Шап-шап деявермай…

Чиройли сўзлашни яхши кўрамиз. Биз гапирганда одамлар оғзини очиб қолса экан, деймиз. Бунинг учун ҳеч ким йўғида ойнага қараб машқ қиламиз, айтиладиган гапларни ёзиб олиб, уни ўзимизга ўзимиз ўқийдиган вақтларимиз ҳам бўлади. Баъзи депутатлар эса шуниям уддалаёлмай, телевизорда “чиқиш” қиладиган бўлса, камера ёнида биров тутиб турган қоғоздаги тайёр матнни тутила-тутила ўқиб беришади. Аммо бу узундан-узоқ, жингала-жингала жумлалардан бирон маъно англаш маҳол, экранга қараб туриб: “ҳой, инсон, сал одамга ўхшаб гапирсанг бўлмайдими?” деворгинг келади. Чунки ёзма материал бошқа, одамнинг жонли сўзи бошқа. Афсуски, депутат зоти эшитмайди, унинг иши — гапириш ва уқтириш!

Ҳалиям она тилимизнинг жонига тўзим берсин. Халқ осон, равон сўзлайди, бурама гажак ифодаларни лўнда, жайдари қилиб ифодалайди. Масалан, “Алишер Навоий номидаги Ўзбекис­тон Миллий кутубхонаси” деб чўзғилаб ўтирмай, одмигина қилиб “Навоий кутубхонаси” деб атайди. “Кам таъминланган оила” деб чайналмай, “муҳтож оила”, дейди-қўяди.

Аммо тилчиларга қолса, Лутфий кўчасини Лутфий номидаги кўча, Муқимий театрини Муқимий номидаги мусиқали драма театри, Миллий театримизни эса Ўзбек миллий академик драма театри деб “илмий тўғри” аташни талаб қилишади. Ахир, шап-шап дегунча, шафтоли деган яхши-да барибир.

Қирқ йилча аввал Тошкентда қурилган кино-концерт залига “Халқлар дўстлиги” деган ном берилди. Ўзи, “Кино-концерт зали” дегани залнинг номи эди. Яна янги ном қўшилиб, у “Халқлар дўстлиги” кино-концерт зали” деган болохонадор иборага айланди. Аслида-ку, бу залнинг болохонаси йўқ эди, аммо номи билан қўштирноғигача қўшқават бўпкетти!

Кўп ўтмай, буям кам кўринди. У янада сиёсийлашиб, “Владимир Ильич Ленин номидаги “Халқлар дўстлиги” кино-концерт зали” деб атала бошлади. Буям ёмонмас, аммо айтиб бўлгунингизча нафас етмай қолгани чатоқ эди. Сўнг Ленин ўчирилди, бир муддат халқлар дўстлиги деган нарса ҳам сал нарига кўчирилди. Бу бино жойлашган Халқлар дўстлиги кўчаси Бунёдкор кўчаси деб, метронинг шу номдаги станцияси ҳам 2008 йилдан бошлаб Бунёдкор дея қайта номланди. Мундай олганда, Бунёдкор – ихчам, қулай ном. Аммо… “Бунёдкор”нинг асл маъноси — яратувчи дегани.

“Бунёдкор” деган сўз тилимизда бор-ку, дейсизми? Ундай эмас. Бу ифода бизга атеизм авж олган йилларда кириб келган. Руслар ҳам “Созидатель” деб худони айтади. Бироқ шундоқ мутакаббир ўрис атеистлари ҳам бино ё футбол командасини “Созидатель” (Бунёдкор) деб аташган эмасди. Қолаверса, “бунёд” деган сўз ҳам, унга қўшилган “кор” суффикси ҳам ўзбекча эмас, тожик тилидан олинган. Тожиклар эса “Бунёдкор” деганда худони тушунади. Бизда эса “Бунёдкор” футбол жамоаси, стадион, кўча, майдон ва ҳоказолар сероб, чунки сўзнинг маъноси билан ишимиз йўқ. Бунақа ғишавани бошоғриқ деб биламиз, “ке, қўй, аталди-бўлди-да”, деймиз.

