Уйғониш пайти келди

Мақсадимиз дунёнинг ривожланган давлатлари қаторидан муносиб ўрин олиш экан, аввало, одамларнинг интеллектуал салоҳияти юқори бўлиши лозим. Агар мукофот учун ёшларни китоб ёки бошқа нашрларни ўқишга ўргатамиз десак, бу мажбурий ўқиш бўлади, у мукофотни олгунча давом этиб, кейин сўнади…

Бир танишим иш юзасидан Японияга бориб келди. У ердаги ҳаёт воқеаларини ўз кўзи билан кўргани сабаб айтишича: “Жамоат транспортида атрофимга разм солдим, ҳамманинг қўлида китоб, газета, журнал, ҳамма нимадир ўқияпти. Ҳеч ким бир-бирига ҳалақит қилгани йўқ. Йўловчилар манзилига етгунча вақтдан унумли фойдаланаяпти. Бирдан кўз олдимга туғилиб ўсган жойим келди. Биздами… бекорчиликдан беҳуда гап сотиб ўтирган ёки писта чақиб, атрофини ифлослантирган, телефонида бақириб суҳбатлашадиган ёки ароқ ичиб олиб, ўтган-кетганнинг ғашига тегадиган, музқаймоқ еб қоғозини улоқтирадиган одамлар хаёлимдан бир-бир ўта бошлади. Японияда-чи, одамлар оммавий ўқишмоқда. Одамлар оммавий интизомли. Тўғриси, ҳайратимни яширолмадим”.

У ҳар гапирганида ички ҳаяжонини яширолмасди, “қани эди бизда ҳам одамлар чет элликлар сингари яшашни ўрганса, маънавият сарчашмаларидан баҳраманд бўлса”, дейди.

Ўзимдан мисол, маҳалламиз ёшларидан бири олий ўқув юртига кириб, корейс тилини ўрганди. У бир гал корейс тилидан дарс берган устозини ота уйига чақириб, меҳмон қилди. Ва бизни ҳам таклиф этди. Меҳмондан сўрадик: қандай қилиб олимлик, устозлик даражага эришганини сўзлаб беришини. Меҳмон асли Корея Республикасидан экан.

Унинг ҳикоя қилишича, отаси ундан ўсмирлик чоғиданоқ   телекўрсатувларни танлаб, келажак мақсадига мослаб томоша қилишни қатъий талаб қилган ва асосий вақтини китоб, газета, журнал ўқишга сарфлаш кераклигини уқтирган. У отасининг ўгитларига амал қилиб, шу даражага эришганлигини айтди.

Бизда эса баъзиларнинг бу борадаги ҳаракатлари, тасаввурлари ҳавас қиладиган даражада эмас. Атрофимизга қарасак, маишатбозлик, вақтини ҳуда-беҳудага ўтказишади. Умр эса ўтаётганини хаёлига ҳам келтиришмайди.

Мана қаранг, cобиқ синфдошлар гаштаги, собиқ курсдошлар ўтириши, ҳамкасблар, маҳалладошлар, собиқ қуролдошлар, ҳожилар, аёллар зиёфати… Маънавиятдан узоқлашган тўй-маъракалар, турли оилавий тадбирлар, эҳ-ҳе, санайверсанг адоғини тополмайсан…

Қани энди, бу гаштакларда маънавий суҳбатлар етакчилик қилса. Қани энди, гаштак қатнашчиларидан бири ўқиган китобини ҳикоя қилиб берса-ю, бошқалари жон қулоғи билан тингласа. Қани энди, гаштакка бораётганлар қўлтиғига бирон газета ёки журнални қистириб борса, қизиқарли мақолаларни биргалашиб ўқишса, муҳокама қилишса!

Шундай бўлганда, ҳаёт қанчалик гўзаллашиб кетган бўларди. Ахир илғор ғоялар шундай суҳбатларда туғилади-да. Юксак мақсадларга маънавий мазмундаги гаштаклар оналик қилмайдими?! Улуғлар китоб, газета, журнал устувор муҳитда вояга етади-да!

Кейинги пайтларда Президентимизнинг ташаббуси ва бу борада қабул қилинган муҳим ҳужжатлар билан китоб ўқиш қувончли даражада рағбатлантирилмоқда. Бу ҳали катта ва улуғ ишнинг бошланиши. Ёшлар-чи, улар фикри, тушунчаси қандай? Ҳали бу борада изчил равишда кўп ишлар амалга оширилиши, китоб, газета, журнал ўқиш ҳамманинг ҳаётий эҳтиёжига айланишига эришилиши зарур. Шундай муҳит вужудга келиши керакки, ватандошларимиз худди қорни очганда таом қидиргандек, чанқаганда сувга интилгандек, китоб, газета, журнал ўқишга ташна бўлишсин.

