Йўқолаётган тилларнинг “қизил китоб”и

«Немис миллий энциклопедияси»нинг ҳаммуаллифи, “Афанди латифалари”нинг немис тилидаги таржимони, Урганч давлат университети профессори Атабай Жуманиёзов билан суҳбат

“Миллатни уйғотиш уйғонганларнинг вазифаси” деб ёзган эди Абдулҳамид Чўлпон. Тафаккур қилаётган миллатгина уйғоқ бўлади. Олимлари, орифлари уйғоқ бўлган элнинг эртасини севиниб кутиш мумкин. Қуйида сизга Урганч давлат университети профессори Атабай Жуманиёзовнинг тил тақдири, таржимачилик муаммолари, этимология билан боғлиқ мулоҳазаларини туҳфа этар эканмиз, бу безовталиклар умуммиллий қайғуришимизга, жонбозликларимизга муҳтож ва муштоқ эканлигини таъкидлагимиз келди.

Атабай Жуманиёзов ҳақида маълумот: 1947 йилда Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида туғилган. Тошкент давлат Чет тиллар институтида, Германиянинг Лейпциг университети аспирантурасида таҳсил олган. Вольфганг Флайшер раҳбарлигида фалсафа фанлари доктори даражасини олган. Европа, Америка, Австралия мамлакатларининг Тил ва Адабиёти бўйича профессор унвони билан тақдирланган.   10 дан ортиқ дарслик ва ўқув-қўлланмалари, 150 дан зиёд илмий-оммабоп мақолалар муаллифи. 2018 йилда Давлатимиз томонидан “Дўстлик” ордени билан мукофотланган.

— Сиз юртимизнинг катта олимларидан бирисиз. Қолаверса, таниқли шоир Матназар Абдулҳакимнинг сизга бағишлаб ёзилган “Этимология луғати” шеърини ҳам яхши эслаймиз:

Демак, сўзда риё имкони йўқдир,

Сўз яшайди, бизга фидо этиб жон.

Бизлар сўзни сотиб қўймасак, басдир,

Сўз бизни сотмайди ҳеч қачон!..

Ва албатта, Сизнинг улкан тил мутахассиси эканлигингиз ва шунинг баробарида ушбу шеър ҳам бизни сизнинг илмингиздан, суҳбатингиздан баҳраманд бўлишга чоғланишимизга туртки бўлган бўлса, ажаб эмас. Айтингчи, айнан немис тили, немис адабиётига қизиқиш сизда қандай пайдо бўлган?

— Тилга қизиқишимнинг анъанавий сабаблари бор. Болалигимизда мактабларда чет тили фани ўқитилмаган. Шунинг баробарида чет тилини билиш ҳар бир совет фуқароси учун зарур, деб қаралган. Шу асосда мактабларимизда европа тилларидан —   инглиз, немис, француз ва испан тилларидан биттаси ўқитилган. Энди буларнинг ўқитилиши сиёсат билан узвий боғлиқ эди. Аввало, бу каби масалалар собиқ иттифоқнинг европа давлатларига бўлган муносабатидан келиб чиқиб белгиланган. Француз, немис тиллари уларга, яъни собиқ Совет мафкурасига яқин бўлган тиллар саналган, Пётр I каби ҳукмронлар даврида ҳам бу тиллар сарой тиллари даражасида эди.

Бу албатта, менда мактабдалигимдаёқ катта қизиқиш уйғотган. Таҳсил олаётган мактабимизга амалиёт ўташга бир ўқитувчи келди, унинг ҳар бир ўтган дарси мен учун кутилмаган янгилик эди ва ана шу сабаб мен бу соҳага қизиқа бошладим. Қолаверса, Отам ҳам шуни истаган, ё чет тили, ёки математика фани ўқитувчиси бўлишимни маслаҳат берган эди. Шу билан чет тили мутахассислигига ўқишга кирдим, ўқишни тугатгач, Урганч давлат университетига ишга юборилдим. Биласиз, университет дегани жуда масъулиятли жой, аввало, талабаларни яхши ўқитиш керак, яхши ўқитиш учун ўзинг яхши ўқишинг керак. Меҳнат қилдим, изландим ва шунинг натижасида шу соҳада нималардир қилдим ва қила оляпман, деёламан.