Собиқ иттифоқ замонида ўқитувчи-пошшо К.У. Черненконинг раъйига қараб, ҳамма ўрганган Маориф вазирлигини “Халқ таълими вазирлиги” деб қайта номлаган эдик. Маориф (просвешение)нинг нимаси ёқмадийкин у раҳбарга, биров билмайди. Оқибат, бир сўз ўрнига икки сўз майдонга келди. Буям майли. Улуғ оғаларимизга ортиқ таважжуҳ кўрсатадиган бир эл эканмизки, Россиянинг ўзида “народное образование”дан аллақачон воз кечишган, вазирлигиям қачонлардан бери яна “Министерство просвешение” (Мао­риф вазирлиги) деб аталаётган бўлса-да, биз аҳдига содиқлар ҳамон “Халқ таълими вазирлиги” эшигидан кириб-чиқяпмиз.

Тунов куни бир ошнамдан манзилини сўрадим. “Туяҳаммом маҳала фуқаролар йиғини”да тураман, дейди. Ҳой, сен ўша маҳаллада турасанми ё маҳалланинг фуқаролар йиғинидами, десам, нима фарқи бор, деб анграяди. Ахир, йиғин-йиғилиш, мажлис, дегани-ку? Наҳотки одам… йиғинда яшаса? Қаранг, шунақа ифодаларга ўрганиб ҳам қоларкан-да киши. Тавба, маҳалла – ўзбекники, дунёнинг биздан бошқа ҳеч қаерида маҳалла деган нарса йўқ. Аммо маҳалла идорасини руслар “Сход граждан махалли” дейишгач, дарров сўзма-сўз таржима қилиб, “Маҳалла фуқаролар йиғини” дедик-қўйдик-да!

Шундай ҳолларни кўра-кўра, ўзим ҳам ажабтовур қилиб сўзлашга ишқивоз бўлиб қолдим. Э, бунинг гашти бир бошқача бўларкан! Пен­сияга чиқволиб, дала ҳовлига тўрт-беш дарахт экиб кўкартирдим. Ана энди кимдир, пенсионерлигимдан бехабар, нима иш қиласиз, деб сўраса, “боғбончилик бўйича боғбонман”, дейдиган бўлдим. Анграйиб қолади. У нимаси, деб сўраса, эътирозингизни Олий аттестация комиссиясига бориб айтинг, деб оғзига ураман. Нимагаки, ёшлигимда филология фанлари номзоди эдим. Ҳозир номзодлик деган гапнинг номзоди ўтмайди. “Филология фанлари бўйича фалсафа доктори” деб айтиш керак, қайтимига бонус қилиб, инглизча “PhD” деб қўшиб қўйсангиз, илмингизнинг “замонавий” эмаслиги билинмай ҳам кетади. Йўқ, ўзингиз аввал бир қаранг, “Биология фанлари бўйича фалсафа доктори” + “PhD”! Қандоқ чиройли янграйди! Ҳаммаёқ жаранг-журунг бўпкетади. Ё тавба, валоқуввата!

Социология фанлари бўйича… фалсафа доктори, физика-математика фанлари бўйича… фалсафа доктори, боринг ана, чорвачилик фанлари бўйича ҳам… фалсафа доктори. Яна ҳаммасининг думига “PhD” деган ходани ҳам улаш керак. Боғбончилик бўйича боғбон дегани ундан чандон жўн-ку. Ўзи-ку, бизда мундай бир тузукроқ файласуф йўқ, аммо ҳаммаёқни фалсафа доктори босиб кетганини қаранг.

Кесатиғу киноя, пичингу учириқларни қўйиб туриб, жиддий айтадиган бўлсак, ўриснинг атамаларидан воз кечишга кечяпмиз-да, ўша оннинг ўзида американизмга танда қўйяпмиз. Бунинг нима каромати бор экан, бизга аён эмас. Лекин футбол шарҳловчилари “дарвозабон”дан воз кечиб, “голкипер”, ҳужумчини – “форвард”, ён ҳакамни – “лайнсмен”, қўшни жамоалар беллашувини “дерби” деб атай бошлашади? Ким уларга она тилимизни бузишга ҳуқуқ берган?

