Шаҳар ҳокимининг ўрнига ҳисобчи жавоб беради…

Куни кеча таҳририятимизга Фарғона шаҳар ҳокимлигидан №5191-07-22 рақамли хат келди. Бизни ажаблантиргани, хафа қилгани шундаки, шаҳар ҳокими Ҳамид Ҳабибидинов оммавий ахборот воситалари аҳоли ва ҳокимиятлар ўртасидаги алоқаларни ўрнатиш ва мустаҳкамлашда муҳим кўприк вазифасини ўтаётганини унутиб қўйган кўринади.

Албатта, турли жабҳаларда олиб борилаётган янги­ликлар ва ҳаётбахш қарорларнинг ҳаққоний ва холис етказилишида газеталарнинг ўрни беқиёс. Ҳар қандай жамиятда раҳбарнинг маданиятлилик даражаси, ақл-заковати ва жа­моада тутган ўрни унинг билим даражаси билан белгиланади. Фарғона шаҳар ҳокими ўзини анча “баланд” тутадиганлардан экан шекилли, таҳририятимиз томонидан йўлланган хатга жавобни ҳокимлик бош ҳисобчиси С.Исамитдинова йўллабди.

Энг қизиғи, хатда на мантиқ,  на бир жўяли фикр бор. Наҳотки Фарғонадек ўз нуфузига эга шаҳарнинг ҳокими номига юборилган хатларга унинг ҳисобчиси жавоб қайтарса? Қани бу ерда мантиқ? Шундан кўринадики, ҳисобчи эҳтимол, шаҳар ҳокими ҳам ўзларининг ваколатига нималар киришини билмас. Янглишмасак, бош ҳисобчи вазифаси ҳокимлик ишчи-ходимларининг иш ҳақини ҳисоблаш, бухгалтерия ҳисоб-китобларини олиб боришдан иборат. Қолаверса, биз хатни Фарғона шаҳар ҳокими номига ёзган эдик, аммо Ҳ.Ҳабибидинов республика матбуот нашрларига панжа орасидан қараб, ўз имзоси билан жавоб йўлланишига ақли етмабди. Демак, у давлатимиз олиб бораётган бугунги очиқлик сиёсатни билмайди ёки билса-да ўзини билмасликка олади, менсимайди.

Келинг, ҳокимлик бош ҳисобчиси томонидан бизга йўлланган жавоб хатидаги баъзи жумлаларни эътиборингизга ҳавола қилсак: “…мажбуран обуна ташкил этиш қонунга зид эканлигини инобатга олган ҳолда, шаҳар ҳокимлиги аппарат ходимларига газетангиз бўйича тегишли маълумотлар етказилиб тарғибот ишлари олиб борилди”. Хат жумласидаги хатолар, саводнинг ғовлагани ўз йўлига, аммо Фарғона шаҳар ҳокими ва ҳокимлик мутасаддилари муҳтарам Президентимизнинг 2020 йил 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан мат­­­бу­от­­­да эълон қилинган нутқларидан мутлақо бехабармилар? Давлатимиз раҳбари ўз нутқларида: “…Афсуски, биз кейинги йилларда “мажбурий обуна” баҳонасида ихтиёрий обунани ҳам йўқ қилдик. Бунинг натижасида мактаб ва олийгоҳларнинг ўқитувчи ва домлалари ўзлари учун зарур бўлган газета ва журналлардан ажралиб қолди. Шундай аянчли ҳолга келдикки, ҳатто айрим раҳбарлар газета ўқимаслиги билан мақтанадиган бўлдилар…”, деган эди.

Наҳотки ҳоким ижро ҳоки­мияти идора раҳбари эмас, бир қуш қўнмас хўжаликда ишласа? У ерга газета етиб бормаса? Агар жавоб хатини тўлиқ ўқиганингизда эди, сиз ҳам шундай фикрга борардингиз, ишонаверинг.

Бош ҳисобчи томонидан таҳририятга йўлланган жавоб хатидан ҳам маълум, Фарғона шаҳар ҳокимлигида илм-маърифат, саводхонликка ва ижро интизомига умуман беписандларча муносабат шаклланганга ўхшайди. Йўқса, улар бу мантиқсиз хат орқали нимани исботламоқчи бўлганини ўзлари ҳам билишмасалар керак. Барчага маълум бўлгани шуки, расмий ваколатли идораларга жўнатиладиган жавоб хатларига бош ҳисобчининг имзоси қўйилиши ўта ножоиз ҳисобланади. Ҳоким бўлмаса, унинг ўринбосарлари йўқмиди, деган ўй келади беихтиёр!

Шу ўринда, бир воқеа: анча йиллар олдин хизмат сафари билан Қўқон шаҳар ободонлаштириш бўлимида бўлгандик. Бўлим ғазначиси хонасида суҳбатлашиб турсак, хонага икки нафар, эгнидаги кийимининг  абгори чиқиб кетган, қўлига белкурак ва супурги тутган ишчилар кириб келишди. Улар ғазначидан маошини олгани келишганини айтишди. Шунда ғазначи улардан исм-фамилияларини сўради.

Шунда улардан бири: “Фамилиям? Билмайман, а, ўртоғим билади”, деди шеригига юзланиб. Шериги ҳам худди шу гапни такрорлади. Ҳазилга уста кишилар экан, ахир, одам қандай қилиб ўз фамилиясини билмаслиги мумкин, дедим, у киши: “Йўқ, улар ҳазиллаш­маяпти, бизда бунақа ходимлар ҳам бор. Лекин улар беминнат  хизмати билан шаҳар ободончилигига катта ҳисса қўшади, ҳалол одамлар. Улар доимо раҳбарият ва бизларнинг назоратимизда”, деб айтган эди. Буни қарангки, орадан анча йил ўтганидан кейин бу воқеани яна эслатувчилар топилди.

Ёки Фарғона шаҳар ҳокими бизга “ҳазил” қилмоқчи бўлдимикан?..

Ҳикматуллоҳ ҚОДИРОВ,

“Hurriyat” мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven − 6 =