланади.

Ҳозирги шароитда ижтимоий талабга кўра оммавий ахборот воситалари фақат “ахборот узатиш” тамойилидан воз кечиб, секин-аста “ахборот алмашиш” принципига ўтиб боряпти. Бу борада интернетнинг имкониятлари кенг, албатта. Аммо ҳозир интернет имкониятлари ҳақида узоқ тўхталмоқчи эмасман, бироқ бугун журналистларнинг интернетдан оддий фуқаролар каби истеъмолчи сифатида фойдаланаётгани ачинарлидир. Айнан шу жиҳат журналистиканинг, оммавий ахборот воситаларининг интернет соясида қолиб кетишига йўл қўйиш катта хато бўлади. Негаки, ҳар қандай электрон матбуот даврий нашрларнинг ўрнини босолмайди.

— Барибир, бугун босма нашрлар келажаги хусусида турли қарашлар мавжуд. Сизнингча газета-журналларнинг эртаси қандай кечади?

— Босма нашрларнинг эртаси ҳақида турли қарашлар бўлиши табиий, албатта. Чунки уларга муносабатнинг ўзи турлича. Бироқ газета-журналларнинг келажаги қандай бўлиши фақат журналистнинг имкони ёки ихтиёридаги нарса эмас, назаримда. Айтайлик, бирон юкни бир жойдан иккинчи манзилга олиб бориш учун дастлаб аравалардан фойдаланилган. Кейинчалик катта ҳажмдаги юкларни исталган масофага тез етказиб берадиган машиналар пайдо бўлди. Бир қарашда энди араваларга эҳтиёж қолмагандек эди. Бироқ ундай бўлиб чиқмади. Инсониятнинг илк ихтиролари сифатида қайд этилган аравалар ҳам ҳануз истеъмолда. Чунки, улар йўл танламайди, ортиқча сарф-харажат талаб қилмайди, алоҳида тайёргарлик кўриш ҳам шарт эмас.

Худди шунинг сингари интернет тақдим этган имкониятлар қуршовида қолаётган айрим дунёбехабарлар босма нашрларга зарурат қолмаганини башорат қилишга ошиқишмоқда.

Шуниси маълумки, янгилик, ахборот, маълумот, қиёсий ёндашув ва таҳлилга асосланган босма нашрларга доим эҳтиёж бўлади, албатта. Давлат сиёсатини тўғри ва ишончли ўзанидан оғишмаслигини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам, жамиятда соғлом ижтимоий муносабатлар барқарорлигини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам бу жуда зарур.

Бугун оммалашган ижтимоий тармоқлар бир лаҳзада мислсиз ғалаёнларни, оқибатини олдиндан кўриб бўлмайдиган низоларни келтириб чиқариши мумкин. Бироқ уларга ҳеч қачон барҳам бера олмайди. Масалан, биз ижтимоий тармоқ орқали қандайдир офат — тош­қин ёки бўронми, бошқа хавф-хатарми, яқинлашиб келаётганидан тезкор хабар топишимиз мумкин. Лекин бу биз омон қолдик, дегани эмас. Босма нашрларнинг мунтазам муто­лааси эса кишига нафақат ахборот, балки юксак билим, мушоҳада қилиш имкониятини ҳам беради. Газета ўқийдиган одам қандайдир хабардан, борингки, фавқулодда ҳолатдан тезкор огоҳ бўлмаслиги мумкин, аммо керак бўлса, у ҳар қандай фавқулодда вазиятларда ҳам қандай омон қолишни билади. Хабардор бўла туриб талафот кўргандан, билимли бўлиб омон қолган афзал, ҳарҳолда.

— Бугун касб байрамимиз, жойларда ўтган йиллардагидек кенг нишонланмаётган бўлса, бунга шубҳасиз, ҳозирги вазият — коронавирус панде­мияси сабаб. Шу кунларда сизнинг кўнг­лингиздан нималар кечаяпти?

— Бир йилда бир марта бўлса ҳам, асосий эътиборда бўламиз. Бу ҳам катта гап. Аввало, барча ҳамкасбларимни муборакбод этаман. Юртимиз, элимиз тезроқ бу вирус балосидан қутулиб, эркин ҳаёт қучоғига қайтишига тилакдошман. Байрамларимизни яна хушчақчақ давраларда, кўнгил хотиржамлигида нишонлаш барчамизга насиб этсин.

“Hurriyat” мухбири

Юсуф Жўраев ёзиб олди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty − eighteen =