Бизга мукаммал алифбо керак!

Энг миллий бойлик

“Миллий бойлик” тушунчасига кўп нарса киради. Лекин тил — ҳар қайси халқнинг бирламчи ва энг муҳим бойлиги, миллий хазинаси, улкан бисоти. Забон борки, миллат бор. Шунинг учун тилга муносабат миллий давлат сиёсатининг ҳам ўзак-ўзагини ташкил этади.

Бугун лотин ёзувининг афзалликлари, унинг асосидаги янги алифбога ўтаётганимизнинг тўғрилиги ҳақида алоҳида сўзлаб ўтиришга ҳожат йўқ. Бунга замин бўлган омиллар ҳақида шу пайтгача кўплаб чиқишларда баён этилган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат гербида “O‘ZBEKISTON” сўзи, миллий валютамиз купюраларидаги битикларнинг бари янги ўзбек алифбосида қайд этилган.

Лотин ёзуви дунёда шунчалар кенг ёйилганки, ҳатто, рус тили лотин ёзувини расман қабул қилмаган бўлса ҳам, интернет тизими, мобил алоқа компаниялари хабарлари рус тилида ҳам лотин ёзуви асосида мижозларга жўнатиляпти. Эронда араб ёзуви асосидаги форсий алифбо ишлатилса ҳам, аҳолининг муайян қисми электрон тармоқларда бир-бири билан лотин алифбоси ҳарфларидан фойдаланиб ёзишади. Чунки компьютер тизими лотин ёзувини ҳарф деб кўради, бошқа ёзувларни эса суврат деб билиб, уни ўқишга керагидан ортиқ кўп вақт сарфлайди.

Хуллас, лотин ёзуви бугунги кунда энг қулай, энг замонавий ёзув эканига шубҳа қилиб ёки баҳслашиб ўтиришга асло ҳожат йўқ.

Кечикиш оқибатлари

Ўзбекистон Республикасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганига 26, “Ўзбекис­тон Республикасининг “Лотин ёзувига асос­ланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Қонунига ўзгартириш­лар киритиш ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганига эса 24 йил бўлди. Шунга қарамай, ҳали-ҳамон бу янги алифбога ўтганимиз йўқ. Ҳолбуки, Озарбайжон Республикасида 2001 йилиёқ лотин ёзуви асосидаги янги алифбо тўлиқ жорий этилди. Ҳеч нарса бўлгани йўқ. Ҳеч ким норизолик ҳам қилгани йўқ. Ҳеч ким янги алифбода ўқиёлмай, саводсизга айланиб қолгани ҳам йўқ.

Бизнинг нимадан эҳтиёт бўлаётганимиз – номаълум.

Янги алифбога ёппасига ўтмаганимиз айримларнинг: “Кирилл алифбоси яхшироқ эмасмикан?” – деган мулоҳазага бориши учун хамиртуруш вазифасини ўтади. Хамир кўпчигандан кўпчиб бораверди. Яқинда айрим нашрларда баъзи фуқаролар айнан кирилл ёзуви асосидаги алифбода қолиш ғоясини жон куйдириб тарғиб қила бошлади ҳам.

Ҳолбуки, халқнинг келажагини ўйлаган одам биз учун лотин ёзувидан яхшиси йўқлигини дилдан ҳис этади, албатта.

Қатъиятлар, қатъиятлар…

Бугун бизни бошқа масала қизиқтиради: нега лотин ёзуви асосидаги янги қабул қилинган алифбомиз   ҳали ишлатиб-ишлатилмай бир марта ислоҳ этилди?

Янги ўзбек алифбоси инглиз тили учун чиқарилган, демакки, дунёда энг кўп қўлланадиган компьютер клавиатурасига мос бўлсин, дейилди. Яхши қатъият. Мантиқ йўқ эмас. Шундай қилинди ҳам.

Лекин…

Кўп йиллик тажрибалар бу ислоҳни ҳам яна қайта ислоҳ қилишни тақозо этяпти.

