“Юракдан куйлаш учун юрак керак”

Хусусий телеканаллар, радиоларда янграётган айрим “қўшиқ”ларни тингласангиз кайфиятингиз тушади, таъбингиз хира тортади. Сўзлар жўн, қўпол, сийқа туйғулар ифодасидан дилингиз хуфтон бўлади. Халқ номи билан халққа қўшиқлар туҳфа этаётган санъаткорлар нималарни тарғиб қиляпти ўзи деб ўйлаб қолади, киши.  

Таниқли журналист Фозил Зоҳиднинг ёзишича, Комилжон Отаниёзов тажрибасиз вақтида кимдандир ўрганган бир мантиқсиз қўшиқни айтган экан. Шунда унга акаси Фозилжон дакки беради.

— Мантиқсиз қўшиқ санъаткорни бебурд қилади, — дейди у. — Саҳна минбар, артист ўша минбардаги оташин нотиқ эканлигини унутма. Қўшиқ одамларни тарбиялашга, уларнинг дилида эзгу ҳис-туйғулар, эстетик завқ уйғотишга хизмат қилиши керак. Маслаксиз, беқарор санъаткор, гарчи у талантли бўлса ҳам минбарга, яъни саҳнага лойиқ эмас.

Яқинда қайсидир телеканалда “юлдуз”лардан саналаётган бир хонанда аёлнинг қўшиғига олинган клипни намойиш қилишди. Ўша аёл тантиқланганча креслода ўтирар, ўзига куёв танларди. Куёвликка даъвогар бўлиб, турли давлатлардан “шаҳзода”лар келишди. “Шаҳзода”лар кинофильмлар орқали анча таниқли бўлиб қолган йигитлар эди. Маънисиз қўшиқ(агар қўшиқ дейиш мумкин бўлса), бачкана клипда ўша актёрларнинг қатнашиши жуда эриш туюлди. “Юлдуз”нинг атрофида ўтирган “дугонача”ларнинг кўриниши, кийимлари, юзларидаги бўёқлари, тилимизга беписандлиги ғашингизни келтиради, томирингизга пичоқ урилгандек жону жаҳонингизни зирқиратади. Миясида бўшлиқ бўлган ёшлар балки бу клипдан ўзига керак бўлган маънавий қашшоқликни ўзлаштириб олишар, кўр-кўрона уларга эргашар. Хўш, натижа нима бўлади? Ўзбекона қадриятларимиз қай даражададир топталмайдими? Тўғри, ўша “юлдуз” миллий урф-одатларимиздан йироқ, шеър танлашни билмас, тафаккури ҳаминқадардир, бироқ телеканалларда намойишига рухсат берганлар саводли, зиёлилар эмасми?

Яқинда автобусга чиқдик-у, унинг салонида варанглаётган қандайдир қоришиқ “мусиқа”ни эшитиб ҳайрон қолдик. Бироздан сўнг тарақа-туруқлар ичида “қўшиқ” янгради. Ёшларга “жон” кирди. Айниқса, “хонанда”нинг “ичиб олганмисиз, тушунмадим” деган сўзлари уларни завқлантирарди. Табиийки, катта ёшлилар таассуф билан ўтирардилар. Шундан сўнг йўловчиларга янги туҳфа “физика-физикали, мусиқа-мусиқали” деган сўзлардан иборат “тарона” тақдим этилди. “Физикали” деган сўз нима экан дея бошлар қотаётган бир пайтда кимдир “хоразмча бўлсин” деган таклифни киритди. Ёши катталарнинг юзига табассум қўнди, ниҳоят “юлдуз”нинг бемаъни қўшиқларини тинглашдан қутилиб, бирон дилтортар хонишни мириқиб эшитиб, маданий ҳордиқ чиқариб кетармиз, деган хаёлга боришди. Шунда баланд овозда хоразмлик қайсидир “юлдуз” қўшиғини бошлади:

Бор-боравер йўлинг бўлсин

Санамжон.

