Тарих бугуннинг хизматида ёки учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш мўъжизаси

Айни пайтда ижтимоий-маънавий ҳаётимизда бир ҳол алоҳида бўртиб кўринмоқда. Жонажон Ватанимиз ўз истиқболи йўлида нурли марраларни забт эта бориб, инсоният тамаддунига улкан туртки берган, кўплаб алломаларни тараққиётга туҳфа қилган Ренессанс (Уйғониш даври)ни ХХI асрда юзага келтириш, бунинг учун барча асослар борлиги ва салоҳиятимиз шай ҳолда эканлигини дунёга маълум қилди. “Биз кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни учинчи Ренессанс  пойдеворини яратишни ўзимизга асосий мақсад қилиб белгиладик”, деди Президентимиз Шавкат Мирзиёев  жорий йил Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида.

Давлатимиз раҳбари томонидан айтилган бу формула узоқ  йиллардан бери миллий тафаккуримизда рўй бераётган ўзгаришларнинг тадрижий ҳосиласи ва эътирофи сифатида кутиб олинди. Албатта, ҳар бир давлат ўз истиқболини белгилар, стратегик вазифалар қўяр экан, ўз жонажон тарихидан улги олади. Давлатлар бир-бирига ўхшамагани каби уларнинг тараққиёт йўли ҳам ҳар хил бўлади. Мамлакатнинг  ривожланиш дастури ўз ўтмишидан вобаста ҳолда тайин этилар экан, бугунги Ўзбекистон учун Ренессанс модели тарихан қонуний ва адолатлидир. Негаки, биз умргузаронлик қилаётган заминда икки марта буюк уйғониш – Ренессанс рўй берганини тарихий далиллар сўзсиз тасдиқлайди. Ренессанс намунаси давлатимиз учун яқин келажакдаги асосий йўл эканини давлат раҳбари алоҳида таъкидлади: “Биз учун Ренессанс масаласини стратегик вазифа сифатида олдимизга қўйиб, уни миллий ғоя даражасига кўтармоқдамиз”. Албатта, бу тарихий ҳодисанинг барча ўлчамлари инкишоф этилади ва у давлатимиз учун тараққиёт дастурида  эталон  бўлиб қолади.

Дунё тамаддунида юксак уйғонишга сабаб бўлган даврлар ҳақида гапирганда уларнинг пайдо бўлиш шароитлари ва эволюциясини бир қур эслаш фойдадан холи бўлмайди. Табиатан қулай минтақада жойлашган юртимиз ҳудудлари азалдан инсоният цивилизациясининг қадимги ўчоқларидан бири бўлиб келган. Ривожланиш илк куртаклари шу заминда япроқ ёзган, инсон такомилининг босқичлари илк дафъа шу ўлкада юз кўрсатган. Бу ҳолни Селунғур ёки Тешиктошдан топилган одам суяклари тасдиқлайди. Ибтидоий қавмларнинг завқи, дунёқараши эса юртимиздаги тоғларнинг қоясида ўйилган тошбитиклар – петроглифларда ўз аксини топган. Маданий ривожланиш юзага келиб, ундан кейин ўтган минг йилликларда  давлатчилик тарихида, инсон фаолиятининг кўп қиррали  ривожида  ҳам шу ҳудудлар асосий майдон, маскан бўлди. Тарих зарварақларида шунчаки қайд қилиб ўтилган  Бақтрия, Парфия, Давон, Кушон сингари давлатларнинг дов-даскаси дунё маънавий уммонида пўртана ясагани, уларнинг шон-шуҳрати бугун ҳам мухлисларни ҳайратга солиши бежиз эмас. Ҳолбуки, ҳамон ер юзининг қай бир пучмоқларида уруғчилик ёки каннибализм учраб тураётган экан, неча минг йиллар олдин инсон тафаккурини юксалтирган, маданият оламида етук тараққиётга эришган, одамлар кийимини ўтюклаб кийган давлатларнинг тўла шаклланиб, давру дарон сурган далили бу тупроқни чинакам муқаддас деб аташга изн беради. Туронзамин ҳақиқатан ҳам инсониятнинг олтин бешигидир.

