Дунё тақдирини маънавият ҳал қилади
Маълумки, таълим ва тарбия тушунчалари ҳеч қачон бир-бирига зид қўйилмаган, қолаверса, улар ўртасидаги чегара ҳам нисбий, ҳатто уларни бир-биридан ажратиш ҳам мумкин эмас: бири пўст бўлса, бири мағиз ёки аксинча. Хўш, қай бири пўст ёки мағиз? Мабодо масалани шу тақлидда қўядиган бўлсак, инсон камолида тарбия муҳимми, таълим деган саволнинг пайдо бўлиши аниқ. Хўш, таълим орқали тарбиялашми (таълимий тарбия) ёки тарбиялаб, таълим беришми (тарбиявий таълим)?
Аксарият ҳолларда одам ҳаётида таълим муҳим, илм-билимсиз (саводсиз ҳолда) яшаб бўлмайди, тарзида мулоҳаза қилинади-ю, негадир ҳеч ким “тарбиясиз яшаб бўлади” деб дангал айта олмайди. Мабодо шундай гап тил учига келиб қолса, дастлабки мулоҳазаданоқ уни тиямиз. Негаки, тарбия билан ҳазиллашиб бўлмайди. Демак, инсон камолида тарбия бирламчи экан (худди “Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин” дегандек). Ҳолбуки, кўп (аксарият жами) тартиблар таълимни ривожлантириш, таълимни қўллаб-қувватлаш замирига қурилган. Масалан, талабанинг фаолияти фанларни қай даражада ўрганганига қараб баҳоланганидек, унинг тарбиясизлиги туфайли ўқишдан ҳайдалиши мумкинлигини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Ёки жамоат жойида ўз тарбиясизлигини ошкора намойиш этган (масалан, қучоқлашиб турган йигит-қиз ёки беўхшов қилиқ қилаётган бола) кишига бирор жазо тайинланмаган.
Яқинда бир ҳамкасб билан иш юзасидан мулоқот қилишга тўғри келди. У гапни дабдурустдан таъна билан бошлади: “Нега кейинги пайтда ёмон киноларни кўпайтириб юбораяпсила?”. Аслида у бирор режиссёр ёки киноактёрни танимайди, кейинги йилларда яратилган асарлардан биттасини ҳам батафсил кўрмаган, аммо тинимсиз савол ёғдирар, аниқроғи, мақоласини сўзма-сўз ёзарди. Унга билдирилган эътирозларимиздан ошиқча хафа бўлди, ҳатто таҳдидга ўтди: “Аслида соҳадаги салбий ҳолатлар шу жойдан бошланган экан”. Афсуски, унга хизмат одобини тушунтириб бўлмади, гап бозордаги олди-сотдига ўхшаб қолди. Шунда хаёлдан ҳар бир одамнинг шахсий маданияти, аниқроқ қилиб айтганда, тарбияси ҳақидаги мулоҳазалар ўтди.
Шу баҳона “инсон манзаралари”га бир қур назар солайлик.
- Баъзи ғайратли, ташаббускор кишилар имкониятларини фақат ўз фойдалари ҳисобига ишлатадилар. Гарчи улар бошқаларнинг, жамоа аъзоларининг кўзича елиб-югуриб, ўзларини ўтга-чўққа уриб юрсалар-да, бу ҳаракатларининг замирида шахсий манфаат яширинган бўлади. Мабодо бу манфаат чегараси бироз кемтилса, улар дунёни бошларига кўтариб, шундай айюҳаннос соладиларки, кечаги тарбияли одамдан асар ҳам қолмайди.
- Шундай оқкўнгил, хокисор одамлар борки, уларни кўриб, ўпкасини елкалаб олган ҳар қандай киши ҳам ҳовридан тушиб қолади, аммо уларнинг фожиаси шундаки, меъёрни билмайдилар, ҳаммага – бўрига ҳам, қўйга ҳам бир хил муомала қиладилар. Кўпинча уларда дид, фаросат оқсайди.
- “Бир кам дунё” деганларидек, ҳар жиҳатдан тўлиқ одамлар бор: шахсий маданияти ҳам жойида, мулозаматни ҳам ўринлатадилар, оқибатлари ҳам кўнгилдагидек, бироқ ўлгудек хасис бўладилар.