— Атабай ака, эшитишимизча, Германияга бориб яшаган экансиз, аспирантурада ўқигансиз, бир неча бор малака ошириб қайтгансиз. Немис тили ва адабиёти мутахассислари билан ҳозир ҳам алоқа қилиб турсангиз керак-а?

— Мен олий таълим соҳасида ишлашим жараёнида немис тили дарсликларига катта эҳтиёж борлигини сездим. Натижада дарсликлар ёзиб тайёрлашга киришдим ва улар Тошкентда, Германияда чоп этилди. Шунингдек, Германияда яшайдиган ўзбеклар учун ҳам дарсликлар тайёрладим. Германиянинг Гумбольдт университетида талабалар ўзбек ва турк тилларини ўрганишади. Немисларнинг турклар билан алоқаси жуда яхши, Германия аҳолисининг 10 фоизини турклар ташкил этади. Бизларнинг руслар билан алоқамизга 150 йил тўлган бўлса, немисларнинг турклар билан алоқа ўрнатганига 350 йил бўлган. У ерда миллати турк бўла туриб, Вазир даражасига кўтарилган одамлар борлигини яхши биламиз. ГДР пайтида Лейпциг университети билан ҳамкорлик ва алоқаларимиз яхши бўлган, мен ўзим ана шу ерда ўқиганман. Берлинда Гумбольдт университети, Эркин университет бор, шулар билан ҳамкорликни доимий ва давомли тарзда олиб борамиз. Берлинда Гумбольдт университетида ўзбек тили бўйича ўқиётган талабаларга эркин машғулотлар олиб борганман. Гумбольдт университети профессори турколог олима Ингеборг Балдауф, Берлин Эркин университети олимаси Зигред Клайнмишел билан ҳамкорлик қиламиз. Зигред Клайнмишел немис тилида тайёрланган дарсликларимизнинг ҳаммуаллифи ҳамдир.

Ҳар йили ўзимиздан 3-4 нафар талабани Германияга ўқишга юборамиз. Энди талаба алмашиш тажрибаси билан Австрия ҳам қизиқа бошлади. Уларнинг ўқитувчилари бу ерга келиб 2-3 ой дарс ўтишади, бизнинг ўқитувчилар эса у ерга ўқишга, малака оширишга боришади.

 — Нуфузли немис миллий энциклопедияси(Brock hauc)нинг ҳаммуаллифлари сафида бор экансиз…

— Немис энциклопедиясининг дастлаб 10 жилдлигини, кейин 30 жилдлигини чоп этишди. Энциклопедия тайёрланиш жараёнида Ўзбекистон ҳақида маълумот сўрашган ва мен тайёрлаб беришга ҳаракат қилганман. Энциклопедияга Ўзбекистон ҳақида унча катта эмас, 7-8 бет атрофида маълумот киритилган. Бироқ шундай нуфузли энциклопедияга Ўзбекистон ҳақида киритилиши севинарли ҳол, албатта. Қишлоқ хўжалиги, маориф, тиббиёт соҳасидаги ҳамма маълумотларни тайёрлаб бердим ва натижада шу энциклопедияга мени ҳаммуаллиф қилишди. Кейин нашриёт 30 жилдлик энциклопедияни менга почта орқали жўнатди. Буни қўлга олиш, дунёнинг қайсидир жойларида сен тайёрлаган материалларнинг кимларгадир асқотиши жуда севинарли ҳол.

 — Суҳбатимиз Германия ва немисларнинг маънавий-маърифий дунёси ҳақида кетар экан, биз учун бу жуда қизиқарли: айтингчи, у ерда оддий одамларнинг китобга муносабати қандай?

— Европада зиёлилар ҳам, оддий одамлар ҳам китобни жуда азиз тутишади. Китоб дунёни билиш, номаълум нарсани маълум бўлиши, жуда бўлмаса, фарқлаш учун керак бўлади. Ўзи “илм” номаълумни маълум қилиш, аслида “фарқлаш” деганидир. Инсон бутун умри давомида иккига ажралади: бу — яхши, бу – ёмон, деган. Руҳий томондан ҳам иккига ажралади: маъқул, номаъқул. “Маъқул”нинг ўзагида “ақл” бор. Демак, яхши-ёмонни, маъқул-номаъқулни фарқлашда китоб асосий манба ҳисобланади.

Энди немисларга келадиган бўлсак, улар ўта ақлли халқ. Ақлли халқ эса китобсиз яшай олмаслиги аниқ. Ҳатто Москвага борсангиз, метрога тушар экансиз, бўш ўтирган одамни кўрмайсиз, деярли кўпчилиги китоб ўқиётган бўлади.