Сан бўлмасанг ўрнингни босар

Дармонжон,

Сан бўлмасанг бўлаверади

Дармонжон…

— Ана муҳаббат, мана муҳаббат. Бир кийим ёқмаса алмаштиргандек гап-да, — деб қўйди ҳамроҳларимиздан бири.

Яна кимдир “тавба шунақа ҳам қўшиқ бўладими, бундайларни тарбиялаш керак ёхуд саҳнага йўлатмаслик лозим” деди. Афсус, бу гапларни эшитаётган ёшларнинг юзида норозилик ифодаси пайдо бўлди. Шундан кейин аёл хонандага навбат етди. Унинг ижроси олдингисидан ошиб тушди:

Олдин яхши эдим

энди ёмон бўлдимми

Сендан айрилдим.

Лекин ўлдимми?

Сенданам зўрни топдим бўлдими,

Ошиқларим изларимда сарсон-а

Сенданам зўрни топдим бўлдими?

— дея куйлайверди. Алмойи-жалмойи сўзларни куйга солиб, тилимизни ерга ураётганига, кўпчиликнинг жаҳлини қўзғаётганига, ҳали шаклланиб улгурмаган ёшларни тамоман жарлик томон етаклаётган бу каби “қўшиқлар”га нима дейиш мумкин?

Кейинги пайтларда тўй-томошаларда кўриб-билиб юрибмиз, жонли ижрода куйловчилар жуда кам, салгина овози бор ўзини қўшиқчиликка ураётгандек туюлади. Жон койитиб машҳур шоирларнинг пурҳикмат шеърларини қийналиб ёдлагандан кўра, мазмунан саёз, шеърга ўхшаш нимадир, ёзиб, бирор куйни ўғирлаб олиб басталаётган, салгина келиштириб айтиб, микрофон, фонограммадан фойдаланиб даврани гуллатаётганлар кўпайиб кетяпти. Сал ўтмай улар ўзини “юлдуз”деб эълон қилади. Лекин бу “юлдуз”нинг элга нафидан кўра зарари кўпроқ эмасмикан? Ўзи англаб етмаган ҳолда “оммавий маданият”ни, ҳавойи ҳисларни тарғиб қилаётгани бор гап. Улар халқимиз анъаналари, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган бебаҳо санъатни ривожлантириш, сайқаллаштириш ўрнига   ёшларнинг дидини ўтмаслаштириш, маънавиятини хиралаштиришга ҳисса қўшадилар. Агар санъат йўлини фидойиликдан иборатлигини, санъаткор тарғиботчи эканлигини ҳис қилсалар, юқоридаги каби қўшиқларни куйламаган бўлардилар. Баъзида давраларда ёхуд тўйларда “бунақа бемаъни қўшиқларни куйламаслик, бундай “юлдуз”ларни таклиф қилмаслик керак” деган фикрлар айтилади, бироқ кимдир уларнинг лицензияси бор-ку дейди. Шунда ўйланиб қоласан киши, уларга ким, нима учун лицензия берган? Яна бир тарафи ушбу “қўшиқ”чиларни хусусий телеканал ва радиолар ўзиники қилиб олгандек, шахсий мулкига айлантиргандек. Бу санъатга хиёнат, устоз санъаткорларга нисбатан ҳурматсизлик эмасми? Мазмунан саёз, маза-матрасиз қўшиқлар куйлаш, саҳнага чиқиб бемаъни диконглашларга чек, қайси аср чек қўя олади?

Юқоридаги ўй-хаёллар оғушида бораётганимизда кутилмаганда автобусда шундай бир қўшиқ янградики, кўнгиллар ёришиб кетди, боядан бери “физикали”га қийшанглаётган ёшлар ҳам бирдан тўхтаб, берилиб тинглай бошлашди:

Оталикнинг молин боқдим

баҳорда,

Ўзи турмай уйғотарди

саҳарда

Пиширган ошлари

кўзнинг ёшиндай,

Қотирған нонлари

чақмоқ дошиндай.

Сеҳрли куй ва соҳир овоз барчанинг қалбини аллалади, барча унинг мафтунига айланди. “Бор экан-ку, баракалла” деган товушлар янгради. Комилжон Отаниёзовнинг ширали овози ва бетакрор мусиқа юрак торларини чертиб юборди.

