Ўтмаётган кунларимга кел!
Муаллиф ҳақида:
Дилором Абдураҳмон — “Кўнгил шафақлари”(2001), “Таҳайюл тонги” (2006), “Ишқ ёмғири” (2012) каби шеърий тўпламлари, “Настарин бутаси”(2018), “Мангу ҳаёт афсонаси” (ҳаммуаллифликда, 2019) номли таржима китоблари чоп этилган.
Константин Паустовский, Александр Куприн, Михаил Булгаков, Марина Цветаева, Анна Аҳматова, Александр Блок, Габриэла Мистраль, Иван Франко каби машҳур ёзувчи, шоирлар асарларини рус тилидан ўзбек тилига таржима қилган.
Соғинч
Уфқлар ортида сирли олам жим,
Туманлар ортида ранглар олар тин,
Жимликни буздиму,
саҳардан бугун,
Сен-ла яшамоққа сўрадим бир кун.
Бир кун,
соғинчлар кўнгилга қуйилар,
Бир малак руҳимдан қувилар,
Дунё девонавор ишқдек туйилар,
Бағрингда оқай деб сўрадим бир тун.
Бир тун,
малаклар сочимни силаб кўрдилар,
Соғинчлар кўзимни сўраб кўрдилар,
Армонлар кўнглимни тилаб кўрдилар,
Ишқимни қуймоққа сўрадим бир дил.
Бир дил,
етар эди фидо бўлмоққа,
Бир кун етар эди умрим бермоққа,
Бир тун етар эди кўзни юммоққа,
Нигоҳинг етарди ўздин кечмоққа,
Нигоҳинг!..
Нигоҳинг,
кўнгилга қуйилар самодек,
Руҳимда чайқалар мовий дарёдек,
Дундан ўтмасмидим сенла дунёдек,
Умр ўтаяпти,
биргина умр,
Ўтмаётган кунларимга кел.
* * *
Хаёлларинг сувратини чизиб берайми,
Соғинчларим дил жомига сузиб берайми,
Армонларинг ичра ойдек кезиб юрайми,
Найлай,
сени армонларга бергим келмайди.
Дунёларни тор демагил,
вайрона дема,
Ва ё ғариб,
бағри чил-чил, садпора дема,
Ёлғиз жоним жаҳонингда оввора дема,
Найлай, сени жаҳонларга бергим келмайди.
Армонларнинг сарҳади йўқ,
ета олмайсан,
Улар сирли, ва ё кечиб кета олмайсан,
Тушларингда қўлларимдан тута олмайсан,
Найлай, сени оқшомларга бергим келмайди.
Ғариб дилга сенинг ишқинг паноҳ бўлдими,
Менинг ишқим осмонларда бир оҳ бўлдими,
Ўшал оҳлар бу дунёда гуноҳ бўлдими?!.
Найлай, сени осмонларга бергим келмайди,
гуноҳларга,
гумроҳларга бергим келмайди.
* * *
Армонларнинг қаноти
ёйиқ қушмиди,
Топиб,
йўқотганларим сирли тушмиди,
Кўнгилнинг бўй-басти гўзал ишқмиди,
Бир ғариб умр бўлса,
кечаётибди.
Азизим,
сен юпатма, демагил ҳазил,
Тақдирнинг либоси нечун зил-замбил?
Дунёнинг ҳовури қизил,
қип-қизил,
Бағримда нимадир куяётибди.
Бу йўллар азоби роҳатми, оғир,
Киприкка тизилган шабнамлар тақир,
Сен мендан узоқлаб кетмагин, ахир,
Кўнгилдан нимадир кечаётибди.
Севгилим,
дил розин ўзингга айтай,
Нигоҳинг бекитган қўшиққа қайтай,
Дардли шивирингга қўшилиб кетай,
Кўзингда қай армон куяётибди,
Кўнглимда осмонлар синаётибди . . .
Хаёл манзаралари
Оқшом чоғи музлади,
Сув юзига тўкилган
Мажнунтолнинг эртаги.
Ой кўринмас осмонда
қиров тушган ҳар ёнга.
Дарахтзор ухлар карахт.
Қалин қорлар қоплаган
қоялар орасида
Айиқлар туш кўради.
Туман ичра вазмин тун.
Гўё борлиқ олар тин,
Кимдир уйғоқ юради.
Оппоқ туман тарқалар.
Сув юзида уйғонар ,
Мажнунтолнинг эртаги.
Кунларнинг ёруғида
Деразангга чизилган
Музлар эрийди секин.
Юрагингда яхлаган
Азалий ишқий армон
Куртак очади секин.
Дарз кетар азал музлик.
Аллалайди ёлғизлик,
Маконингга сиғмайсан.
Ёмғир ёғиб ўтади,
Умидвор қучоғингга
қизғалдоқлар тўкилар.
Қизғалдоқлар тўкилар. . .
Дилором Абдураҳмон