- Атрофимизда кимлар яшамайди: ҳаётнинг аччиқ-чучугини етарлича тотган, иссиқ-совуқни ўтказган, ёш ҳам бир жойга бориб қолган, аммо ҳали ўзларини топа олмаган зотлар ҳам бисёр. Фикрлари ҳар куни ўн марта ўзгаради, бировни эрталаб яхши кўрсалар, тушдан кейин ундан чексиз нафратланадилар – уларда таассуротлардан туғилган ахборотларни қайта “ишлаш” ва зарур хулосалар чиқариб, уни амалиётда қўллаш малакаси шаклланмаган, бир умр “жангчи” бўлиб яшашган.
- Довулдек сурон солиб юрадиган кишилар бор, ҳар жойда ҳозиру нозир. Ташвишингга кўмакдош, шодлигингга шерик. Афсуски, улар ҳеч кимнинг қўлидан келмайдиган яхшиликлар қилиш билан бирга сенга нисбатан энг даҳшатли ёвузликкача боришлари ҳам мумкин… (Кўзларимиз ёруғликка муҳтож, дунёда эса комил инсонлар бисёр. Барибир назарга “қора нуқта” бирдан ташланади. Ҳаётимиз нақши – яхшилар кўпайсин).
(Бу “манзара”ларда қай даражададир нуқс бор, умумий номи эса “тарбиясизлик”).
Гапнинг нафсиламри эса бундай кўринишларни санаб, ҳатто таснифлаб бўлармикин? Таъбир жоиз бўлса, қанча одам бўлса, шунча “манзара” мавжуддир. Инсон миясида акс этадиган таассуротларнинг сон-саноғи йўқ, кўчага чиқасан, бир синоатга дуч келасан, уйга кирасан, яна бир синоат… Аммо бу кўринишларнинг умумий жиҳатлари ҳам бор. Хусусан, болаликдаги тарбия асоратлари бир умр сақланиб қолар экан. “Қуш уясида кўрганини қилади” деган нақлда юз фоиз ҳақиқат бор. Зеро, болаликда тасаввурлар худди тоза қоғоздек оппоқ бўлади, ундаги соч толасидек ингичка қора чизиқ ҳам ўчмай қолади.
Иш юзасидан яна бир воқеага гувоҳ бўлдикки, унинг шарҳи қанчалик аламли бўлмасин, сўзловчи ўзини нечоғли оқламасин, гап яна “Жаноб Тарбия”га бориб тақаларди. Кўринмас бу қудрат кўп нарсаларга қодирлигини такрор эслатиб турарди.
… Бу мактубни бепарво ўқиб бўлмасди. Унда ҳаётга катта умидлар билан қадам қўйган, биринчи ушлагани чўғ бўлиб чиқиб, қўлини куйдирган ва шу билан бутун орзулари барбод бўлган аёл қалбининг изтироблари жуда таъсирчан ифодаланган эди: “Мен бахт дўконида навбатга турганларнинг олдинги қаторида эдим. Ҳаммани севардим, одамларга ёмонликни раво кўрмасдим ва шунинг эвазига ниятимга етаман, деб ўйлардим. Афсуски …”. Албатта, у атрофдагиларни айб¬лар, ўзини ҳақ деб ҳисоблар, шу орқали тирикликка нафратини яширмасди. Аслида ҳам шундайми? Ахир ҳеч нарса беҳуда содир бўлмайди-ку, “Беҳикмат зирапча санчилмас товонга”. Наҳотки биз ўзимиз сезмаган ҳолда ёввойи ўрмонда яшаймиз? Ҳолбуки, атрофимизда бахтдан масрур, чинакамига ҳаётнинг ардоғида умргузаронлик қилаётган сон-саноқсиз одамлар бор-ку. Шубҳасиз, уларга ҳам яхши кунлар совға қилинмаган, балки бу вақтичоғликка тошни кемириб, сувни симириб етишганларини кўпчилик билади.
Ана шундай мулоҳазалар билан аслида гап нимадалигини чуқурроқ ўрганишга киришдик. Бу юмушда маҳалла оқсоқоллари, жабрдийданинг яқинлари, руҳшуносу педагоглар кўмаклашишди. Уларнинг ёрдами билан бу ҳаёт “лабораторияси”нинг ичига теранроқ кириб боришга уриндик.