Бир ортиқча ҳарфга не ҳожат?

Бозор иқтисодиёти жараёнида яшаяпмиз. Ҳар лаҳзамиз — пул. Ортиқча сарфланган ҳар қандай вақт — амалда, бекорга харажат қилинган маб­лағ, деган гап. Ҳар гал 29 дақиқада ёзиш мумкин бўлган матнни 30 дақиқада ёзсангиз, яъни ҳар ярим соатдан бир дақиқасини бекорга сарфласангиз, йиғилиб-йиғилиб бу қанча вақтга айланади-ю, амалда қанча маб­лағдан маҳрум бўласиз? Чунки бошқалар ана шу сиз бекор кетказган вақтда ҳам нимадир ишлаб чиқариб, мўмай даромад топади-да.

Хуллас, биз алифбомизга бир ортиқча ҳарф киритганмиз. Гап “ch” ҳарфи ҳақида кетяпти. Табиий савол туғилади: нима учун “ч” товуши ифодаси учун “c” ва “h” ҳарфлари қўшилмаси қабул қилинди? Ахир, янги алифбомизда “c” ҳарфи бошқа ҳеч қандай вазифа бажармайди-ку. Фақат бир ўринсиз мулоҳаза ўртага тушган бўлиши мумкин. У ҳам бўлса – “c”   лотин ёзуви асосидаги айрим миллий алифболарда кирилл ёзувидаги баъзан “ц”, баъзан “с” ва баъзан “к” товушларини ифодалаб келиши.

Лотин ёзувидаги ҳарфлар унинг   асосидаги миллий алифболарда айнан қандай товушни ифодалаш учун ишлатилгани биз учун бирламчи аҳамиятга эга эмас. Чунки ўз миллий алифбомизни яратиш қатъиятига амал қилганмиз. Бунда айрим лотинча ҳарфлар фақат биздагина хос товуш ифодаси учун ишлатилиши йўлидан юрилган. Масалан, лотин ёзувидаги “х” айрим миллий алифболарда айнан “кс” товуши ифодаси учун ишлатилади. Биз уни “хато” сўзи бошида келадиган “х” ифодаси учун қўллаймиз. Ёки “j” ҳарфи айрим миллий алифболарда кирилл ёзувидаги “й” ўрнида келади. Биз уни “жўра” ҳамда “жаргон” сўзлари бошида келадиган икки товуш учун қабул қилганмиз.

Демак, алифбомизга киритиладиган биринчи ўзгариш айнан “ch” ҳарфлар қўшилмасидаги “h”дан бутунлай воз кечишдан иборат бўлиши керак.

Бир имконни бой бермайлик!

Ўзбек тилида тарихан битта “в” товуши мавжуд эди. Бу — лабланмаган “в”. У амалда “у” га жуда яқин келгани учун ҳам араб ёзуви асосидаги эски ўзбек алифбосида “в” ҳамда “у” товушлари учун битта “вов” (“و”) ҳарфи қабул қилинган. Келиб чиқиши туркий (ўзбекча), арабий ва форсий бўлган сўзларда “в” худди инглиз тилидаги “даблю”, яъни “w” каби лаб лабга тегмаган ҳолда талаффуз қилинади: “валдирамоқ”, “вайсамоқ”, “войбўй”, “виқ-виқ”, “вақт”, “Ватан”, “аввал”, “савлат”, “лавҳа”

Бироқ XIX асрнинг охирларидан бош­лаб тилимизга рус тили орқали рус ва бошқа Ғарб тилларидаги лаб­ланган “в” товуши иштирок этган кўп-кўп сўзлар ҳам кириб келди. Араб ёзуви асосидаги эски ўзбек алифбосига ҳам, лотин ёзуви асосидаги 1929 – 1939 йиллар ишлатилган ўзбек алифбосига ҳам, ҳатто, мана, лотин ёзуви асосидаги янги ўзбек алифбосига ҳам бу биз учун янги товуш ифодасига алоҳида ҳарф олишни ўйламадик, уни ҳам битта ҳарф (“و” , “v”, “в”) билан ифодалаб кетавердик.

