“Ўқияпсизми, демак, бефарқ эмассиз!”

Ҳамқишлоғим бор. Бир девор қўшним, деса ҳам бўлади. Роса китобсевар аёл. Ҳовли четида ҳужраси — сувоқсиз ва кўримсизгина уйнинг тўрида 2 та сандиқ қўр тўкиб туради. Бирида мустақилликдан олдин чоп этилган турли газета ва журналларнинг тахламлари бўлса, яна бири энг ноёб, ҳеч қаердан топилмайдиган бадиий китоблар билан лиқ тўла. Опа ҳозир ҳам “жони бор” 4-5 та нашрга обуна бўлган. Унинг айтишича, рўзғорга хўжайинининг топганини еткизса бўлади. Маънавият “қорин ғами”дан кейинги, лекин энг муҳим масала…

Ишонмаяпсиз-а? Одамлар газетага обуна бўладиган замон қолибдими, дейсизми? Ишонаверинг, бундай оилалар ҳалиям бор. Тўғри, иморати қўшниларникидан сал кўримсизроқдир, уйи пастроқдир, томини ўтган йили шифер қилган ва энди дарвоза олиш ҳаракатида юргандир, лекин мана шу сувоқсиз деворлар ортидаги ҳовлиларда маърифат шуълалари ҳам ёниб турибди.

Яқинда шу қўшни опа қўнғироқ қилди. Рақамимни уйимиздагилардан олибди. Ўзида йўқ хурсанд: бу йил мактабни битирадиган ўғли тайёрлов курсига бормоқчи экан. “Журналистика ўқиши очилгандику, ана шунинг матбуот йўналиши боракан. Ўша факультетга имтиҳон қайси фанлардан бўлади, билиб бер, уканг журналист бўлмоқчи”, — дея қувониб гапирди. Аслида, у кишининг фарзанди билан бирга улғайганмиз. Интернет у ёқда турсин, оддий асфалът йўл ҳам етиб бормаган олис қишлоқда ўн соатлаб чироқ ўчганидан шам ёки мойчироқ ёруғида газета тахламларини титиш, ўтган аср муҳитини ҳис қилиш, мақолаларни ва публицистларнинг ёзиш услубларини таҳлил қилиш, тун ярмигача кечадиган мутолаа гашти… барибир ўзгача эди!

Опанинг ўзи ҳам туман марказидан нарига чиқмаган аёл. Бир пайтлар: “Қишлоқда одамлар меҳнат билан уйғониб, меҳнат билан уйқуга кетиши бор гап. Лекин Ташкентга борсанг, у ёқда ҳамма ўзингдайчикинлар бўлади. Ҳааамма зиёли, улар матбуотни мунтазам кузатиб боришади, ияқларда биздагига ўхшаб газетанинг янги сони 10-15 кундан кейин етиб кемайди. Кунлигини кунлик ўқийсан”, дея миямга сингдирганди…

Афсуски, телефон ва ижтимоий тармоқлардан, босма нашрларни “ўлди”га чиқарган “замонавий” кимсалардан, газета ўқишга “эскилик сарқити” сифатида қарайдиган, тушини ҳам инглиз тилида кўрадиган айрим тенгдошларимдан, агар бирор нашрга обуна бўлишини сўрасангиз, “мажбурий обуна” дея оламга жар соладиган каслардан мени огоҳ этмаган экан. Балки оддий қишлоқ аёлида умрида қўлига газета ушламаган, “TikTok” билан уйқуга кетиб, “Instagram” билан уйғонадиган одамлар ҳақида тасаввур ҳам бўлмагандир. Табиийки, ўғлини ҳам оппоқ қоғоздек қалби билан пойтахтга ўқишга жўнатмоқчи…

Дарвоқе, нафақат катта авлод вакиллари, айниқса, ёшлар орасида мутолаа кўрсаткичи кескин пасайиб кетгани, “келажаги буюк” ўғил-қизлар на газета-журнал, на китоб ўқиётгани масаласи анчадан бери муҳокамалар марказида турибди. Сўнгги йилларда журналистика соҳасига эътибор берилаётгани, ёш журналистлар мактаби, журналистларни тайёрлов ўқув курслари ташкил этилаётгани яхши, албатта. Жумладан, бошқа таълим муассасаларини билмадиму, махсус “Босма ОАВ ва ноширлик иши” йўналиши бўлган, айнан матбуот соҳасидаги журналистлар ҳам тайёрланадиган, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини олайлик. Унинг фаолият юритаётганига 3 йилдан ошган бўлса ҳам, университет атрофида бирорта матбуот дўкони йўқ.