… У барбод бўлган турмуши ҳақидаги аламли ҳикоясини якунлади. Албатта, кўплаб бахти қаро бўлган жувонлар каби у ҳам омадсизлигида ўзгаларни, кўпроқ собиқ турмуш ўртоғини ёмонлар, ўзини қўй оғзидан чўп олмаган қилиб кўрсатарди. Ҳолбуки, халқда “Қарс икки қўлдан” деган гап бор. Омади гап эса ҳар ким ҳаётдан излаганини топади. Агар кимгадир дўст керак бўлса, яқин кишисидан нуқул шу фазилатларни излайди, учратса, уни қабул қилади, муродига етади. Тополмаса, ундан узоқлашади, воз кечади. Мабодо икки кишининг ўртасидаги муносабат эр-хотинлик ришталари билан боғланганда ҳам моҳият шу: кўнглидагига дуч келган бўлса, олам гулистон. Акси бўлганда эса… бизнинг миллатимизда муроса йўли танланади. Шубҳасиз, жами эр-хотинлик жуфтликлари омадли бўлавермаган, худди шундай, жами эр-хотинлар оилада ўзларини бахтли ҳисобламайдилар. Бироқ яшайдилар: ота-она ҳурмати, қариндош-уруғ шаъни, болаларнинг бахти учун… Шу ақидадан келиб чиқиб, “Бахтга эриша олмаслигимизнинг сабаблари аксарият ўзимизда эмасмикан?” деган нуқтаи назар билан масалага ёндашдик.
Аёлнинг маҳзун ҳикояси сирасида бир эътирофи қулоғимизда қолди: “Қайнотам нуқул: “Тарбиясиз экансан” деб койирдилар”. Кейинроқ маълум бўладики, у вояга етган муҳит кўнгилдагидек бўлмаган.
Энди шундай оилани тасаввур қилинг. Ота ичкиликка ружу қўйган, рўзғорнинг бутун юки онанинг гарданида. Тўрт нафар норасида гўдагини вояга етказиш учун сув келса симириб, тош келса кемириб, тирикчилигини таъминлаяпти. Азбаройи қозон қайнатиш ғамида бозорга чиқиб кетди. Эрнинг парвойи палак, шишанинг тор оғзидан ичкарига кириб олганча, шу уммонга ғарқ бўлиб кетган. Бу аҳволдан хотин дарғазаб, бозордан чарчаб, эзилиб келади-да, бутун заҳрини пажмурда эркакка сочади. Оилада ҳар куни жанжал, тўпалон, ур-йиқит. Болалар ана шундай муҳитда ўсишди, улғайишди.
Шўрпешона келин шу оиланинг тўнғичи эди. Унинг бахтсизлигида ўзининг, аниқроғи, оилавий тарбиянинг таъсири йўқми? Тарбия жараёнининг занжирсимон таъсирини қаранг: унинг нотўғри асосга қурилганлиги тарбиясиз ота-онанинггина эмас, уларнинг зурриётлари ҳаётини ҳам барбод қилаяпти.
Воқеа: ота-онасининг бошдан суви лойқаланган, дастлабки ғиди-бидилар йиллар ўтган, оила муаммолари каттарган сари чуқурлашиб, ошкора жанжалга айланганди. Гоҳи-гоҳида бўлиб турадиган бу енг ичидаги муҳорабалар кейинчалик доимий машғулот тусини олди. Кўз очгандан ишга кетгунча, ишдан қайтиб, уйқуга ётгунча тортишув, гап талашиш ва охирида жанжал.
Таассурот: муттасил шовқин-суроннинг ичида ўсаётган болалар бу ҳолга бутунлай кўникишди, уларнинг тасаввурида оила, эр-хотинлик, турмуш шундай бўлиши керакдек эди. Энди баъзида ота-оналари жим қолган паллада болалар ўзаро уруш чиқарадиган бўлишди. Бунинг учун эса баҳона етарли. Қолаверса, боланинг ҳар бир ҳаракати укаси ёки ака-опасида эътироз қўзғайди, агар улар келишиш, муроса руҳида тарбияланмаган, бир-бирини қадрлаш, кечириш тарзида улғаймаган бўлса, ҳар лаҳзада тўпалон кўтаришга туртки топилади. Шундай қилиб, тегирмонда туғилган сичқон момақалдироқдан қўрқмайди, деганларидек, оиланинг фарзандлари қулоқсиз, гап уқмас, жанжалкаш бўлиб ўсишди.
Оқсоқолнинг эътирофи: “Фарзанд учун она меҳри, ота насиҳати ҳаводек зарур. Меҳр берилса, меҳрли бўлади, насиҳат эшитса, одобни ўрганади. Меҳр кўрган бола дилозор бўлмайди. Отанинг ҳар бир панд-насиҳати бошқаларга ҳурмат руҳини сингдиради, ота насиҳатини эшитмай ўсган фарзанд бошқалар билан ҳисоблашмайдиган, ҳеч кимдан фикр сўрамайдиган, ҳамма нарсада ўзи қарор қабул қиладиган ўзбошимча ва худбин бўлиб етишади”.