— Мана ҳақиқий санъаткор, йиллар, асрлар ўтса-да боқий яшайди, — деган овозлар эшитилди.

Ҳа, Комилжон Отаниёзов устоз санъаткор, халқига энг гўзал қўшиқларни инъом этган, одамийлик хислатлари ила элда достон бўлган инсон эди. У ҳеч қачон ўзини юлдуз деб аташга, мақташларига йўл қўймаган. Ҳақиқий баҳони халқ ўз кўнглидан берган. Уни ҳамиша ўз халқи, балки бошқа юртларда ҳам олқишлашган. Бунинг боиси санъаткор ҳеч қачон енгил-елпи қўшиқлар куйламаган. Кўп ўқиган, кўп изланган. А.Навоий, Огаҳий, Маҳтумқули ижодига кўпроқ мурожаат қилган, шеър танлашни билган. Бугунги кунда санъатга қизиққан ҳар бир ёш устоз санъаткорлар ҳаёт йўлини ўргансалар, улар ижро этган қўшиқларни куйлашга ҳаракат қилсалар, шунингдек камтарликни касб қилсалар, обрў топиб, олқиш олардилар.

Бундан бир-икки йил муқаддам туманимизга “юлдуз”лардан саналган ёш хонанда келиб концерт берди. У шеърни ҳам ўзи ёзган (уни шеър дейиш мумкин бўлса), куйни ҳам ўзи басталаган экан. Ҳайрон қолдик. Олдин санъаткорлар шоирлар билан ҳамкорликда қўшиқ яратишган, телевидение ёхуд оммавий концертларда шеър кимники эканлиги эълон қилинар эди. Бу ҳам ўз навбатида ёшларнинг шеърга бўлган қизиқишини оширар, номи зикр этилган шоирнинг асарларини топиб ўқишни хоҳлаб қолардилар. Биз мактабда ўқиётганимизда Эркин Воҳидов сўзи билан айтиладиган “Ёшлигим кел” қўшиғини эшитиб, шоир асарларини топиб ўқиганмиз. Демак, китобларни тарғиб қилишда бундай усул қўл келади. Ҳозир эса ундай эмас, фақат қўшиқчининг номи айтилади, холос. Хонанда фақат ўзини тарғиб қилиш йўлидан боради. Бироқ мазмунан саёз қўшиқларни куйлаган хонанда эртами-кечми, эл назаридан қолади. Лекин унгача нималарни тарғиб қилишга улгурмайди, саёз қўшиқлари билан қанчадан-қанча ёшлар маънавиятига путур етказмайди, дейсиз. Бунинг олдини олиш учун бадиий кенгашлар фаолиятини жонлантириш, қўшиқ матнига алоҳида эътибор бериш, “шиғирбозлар” эмас, ҳақиқий шоирлар ижодига мурожаат қилишни анъанага айлантириш лозим. Зеро, биз шеърлари қўшиқдай янграб, қўшиқлари шеърдай жаранглайдиган тил соҳибларимиз. Буни унутмаслигимиз керак!

Шу ўринда таниқли шоир Матназар Абдулҳакимнинг “Автобус ҳақида баллада” деган шеърини эслаш жоиз. Унда шоир қуйидагича мулоҳаза юритади: “Қўшиқ ҳам, маълумки, ўпкага тўлдириб олинган нафас билан ижро қилинади… Бироқ нақадар муҳим бўлмасин, ўпканинг ўзи билангина иш битмайди. Юрак ҳам керак. Юракдан берилиб куйлаш учун эса ақл ҳам керак. Ҳар хил қаланғи-қасанғи сўзлар йиғиндисини қўшиқ деб элга тақдим қилавермаслик учун истеъдод керак. Сўзни билиш учун. Созни билиш учун”. Ушбу мулоҳазаларни санъаткорман деганнинг ҳар бири ўқиса, дейман. Эҳтимол, шундан сўнг миллатни, тилни таҳқирлашдан тийилармидилар?!

                     Меҳрибон Тиллаева.

Хоразм вилояти

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × two =