Огулбай Гайлиева: “Дўстлик туйғуси адабиётдан бошланади…”

Тошкентга бир борганимда   “Ижод олами” деган журналга кўзим   тушиб қолди.   Эътиборимни ундаги “Модерн –ребус эмас…”   сарлавҳали суҳбат ўзига   тортди. Ижодкор қуйидагича мулоҳаза   юритибди: “… Бугунги   шоирлар назмини Фитрат,   Чўлпон, Ойбек, Рауф Парфи   шеърияти билан холисона   солиштирганда нималар ойдинлашади… Бу каби… саволларга   жавоб ахтариб кўрадиган   давр етиб келди, деб   ўйлайман. Дарвоқе, нукуслик   олима Огулбай Гайлиева   ўзбек, турк­ман, қорақалпоқ   модернист шоирлари ижоди   тадқиқига киришгани қувонарли   ҳол. Ана ўша   усул кўпчиликка намуна   бўлиши лозим (“Модерн шеър   – ребус эмас…” Шоир Баҳром Рўзимуҳаммад билан   суҳбат. Суҳбатдош: Анвар Алламбергенов. “Ижод олами”.   2019-йил,   6-сон 8-бет).

Гарчи ўзим   Нукусда яшасам-да, ижод   оламига аралашиб юрсам-да   Огулбай Гайлиевадек новатор   олима ҳақида эшитмаган эканман.   Қизиқишим ортгани боис   ишхонасига бориб, уни   ахтариб топдим ва суҳбатдошим. Демак, ҳамсуҳбатим — Қорақалпоқ давлат университети туркман тили ва   адабиёти кафедраси мудири, филология фанлари доктори, доцент   Огулбай ГАЙЛИЕВА.

 

­— Аввало, ўзингиз ҳақингизда   қисқача гапириб берсангиз?

— Мен 1977 йили   Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида   таваллуд топганман. Миллатим   — туркман. Шеъриятга   қизиқишимга отам сабабчи   бўлган. У бўш   вақтларида, хусусан, қишнинг   узун тунларида бизга   (оилада тўққиз нафар   фарзандмиз) шеър айтиб   берарди. Алишер Навоий,   Махтумқули, Бердақ, Пушкин,   Абай шеър­лари менда   ёқимли таассуротлар   қолдирган.   Уларнинг ҳар бири   рангин дунёдек эди.   Айтилаётган шеър­ларнинг айримларини   тез ёдлаб олардим   ва ифодали қилиб   ўқиб берардим. Отам   эса бошимни силаб:   “Келажакда олима бўлиб   чиқарсан-ов! Бараколло!” дерди.   Ана ўша рағбат   боис қўлимдан китоб   тушмасди.

Талабалик чоғларимда   Махтумқули шеърияти тўғрисида   мақолалар ёза бошладим.   Мақолаларимни устозимиз профессор   Қувончбой Ўразимбетовга   топшириб, ўқиб, хулосасини айтишини   илтимос қилардим. Домла   кичик тадқиқотларимга катта   баҳо берарди.

Мактабда ўз   она тилим — туркман тилида   ўқиганман. Ўзбек ва   қорақалпоқ тилларини сал   кейинроқ мустақил равишда   ўргандим. Яна Ўразимбетов домла   менга ҳар бир   шоирнинг поэтик тилига,   образ яратиш усулларига,   ташбеҳларига алоҳида ёндашиб   боришимни маслаҳат берарди.   Шу тариқа мен   шоирларнинг оламларига чуқурроқ   кирдим ва бундан   ҳайрат топдим. Шеърият   тилга чамбарчас боғлиқ санъат   туридир. Масалан, Алишер   Навоий шеърларини ўзбек,   Пушкин шеърларини рус,   Махтумқули шеърларини туркман,   Бердақ шеърларини қорақалпоқ,   Абай шеърларини қозоқ   тилларида мутолаа қилсангиз,   образли зайлда айтганда, тотли мевани боғнинг ўзида,   дарахтдан узиб тановул   қилгандек ўткир ширани   ҳис этасиз. Таржима   жараёнларида   “мева” маълум   даражада ширасидан мосуво   бўлади. Бинобарин, тил билмоқ — дил билмоқ, дейишим   мумкин.

— Сиз қорақалпоқ,   ўзбек, туркман янги   шеъриятини тадқиқ қилаётган   экансиз. Тўғри, бир   миллат янги шеъриятини   тадқиқ қилаётган олимлар   кўп. Аммо уч   миллат шеърияти билан   шуғулланаётганлар кам ва   бу ўз навбатида фавқулодда бир   эстетик ҳодисадир. Хўш,   уч миллатнинг янги   шеъриятидаги муштарак ва   фарқли жиҳатлар қандай?