Тараққиёт тадрижида бугун “Буюк ипак йўли” деб аталадиган карвонлар сафари бошлангач, жўғрофий жиҳатдан чорраҳада жойлашган бу масканлардан савдогарлар муттасил ўтиб турган ва маданиятлар қоришувининг энг ўнғай йўли сифатида эътироф этилган цивилизациялар туташуви орқали жами баҳри-бардаги тамаддун шу нуқтада умумлашган (синтезлашган). Алоқалар ривожида форс, хитой, япон, ҳинд, юнон, савдо тармоқлари кенгайгач, Европа ва бошқа илғор маданият унсурлари кириб кела бошлаган ва қулай муҳитда томир отиб, ривожланган. Шундай қилиб, олис мозий бағрида  Осиёнинг қоқ ўртасида бир маданият бўстони пайдо бўлган.

Араб маданиятининг кириб келиши, ислом динининг ёйилиши эса тараққиёт томирларига “оби-ҳаёт”дек таъсир этган. “Ҳақни танишнинг энг биринчи воситаси маърифатдир” деган ақидага амал қилган ислом дини илм-фаннинг ривожига кучли омил бағишлади. “Бир соатлик илм исташ бир ойлик ибодатдан афзалдир” деган рағбат билан музайян этилган исломий таълимот илм-маърифат парвозига кенг уфқ очди. Ҳадисда “Илмдан ўзга нажот йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас”, дейилган. Шундай қилиб, илғор маданият унсурлари билан тўйинган туркий турмуш тарзи исломий маърифат билан туташди ва бу ҳол дунёни лол қолдирадиган кашфиётларга, уларни тасдиқлаган алламоларга бешик бўлди. Албатта, биринчи Ренессанс деб шартли номланган бу давр ҳақида жуда кенг маълумотлар тарқалган, бу ўринда ўша шонли даврларни қайд этиб ўтиш билан чекланамиз.

Бу  даврнинг таҳлилидан бизга Ренессанс тушунчасининг табиати анча таниш бўлиб қолди.  Демак, илк Ренессансга маданиятлар қоришуви майдон бўлган экан. Иккинчи  Ренессанснинг воқе бўлиш шароитлари эса бошқачароқ кечган. Бу ўринда кўп муҳокамаларга сабаб бўладиган мавзу – тарихда шахснинг роли масаласига алоҳида урғу беришга тўғри келади. Юртимизда кечган иккинчи Ренессанс тарихда бир буюк шахс нималарга эришиши, у бутун инсониятга қандай эзгуликлар туҳфа этиши мумкинлигига ёрқин мисолдир. Албатта, дунёда буюк зотлар кўп ўтган: лашкарбошилар, саркардалар, давлат арбоблари… Пайғамбарларни кўрган бу дунё. Улар амалга оширган ишлар ҳамон инсониятни ҳайратга солиб келади. Бу буюк зотлар ўзларининг саъй-ҳаракатлари билан умуминсоний тараққиёт минорасига ҳеч қуриса бир ғишт қўйганлар ёки уни бир бўғин юксалтирганлар. Ҳатто,  ўз хатолари билан ибрат бўлган зотлар ҳам эсланади. Аммо гапнинг бўларини айтганда, бутун бир тараққиёт босқичини бошлаб берган, ўз ғояларининг барҳаётлигини ҳам назарий, ҳам амалий таъминлаб кетган, шунингдек, эътиқодининг кучини ўз авлодлари орқали юз йиллар оша кўрсата олган шахс тарихда кам. Ана шундай шарафга буюк бобомиз Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари мушарраф бўлди. “Ўн бешинчи асрда Соҳибқирон Амир Темур асос солган ва унинг муносиб авлодлари давом эттирган муҳташам салтанат юртимизда иккинчи Уйғониш, яъни иккинчи Ренессанс даврини бошлаб берди”, дея эътироф этди давлатимиз раҳбари. Иккинчи Ренессанснинг юзага келиши, ривожи ва тарихда қолиши бир шахс фаолияти билан боғлиқ. Темурийлар маданияти инсоният маънавий оламида беш юз йилдан кўпроқ амалий фаолиятда бўлди, улар қолдирган мерос эса жами инсониятнинг бебаҳо мулкига айланди.