Оқибат нима бўлди?

Шўро даврида икки таниқли навоийшуноснинг “Навоий” сўзини ғалати талаффуз қилишидан ҳайрон қолар эдим. Энди ўйласам, улар бу сўздаги “в” товушини айнан русча, яъни лаб­ланган ҳолда талаффуз қилар экан. Бу қулоққа худди “Нафоий” дегандек эшитилади. Гап шундаки, рус тилида биздаги лабланмаган “в” (яъни “даблю” – “w”) товуши, умуман, йўқ.   Шунинг учун руслар буюк инглиз шоири Шекспирнинг исми – “Wilyam”ни “Уильям” деб ёзишади. Натижада аслида икки бўғинли бўлган исм русчада уч бўғинли бўлиб қолади. Биз ҳам русларга кўр-кўрона эргашиб, боз устига, тилимизда инглизча билан бир хил талаффуз қилинадиган таппа-тайёр “в” (“w”) товуши бўла туриб, “Уильям” деб ёзамиз. Бир давлатнинг номини “Уэльс” деб, яъни икки бўғинли қилиб ёзамиз ва ўқиймиз. Ҳолбуки, аслида, бу – “Вельс” деган давлат. Руслар, азбаройи уларда лабланмаган “в”, яъни “w” йўқлиги учун шундай йўл тутишган. Ёки “шоу” деган сўзни олайлик. У ҳам – аслида, “шов”, яъни “show” деган бир бўғинли сўз. Бундан кейин худди шундай инглиз тилидан кўп-кўп сўзлар кириб келади.

Ҳозир эса тилимизда русчадан лаб­ланган “в” (яъни “v”) товуши иштирок этган шунчалар кўп сўз кириб келганки, уни ўзбекча “в” билан талаффуз қилиш мутлақо хато бўлур эди.

Мактабда “в” (лотин ёзувида “v”) ўқитилаётганда камдан-кам ўқитувчи у тилимизда бир-биридан кескин фарқ қиладиган икки товушни ифодалашини айтади, ўргатади.

Рус тили орқали кириб келган сўзларни ўзбекча “в” билан талаффуз қилаётганимиз бир хато бўлса, ўзимизнинг туркий, форсий, арабий сўзлардаги “в”ни русчадагидек лабланган “в” товуши билан талаффуз қилаётганимиз дард устига чипқон чиққандек бўляпти. Ҳатто, Ўзбекистон халқ артистларининг айримлари ҳам саҳнада, телевидение кўрсатувларида “вафо”, “Ватан”, “вақт”, “гавҳар”, “лавҳа” каби оддий-оддий сўзларимизни худди ўзбек тилини энди ўрганаётган ажнабий каби “фафо”, “фатан”, “фақт”, “гафҳар”, “лафҳа” деганга яқин тарзда айтяпти.

Бу кетишда яқин келажакда тилимиз тамоман вайрон бир ҳолга келиб қолади. Кейин уни ҳеч ким тузата олмайди.

Нима қилиш керак?

Келинглар, алифбомизга “w” ҳарфини худди инглиз тилидагидек лаб­ланмаган “в” товуши ифодаси учун ишлатайлик.

Ана ўшанда “вокзал”, “вольфрам”, “объектив”, “субъектив”, “нерв”, “вольт” каби сўзлардаги “в”ларни ҳам аслидагидек, яъни лабланган ҳолда, бошқача айтганда, “ф”га яқинроқ тарзда талаффуз қиладиган бўламиз.

Модомики, тилимизга инглиз тилидан кўп-кўп сўзлар кириб келиши жараёни бошланган экан, бу икки товуш учун алоҳида-алоҳида ҳарф қабул қилиш — ўта муҳим масала бўлиб бораверади.

Султонмурод ОЛИМ,

филология фанлари номзоди,

Ўзбекистон Республикаси халқ таълим аълочиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 5 =