Қизиғи, китобхонлик танловларига қарасангиз, қатнашчилар кўпроқ қизлар эканлигига гувоҳ бўласиз. Йигитлар-чи, қаерда қолди?

Газета-журналларга обуна масаласи энг оғриқли муаммога айланди. Лекин кўпчилик “мажбурий эмас” деган фикрни “газета-журнал ўқимаса ҳам бўлаверади” мазмунида қабул қилаётганга ўхшайди. Афсуски, жойларда обунанинг сув билан ҳаводек зарурлигини уқтирувчи тарғибот-ташвиқот қилиш ишлари кўнгилдагидек эмас. Савол туғилади: зиёлиларимизнинг кенг қатлами, маънавиятчилар нима учун жим? Нега улар ибрат кўрсатишмаяпти? Нега телевизор ва радиода обунага даъват қилувчи рекламалар йўқ?

“Мен газета ўқимайман”, деган фикрдан: “Мен Ўзбекистоннинг тараққиётига ўз ҳиссамни қўшмайман. Ўзбеклар дунёнинг олдинги миллати бўлишини истамайман”, деган маъно келиб чиқмайдими?!

Ўқитувчи газета ўқиб, ўз устида ишламаслигини сезиб қолган шогирдлари унинг ортидан эргашса нима бўлади? Газета-журнал ҳам худди китоб каби миллий маънавиятимизнинг ажралмас, энг муҳим бўлагидир. Шундай экан, обунада ўзибўларчиликка йўл қўйиш маънавиятимизга зарба бериш билан баробардир!

Агар биз матбуот нашрларига обунани ўз ҳолига ташлаб қўйсак, эртага мафкура майдонида, шубҳасиз, катта бўшлиқ пайдо бўлади. Бу бўшлиқни ким, нима билан тўлдиради? Эҳтимол, бўшлиқни тўлдирувчи хатарли кучлар қарсак чалишга тайёр тургандир? Бир пайтлар ҳақиқий санъат асарларини ўқишга эътибор сусайиб, ҳамма жойни зўравонликка, ҳаёсизликка, шаҳвониятга ундовчи “китоб”лар босиб кетганди. Ахир, ўша хатонинг жабрини ҳанузгача тортаяпмиз-ку! Энди кўзимизни каттароқ очайлик.

“Обуна мажбурий эмас”, деган фикрни “газета ўқиш шарт эмас” шаклида, ўзларининг танбал кўнгилларига мослаб, фақат бир ёқлама талқин қилаётганлар кимлар ўзи? Йирик давлат ва жамоат арбобларими? Таниқли олимларми, атоқли шоир, ёзувчиларми, адабиётшуносларми? Албатта, бундай эмас.

Демак, жамиятда ҳеч қачон фикрини моғор босган, узоқни кўра олмайдиган, миллат қайғусига бегона одамларнинг фикри устувор бўлмаслиги лозим.

Газеталар тўғрисида зарарли фикрларни тарқатаётганлар тасаввур доираси ниҳоятда тор, миллий маънавиятимиздан узоқда бўлган кишилардир. Демак, биз бу борада асл маърифатчиларнинг фикрига эргашишимиз лозим.

Дунёнинг ривожланган халқларидан ибрат олайлик. Қаранг, улар тинмай китоб, газета, журнал мутолаа қилиб, ўз халқининг, давлатининг манфаати йўлида қандай кашфиётлар қилишмоқда. Агар биз ўқиш ва изланишдан тўхтаб қолсак, илм-фан янгиликларини бошқалардан катта маблағ эвазига сотиб олишга мажбур бўламиз.

Ҳа, ўқимаган миллат дунё халқлари ўртасида ана шундай ҳолга тушади. Бошқача айтганда, ўқиганлар ўқимаганларнинг бўйнига бўйинтуруқ солиб олишади. Ўқимаган миллат ана шундай шаклда қул бўлади. Бундан Худонинг ўзи асрасин!

Газета — нафақат бугун, балки эрта ва тарихдир. Айниқса, фақат биттагина газета чоп этиладиган туманларда бунинг ўзгача аҳамияти бор. Агар бугун газетани йўқотишга интилаётганларнинг фикрларига эргашадиган бўлсак, туман тарихини ким ёзади? Туманларда юз бераётган оламшумул ўзгаришларни халққа ким етказади? Бундай масъулиятни ижтимоий тармоқларга юклаб бўлмайди. Ижтимоий тармоқдагилар, асосан, шов-шувли воқеаларга зўр беришади.