Немислар ноширлик борасида дунёда биринчи ўринда туришади, ахир. Мен улар билан бирга яшаганман, бўш вақти бўлиши билан китоб ўқишади. Негадир, улар телевизор кўришмайди, деярли кўришмайди. Бизда эса телевизор кўрсин-кўрмасин, кун бўйи у ёниқ туради. Улар теледастурлардан ўзи кўрадиган маълум кўрсатувларга белги қўйиб қўйишади ва фақат шуни кўришади. Бироқ бетўхтов китоб ўқишларини биламан.

 — Ёшлари ҳам кўп китоб ўқишадими?

— Катталари ҳам, ёшлари ҳам шундай, жуда китобхон. Мен немисларни бир оғиз таъриф билан “Муккасидан китобга берилган халқ” деб таърифлашим мумкин. Улар орасида ҳозиргача, китоб энг яхши совға саналади. Китоб ўқир экан, келган жойига — орасига бир гул қўйиб қўйишади. Уларда ҳам интернет ракета тезлигида учади, ижтимоий тармоқлардан бутун дунё халқлари каби немислар ҳам унумли фойдаланишади. Бироқ бу халқ орасида китоб энг қадрли, энг кўп ўқиладиган восита бўлиб қолаётгани ҳайратланарли.

 — Мана бизда ҳам рағбатлантириб, ҳатто автомашиналар совға қилиб ёшларни китоб ўқишга қизиқтиришга уринишмоқда. Нима деб ўйлайсиз, бу бирор-бир натижа бериши мумкинми?

— Бу ҳолатда ёшлар китобни ўқиш учун эмас, рағбат учун ўқийди-да. Бу билан халқни китобхон қилиб бўлмайди. Ҳақиқий китобхон одам машина бериш эвазига кимдир китоб ўқиётганини кўрса таажжубланади, янаям аниқроғи, кулади.

 — Суҳбатимиз китоб, тил масаласида кетаяпти. Бугунги кундаги тилга муносабатлар сизда қандай фикрлар пайдо қилади?

— Тарихимизга назар солсангиз, бизда алфавит 4 марта алмашди. Ахир буларнинг ҳар бири ривожланишнинг, тараққиётнинг оёғига урилган болта-ку. Ўзимизни “Ўзбек” деб атаймиз-у, алфавитимизда юмшоқ “ў” ҳарфи йўқ. Ўзбеклигимизни ифодалайдиган “ў” ҳарфига эга эмасмиз. Бошқа ҳарфни ёзиб “ў” деб талаффуз қиламиз.

Мен Қўшкўпир туманидан бўлганлигим сабабли йўлда эътибор қиламан,   кўзим тушади, туман марказига кираверишда “Welcome to Qo`shko`pir” деб кўпгина имло хатолари билан ёзиб қўйишибди. Энди бу ерда яшайдиган туб аҳоли қўшкўпирликлар, яъни ўзбеклар бўлса, қани айтинг-чи, бу ерга қачон бир инглиз келадию бу хатоларга тўла жумлаларни ўқийди? “Қўшкўпирга хуш келибсиз!” деб ёзиб қўяверса бўлади-ку! Дўконларимиз ҳам шунақа. Наҳотки қачондир келадиган битта инглизни деб ўз халқимизга ва ўз тилимизга нописандлик қиламиз, тилимизни ва ўзимизни хорлаймиз?! Муайян тилларнинг дунёга ёйилиб бориши муайян маънода сиёсат билан, муайян маънода ўша тилнинг мавқеи билан боғлиқ бўлади. Кейин халқнинг муайян маънодаги интилиш ва истаклари билан ҳам боғлиқдир.

Инсон табиатан ялқов. Масалан, “дорихона” — бунда саккиз товуш бор, “аптека”да эса олти товуш. Албатта, табиатан ялқов бўлгандан кейин саккиз товушли “дорихона” сўзини талаффуз қилгандан кўра олти товушли “аптека” сўзини айтишни афзал кўради. Аслида тилнинг таназзули, ҳалокати учун ҳар биримиз у ёки бу даражада ҳисса қўшаяпмиз.