— Ўқиш бошланганидан буён дарсларда берилган уй вазифалари, асосан, газета-журналлар билан боғлиқ бўлади. Мақолаларни таҳлил қиламиз ва босма нашрларда ўзимиз ҳам “кўриниб туришимиз” кераклиги кўп айтилади. Курсдошларимнинг кўпчилиги бир неча йиллардан буён босма нашрларда ишлайди. Шу туфайли, кўп ҳолларда ҳар ким ўзи фаолият юритадиган нашрнигина ўқийди. Жумладан, мен ҳам иш ва ўқишдан вақт орттиролмаслигим ва янгиликларни асосан интернетдан кузатишим сабабли ўзим ишлайдиган газетани ўқийман холос, — дейди “Шифо-ИНФО” газетаси мухбири, ЖОКУ талабаси Нодира Романова.

Хўш, бу вазиятда ёш журналистлар, келажакда матбуот йўналишида ишлайман, деб ният қилиб юрган умидли авлод вакиллари дардини кимга айтсин? Интернетдаги блогернинг ёки бирор сайтнинг енгил-елпи материали босма нашрларнинг мақолаларини “босиб” кетса, “хашаки” мавзулардан воз кеча олмасак, савиямиз ҳам, фикрлаш доирамиз ҳам шунга яраша бўлиб, маънавий қашшоқлик сари юз тутилаверадими? Ахир ҳар қандай соҳада, ҳар қандай жамиятда ҳам ёш кадрлардан умид қилинади, улардан нимадир кутилади…

— Босма ОАВ йўналишида таълим олганим учун газеталарнинг эртанги кунидан хавотир олганим йўқ. Аксинча, вазиятга реал ёндашяпман. Тўғри, интернет тезкор. У дунёни эгаллаб олди. Бироқ босма нашрларнинг йўқ бўлиб кетиши мумкин эмас. Ахир у тарих! Тарих ҳақида “гапиришга” фақат босма нашрларнинггина “ҳаққи” бор. Интернет бу даражага қачон эришади, менга қоронғи. Босма нашрлар журналистиканинг отаси ҳисобланади. Яхшими, ёмонми, ёш ёки қари — у барибир ота!

Мен ва баъзи тенгдошларим босма нашрларнинг кучини ҳис этамиз. Бироқ бугун босма нашрларда фаолият юритаётган айрим ижодкорларнинг ўзи ҳам унинг келажагига қайғурмаслиги гоҳида оғир ботади одамга.

Атрофимда шундай талабалар бор: ҳатто бирон бир газетани варақлаб ҳам кўрмайди, ўз йўналиши, ейдиган “нон”ини ўқимайди, кузатмайди, таҳлил қилмайди. Ишониб айта оламанки, улар матбуотнинг яқинига ҳам йўламаган. Лекин мунтазам матбуотда қатнашиб турадиган курсдошларим ҳам анчагина. Ўзим ҳам “Адолат кўзгуси” газетасида ишлайман. Шунингдек, Мафтуна Суннатиллаева(“Тошкент ҳақиқати”), Оламгир Абдиев(“Ўзбекистон овози”), Чўлпоной Аҳмедова (“Оила ва жамият”), Шаҳноза Тўрамуротова(“Халқ сўзи”)ларни мисол келтиришим мумкин, — дейди “Адолат кўзгуси” газетаси мухбири Мафтуна Абдукаримова.

Кўриб турганингиздек, талабалар орасида матбуотга бефарқ бўлмаганлар ҳам талайгина. Лекин улар ҳам айтарли бирор нашрга обуна бўлишмаган. Менимча, бунга моддий асослар сабаб бўлса керак. Университет томонидан бериладиган стипендияга обуна бўлсинми, ижара уйига тўлов қилсинми, егулик олсинми, уст-бошини бут қилсинми? Балки матбуот дўкони бўлса, кунлик нашрларни ҳеч қурса ҳафтада бир бўлса ҳам сотиб олиб ўқишмасмиди? Тўғри, босма нашрларнинг электрон шакли ҳам йўқ эмас. Лекин газетани қўлга олиб, варақлаб ўқиганга нима етсин?

