Она тилимиз ҳар лаҳзада керак

Мутахассисларнинг аниқлашича, одам овқатсиз бир ҳафтадан кўпроқ вақт яшай олади, сувсиз бир неча кунга чидайди, ҳавосиз бир неча дақиқа яшаши мумкин, холос. Хўш она тилисиз-чи? Қизиқ, тўғрироғи оғриқли савол. Шундай эмасми? Аслида одам боласи миллат сифатида тилсиз, забонсиз бирор сония ҳам яшаши мумкин эмас.

Атоқли ёзувчи Чингиз Айтматов машҳур болқор шоири Қайсин Қулиев ижодига бағишланган мақоласида унинг: “Она тилида тасаввур қилиш қаҳрамонликдир”, деган сўзларини алоҳида таъкидлаган эди. Чунки одам она тилида тасаввур қилсагина тилини, миллатини, давлатини англайди, уни асрашда қаҳрамонлик кўрсатади. Ҳақиқатан ҳам бу таниқли адиблар айтганидек, ҚАҲРАМОНЛИКДИР! Яъни, биз ҳам она тилимизда тасаввур қилганимиз, сўзлашганимиз учун дунёда ўзбек тилимиз, ўзбек миллатимиз, Ўзбекистонимиз бор.

Беихтиёр илғор маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг қуйидаги пурҳикмат сўзлари дилда такрор бўлади: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадиган ойнаи ҳаёти тил ва адабиётидир”. Бизнинг бой она тилимиз бўлгани ва тилимизда муҳташам адабий асарлар яратилгани учун бу кўҳна оламда қанча тиллар, миллатлар, давлатлар бўлса ҳам дунёда ўзбек тилимиз, ўзбек миллатимиз, Ўзбекистонимиз ҳурмат билан тилга олинади.

Дарҳақиқат, юртимиздаги Ренессанс даврлари она тилимиз ва адабиётимиз юксалиши билан ҳамоҳанг кечган. Биринчи Ренессанс даври – IX-XI асрларда тил тадқиқотига бағишланган дунёдаги биринчи илмий рисола Маҳмуд Қошғарий бобомизнинг “Девону луғотит турк” асари она тилимизда яратилган. Иккинчи Ренессанс даври – XIV-XVI асрларда Ҳазрат Алишер Навоийнинг она тилимизда ёзган “Хамса” асари адабиёт оламида Жомолунгма чўққиси каби бўй чўзди.

Мустабид тузум қатағон қиличини қайраётганини билганлари ҳолда жадидларимиз ўтган аср бошидан “Нажот – илмда!” сўзларини ўзларига шиор қилиб, халқимизни илму маърифатга чорладилар, янги услубда ўқитадиган мактаблар очдилар, газета-журналлар чиқардилар, она тилимиз қадрини кўтаришга уриндилар, халқаро тилларга яқинлаштириш мақсадида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этишга эришдилар. Афсуски, маърифатпарвар жадидларимизнинг орзулари ушалмади. Улардан бизга ойдин орзулар ва она тилимиз жилоланган Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар”, Абдулҳамид Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романлари каби ўлмас асарлар қолди.

Шукрки, юртимизда Учинчи Ренессанс даврига тамал тошлари қўйиб бўлинди: Ўзбекистонимиз мустақил давлат, ўзбек тилимиз давлат тили мақомига эга, Ўзбек тили байрами куни нишонланмоқда, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош ассамблеясининг 75-сессиясида она тилимизда нутқ сўзлади!..

Ҳозиргача БМТ сессияларида фақат инглиз, француз, рус, испан, хитой ва араб тилларида нутқ сўзланар эди. Биринчи марта дунёнинг нуфузли ташкилоти минбарида ўзбек тилимиз ҳам баралла янгради. Бу барчамизга фахр-ифтихор туйғуларини бағишлаши билан бирга зиммамизга катта масъулият ва улуғвор вазифаларни ҳам юклади. Ахир, юртимизда Учинчи Ренессансга мустаҳкам пойдевор қўйиш ва дадил қадамлар ташлаш бизнинг зиммамиздаги шарафли вазифа ҳамда келажак авлодлар олдидаги бурчимиз ҳисобланади. Бундай хайрли ишларни амалга оширишда муҳтарам Президентимизнинг қуйидаги сўзлари бизни истиқбол сари бошлайди: “Бугунги кунда биз янги Ўзбекистонни, янги Ренессанс пойдеворини барпо этишдек эзгу мақсадларимизга эришишда, ҳеч шубҳасиз, она тилимизнинг ҳаётбахш қудратига таянамиз”.