 — Бу ерда тилларнинг ўзаро олди-бердиси ҳам бор. Четдан сўзларнинг кириб тилимизга ястаниб ўрнашиб олишини нима деса бўлади? Тўғри, бу ҳолни тилимизнинг бойишига хизмат қилади ва ҳоказо дейишимиз мумкиндир, бироқ бу ўз сўзларимизнинг йўқолиб кетишига замин яратаяпти-ку?

— Ҳар бир сўз ўша халқнинг кашфиёти. Чунки у ўша нарсани сезди, ҳис қилди ва унга ном берди. Дейлик, “рентген” нима учун шундай номланди, чунки шу одам уни биринчи бўлиб кўрди ва кўрсата олди. Ҳозир энг бой тил араб тили, уч ярим миллион сўзи бор. Бизники эса бир миллион тўрт юз минг сўз. Арабларда сўзлар биздан уч марта кўп. Демак, улар биздан кўра уч марта кўпроқ нарсаларни ҳис қилишган: кўрган, эшитган, билган, еган, ичган.

“Изоҳли” луғатимизда 80 минг сўз бор. Бироқ ишлатиладиган сўзлар бир миллион икки юз — бир миллион тўрт юз минг атрофида деб айтилади. Кўряпсизми, шу ерда ҳам икки юз минг сўзни сарсон қилаяпмиз. Инглизлар бир миллиондан ортиқроқ сўзлар киритилган луғат тузишди. Мана бу қўлимдаги луғат — немисларники, ярим миллион сўз киритилган. Биз эса ҳалиям 80 минг сўзда юрибмиз. Шундай бўлгач, бошқа тиллардан сўз оламиз-да, олмасликнинг иложи борми? Тинимсиз янгиликлар бўляпти, янги номлар кириб келяпти. Албатта, бизда бўлмагандан кейин улар ўз номи билан кириб келади. Тўғри, янги сўзларнинг муқобил варианти бўлади, бироқ муқобил сўзларнинг маъно тафовутлари ҳам борлигини унутмаслигимиз керак.

Масалан, бизнинг тилимизда “област” деган сўз бор эди. Ҳозир у “вилоят” сўзига ўтиб ўрин алмашди. “Вилоят” арабча сўз, “муқаддас ер”, “замин” дегани. Шунингдек, санскрит тилидан келаётган “биродар” сўзи бор. “Брат”, “brother” ҳаммаси бир сўздан олинган. Агар бугунги кунда   “биродар” сўзини ишлатадиган бўлсангиз, аввало, бирор-бир диний мазҳаб тушунилади. Шундай қилиб, тилимизга, сўзларимизга талафот етаверади-да…

Қўл телефонни инглизлар “Ҳенди” дейишади, биз ҳам кейин қўл телефон дейишни бошладик. Кўряпсизми, бизда ҳам янги маъно кашф этилди. Ушбу хонадаги предмет ва жиҳозларнинг номларини олайлик:   “ойна” – арабча, “лампа” – грекча, “карта” – санскритча, “пол”, “патолок” – ўрисча,   “шкаф, эшик” – форсча, “қопи”(эшик) – туркий сўз, “эшик” – форсча(шкаф сўзидан), “доска” – русча, кўряпсизми, ҳозир ўтирган жойимиздаги деярли ҳамма сўзлар бошқа тиллардан кириб келган экан. Дейлик, япон тили шундай бир тилки, ундаги сўзлар бутун дунё тилларидан тўпланган. Уларнинг сўзларини бу ундан — буниси ундан деб айтиб бўлмайди. Ўзи тилларни бўлганда япон тили алоҳида туради. Ҳеч қайси оилага кирмайди. Шу маънода бошқа тиллардан сўз олмасликнинг иложи йўқ.

 — Яхши биламиз, ҳар бир даврда тилни сақлаш, бойитиш масаласида зиёли қатлам бош қотирган. Айтинг-чи, бугун тилларнинг йўқолиши ёки ҳалокат ёқасига бориб қолишининг олдини олиш, уни муҳофаза қилиш учун нималар қилиш керак?

— Дунёда йўқолиб бораётган қушлар, ўсимликлар ва жониворлар учун “Қизил китоб” бор. Бироқ йўқолиб бораётган тиллар учун “Қизил китоб” йўқ. Бугунги кунда олти мингта тил бўлса, уларнинг анчаси ҳалокат ёқасида турибди. Мана биз нима ҳақида қайғуришимиз керак.