Собиқ қайнота ҳикоясидан: “Келин қўл-оёғи чаққон, муомаласи ширин, хушчақчақ қиз экан. Бу фазилатлари билан ҳаммамизнинг меҳримизни тезда қозонди. Аслида кейинроқ маълум бўлиб қолдики, бу қилиқлари кўча-кўйда кўрганлари асосида шаклланган юзаки сифатлар экан. Оила тарбиясининг саёзлиги, айниқса, ота ўгитини эшитмагани тезда ўз касрини кўрсата бошлади. Унда умуман ўзидан ёши катта одам олдида одоб сақлаш, унинг ҳурматини жойига қўйиш, панд-насиҳатларини тинглаш малакаси шаклланмаган экан. Менинг олдимда ҳам ўзини эркин тутади, бошқалардек муомала қилади. Ҳатто тортишиб, баъзан кўзимга тик қараганча “Бекор айтибсиз” сингари номақбул гапларни ҳам айтаверади…”.
Педагогнинг мулоҳазаси: “Болани камолга етказишнинг синалган усулларидан бири – у эсини танигандан бошлаб фойдали машғулотга жалб қилиш. Масалан, уй-рўзғор юмушларига. Қиз болалар эса уй тутиш, саришта-саранжомликка гўдаклигиданоқ ўргатиб борилмоғи лозим”.
Собиқ қайнона: “У уй-рўзғор ишларига ҳам эпсиз эди. Нарсалари ивирсиб ётар, қозон-товоқдан йироқ, бичиш-тикишда уқувсиз эди. Негаки, онаси бозордан бери келмаган, қизининг айни зеҳни очилаётган паллада аёл кишига асқотиши керак бўлган машғулотлардан сабоқ бермаганди. Барқарор муҳитда улғаймагани учун ҳар нарсада меъёрни сақлаш, тартибли бўлиш сингари одатларга ҳам кўникмаган, демак, иссиқ-совуққа чидаш, оғир-енгилга кўникишни билмас, хуллас, турмушга тайёр эмасди. Тартибсизлиги туфайли хафа бўлса, жуда изтироб чекиб, хурсанд бўлганда ер-кўкка сиғмай қувонарди. Бировдан ранжиса ҳам қаттиқ нафратланар, ёқтириб қолса, жонига тегиб кетарди – меъёрни билмасди”.
Воқеа: бунинг исботига бир мисол айтиб беришди: куёв сафарга кетиш олдидан ёш рафиқасига эркаланиб, “Яхши тилаклар билдирмайсизми?” деган. Бундай муомалага ўрганмаган келин эса “Ўлимга кетаётганингиз йўқ-ку, қайтиб келасиз-да” тарзида совуқ жавоб қилган. Бу гапнинг эркакка қандай таъсир этишини чамалаб кўринг.
Мулоҳазаларни тинглаб, хат муаллифига мурожаат этдик. Таассуфки, у бу гапларни эшитишни хоҳламас, ҳаммасида барибир бошқаларни айбдор деб биларди. У парвариш кўрмай ўсган тоғ олчасига ўхшарди: ёввойи табиат қўйнида дарахт бетизгин тарвақайлаб ривожланган ва ўзининг борлиғини шу тартибсизликда, деб билади. Жувон ҳам “Мен шундайман ва шу ҳолимча қоламан. Керак бўлса бошқалар менга мослашсин” дегандек кибр билан ўтирар, одатича, ҳаммадан қусур топиб, ҳамма нарсадан норози бўларди. Афсуски, ҳаётнинг шундай темир қонуниятлари борки, у шоҳдан ҳам, гадодан ҳам ўзига буйсунишни талаб қилади, уларга зид бориш эса ўткир арра тиғига қарши туришдек гап. Буни бизнинг суҳбатдошимиз тушуниб етмасди, ҳализамон тушуниб етишни ҳам хоҳламасди. Албатта, ҳар доим ўзини ҳақ деб билиш ҳам тарбиясизликнинг бир кўриниши. Ҳолбуки, доноларнинг “Ҳаммани яхши билгин-у, ўзингни ёмон де, ҳаммани доно билгин-у, ўзингни сомон де” қабилидаги насиҳати бор.