Тил қачон куч-қудратини тўла намоён этади? Агар у халқаро тиллар қаторидан ўрин олса. Шу боис, биз саъй-ҳаракатларимизни ўзбек тилимизнинг БМТ еттинчи расмий тили сифатида эътироф этилишига сафарбар қилишимиз керак. Она тилимиз БМТ расмий тили сифатида эътироф этилса, Халқаро ўзбек тили куни белгиланади ва бу сана бутун дунёда нишонланади. Бу ўзбек тилимизнинг янада кўпроқ кишилар ўрганишига замин яратади, халқаро миқёсда қўлланиш чегараларини кенгайтиради ва бизнинг барча соҳаларда жаҳон халқлари билан ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлайди.

Олдимизда турган шундай улуғвор вазифаларни бажаришда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони дастуриламал бўлмоғи шарт. Мазкур фармонда таъкидланганидек, унинг моддаларини бандма-банд бажариш ўзбек тилимизнинг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан оширади, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялайди. Бу буюк алломалар юрти бўлган жонажон Ўзбекистонимизда закий аждодларимизга муносиб ворис бўлган, улкан ишларга қодир зукко авлод вояга етади деганидир. Улар оламшумул кашфиётлар яратишади, мўъжиза деб аталадиган улуғвор бунёдкорлик ишларини амалга оширадилар, адабиётимизда ҳам “Девону луғотит турк”, “Хамса”, “Ўтган кунлар”, “Кеча ва кундуз” каби асарлар билан бўйлашадиган дурдона ижод намуналарини ёзишади.

Шу ўринда оммавий ахборот воситалари – ҳаётимиз кўзгуси, дея бежиз айтилмайди. Юқорида тилга олинган фармон моддалари бажарилишини ёритиш ва назорат қилишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс, агар у ихтисослашган бўлса янада яхши. Холисанлилло тан олсак, Давлат тилини ҳаётимизга жорий этишда ютуқларимиздан кўра, бажаришимиз лозим бўлган ишларимиз, ечимини топишимиз керак бўлган муаммоларимиз кўпроқ.

Куни кеча оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қутлуғ байрамимизга бағишланган қарори ҳар сафаргидан эртароқ эълон қилинди. Бу “Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарордир. Муҳим қарорнинг эртароқ эълон қилингани барчамизга ғайрат бағишлади. Негаки, Энг улуғ ва энг азиз Мустақиллик байрамини юқори савияда нишонлашга пухта ҳозирлик кўриш, ёш авлодга Истиқлол мазмун-моҳиятини тўлақонли етказиш, халқимиз тили билан айтганда, қутлуғ тўйимизга муносиб тўёна тайёрлаш анча муддатни талаб этади.

Аждодларимиз ва замондошларимиз орзиқиб кутган Ўзбек тили байрами куни ҳам муборак байрамларимиздан биридир. Бу байрамга бағишлаб йил бўйи пухта тузилган режа асосида турфа хил маънавий-маърифий тадбирлар ўтказишимиз ва уни жаҳон аҳли ҳавас қиладиган даражада нишонлаш учун ҳозирлик кўришимиз керак. Ҳолбуки, байрамга бағишланган “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” халқаро танлови ҳали эълон қилинмади. Аслида, бу танлов ҳар биримизни она тилимиз нуфузини янада оширадиган ижод намуналари яратишга ҳар лаҳзада, ҳар куни ундаши зарур. Муқаддас она ҳақида асар ёзиш қийин бўлганидай она тилимизга бағишланган ижод намунаси яратиш ҳам осон эмас. Бунинг учун ижодкор бўлишдан ташқари, аввало, она тилимиз фидойиси бўлиш зарур.

Хуллас, она тилимизнинг халқимиз ҳаётида ва халқаро миқёсда обрў-эътибор қозониши, миллатимизнинг, Ўзбекистонимизнинг буюк истиқболи ҳар биримизнинг ҳар лаҳзада она тилимиз ҳавосидан нафас олишимизга, она тилимиз ҳаётбахш сувидан ташналигимизни қондиришимизга, ўзбек тилининг беназир хазинасидан маънавий озиқ олишимизга ва уни бойитишимизга бевосита боғлиқ.

Асрор МЎМИН,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − 3 =