Хоразмнинг Қўшкўпир туманида “Иттифоқ” хўжалиги бор. У ерда форсийлар яшашади. Оллоқулихоннинг ўғли Раҳмонқулихон 1825 йилда уларни олиб келган. Мана улар 200 йилда тилини йўқотди. Бундан 30-40 йил олдин таниқли шоир Матназар Абдулҳаким билан форсийлар яшайдиган   қишлоққа борган эдик. У пайтда форсийда шеърлар ўқийдиган, қўшиқлар куйлайдиган қариялар бор эди. Аслида бир тилни йўқотиш учун икки авлоднинг ўзи етарли бўлади. Масалан, Малайзия 40 йилда энг илғор мамлакатлар сафига қўшилди. Бу авлод эса 40 йилда бутун бошли бир тилнинг “бош”ига етди.

Мана, биз тушунча сўзини ишлатамиз. Бу “тушмоқ” сўзи билан боғлиқ. Тушган нарса мияга эмас, қалбга тушиши керак, чунки мия восита, холос. Дейлик, инсон “Мен сени чин миямдан яхши кўраман” демайди-ку, “Чин қалбдан, чин юракдан” дейди. Билим қалбга тушмагунча билим бўлмайди. Бунинг учун эса, минг марта ўқиш керак бўлади. Бизга миллатнинг руҳи бўлган тилимизнинг софлиги ва гўзаллигини сақлашда, уни бошқа тилларга ем бўлиб кетишидан муҳофаза қилишимизда ҳеч қандай марказлар эмас, ўзимизнинг ана шу мен юқорида айтган билим ва тушунчаларимиз ёрдам беради.

 — Кейинги йилларда Хоразм шевасидаги жуда кўп сўзлар истеъмолдан чиқиб кетаётганини кўриш мумкин…

— Миллат йўқолмаса, тил йўқолмайди ва ёки аксинча, тил йўқолмаса, миллат йўқолмайди. Дейлик, Германияда 300 та шева бор. Ҳар бир вилоятнинг ўз газетаси бор. Охирги варағи ўзининг шевасида чиқади. Энди Хоразм шевасига келадиган бўлсак, унинг шу иқлимда яшовчи кишиларнинг аҳволи руҳиясини ифодалайдиган сўзлар талайгина. Баъзан адабий тилдан кенгроқ жиҳатларини ҳам кузатаман. Масалан, “ютмоқ” феъли бор: дейлик, шашкада ютмоқ, овқатни ютмоқ. Бу адабий тилда фақат “ютиш” шаклида ишлатилади. Хоразмчада эса “овқатни ютасиз”, шашкада утасиз. Ёки “турмоқ” сўзи ҳам худди шундай маънога эга. Адабий тилда битта, бизда эса икки хил шаклда ишлатилади: ўрнингдан тур, “Дур”(тўхта) маъносида. Бундай мисолларнинг бир қанчасини келтириш мумкин. Ана кўряпсизми, тил биз кўрган, сезган нарсаларга ном бериш учун яралган. Тил ҳар бир нарсага алоҳида ном берсагина кучли ва қудратли бўлади.

— Узоқ йиллардан буён талабаларга немис тилида дарс бериб, шу тилнинг қулай ва ноқулай жиҳатларини кузатиб юрган олим ва тил мутахассиси сифатида немис тилига қандай таъриф берасиз?

— Немис тили бой тил, катта тарихга эга тил, аниқ тил, фикр айтиш ва уни ифодалаш учун ниҳоятда қулай тил. Одам бу тилда эшитса ҳам, гапирса ҳам тушунилиши ниҳоятда осон. Фикр бошқа бир томонларга кетиб қолмайди. Бу тилда нарса нарсадек номланади ва изоҳга ҳожат қолмайди. Бу тил орқали дунёни англаш муайян маънода енгил кечади, яъни агар ўзимизнинг тилимиз билан қиёслайдиган бўлсак. Дейлик, “Қуёш” сўзини ишлатадиган бўлсак, қуёшнинг далили қуёш-да, “офтоб”, “ёриткич” каби бошқа далиллардан қочади одам. “Нон”ни — нон, “она”ни она деб тушуниш керак. Агар “нон”ни — егулик, “она”ни — бизни дунёга келтирган зот дейдиган бўлсак биз асл сўздан қочган бўламиз. Ана шу маънода немис тили ниҳоятда кучли тилдир.