Савол туғилади: нега бу таълим муассасаси фаолият бошлаганидан буён унинг ён-атрофида ақалли бирорта матбуот дўкони очилмаган? Ахир, талабалар обуна бўлишга қийналишса, кунлик нашрларни мунтазам кузатиб бориш учун харид қилиши, дарсда уларни таҳлил қилиши, газеталарни бир-бирига таққослаши керак эмасми? Қачон “Матбуот тарқатувчи” АК билан ҳамкорликда университет биноси атрофида “киоска” очилади, қачонгача талабалар(мабодо шундай талабалар кўпайса, дейлик-да. А.А) газета олиш учун Олой бозорига ёки бир неча чақирим узоққа боришади? Бу борада университет раҳбарияти ушбу таклифни эътиборсиз қолдирмайди, деган умиддамиз.

Сиз-чи, ҳурматли ўқувчи, мақолани ўқияпсизми, демак шукрки, бу мавзуга бефарқ эмассиз. Ўйлаб кўрингчи, ўзингиз қачон, қайси газетадаги мақолани ўқидингиз? Хўш, эслай олмаяпсизми, унда бу мавзуда битта жумла айтишга маънавий ҳаққингиз борми?

— Таҳририятимизга мақоласини чоп этиш учун кўп ўқитувчилар келади. Газетангизда битта мақоламни чиқариб беринг, истаган пулингизни бераман, дейди. Биз уларга пул эмас, газетага ҳеч бўлмаса ярим йиллик обуна бўлишни таклиф этамиз. Ваҳоланки, биз у мақоласини чиқариш учун ваъда қилаётган пулдан икки баравар кам миқдордаги нархни айтамиз. Улар эса: “Йўғе, мана, пулингизни олиб, мақоламни чиқариб беринг, бўлди”, дейди. Негадир, устозлар ярим йиллик(!) обунадан кўра битта мақоласини чиқариб кетишни афзал кўради. Энди ўйлаб кўринг, миллат тарбиячиларининг аҳволи шу бўлса, уларнинг қўлида таълим олаётган фарзандларимиздан нима ҳам кутардик? — дейди “Олмалиқ ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Дилдора Абдураҳмонова.

Аслида газеталарнинг бунчалик қадрсизланишида айрим даврий нашрларнинг ўзлари ҳам сабабчи. Бу борада давлатимиз раҳбари ҳам жорий йил “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган байрам табригида” алоҳида тўхталган эди: “…миллий медиа майдонимизда замоннинг ўткир талаб ва мезонлари, энг муҳим тенденцияларини очиб бериш, танқидий таҳлил, одамлар кутаётган мавзу ва муаммоларни дадиллик билан ўртага ташлаш ҳали ҳам етакчи ўрин эгалламаётганини айтишга тўғри келади. Афсуски, аксарият ахборот воситаларида ижтимоий салмоғи енгил бўлган, ҳисобот ва баландпарвозлик руҳидаги материаллар ҳануз устунлик қилмоқда”.

Демак, юз минглаб чоп этилаётган нашрларимизда бирорта ҳам танқид, таҳлил ёки мулоҳазага ундовчи мақола берилмас экан, халқнинг кўнглидаги гапни айтмас эканмиз, одамларнинг матбуотга бўлган ишончини қайтара олмаймиз.

Юқорида ҳамқишлоғим ҳақида гапиргандим. Унинг кўримсизгина, деворлари сувоқсиз иморати ҳақида ҳам айтиб ўтдим. Энди ўйлаб кўринг, сизнинг ҳам атрофингизда газета-журнал ўқувчи инсонларнинг аксарияти жуда бой-бадавлат умргузаронлик қилишмайди, тўғрими? Пултопарманлар эса… Менимча, биз қачонки газета ўқишни “оқсуяклик” белгиси, “Аристократлик” намунаси деб биларканмиз, босма нашрларга мева-чеванинг тагига ёйиладиган оддий “тўшама” эмас, маънавият сифатида қарарканмиз, унинг ўрни юксак бўлади.

Абдулазиз АҲМЕДОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × four =