— Мен 2006   йилда “Ҳозирги қорақалпоқ   шеъриятида оралиқ   шаклларнинг жанр ва шаклий   хусусиятлари” мавзусида номзодлик   диссерта­циямни ҳимоя қилганман.   Докторлик диссертациямни эса   учта миллат шеъриятини   қиёсий ўрганиш мақсадида   “Мустақиллик даври туркий   халқлар лирикасида шаклий   изланишлар ва   уларнинг   типологияси (ўзбек, қорақалпоқ   ва турк­ман лирикаси   мисолида)” мавзусида ҳимоя   қилдим. Аксарият ҳамкасбларим, жуда қизиқарли   ҳамда   туркий халқлар дўстлиги   йўлида асқотадиган мавзуни   чуқур очиб берибсиз,   дедилар. Ва тадқиқотларимни янада бойитишимни маслаҳат   бердилар.

Шуни алоҳида   урғулашим жоизки, Туркманис­тонда Алишер Навоий ижодига,   ўз навбатида Ўзбекистонда Махтумқули   шеъриятига муҳаббат кучли.   Хусусан, Хоразм тарафларда   1960-йиллардаёқ улуғ ҳофиз   Комилжон Отаниёзов Махтумқули   шеърларини қўшиқ қилиб   айтган. Эл-улус сўзига   қараганда, Комилжон уста:   “Махтумқулидан уч-тўртта ашула   ўрганмаган қўшиқчи эл   олдига чиқса, масхара   бўлади” деган экан.   Қизиқ жиҳат шундаки,   қадимги даврларда Навоий,   Машраб, Махтумқули, Камина,   Фузулий, Мулланафас , Абай, Бердақ, Ажиниёз каби   туркий шоирларнинг шеърларини   ўзбегу туркманлар, қорақалпоқ,   қозоқ, турк, озарбайжонлар аслиятда ўқиб, тушуниб   кетаверганлар. Орадан кўп   йиллар ўтганидан сўнг,   масалан, туркман адабий   тили ва ўзбек   адабий тили; озарбайжон   адабий тили ва   ўзбек адабий тили   борасида фарқ каттайиб   бораверди. Гоҳо туркий   халқлар рус тили   воситасида бир-бирларини танийдиган бўлдилар. Хуллас,   бугунги кунда туркий   шоирлар ўзаро яқинлашмоғи   керак. Сабаби, барибир   туркийлар сўзлашганда бир-бировини тузук тушунадилар.

Истиқлол арафасида   туркман шоири   Омондурди   Аннадурдиев Тошкент шаҳрида   яшаган. Унинг бир   шеъри нозиктаъб шоир   Муҳаммад Раҳмон таржимасида   Ўзбекистонда ниҳоятда машҳур   бўлиб кетганидан воқифман.   Шарқ мумтоз шеърияти   давомчиларидан бири Матназар   Абдулҳаким   О.Аннадурдиевнинг рубоийларини ўзбекчага   ўгирган. Ўгирмалардан бир   шингил:

Ғижжак бир   покланди, най бир покланди,

Йиллар бир покланди, ой бир покланди.

Тўйга кириб   келдинг, оҳукўз дилдор,

Давра бир покланди, тўй бир покланди.

Мен ўзим асосан   Абдулла   Орипов, Усмон Азим,   Сирожиддин Саййид, Маҳмуд   Тоир, Фарида Афрўз, Баҳром Рўзимуҳаммад, Болтабой   Бекматов каби ўзбек   шоирларининг шеърларини таҳлилга   тортиб мақолалар ёзганман.   Мақолаларим Македония, Туркия,   Америка Қўшма Штатлари,   Украина, Туркманистон, Қозоғистон   каби мамлакатларда турли   тилларда чоп этилган.   Айниқса, Македония журналларида инглиз тилида чиққан   мақолаларим халқаро миқёсда   кўпроқ қизиқиш уйғотганидан хурсандман. Туркман   модерн шеърияти менимча,   анъаналар бағрида қад   ростламоқда. Дейлик, модернист   шоир Ражабдурди Межеков   ижодида миллий бўёқлар   остидаги янгиланишларни кузатамиз.   Бадиий тафаккур мароми,   услуби анъанадорларга қараганда   сал ўзгачароқ. Ижодидан   бир шингил:

Юрак қайғули,

       Чидаб бўлмас ҳеч.

       Йўқотганим,

       Ахтарганим   ахир қайларда?

       Жавоб   бўлмайдими бу сасимга   ҳам?

       Кузагим,

       Сенга менгзар гўзалим   қайда?

Дарвоқе, Сағинбой Ибрагимов   шеъриятида ҳам Р.Межиков   оҳангларига ёндошлик бор.   У ҳам эркин вазнга бот-бот   мурожаат этмоқда.

— Тили, менталитети   ўзаро яқин, айтиш   мумкинки, муштарак халқлар   ўртасидаги дўстликни кучайтиришда бадиий адабиётнинг ролини   қандай баҳолайсиз?

— Менимча, дўстлик   туйғуси адабиётдан бош­ланади.   Масалан, ўзбеклар Махтумқули   бобомизнинг шеърларини ўқиб, шеърлари асосидаги   қўшиқларини тинглаб туркман   халқини янада яхши   кўриб қолганлар. Махтумқули   Хожа Аҳмад Яссавийни,   Алишер Навоийни ўзига   устоз санаган. Худди   шунингдек, Мулланафас ҳам Ўзбекистонда ниҳоятда машҳур эканлигини   биламан.