— Эшитишимизча, “Афанди латифалари”ни немис тилига таржима қилиб, Германияда чоп эттирган экансиз. Бу қандай бўлган ўзи?

— Энди таржима масаласига келсак, бу жуда ҳам қизиқарли иш. Таржимачиликка қизиқишимга сабаб, 80-йилларда олий ўқув юртларида рус тилини ўқитиш кучайиб кетдию, чет тилларга қизиқиш сусайди. Шунда биз мутахассис бўлмаган ихтисосликлар учун чет тилини ўқита бошладик. Бу жараёнда тилни енгил ўргатилади, уни чуқур билишга ҳожат йўқ эди. Ўйлаб қарасам, немис тилидан шунча машаққат билан олган билимларим йўқолиб бормоқда. Чунки дарс ўтиш жараёнида немис тилида гапирадиган гапларим оддий гаплардан иборат бўлиб қолмоқда. Ана ўшанда ўқиганим бор эди, тилни сақлаб қолишнинг бирдан-бир йўли таржима билан машғул бўлишдир, деган. Бир тилдан иккинчи тилга таржима қилиш керак ва яна шу тилга қайтиш керак. Кейин таржима билан шуғулланишни бошладим. Қатъий бир қарорга келгач, собиқ иттифоқ даврида Москвадаги “Прогресс” нашриётига хат ёздим. Улар менга немис тилидан ўзбек тилига эмас, немис тилидан рус тилига таржималар қилсам ёрдам беришлари мумкинлигини маълум қилишди. Бу эса мени янаям аниқроқ қарор қабул қилишимга ёрдам берди: ўзбек тилидан немис тилига таржималар қилишга киришдим. Бу учун немисларнинг ўзларига мурожаат қилишга тўғри келди. Охир оқибат “Афанди латифалари”ни таржима қилиш ишини бошлаб юбордим.

Немис ноширларининг хайрихоҳлиги сабаб 1000 дан ортиқ Афанди латифаларини немис тилига таржима қилдим. Нашриёт муҳаррирлари буларнинг орасидан 500 тасини саралаб олишди ва менинг таржимамдаги “Афанди латифалари” китобини немис тилида нашр этишди. Орадан бироз фурсат ўтгандан кейин мендан таржимон сифатида розилигимни олиб, чўнтакбоп китоб кўринишида ҳам чиқаришди.

— Таржимонлик фаолиятингизни қайси асарлар билан давом эттиряпсиз?

— Ишимиз, биласиз жуда эътибор ва билим талаб талаб қилади. Таълим, илм билан шуғулланиш ва шунинг баробарида   таржимани бирга олиб бориш жуда мураккаб иш. Истасанг-истамасанг баъзида бир томонлама кетиб қолишга тўғри келади. Чунки орада мен ўқитиш ишлари билан банд бўлиб, таржимадан бироз муддат нафас ростлаган пайтларим ҳам бўлди.

Кейинги босқич таржималарни бошлашимга таниқли шоиримиз Баҳром Рўзимуҳаммад сабаб бўлди. Петер Домбровскийнинг “Велатес” китобини ўзбек тилига таржима қилдик. Хейненинг балладаларини таржима қилиб чоп эттирдим. Таржима завқли иш, одам дам олади, ана шу муҳитга сафар қилади. Мен таржима қилган адабиётларнинг барчаси немис тили, немис адабиётида тан олинган асарлардир. Ўйлайманки, бу ҳақда гапириб ўтириш шарт эмас.

— Мана йиллар давомида немис адабиётидан намуналар ўзбек тилига таржима қилиб келинмоқда. Мутахассис сифатида буларни кузатиб борсангиз керак?

— Ҳа, албатта имкон ва вақт нуқтаи назаридан келиб чиқиб кузатиб боришга ҳаракат қиламан. Шу тил бўйича мутахассис бўла туриб кузатмаслик, таржималар ҳақида, уларнинг муваффақиятли ва номуваффақиятли ўринлари ҳақида муайян бир фикрга келиб уни билдирмасдан туриш мумкин эмас. Ёзувчи Назир Сафаровнинг “Чаён йили” романи, Ўзбек халқ эртаклари немис тилига таржима қилинди. Бир тилдан иккинчи тилга таржима қилаётган одам иккала тилда ҳам бирдай яшай олмоғи керак. Ва, албатта таржима қилинган асарларда мен ана шу ҳаётни кўргим келади.