Албатта, йўл қўйилаётган камчиликларни ошкор қилиш керак. Лекин матбуотда ўзига кўпроқ мухлис орттириш мақсадида атайлаб бўрттирилган, ёлғон аралаштирилган хабарлар етакчилик қилмаслиги лозим.

Шунга алоҳида эътибор бериш керакки, шов-шув ўқувчига ҳеч қандай   маънавий-маърифий озуқа бермайди. Газеталар эса маънавият, маърифат, одоб-ахлоқ, миллий қадриятларимиз ўчоғидир.

Дейлик, олий таълим муассасасига ўқишга кирмоқчи бўлиб тайёрланаётган ўғил-қизлар газетани мунтазам ўқиб борса, тест саволларининг анча-мунчасига жавоб топиши мумкин. Ижтимоий тармоқлардаги олди-қочди, баъзан ёлғон, шов-шувли хабарлар эса ёшларимизнинг бундай интилишларини ҳеч қачон қондира олмайди.

Қаранг, фалон жойда ёнғин чиқди, фалон жойда бир кишини дўппослашди, фалон жойда машиналар тўқнашиб, одамлар қурбон бўлди. Бундай совуқ хабарларнинг маънавиятга, илмга қандай алоқаси бор? Матбуотнинг вазифаси шундангина иборат деб ўйлаш журналистикани камситиш эмасми? “Газеталарнинг умри тугади”, дейиш ўзида уммондай илмни, улкан тажрибани жамлаган миллий матбуотимизга нисбатан ўта одобсизликдан бошқа нарса эмас, албатта. Ижтимоий тармоқларда фисқ-фасод тарқатаётганлар одамларнинг қимматли вақтини ўғирлаётганликларини, ёшларни илм олишдан, маънавий-маърифий сабоқлардан чалғитаётганликларини билармиканлар? Агар газеталар йўқолиб, одамларнинг куни шундайларга қолса, нима бўлади?

Маҳаллаларда совуқ, ёлғон-яшиқ хабарларни тарқатиб юрадиган одамлар бўлади. Кўпчилик бундайлардан нафратланади. Иложи борича, йўлиқмасликка интилади. Ахир бировнинг бошига тушган кулфатни элга достон қилиш нафақат илмга, балки одамгарчиликка ҳам ҳеч тўғри келмайди-ку. Ҳа, ичиқора, ҳасадгўйларгина бировнинг кулфатидан қувониб, бундай хабарларни атрофга тезроқ тарқатишга интилади. Афсуски, орамизда матбуот деганда, фақат шунақа хабарларнигина тушунадиганлар пайдо бўлди.

Демак, газеталар йўқолиб, зукко, талабчан, маърифатга ташна ўқувчининг куни шундайларга қолишидан Худонинг ўзи асрасин.

Кейинги пайтларда менда шундай фикр туғилди, бу интернет деганига саводсиз, савиясиз одам ҳам кириб, ўз “маҳсулотини” жойлаши мумкин экан. Шундай бўлгач, савиясиз одамларнинг “маҳсулотлари” хатардан бошқа нарса бўлмас, албатта.

Эслайлик, мустақилликнинг дастлабки йилларида: “Мактаб тарбия билан шуғулланмаслиги керак. Фарзанд тарбиясига фақат ота-она масъул”, деган фикрлар ҳам тарқалганди. Оқибатда мактаблардан “тарбия” сўзи ўйламай чиқариб ташланди. “Таълим-тарбия мактаби”, деб ёзишнинг ўрнига “умумтаълим мактаблари” деб атала бошланди. Натижа қандай бўлганлигини бугун ҳаммамиз кўриб турибмиз.

Энди газеталар нархига келсак, арзонлаштириш,     мақолаларнинг сифатини, долзарблиги ва ўқимишлилигини ошириш тўғрисида жиддий ўйлашимиз зарур. Бундан ташқари, илм-фан ютуқларидан фойдаланиб, масалан, Тошкентда чоп этилган газета бир вақтда вилоят ёки шаҳар марказларида ҳам нашрдан чиқишини йўлга қўйиш лозим. Ўйлаб кўринг, тонг пайти пойтахтда тарқалган газета худди шу вақтда Хоразм ёки Қорақалпоғистонда ҳам ўқувчисининг қўлида бўлса, қандай яхши!

Азизлар, юртимизнинг равнақи учун юқоридаги ишларни, албатта, амалга оширишимиз зарур. Бунинг учун эса ҳаммамиз аҳил ва жипс бўлиб интилайлик.

Товбой ХЎЖАМБЕРДИЕВ.

Жиззах вилояти

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 2 =