Яна бир атаманинг чайналишига эътибор беринг. Мен кўп йиллар кутубхонада ишлаганман. Кутубхона – табаррук маскан. Бу сўзнинг ўзи ҳам қандоқ ярашиқли! Шунинг учун барча юртларда кутубхона ўша тилдаги номда сақлаб қолинган. Бизда эса нима учундир, шундай гўзал сўздан воз кечиб, “ахборот-ресурс маркази” деган аллатовур атамага ўтилди. Яна денг, буниси ҳам сертармоқ: туману шаҳарлардаги, мактаб ва бошқа муассасалардагисининг номи АРМ (ахборот-ресурс маркази), вилоят марказидагилари эса АКМ (ахборот-кутубхона маркази) деб аталар эмиш. Хўш, бирон шаҳардаги АРМ унча-мунча вилоят АКМидан кўламлироқ бўлса-чи? Барибир, “АРМ” бўлиб атала берадими? Мантиқ қани? Бунинг устига, кутубхоначи дейиш ҳам хато эмиш, “ахборот-ресурс маркази мутахассиси” деб айтиш керак экан энди. “Подумаешь!” деворгинг келади!

Яхши биласиз, чорак асрча аввал Ўзбекис­тонда мактаб ва бошқа ўқув юртларида “рейтинг системаси” деган бир янгилик жорий қилинган эди. У билим беришда эмас, билимни баҳолашда қўлланадиган мураккаб бир тизим эди. Муаллим дарсга калькулятор кўтариб кириб, бухгалтерия билан шуғулланишга мажбур бўларди. Рейтинг балоси узоқ ҳукм суриб, энди бартараф бўлди. Унгача миллионлаб боланинг, неча ўн минглаб ўқитувчининг бошини қотирди, умрларининг энг қимматли вақтини ўғирлади. “Рейтинг” асосида баҳолашга ўтиб, нима ютдик – ким айтади?

Демак, ҳар қандай янгилик (жумладан, аввалдан бор нарсаларнинг номини ўзгартириш) тараққиётга олиб келавермас экан. Ҳар қандай ажабтовур нарсани, агар жудаям жозибали кўринса, кичикроқ бир кўламда синовдан ўтказиб, кейин жорий қилиш керакка ўхшайди.

Масалан, айрим ташкилотларнинг номланиши шу қадар узунки, бошлаб охирига етгунча одамнинг нафаси қайтиб кетади. Ҳатто одамга “тез айтиш” ҳам бундан осонроқдек туйилиши мумкин. Дейлик, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентлик­ларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди деган ташкилотни, Матбуотни қўллаб-қувватлаш фонди ёки Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергетикада назорат инспекцияси (“Ўзэнергоинс­пекция”)ни Энергетик назорати, Ўзбекистон Рес­публикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондини ҳам анча ихчамлаштириш, оддийроқ, халқчилроқ номлаш қийинми?

Агар бундай ичакдек чўзилувчи узундан-узоқ аталадиган ташкилот, корхоналарни санайверсак, саноғимиз етмаса керак…

Яна бир “ХТМФМТ ва ТЭБ” деб аталадиган жумбоқ бор – уни жўнроқ талқин қилиб берадиган одамга “маориф вазирлиги алоҳида мукофот ваъда қилибди”, деб эшитдик.

Демак, лоақал, биз сўз юритаётган масаладаги ўзига хосликни олиб қаранг. Ҳар қандай нарса – ҳатто у хато бўлса ҳам, тилга кирдими, тамом, бу онгга ҳам кирди дегани, кейин уни омбур билан ҳам тортиб чиқариб бўлмайди.

Бой, оҳорли ва образли ўзбек тилини бетайин, мантиқсиз ифодалардан сақлаш, бунинг учун жон куйдириш бугунги кунда ниҳоятда долзарб. Чунки улар танага суқилган чаён нишидай – она тилимизнинг баданини илвиратиб қонига ўтади ва жонига қасд қилади.

Зуҳриддин Исомиддинов.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine + fourteen =