Янглиш Эгамованинг Гётедан қилган таржималарини айнан сиз айтмоқчи мутахассис нигоҳи билан ўқиб чиқдим. Янглиш Эгамова таржималарини бошида “Гёте билан суҳбатлар” деб номлаган экан. “Гёте билан гурунглар” деб ўзгартиринг “г-г” ҳарфлари бир-бирига жуда ҳарфдош ва оҳангдош бўлади деб маслаҳат бердим. Бу Янглиш опага ёқди ва китобни шундай қилиб чиқарди.

— Таржимачилик соҳасидаги ишларни изга туширишимиз учун нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз?

— Энди таржима ва таржимачилик борасида қилишимиз керак бўлган ишлар ҳали жуда кўп. Чунки, бу соҳада маълум бир тизим йўқ, таржимонлар уюшмалари йўқ. Бу собиқ иттифоқ даврида жуда яхши йўлга қўйилган эди. У даврда тизим, изчиллик, рағбат ҳаммаси бор эди. Жаҳон мумтоз адабиёти намуналарининг энг сараларини таржима қилиниши шу учун ҳам айнан ўша даврда амалга оширилган. Бугун эса ким нимани хоҳласа таржима қилиб китоб ҳолида нашр этиб ётибди. Унинг таржима сифати, даражаси, маҳорати ҳақида қайғуриб, у билан қизиқиб кўрадиган бирорта ташкилот йўқ. Бу тарқоқлик алалоқибат таржимачилик соҳасини “шўрванинг шўрваси” деган қўпол ўхшатишли келажакка маҳкум қилса, ажаб эмас. Тўғри, таржима, таржимонлик ҳамманинг ўз хоҳиши ва иқтидоридан келиб чиқиб қилинадиган заҳматли бир иш. Мени бунга қаршилигим йўқ. Чунки ҳар бир ўқувчи ўзининг таъби ва дидига қараб   асарни қўлга олади ёки олмайди.

Таржима жараёнида у мутлақо таржимоннинг асарига айланади. Дейлик, “Мона Лиза”ни бошқа рассом ҳам чизиши мумкин, бироқ бу чизилгач, Леонардо Да Винчининг эмас, бошқа рассомнинг “Мона Лиза”сига айланади. Таржима ҳам худди шундай иш. “Немис балладаси”ни бир немис яратади. Мен уни ўқиб худди ўша “Немис балладаси”ни ўзбек тилида яратаман. Тўғри, асар Гётеники, бироқ унинг таржимаси ўзбек тилида яратилар экан, у муайян маънода сизнинг ҳам асарингизга айланади. Улар “таржима”ни “Übersetzung” деб айтишади. Бу бир нарсани бошқа жойдан олиб келиб бошқа бир жойга   қўйди деганидир. Бу биздаги “ағдарди” сўзига ҳам тўғри келади.

— Бизда таржима ва таржимачиликни тушуниш, уни баҳолаш мезонлари дунё, хусусан, немис таржимонлари ва назариётчилариникидан фарқ қилса керак?

— Бизнинг айнан ўзбек таржимон ва назариётчиларининг таржима тўғрисидаги фикрлари бироз бошқачароқ. Биз таржимани аслиятнинг айнан ўзи деб тушунамиз. Дейлик, оддий “нон” сўзи, биз уни русчада “хлеб” деб атаймиз. Ахир “нон” “хлеб” эмас-да. “Чойнак”ни араб тилига “Абрик” деб таржима қилишибди. “Абрик” “чойнак” эмас, “обдаста” у.

Таржима ўта мураккаб жараён, бу жараёнда биз айнан аслиятни бермоқчи бўламиз, бунинг эса ҳеч ҳам имкони йўқ. Баъзи сўзлар, тушунчалар бир халқда бор бўлса, у иккинчи бир халқда йўқ. Шу маънода, таржималарни солиштирмоқчи бўлсак, аввало, таржимон асарнинг, сўзнинг, тилнинг руҳига кира олган ёки кира олмаганлиги жуда муҳимдир. Қолаверса, бунга хоҳиши ва вақти бўлиши ёки иши билан бевосита боғлиқ бўлиши зарур.