Бундай ҳикматли гаплар бирор билим юртида ўқитилмайди, унинг мактаби ҳам йўқ. Шунданми, тарбия ҳамма шуғулланадиган умумий ишга ўхшаб туюлади. Бинобарин, тарбияга ҳамма эга-ю, аслида эгаси йўқ. Унинг учун ҳамма масъул-у, аслида ҳеч ким масъул эмас. Ҳатто тарбия билан махсус шуғулланиш шарт эмас, одам ўз-ўзидан тарбияланиб қолади, сингари тушунчадаги одамлар ҳам учрайди. Масалан, ўзбекларда “Бир болага етти маҳалла ота-она” деган мақол бор, дейишади улар. Бу жиҳатдан тарбия иши ташкилотлардаги жамоатчилик топшириғига ўхшайди: ишланади-ю, ҳақ тўланмайди, демак, бунинг учун ҳеч ким жавоб бермайди.
Мулоҳаза қилиб кўрилса, битта тарбияси комил бўлмаган одам жамиятга келтираётган зарарнинг ўрни¬ни ўнта олим ҳам қоплай олмаслиги мумкин. Номақбул оила шароитида улғайган, аксарият муносабатларда ноқобиллиги билан бахтидан мосуво бўлган, боз устига ўзининг ноҳақлигини тушуниб етмаган “келинчак” аламзадалик билан ҳали қанчалаб тақдирларни остин-устун қилиб ташлаши мумкин? (Бундай мисолларни атрофимиздан истаганча топа оламиз). Глобал даражада олиб қараладиган бўлса, инсониятга кўплаб ташвишлар олиб келган босқинчилар ҳам биринчи навбатда тарбиясиз одамлар бўлган (афсуски, уларнинг аксарияти таълимда нуқсонсиз эди).
Фикримизни давом эттириб, ҳозирги пайтда жами инсониятни таҳликага солиб турган фожиаларни кўз олдимизга келтирайлик. Терроризм деймизми, гиёҳвандликми ёки фоҳишабозликми – буларнинг ҳаммасида “роль ўйнаётган” бандалар у ёки бу даражада тарбия кўрмаган, ғайриинсоний муҳитда тарбияланган ва шаклланган кимсалар. Уларнинг қалби инсоний туйғулардан маҳрум, меҳрсиз, тошбағир ёки аламзада, ғурури топталган зотлар. Ҳатто ҳозир юзага келган экологик танглик ҳам лоқайдлик, тарбиясизлик маҳсулидир, яъни табиат олдидаги бурч унутилган, меъёрга амал қилинмаган.
Балки “Нур бор экан, соя бор” деганларидек, салбий ҳолатлар бўлиши табиийдир, яхшилик бор жойда ёмонлик ҳам бўлар, яъни тарбиясизлик ҳам ижтимоий меъ¬ёр дегувчилар ҳам топилар. “Ойда ҳам доғ бор” дейди камсуқум одамлар. Афсуски, айни пайтда ёмонликлар ҳақида кўп гапирилмоқда, вазият ташвишли экани замон мутафаккирлари томонидан таъкидланмоқда, яъники соя (зулмат)лар нурни тўсиб қўймоқда. Буларнинг ҳаммаси бир ҳақиқатни тасдиқлайди: тарбия жойида эмас. Эҳтимол, тарбиянинг мазмуни ўзгаргандир, энди уни бошқачароқ қўйиш керакдир ёки усуллари эскиргандир. Балки туғилажак фарзанд тарбиясини у дунёга келгандан сўнг бошлаш ҳам кечикишдир, балки бу юмушни бўлажак она вужудида гумона пайдо бўлиши билан йўлга қўйиш керакдир. Бугунги замонавий медицина ҳомиладор она ҳаётида рўй беражак барча воқеалар чақалоқ табиатида акс этишини аниқ-тиниқ исботлаб қўйибди-ку.
Техника юксак даражада тараққий топган ҳозирги кунларда кўп нарсаларга кўзқарашлар ҳам, муносабатлар ҳам ўзгариб кетди. Одамзод ташвишларимга дастёр бўлади, оғиримни енгил қилади, деган эзгу мақсад билан яратган ихтиролари охир-оқибат ўзига ёв бўлиб қолаяпти. Ҳиссиз, туйғусиз, совуқ темирни бошқариш қийин бўлиб бормоқда. Бир кун бу матоҳ ўз хожасига бўйсунмай ҳам қўйиши эҳтимолдан йироқ эмас. Ана шундай қалтис шароитда ҳам буюк ақл ва истеъдод эгаси – Инсон бир йўлини топади.
Одамзод илму урфон(таълим)да энг баланд нуқтага – апогейга етди. Дунёнинг бундан кейинги тақдирини эса барибир ТАРБИЯ, МАЪНАВИЯТ ҳал қилади.
Ҳаким САТТОРИЙ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
масъул ходими, ёзувчи