Гапнинг сирасини айтганда, биз асосий мақсадга ўтишдан олдин бир тарихий саёҳатни амалга оширдик, холос. Асосий муддао эса бугунги кунларимизнинг қайноқ нафасига ҳамоҳанг тарзда мозий хазинасини титиб, ўтмиш бойликларини сарҳисоб қилиб, инсоният тарих сабоқларисиз яшай олмаслигини таъкидлашдир. Аммо тарихга муносабатда фикрлар бир хил эмас. Биз бироз эҳтирос билан тарихсиз яшаб бўлмайди, деб таъкидлаяпмиз, ҳолбуки, тарихни ўрганиш хавфли, зарарли, ҳатто уни ўрганмаслик керак, деган  қарашлар ҳам бор. Француз шоири ва файласуфи, кўплаб афоризмлар муаллифи Поль Валери шундай таъкидлайди: “Тарих орзулар туғдиради, халқларни сархуш қилади, сохта хотираларни келтириб чиқаради, кимларнингдир  эски яраларини қўзғатади, оромини бузади, ўзини улуғлашга олиб келади.  Тарих ҳар қандай истакларни оқлайди. У, сирасини айтганда эса  ҳеч нимага арзимайдиган ғаладондаги сарғайган қоғозлардир”.  Агар тарихий далиллар манфаатлар нуқтаи назаридан баҳоланса, у фақат тарбиявий аҳамиятга эга бўлибгина қолмай, балки ундан чўкиб ётган миллий биқиқлик ҳисларини уйғотишда, бошқа халқларга нисбатан адоватга олиб келишда, тажовузкорлик сиёсати ва мақсадларини асослашда ҳам фойдаланилиши мумкин. Масаланинг бу томонини инкор этмаган ҳолда,  ана шундай хавфлардан огоҳ бўлиб, тарихни ибрат, тажриба, дарсхона сифатида ўрганиш жоизлигини таъмин этиш лозим. Тарих, олайлик, 5-6 юз йил олдин қайсидир аждоди орқасига тепки еган ёки яхшигина тарсаки билан сийланган бўлса, энди бугун унинг аламини кимдандир олиш учун ўрганилмайди. Инсоният тарихи умуминсоният мулки. Уни халқ яратган, ҳар бир натижани қанча қонлар тўкиб, қурбонлар бериб қўлга киритган. Хулосалар эса йиллар оша воқеалар қайроғида чархланиб, тасдиқланган. Бу ўринда “кашф этилган велосипедни қайта ихтиро қилиш” йўлидан бориш эмас, балки хатоларни такрорламаслик тамойилини тутиш мақбул. Шу ўринда мустақиллик мафкураси талабларидан бири — халқларимиз учун фожиавий оқибатларга олиб келган ўтмиш сабоқларидан хулоса чиқариб, тарихий ифтихор ҳиссини миллий биқиқликка айланиб кетишига йўл қўймаслик, хусусийлик билан оламшумуллик ўртасидаги темир чегарани аниқлаб олиш, қатъий белгилаб қўйиш ҳамдир. Тарихни ўрганиш билан бирга тарихни идрок этиш маданиятини, тарихий тафаккур маданиятини шакллантириш ундан ҳам муҳимроқ бўлса керак. Албатта, тарихга мурожаат этиш маърифат белгиси, аммо уни истеъмол қилиш меъёрларини билмаслик  бошни айлантириб қўйиши мумкин.