Масалан, Эркин Воҳидов Гётенинг “Фауст” асарини ўзбек тилига таржима қилган. Гарчи асар рус тили орқали таржима қилинган бўлса ҳам фикрларнинг равон ва тиниқлиги, таржимоннинг маҳоратини кўриб қувонасан, баҳра оласан. Асар одатда бир тилдан таржима қилинганда 30 фоиз, иккинчи тил орқали ўгирилганда эса 60 фоиз қийматини йўқотади. Бироқ тушунчани, фикрни бериш Эркин акада жуда равон ва гўзал кечган. Мана бу асарнинг таржимаси бизни қанчалар қувонтирган бўлса, ҳозирги таржималардан қониқиш ҳам, қувониш ҳам озроқ бўлмоқда.

Мен ўз таржималаримни доим аслияти билан бирга бераман. Чунки тилни биладиганларнинг, мутахассисларнинг мулоҳазалари доим мен учун қизиқ. Астойдил таржима билан шуғулланадиган мутахассислар буни ўқиб, ўз баҳосини бериши мумкин. Менинг университет талабалари учун чиқарган қўлланмаларим қайсидир маънода зарурат нуқтаи назаридан қилинган бўлиши мумкин. Бироқ таржималарим қалб хоҳиши билан   қилинган. Гарчи матбуотда эълон қилмаган бўлсам-да ўзим ҳам, болаларим ҳам шеър ёзамиз. Ўзимизнинг оилавий шеърият альбомимиз бор.

— Ҳаёт мазмунини нималарда кўрасиз?

— Бешта сезги аъзоларимиз орқали сеза олганларимиз конкрет бўлади, сеза олмаганингиз эса абстрактдир. Энди сиз шуларни мушоҳада қилдингиз. Ҳамма нарсани кўриб туриб, номламасангиз фарқлаб бўлмайди. Ном аслида фарқлаш учун зарур. Номлаш учун эса сўз керак. Сўзнинг асосида учта нарса: предмет ва тушунча, унинг ўртасида эса маъно ётади. Фақат тушунча эмас, мушоҳада қилиш бор. “Мушоҳада”нинг ўзагида эса “шаҳид” сўзи мужассам. Мушоҳада бу сизнинг тафаккур жараёнингиз. Масалан, “ўй” деймиз, ўй бу — бирор нарсани билишга қилинган ҳаракатдир. Тафаккур шуни мушоҳада қилиш жараёнидир. Тасаввур қилганда эса расми кўз олдингизга келади, фикр эса хулосадир.

— Сўзларнинг маъною мазмунини изоҳлаб, тушунчамизга жойлаб қўйишингиз бизни жуда ҳайрон қолдираяпти. Биз ижодкорлар хаёлга берилувчанмиз. Бу ҳақда нима дейсиз?

— Хаёл бу — руҳнинг ҳаракати ифодаси. Ҳозир сиз бутун хаёлингиз билан мендасиз, яъни мени тинглаяпсиз. Агар сиз Тошкент ҳақида ўйласангиз, хаёл ҳам Тошкентга кетади. Руҳ кўрган нарсасини англашга ёрдамлашади, кўрган нарсасини нима эканлигини англамаган одам жинни бўлади. Еган-ичган нарсасининг таъмини билмайди. Улар руҳан ожиз одамлардир.

Китобларда Аллоҳ таоло одамни лойдан яратди ва пуфлаб жон киритди, дейилади. Дарахтларга сувни берди — жон, ҳайвонларга қонни берди — жон, одамга эса сувниям, қонниям ва нафасни ҳам берди. Руҳ Аллоҳники, У учун на вақт, на замон бор. Руҳ учун ҳам йўқ. Руҳнинг кўриниши эса хаёл. Одам хаёл сураётган пайтда туртсангиз йиқилади ёки “ҳей” десангиз чўчиб кетади. Чунки бу пайтда руҳ бошқа ёқда бўлади. Руҳ билан ўтган замонга бориб келиш имкони бор. Сизга Аллоҳ таоло шундай қувват берган. Келажакка бориб келолмайсиз. Хаёл руҳнинг кўриниши, руҳнинг ифодасидир. Хаёл вақт билан белгиланмайди. Масалан, ҳозир хаёлингиздаги ер шарининг энг узоқ бирор жойига бориб келинг, унча вақт кетмайди-ку. Аллоҳ учун вақт йўқ. Сония, лаҳзалар эса, вазиятдан қутулиш учун ўзимиз ўйлаб топган нарсалардир.

— Мароқли суҳбат учун ташаккур, домла.

 

Гўзал БЕГИМ суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 1 =