Ер билан осмоннинг фарқи…

Қишлоқда туғилиш ҳам бахт.  Аммо…

Очиғи, яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган Чироқчидаги мактаб ҳолатини кўриб юрагим эзилди. “Айби қишлоқда туғилганлиги” бўлган болаларга ачиндим.

Лекин шундай ҳикматнома гап ҳам бор. “Рим ҳам бир йилда қурилмаган”. Айтмоқчиманки, бугун айрим қишлоқларда бунёд этилаётган мактаб, боғча ёки бошқа маданият ўчоқларини кўриб, очиғи қойил қоласан. Бироқ, айрим қишлоқларда шарт-шароит ҳамон муаммолигича қолмоқда. Шундай жойларда яшайдиган одамларнинг фарзандлари Президентимиз таъбири билан айтганда, эртага ёки узоқ келажакда эмас, бугун яхши яшашни, барча шароитларга эга мактабларда таълим олишни исташи табиий ҳол. Чунки уларнинг  ҳаммаси ҳам ижод мактабларига бориб ўқий олмайди, Президент мактабларига киришга имкони йўқ. Ойига “фалон миллион” сўм тўлаб ўқитиладиган хусусий мактабларни эса орзу ҳам қила олмайди.

АОКАда бўлган бир йиғилишда: “Айрим қишлоқ мактабларида аҳвол ачинарли.  Биз бу ерда чет элдан ўқитувчилар олиб келинишини муҳокама қилишимиз қай даражада тўғри?” — деган саволимизга Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов: “Иккала ислоҳот баравар олиб борилади. Иккаласига алоҳида бюджетдан маблағ ажратилган. Бунда қишлоқ мактаблари эътибордан четда қолмайди. Барчаси босқичма-босқич жиҳозланади, таъмирланади…”, — деганди.

Ўзим Хатирчи туманиданман. Тан оламан, бизда ҳам истеъмол суви у ёқда турсин, ҳатто қўл ювишга ҳам шароити йўқ мактаблар бор…

Қачон қишлоқ мактабларига ҳам эътибор берамиз, ахир, туманлардаги қоракўзлар ҳам яхши шароитда таълим олишга ҳақли-ку! Давлат бюджетидан улар ҳам шаҳар болалари сингари фойдаланишга ҳақли эмасми? Ахир уларнинг ҳам жажжи юраги шу Ватан учун  уряпти…

Кўпгина қишлоқлардаги таълим ўчоқлари билан, шаҳардаги мактаблардаги шарт-шароит, имконият ўртасида ер билан осмонча фарқ бор.

Ҳа, тўғри, юқорида айтганимиздек, юртимизда жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз мактаб таълими, умуман, маориф соҳасини ислоҳ қилиш бўйича жуда катта вазифаларни белгилаб берди.

Ўқитувчилар — болаларга таълим-тарбия бергувчи зотлар ойлик маошларини 1000$ етказишимиз керак деб куйинаётганларини ҳамма кўриб, ҳис қилиб турибди. Сўнгги йиллардагидан кўра ўқитувчи нуфузи анча ошди, маошлари ҳам “чидаса бўладиган” миқдорга олиб келинди.

Энди таълим соҳасида юртимизнинг энг чекка ҳудудларидаги мактабларга янада эътибор кучайтирилса, интернет тармоқлари ҳам йўлга қўйилса, юз минглаб қоракўзлар — Ватанимиз эртаси бўлган қишлоқ болаларининг билим олиш даражаси кескин ўзгарган бўларди. Бундан эса фақат шу қишлоқ болаларининггина эмас, ҳаммамизнинг жоиз бўлса, Ватанимизнинг бўйи янада ўсажак!

 Дилобар Аслиддин қизи

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × three =