Бултур Ўзбекистон   Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ   шоири Абдулла Ориповнинг   “Сен баҳорни соғинмадингми?” номли шеърлар тўплами   Жумадурди Акиев таржимасида   туркман тилида эълон   қилинди. Шу аснода,   ўзбек-туркман адабий алоқалари   йилномасида янги саҳифа   очилди, дея оламан.   А.Ориповнинг шеърий туркумини бундан анча йиллар муқаддам   “Қорақум” (Ашхабодда чиқади)   журналида ўқиб, ниҳоятда   ҳайратланган эдим. Чунки,   у худди туркман   тилида шеър битгандек   туюлди. Қаранг, каттагина   туркумда аслиятдаги битта   сўз ўзгартирилган: “Оҳужон”   сўзи “Жейраним” деб   берилган. Бошқа ҳамма   сўзлар аслиятдаги янглиғ… Хулоса ясадимки,   А.Ориповнинг поэтик тили   туркман адабий тилига   жудаям яқин. Менталитети   муштарак. Чунки, у   ҳам саҳро, дашт фарзандидир. Шахсан мен ўзим   забардаст шоир шеърларини   ўқисам Туркманистон кенгликларини кезиб юргандек, биёбонларда ўсадиган   гиёҳлар   исларини ҳидлаётгандек бўлавераман. Айниқса, “Сен баҳорни   соғинмадингми?” сарлавҳали шеъри   руҳиятимга яқин. Умид   қиламанки, яқин келажакда   Эркин Воҳидов, Омон   Матжон, Усмон Азим,   Сирожиддин Саййид каби   халқона усулда ёзган   шоирларнинг салмоқли шеърий   китоблари туркманларнинг ҳам дил мулкига   айланади.

— Филология фанлари   докторлиги диссертациясини ҳимоя   қилганингизга ҳам унча   кўп бўлмади.   Келажакда   нималарни режалаштириб қўйгансиз?

— Бундан кейин   ҳам илмий иш   ёзишни тўхтатмадим.   Кейинги   икки йил мобайнида   иккита монография, битта   дарслик, битта ўқув   қўлланма, йигирма бешта   илмий мақолаларимни алоҳида   таъкидлаб ўтмоқчиман. Айниқса,   “Ҳозирги туркман адабий   тили” (2019), “Туркман   адабиётини ўқитиш методикаси”   (2021), “Адабий тур ва жанрлар   поэтикаси” (2021) номли   китобларимдан кўнг­лим бир   қадар тўлди. Оллоҳ куч-қувват   берса туркий халқлар   адабиёти, адабий алоқалари бўйича   фундаментал лойиҳалар яратиш,   туркий шеъриятнинг нафақат шакл жиҳати, балки ғоя   мазмуни, таржимашунослик йўналишларида ҳам тадқиқотлар олиб   боришни режалаштирганмиз.

Қувончли ҳолат   шундаки, Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти Шавкат Мирзиёев   ижодкорларни қўллаб-қувватламоқда. Унинг даъватларига жавобан Ўзбекистонда китоб ўқишга иштиёқ   сезиларли даражада ўсди.

—Туркманистоннинг ўзида   Сизни яқиндан танийдиларми? Тадқиқотларингизга   қандай баҳо берадилар?

—Туркманистон Фанлар   академиясининг Махтумқули номидаги   Тил, адабиёт ва   миллий қўл­ёзмалар институтининг бош илмий ходими,   филология фанлари доктори   Аҳмет Маммедов “Турк­ман   дунёси” газетасида “Адабий   алоқа — уч адабиёт мисолида”   сарлавҳали мақола эълон   қилдирди. Мазкур газетанинг   2019 йилги 25   июль сонида чиққан ўша мақола бизнинг тадқиқот ишимиз,   илмий мақолаларимиз хусусида   ҳам ижобий фикрлар   билдирилган. Бу ўз навбатида   таниқли туркман олимининг   ўзбек ҳамда қорақалпоқ   замонвий шеъриятига майлини   ифодалайди.

— Гурунгимизни Хўжайлидаги   оилавий муҳит талқини   билан бошлаган эдик.   Нукусдаги муҳит қандай?   Оила маъносида?

— Турмуш ўртоғим   Турганбой Керуенов ҳам   илм соҳаси вакили.   Филология фанлари доктори.   Икки нафар фарзандимиз   бор. Уйда ҳамиша туркий   халқлар адабиёти тўғрисида   суҳбатлашамиз. Бадиий ва илмий   ижоддаги янгиликлар, шунинг­дек, жаҳон адабиёти янгиликлари   гурунгларимиз мавзусига айланади. Албатта, руҳий муштараклик   оғиримизни енгил қилади. Бир-биримизни хулосамиздан қувват оламиз ва илм   йўлида янада илдамроқ   бўлишга интиламиз.

Суҳбатдош:

Фотима Абдураимова

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × three =