Султоннинг мактубини ким етказади?

Хуллас, гап мундоқ, ҳамма базмга! Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университетида янги йил базми ташкиллаштирилаётган экан. Ижтимоий тармоқларда “Балл, маскарад, мистер & мисс, флешмоб, кофе-брейк ва дискотека, шунингдек, шоҳона балл дастурхонида унутилмас онлар” дея тарқатилган эълонга кўзимиз тушди.

“Базм иштирокчилари ўз жуфти билан иштирок этиши (агар жуфти бўлмаса, бирор яқини ёки танишини таклиф қилиши), йигитлар смокингда, қизлар балл кийимида бўлиши талаб этилади”, дейилган эълонда.

Кўз тегмасин, қандай улуғ иш! Айниқса, коронавирус пандемияси ҳали давом этаётган бир пайтда йигит-қизлар қўлтиқлашиб, балга боришса!

Австралиялик тарихчи Жозеф вон Ҳаммер-Пургшталнинг хотираларида ҳукмдор ўз юрти сарҳадидан ташқаридаги ҳаёсизликка бундай қарши чиққани ёзилади:

“Усмонийлар султони Сулаймон Қонунийнинг Франция ҳукмдорига ёзган мактуби:

“Менким, қирқ саккиз юртнинг императори Қонуний Султон Сулаймонман. Менга етган хабарларга кўра, сенинг мамлакатингда “танца” номида хотин билан эркак бир-бири ила қучоқлашиб, халойиқ олдида очиқчасига ўйин тушадиган одат пайдо бўлибди.

Ҳудудларимиз битта бўлгани боис, ушбу разолатли ўйиннинг мамлакатимга ўтиш эҳтимоли мавжуд. Номаи хумоюним қўлингга етгани замон бу ўйинни тўхтатсанг, тўхтатдинг, тўхтатмасанг, менинг ўзим бориб тўхтатаман”.

Мана шу биргина мактуб туфайли Францияда тўла юз йил “танца” ўйини ман этилади. Бу ҳақда Франция тарихига оид манбаларда ҳам маълумотлар бор. Хўш, Олий таълим муассасасига султоннинг мактубини ким етказаркин-а?!

Таҳририятдан: мухбиримиз ушбу ҳолат юзасидан муносабат олиш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бошлиғи Отабек БОЗОРОВ билан боғланди. Отабек БОЗОРОВ ҳолатга: “Ҳақиқатан ҳам “ЎзДЖТУда янги йил базми!” номи остида эълон қилинган ва у ерда назарда тутилган балл ўтказиш тадбирлари ҳақидаги хабар университетнинг 2 нафар юқори курс талабаси томонидан ижтимоий тармоқларга жойланган.

Бу масала бўйича мазкур тадбирни эълон қилган талабалар билан суҳбатлашилди. Эълондаги балл, маскарад, флешмоб каби “Оммавий маданият” унсурлари ўзбек миллий менталитетига, миллий урф-одат ва анъаналаримизга, ўзига хос ёзилмаган ахлоқ қоидаларимизга тўғри келмаслиги, бунинг ўрнига Ватанни мадҳ этувчи куй ва қўшиқлар, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга йўналтирилган “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” шиори остида ўтказилаётган тантанали тадбирларда иштирок этиш тавсия қилинди.

Умуман, бу каби тадбирларни ўтказишда талабалар олий таълим муассасасидаги масъул раҳбар ва ходимлар билан келишишлари мақсадга мувофиқдир”, дея фикр билдирди.

Дарвоқе, талабалар ўзлари ташаббус билан чиқиб, тадбир ташкил этишлари мумкинми?

— Ҳа, мумкин. Лекин ҳаммаси белгиланган тартиб-қоидалар, яъни халқимизнинг миллий, маънавий даражасига зид кўринишда бўлмаслиги керак, — дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутасаддиси.

Нима ҳам дердик. Ҳамма нарса ўз ўрнида, ярашиқли бўлганига не етсин! Яқинлашиб келаётган байрамлар билан!

Суҳроб ЗИЁДОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − five =