 

“Тарих, бу — сабоқ” талабидан келиб чиқиб, икки Ренессанснинг юлдузли онларини кўз олдимизга келтирсак, қутбнинг иккинчи тарафида улар юлдузининг сўнган лаҳзалари ҳам қуюндек намоён бўлади. Илк Ренессанснинг инқирозига ташқи душманлар сабабчи бўлди. Иккинчи Ренессанс эса ички зиддиятлар туфайли заволга юз бурди. Мана, тарихнинг оддий, лекин улкан сабоғи.  Ҳушёр одамлар учун бу икки қўнғироқ тинимсиз жаранглаб туриши шарт.

 

Маълумки, тарихлар қайта-қайта ёзилган. Ҳатто, ким ғолиб бўлса, ўша тарихни ёзади, деган норасмий ақида ҳам урф бўлган. Бунга яқин ўтмишимиз гувоҳ. Демак, тарихни ўрганиш билан бирга ҳақиқий, чинаккам тарихни тақдим этиш ҳам муҳим. Тўғри, ҳар қандай мезонни писанд қилмай, қоядек чўнг юксалган ҳақиқатлар ҳар қандай мақсад билан ёндашилганда ҳам мағрур тураверади, лекин баъзи хусусий масалаларда турли қарашлар, талқинлар давом этаверади.  Олайлик, кейинги йилларда Шайбонийхон ва унинг авлодларига қизиқиш кучайди ва бу борада турли фикрлар баён қилинмоқда. Бу ҳолнинг сабаблари кўп. Шулардан асосийси яқин ўтмишда бу даврга эътибор билан қаралмагани ва кўп ҳақиқатларнинг парда ортида қолиб кетганидир.

Шўро даврида тарихга муносабатнинг икки муҳим тамойили қарор топганди: синфий ва материалистик ёндашув. Шайбонийхон ҳамда авлодлари диний арбоб деб қаралган ва уларга эътибор берилмагани шундан бўлса керак. Бугун эса ҳамма тарихий ҳақиқатни очиқ-ойдин ошкора қилиш имкони бор. Кечаги кун хатоларини дастак қилиб, Шайбонийларни жабрдийда сифатида  кўрсатувчилар кўпчилик. Ҳолбуки, уларнинг ҳаётий шиори, тутуми,  ўзидан олдинги сулола – Темурийлар, демак, тараққиётга муносабатини таҳлил қилиб, ҳамма нарсани тушуниб олиш қийин эмас.

Муҳаммад  Шайбоний (Шоҳбудоқ султон) Абулхайрхоннинг набираси бўлиб (маълумки, Абулхайрхонга Мирзо Улуғбекнинг қизларидан бири узатилган ва икки нафар ўғил фарзанд кўрганди; демак, бу сулола ҳам Темурийларга бегона эмас), ўзини Дашти Қипчоқ хонлари, демак, Чингизхон авлоди деб билган ва юришларида катта бобоси Чингизхон қўллаган тутум билан ҳаракатда бўлган. Тўғри, у ислом динини қабул қилган, ҳатто “Жойнамозим тахтимдан афзал” деган эътиқодга эга эди. Унинг Самарқанд устига юриши бутунлай босқинчилик ҳарактерга эга бўлиб, муроса-ю мадорага ўрин қолдирмаган, мақсади Темурийлар ҳукмронлигини куч билан эгаллаб, уларни йўқ қилиш, ўз салтанатини тиклаш бўлган. Бу жиҳатдан унинг Чингизхондан фарқи кам. (Чингизийлар қолдирган излар тарихда аниқ муҳрланган. Улар ҳужумидан гуллаб турган Самарқанд култепага айланган, кейинчалик уни тиклаш керак бўлганда вайроналардан тозалаш иложи бўлмаган ва янги шаҳр ғарброқда бунёд этилган. Бухоро шунчалик ғорат этилганки, қарийб ўн йил шаҳарда тириклик унсури бўлмаган, одам яшамаган). Албатта, Шайбонийхон моҳир лашкарбоши сифатида мақсади йўлида ғалабаларни қўлга киритди, бироқ маърифат ва тараққиёт нуқтаи назаридан олдинги салтанатга раҳм-шафқат қилмади. Масалан, ўша пайтда Самарқанд тахтини эгаллаб турган Мироншоҳ Мирзо авлодларидан Султон Алининг онаси  Зуҳрабегим омонлик тилаб, Шайбонийга хат ёзади, ўғлини тирик қолдирса, никоҳига ўтишга ҳам розилигини билдиради. Аммо шаҳарни куч билан эгаллаган Шайбоний аёлни ҳам, 17 ёшли шаҳзодани ҳам намойишкорона қатл этади. Ёки Хуросон учун бўлган жангларда Умаршайх Мирзо авлодларидан ака-ука Абулмуҳсин ва Муҳаммад Муҳсин, Фаридун Ҳусайн, Муҳаммад Қосим Мирзоларга ҳам шафқат қилмай, ҳаммасини қиличдан ўтказади. Ҳолбуки, улар билан муроса қилиши ёки тирик қолдириб, хорижга чиқиб кетишига рухсат бериши мумкин эди.  Албатта, бундай ҳолни ўша давр учун одатдаги гап деб қараш мумкин, аммо булардан ташқари, Шайбонийнинг мудҳиш қисмати ҳам уни юксак мақомда улуғлашга изн бермайди.

Абу Райҳон Беруний ўз пайтида тарих ҳақидаги асарларида инсониятга ибрат қилиб кўрсатишга лойиқ топиладиган буюк зотларга қўйиладиган талаблар ҳақида сўзлайди. Албатта, унинг насл-насаби, фаолияти, тақдири ва хотираси ҳар қандай шубҳадан холи бўлиши кераклигини алоҳида таъкидлайди. Ҳатто, бундай рутбага лойиқ кишиларнинг  “кўринишидаги гўзаллик  ва тузилишидаги баркамоллик“ уни ҳар бир одамга севимли қилиб кўрсатишини қайд қилади ва бундай фазилат лозимлигини   шарт қилиб қўяди. Ҳатто, унинг исми эшитилганда ёқимли ва моҳиятан гўзал мазмунга эга бўлиши лозимлигини ўқтиради. Демак, кўплар “бобом” деб улуғлаётган  Шайбонийхоннинг ҳам шахси шу даражада пурвиқор бўлиши лозим. Ҳолбуки, у 1510 йил 4 декабрда эронлик Исмоил Сафавий  билан бўлган жангда енгилади. Ғолиб томон ўз рақибига нисбатан нафрати ифодаси сифатида унинг бош чаноғидан қадаҳ ясашни буюради. Шак-шубҳасиз, Шайбонийхон ва авлодларининг ҳам тарихда  кўламли ўрни бор, аммо идеал сифатида танланганда  ва тавсия этилганда қарор топган ўлчамларни инкор этмаслик керак, шундай эмасми?

Умуман, тажриба тарихий воқеларга ҳам, тарихий шахсларга ҳам баҳо беришда шошма-шошарлик қилмаслик, етти эмас, етмиш марта ўлчаб баҳо беришни тақозо этади. Негаки, юқорида таъкидланганидек, тарихлар ғолиблару сиёсатдонларнинг таъби-талабига кўра қайта-қайта  ёзилаверганидан мутлақ ҳақиқатни топиш осон бўлмайди (ҳатто топиш мумкин ҳам эмасдек туюлади). Шундай экан, ҳукм чиқаришдан олдин барча муқобил фикрлар (ҳатто рақиб томонидан билдирилган бўлса-да) билан ҳисоблашиш асло зарар қилмайди. Шундай  бўладики, баъзан ният холис, ҳақиқат шундоққина кўриниб тургандек туюлади. Фикр жамоатчилик ҳукмига ҳавола этилганда эса кутилмаган муносабатлар юзага қалқиб чиқади. Кейинги йилларда генерал Собир Раҳимов хотирасига муносабат ҳаммамизнинг кўз ўнгимизда рўй берди. Бир пайтлар “биринчи ўзбек генерали” деб улуғланган шахс бирданига “бегона” бўлиб қолди. Ҳайриятки, ҳақиқат қарор топди, орада ҳайкалнинг сарсон бўлгани-ю, жамоатчиликнинг чалғиб қолгани ортиқча бўлди. Албатта, бундай ҳоллар ибрат бўлиши керак.

Яқинда эса обрўли газеталардан бирида билдирилган фикр ҳали бу талаблар амалиётга етиб бормаганини кўрсатди ёки шундай таассурот қолдирди. Дабдурустдан Ўзбекистон Миллий университетидан Мирзо Улуғбек номини олиб ташлаб (ўз вақтида уни она юрти – Самарқандга жўнатиб), олий ўқув юртига Мунавварқори Абдурашидхонов номини бериш таклифи изҳор қилинди. Ўйлаб кўрадиган далил. Ўйлаганда ҳам чуқур ва атрофлича ўйлайдиган далил. Маълумки, Марказий Осиёдаги энг нуфузли ва биринчи ташкил этилган олий ўқув юртига 1994 йилда Мирзо Улуғбек номи берилганди. Ўша йили ЮНЕСКО шафелигида улуғ олимнинг 600 йиллик юбилейи бутун дунёда кенг нишонланганди. Бу ўринда Мирзо Улуғбекнинг  буюклиги ҳақидаги маълум ҳақиқатларни таъкидлаб ўтириш ортиқча бўлса керак. Фақат унинг ўрнига тавсия этилаётган янги “номзод”нинг шахси ҳақида мулоҳаза юритиш лозим бўлади, чунки таклиф изҳор қилинаётганда бу ҳолатлар ҳисобга олиниши шарт  эди.

Тўғриси, гапни чувалаштириб ўтиришнинг ҳожати йўқ, бундай муҳокама марҳум боболаримиз руҳи покларини безовта қилишга ўхшаб қолмасин.  Аввало, муассасаларнинг номини ҳадеб ўзгартираверишдан нима маъни? Тўғри, Мунавварқори Абдурашидхоновнинг миллатимиз олдидаги хизматлари беназир, лекин ҳамма нарсада меъёр, мезон бор-да. Дунёдаги энг буюк ўн алломанинг бири сифатида эътироф этилган жаҳоншумул олимнинг олдига унча-бунча одам туша олмаслиги  сир эмас. Жадид бобомизнинг Президентимиз фармонига кўра  “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланиши ҳақиқат тантанаси бўлди. Ҳамма далиллар ҳисобга олиниб, миллий университетда  Мунавварқори Абдирашидхонов номида энг нуфузли мукофот (олтин медал ёки стипендия) ташкил этилиши таклиф қилинганда,  бу мантиққа анча тўғри келарди, чамаси.

Умуман, юксак марраларнинг азми шижоати бўладими, қадриятларни тиклашу буюкларимизни улуғлаш бўладими, ҳар қандай маърифий ҳаракатнинг талаби ўтмиш сабоқларини эсдан чиқармаслик зарурлигини қайта-қайта ўқтираверади. Негаки, бу кўҳна дунё кўплаб сиру синоатларни кўрган, унда унча-мунча янгилик тан олинмайди, яъни биз учун биринчи мартадек бўлиб туюлаётган ҳар қандай “янгилик унутилган эскилик” бўлиб чиқаверади. Тарихдаги ҳар бир сатр қон билан ёзилган, ҳар бир ютуқда миллионлаб одамларнинг ҳаёти тикилган,  битта хулосага бутун тамаддунлар бой берилиб эришилган, хуллас, сабоқлардан, тажрибалардан, хулосалардан тарихнинг сочи оқарган. Тарих бебаҳо хазина, бебаҳо бойлик. Шунинг учун тарихни ўрганиш, ундан амалий фаолиятда фойдаланиш ҳам фарз, ҳам қарз. Улкан ғалабаларнинг хамиртурушида ўтмишнинг, тарихнинг зуваласи қоришиқ, бусиз мумкин эмас. Агар  келажак биноси ўтмиш пойдевори устига қурилмаса, таг-заминидан юқорига юксалмай, ер бағирлаб  тураверади.

Ҳаким САТТОРИЙ,

 журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen + 15 =